“Нажот”га мурожаат қилган, Янгиариқ тумани яшовчи Абдулла Бекчанов (тел:+998625691270) хоразмлик ишчи мигрантларни Россияга олиб кетиб, мафия сифатида ном қозонган аёл – Ҳазорасп тумани фуқароси Адолат Эрназарова тўғрисида гапириб, 1989 йилда туғилган ўғли Иззатбек Бекчановни қулликдан озод қилиб, уйига қайтаришда ёрдам беришни сўради. Иззабек ишсиз бўлгани учун 2011 йилда Россияга кетиб, Адолатнинг қўлига тушиб қолган. Бир йил давомида уйига бир сўм ҳам пул жўната олмаган. Фақат йил охирига келиб, отасига, қулларча меҳнат қилиб топган 26000 рублни 2011йил 28 декабрда Адолат орқали бериб юбарган. Адолат эса Абдулла Бекчановга фақат 10000 рублнигина бериб, қолган 16000 рублни кейин келтириб беришини айтиб, турли баҳоналар билан ўзида қолдирган. Иззатбек баҳорда қайтиб келишини, айтган.
Абдула Бекчанов, ўғли келавермагач, бошқа Россиядан қайтган йигитлардан суриштирган. Улар, Иззатбек Адолатнинг эри қўли остида қулларча меҳнат қилаётганини, айганлар. А. Бекчанов ўғли А. Эрназарова мафияси тутқунлигида эканини ўйлаб, Ҳазорасп тумани ИИБга мурожаат қилган. Уни қабул қилган милиция ходими – Санжар исмли капитан Адолат билан телефонда кўчага чиқиб гаплашгандан кейингина Абдулладан ариза олган. Шу вақтдан 20 минут ўтгач, ўғли Иззатбек Россиядан телефон қилиб, кимнингдир зуғуми остида йиғи овози билан, ўзи уйга боришни истамаётганини, билдирган ва Адолат ҳам телефон қилган. Иззатбек ишлаб юрган жойга акаси излаб борганида унга укасини кўрсатмай, тирик қолишни истаса, дарҳол у ердан кетиши кераглигини, айтганлар.
Шунингдек, Урганч шаҳридан бўлган, мафия номига эришган Зумрат Машарипова Ҳазорасп тумани фуқароси Қадам Матмуродовнинг (+998627209584) икки ўғли ва яна Жонибек исмли йигитни ўғли Алишернинг дачасида тутқунликда сақламоқда. Уларнинг паспортлари олиб қўйилган. Зумраднинг мафияси йигитлардан паспорт эвазига 1000000 рубль талаб қилмоқда. “Нажот” мониторингида эълон қилинганидек Қадам Матмуродовнинг ўғиллари Отабек ва Ғуломжон Матмуродовлар 2012 йилнинг январь ойида ватандош шериклари билан – жами 16 нафар бўлиб, Россиянинг Волгоград шаҳрига ёлланма ишчи бўлиб кетганлар. Уларнинг ишга кетишини хорижий давлатларга одам жўнатиш билан 15 йилдан зиёд вақтдан буён шуғулланиб келаётган Урганч шаҳрида яшовчи Зумрад Машарипова амалга оширган. Ушбу аёл Қадам ака билан суҳбатда у хорижга ишчи мигрантларни жўнатиш бўйича Ўзбекистон давлати ва ички ишлар идоралари билан тузилган шартномалар ва бошқа зарурий ҳужжатларга эга эканлигини баён қилган.
Шунингдек, Зумрад Машарипова у олиб борадиган ишчилар Россияда муайян иш билан таъминланиши, 500-800 АҚШ доллари миқдорида ойлик маошларини олиши, ётоқхона, озиқ-овқат билан тўла таъминланиши, яшаш ва ишлашлари учун барча шароитлар яратилишини айтган. Аммо шароитлар йўқлиги йўлда боришдаёқ маълум бўла бошлаган. Чунки 6 киши сиғадиган енгил автомобилда 16 киши тиқилиб жойлашган ҳолда кетган. Йигитлар манзилга қийинчилик билан етиб борганлар. Уларни Волгоград шаҳрининг Вольжский районидаги кичик, бир хоналик дачаларга жойлаштиришган. Бир дачада 20-30 киши тиқилинч ҳолда, оч-наҳор, пулсиз яшашга мажбур бўлишган. Йигитларнинг берган хабарига кўра, бундай дачаларда кўплаб хоразмликлар жойлаштирилган.
