Илм излаб кезсанг…
Илм излаб кезсанг, жумла жаҳонни,
Кўрса кўзинг турли элни, маконни,
Мусофирлик тортсанг, еб қотган нонни,
Оёғинг етган жой, Маккатуллодир.
Илм эгалласанг, ўргансанг ҳунар,
Юракда Исломнинг чироғи ёнар,
Ҳолингдан муродинг, иймонинг қонар,
Иймонинг турган жой, Каъбатуллодир.
Ғайридинга тушсанг, муносиб шогирд,
Азмингда бўлмасанг, ҳеч қачон бебурд,
Устозингни қилсанг, охирда зоҳид,
Ўша турган жойинг, қутлик меҳробдир.
Дунёга келдингми, илм истаб ён,
Зиёдан гавҳардек товланади жон,
Жоннинг жавҳаридан етилар, иймон,
Ҳунарнинг чанглари хоки туробдир.
Сафо, қуруқ келдинг, қўлинг бўш кетма,
Жаҳаннам оғусин, бунда нўш этма,
Бўлар, бўлмас ишга уйма, жўш этма,
Тавваккалчи ёри, қодир Худодир.
Ким вафо топибди…
Ким вафо топибди, бевафолардан,
Қутулмайди, ҳаргиз у жафолардан.
Маҳрум этиб ўзин, бор шифолардан,
Озорда жисмини ўтга отибди.
Бўри ов овламас, хатарли жойда,
Балиқ урчимайди, тош ботмас сойда,
Ботирлар кўпаймас, майдакаш элда,
Ҳар эшикда ўнта хоин ётибди.
Қадрсиз қардошдан, қаримас ёшдан,
Қайғусиз эркакдан, бефаҳм бошдан,
Роҳатсиз меҳнатдан, миннатли ошдан,
Худойим сақласин, нафсим чопибди.
Ўзини тийган қул мулкида султон,
Йигит бўлиб кезар қиз билан мастон,
Кечирган кунлари, беҳишт, жовидон,
Боғдан олиб, боғда, сафо сотибди.
Номардга ҳаётда минг битта қирғоқ,
Сафо, эркак бўлмас, умрида ялтоқ,
Кўксида номуси чайқалса, уйғоқ,
Қалбидан ўзига шифо топибди.
Амал бўлмади
Санъатга айланди, ҳийла ва фитна,
Тўғрига дунёда камол бўлмади.
Ёмонлар измига ўтди хазина,
Муҳаммад сўзига амал бўлмади.
Адолат этмади халқига султон,
Имомлар тўқиди меҳробда ёлғон,
Муфтининг кўзлари боқади мастон,
Қуръоннинг ҳукмига таъмал бўлмади.
Мулло билан эшон олди дунёни,
Тўрт кўз билан кўзлар алар тиллони,
Ҳазм қилолмайди, ўқиб Қуръонни,
Жоҳил бўлди, эллар комил бўлмади.
Туни кеча коммунистга қўл берган,
Саид бўлиб бошда дастор, топарман,
Даҳрийларнинг бугун боғи напармон,
Орифларга яна омил бўлмади.
Туркистоннинг яна чопмади дови,
Мунофиқнинг тағин юришди ови,
Мазлумларнинг ёнмас кўзда олови,
Уч юз йилда битта Шомил бўлмади.
Сафо, куйиб, юрагингни доғ этма,
Кулар душман, димоғини чоғ этма,
Гўлни мақтаб, чўлларини боғ этма,
Уларга ҳам рости, иқбол бўлмади.
Сафо Турон