Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний
Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(15)
Учрашув
Темурбек мени тоғамнинг ҳузурларига олиб борди. Тоғам қучоқ очиб меҳр билан бағриларига босдилар.
Ёшлари саксонларга яқинлашган, лекин ниҳоятда тетик, соғлом, юзи оққизилга мойил, пахтадек оппоқ соқолли ва ҳайбатли киши эканлар.
Тоғам: “Онангнинг аҳволлари қандай? Ёнида кимлар қолди?” — дедилар.
–Уч ой олдин, йўлга чиқмасимдан илгари соғусаломат эдилар, лекин барча шаҳрий(фуқаролик) хуқуқларидан маҳрум қилиндилар.
–Ҳуқуқларидан маҳрум этилган?! У нима нарса? — дея ҳайрон бўлиб сўрадилар.
–Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймон келтирган кишиларга “руҳонийлар” деган ном қўйиб уларни барча фуқаролик ҳуқуқидан маҳрум этадилар.
–Эй Аллоҳ! Бу ишлар Роббул иззанинг тарафидан бизнинг ношукурчилигимиз сабаблик юборилган балолардир — дея хомуш бўлдилар. Бир оздан сўнг Темурбекка қараб:
–Ҳожи Ҳўқандийни чақир, — дедилар.
Ҳожи Ҳўқандийнинг номлари менга таниш эди. У зот жаҳонгашта инсон эдилар. Арабистон, Туркия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва бошқа Европа мамлакатларини ҳам кезиб чиққан эдилар. Анвар пошшонинг яқин дўстларидан бўлиб ҳозирги кунда тоғамнинг боғ ва ерларининг назоратчиси эдилар. Келганларидан сўнг тоғам ул кишига юзланиб:
–Жалолиддин эшонни тезда бу ерга олиб келинг, — дедилар.
У киши чиқиб кетиб бир мунча фурсатдан сўнг қайтиб келиб, “Жалолиддин эшон “Лангар ота” га кетибдилар, икки-уч кундан кейин қайтиб келар эканлар”— деб хабар бердилар.
Ҳожи Ҳўқандий Қаршидан мусулмонларга хунрезлик қилинган куни келган эканлар. Бутун воқеани батафсил сўзлаб бердилар. Маълум бўлишича, Қаршида халқнинг кўз ўнгида қатл этилган довюрак олим Бухоронинг машҳур муфтийси домла Холмурод бўлиб “Лоғон” масжидининг имоми шу кишининг шогирди экан.
Эртасига Саййид Жалолиддин эшон келдилар, тоғам ул кишига қараб: “Саййид, сиз “Социалистларнинг мақсади фақат камбағалларга ҳамдардлик, таълим-тарбияни умумийлаштириш, маошнинг миқдорини муқаррар қилиш, заруратдан ортиқ ерни ўз мулкида сақламаслик, хотин-қизларнинг ҳуқуқини сақлаш ва тамом миллатни ўз эркига қўйиш, дер эдингизку!” — дедилар.
–Тўғри айтдингиз, тақсир. Ҳозир коммунистларнинг ҳақиқий башараси яққол кўз ўнгингиздадир. Маълум бўлдики, уларнинг барча даъволари ғирт ёлғон ва ҳийла экан. Мен Ғузорда ҳожи Ҳўқандий Шаҳрисабзда кўрган нарсаларни ўз кўзим билан кўрдим — деди.
Мен у кишига афғоний консул юборган узун мактубни бердим. Мактубни ўқиб чиқиб:
–Ғузорда биз кўрган ишлар бутун Туркистон ҳолатининг таржимаси экан, — деди.