Маълум бўлишича, 25 февралда дачага асли хоразмлик Равшан исмли шахс келиб, Отабек ва Ғуломжон Матмуродов ва Жонибек Машариповларни ишга олиб кетган. У йигитларнинг паспортларини олиб, ўзларини бир иш берувчига қул қилиб сотган. Ҳеч қандай маошсиз, қулларча меҳнат қилишдан безган Отабек, Ғуломжон ва Жонибек Зумрад Машарипова тақдим қилган дачага қочиб келганлар.
Ушбу меҳнат муҳожирлари Россия Федерациясининг маҳаллий полиция ходимларига мурожаат қилганларида, улар “Биз сизларни чақириб келмадик. Ўзларингиз келдингиз, муаммони ўзларинг ҳал қилаверинглар, бизни бошимизни оғритиб юрманглар” дейишган. Қадам Матмуродовга кўра, дачалардан бирида 35 нафар фарғоналик йигит ҳам шундай азобларни бошидан кечираяпти.
“Зумрад Машарипова 15 йилдан зиёд вақтдан буён одам савдоси, Ўзбекистон фуқароларини қул қилиб сотиш билан шуғулланиб келаётган бўлса ҳам, Хоразмдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг мушугини пишт демайди. У ишга олиб кетган Ўзбекистон фуқаролари эса ана шундай дачаларда сақланиб, қул сотиб оладиганлар топилса сотилади, бўлмаса шу ҳолда оч-наҳор юраверади. Шуниси қизиқки, Зумрад Машарипова ишга кетувчиларни олиб кетаётган 6 ўринлик машиналарга 16 киши сиғдирилиб, қонунга зид иш тутилса ҳам, чегарадан ноқонуний ўтилса ҳам чегара масканларидаги божхона ходимлари уларни текширмай бемалол ўтказиб юборади” – дейди Қадам Матмуродов.
Ҳазорасп туманидан Ойбек Собиров (тел: +998622910118) ва Гавҳар Нуруллаеваларнинг (тел: +998956022620) ёзма баёнларига кўра, 2011 йилнинг январь ойида Ҳазорасп туманида яшовчи Адолат Қўзиевна Қўчқорова ва унинг турмуш ўртоғи Каримбой Эгамбердиев қариндоши бўлмиш Ойбек Собировни Россияга ишга таклиф этиб, кўпроқ одам топишни тайинлаган ва ишга жуда кўп ҳақ тўланишини, яшаш ва ишлаш учун барча шарт-шароитлар муҳайё эканлигини билдирган. Ишсизликдан қийналаётган Ойбек ва унинг яқинлари, таниш-билишлари бир жойга тўпланиб, оиласини боқиш мақсадида Адолатга ишониб, у билан бирга Россияга кетганлар. Иш ҳақлари олдиндан келишилган ва ёзма шартнома тузилган. Улар ишга 2011 йил бошида кетишган. Иш манзили: Россия Федерацияси Волгоград вилояти Вольжский тумани Заканалье районидаги Погромный қишлоғи бўлган.
Адолат билан кетган 29 нафар фуқаро юқорида келтирилган манзилда катта ер майдонларида полиз экинларини экиш, парваришлаш, етиштириш билан шуғулланганлар. Шикоятчиларнинг айтишича, Адолат Хоразмдан олиб борган мигрантларнинг жами сони 200 нафар зиёд экан. Шулардан 58 нафари Адолатни яқин қариндошлари бўлиб, улар нисбатан енгил ишларни бажариб, тўқ ва файзли шароитда яшаганлар. Қолган кўпчилик авом халқ эса жуда оғир шароитда кун кечириб, оч-наҳор кун кечирган. Уларнинг ичимлик суви ифлос, овқати эса фақат қайнатилган макарондан иборат бўлган. Иш берувчи томонидан берилаётган яхши озиқ-овқатлар, тухум, сариёғ, қанд-конфетлар, тортлар ва бошқалар Адолатнинг қариндошлари дастурхонидан ўрин олган ва қолганлари дўконга топширилиб сотилган.
Шартнома бўйича аввало ойлик (20 мартдан 25 июнгача), кейин кундалик (25 июндан 7 ноябргача) иш ҳақи белгиланган бўлсада, бу ишчи мигрантларга ишга олиб кетган раҳбар томонидан ҳеч қандай ҳақ берилмаган. Орадан уч ойча вақт ўтгач, иш ҳақлари берилавермагач, мазкур ишчи мигрантлар катта иш ташлаш уюштирганлар, бу иш ташлаш Адолат томонидан қаердандир чақирилган кавказ миллатига мансуб муштумзўрлар томонидан бостирилган, Кўплаб хоразмлик эркак ва аёллар мажруҳ бўлгунча калтакланиб, ҳақоратланган. Жумладан, етим бола Маҳмуд Собировни ўласи ҳолатга келгунча калтаклаган каллакасар тўда вакиллари қилган ишларини бошқаларга кўрсатиб, бошқаларни қўрқўвга солишган. Бемор бўлиб, ички аъзоларидан қон кетиб ётган Гулистон Рўзметовага умуман тиббий ёрдам кўрсатилмаган, доимо адолатни талаб қилган Гавҳар Нуруллаевани эса кавланган ерга танасининг ярмигача кўмиб, “ҳеч қандай даъвом йўқ” деган тилхат ёздириб олишган. Йил охирига келиб, Адолат иш берувчи Александр Соловьевдан аллақачон иш ҳақлари ҳисобидан 2 миллион рубль олиб, Хоразмдаги қишлоғида 2 та катта иморат қурилиши ва безалишига ишлатиб юборгани учун, бечора ишчи мигрантлар факат иш берувчи томонидан ҳар бирининг қўлига берилган 8000 рубль билан зўрға уйларига йўл олишган.
Шундан кейин Адолат Қўчқорова қайтаётган умидсиз фуқароларни аввало яна бир хоразмлик Адолат исмли шахснинг автобусига жойлайди. У аёл ҳам товламачилик қилиб, улардан ортиқча пул ундирган ва Россиядан Қозоғистон чегарасига чиқариб қўйган. Кейин эса хоразмлик Зумрад Машарипованинг автобусида зурға Хоразмга етиб келишган. “Ўртада шартнома бўлгани учун Хоразм вилояти ҳуқуқ-тартибот идороларига мурожаат қилдик. Олдинига масъул ички ишлар нозирлари томонидан ўзимиз ёзган ариза ва тушунтиришлар қабул қилинди. Кейин негадир тушунчаларни ўзларининг мақсадларига мослаб қайтадан ёзиб беришимизни, шунда масала ҳал бўлишини айтишди. Ҳазорасп тумани ички ишлар бўлими ва прокуратураси ҳамда вилоят прокурори текшириш олиб борди. аммо сал ўтмай ишни пулдор Адолатнинг фойдасига ҳал қилиб, жиноят аломатлари йўқ, асносидаги жавоб беришди. Айрим жойларида вилоят прокурори ўринбосари Ш. Р. Абдуллаев, сизларнинг фақат 400.000 рубль олгидорлигингиз бор экан, деган гапни айтди. Шу пул аниқланган бўлса, майли, шу пулни олиб берсанг ҳам биз розимиз, десак, пулни олиб бериш тўғрисида прокурор ваъда бермайди, деди. Бизга иш ҳақларимизни олганлигимиз тўғрисидаги қалбаки қайдномаларни кўрсатишди. Уларга биз ҳеч қандай имзо қўймаганмиз, бизнинг номимиздан қалбаки имзо қўйилган” дейди шикоят муалифлари.
Юқоридаги маълумотлар Хоразм вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан эътиборсиз қолиб кетаётгани, учала мафия аёлга алданиб, ойлик мошлари берилмай, Россияда қулга айланаётган инсонлар сони ортиб бораётгани, уларни иши Хоразмда милицияга ошрилганидан кейин ўз вақтида тўлдирилган шартномалар йўколиб қолаётгани ва бошқа хусусиятларни инобатга олиб, уч мафия аёл, милиция ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги ҳолатларни таҳлил қилиб, бу уч аёлнинг ҳаракати уюшган жиноятчиликка ўхшаб кетишини, улар билан айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида қандайдир алоқа борлигини билдириш ниятидамиз.
Наҳотки ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз давлатининг фуқароларни йўқлаб Россия давлатининг мигрантларга масаласи билан шуғулланувчи идороларига ҳимоя хати ёзишдан ор қилсалар?! Нега улар ушбу миграция масалалари билан шуғулланувчи халқаро ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишни юз ўгирмоқдалар? Ўз ватанида ишсиз, ўта камбағал ҳолатига тушиб қолган айрим фуқароларимиз ҳимояни кимдан изласинлар? Нима учун 50 нафардан зиёд йигитнинг пулини ўзлаштирган мафиоз аёл Адолат Қўчқорова ҳар сафар жазодан қутулиб қолмоқда? Барча ташвишларни бошидан кечирган, ҳалол меҳнат қилган фуқароларнинг бир-бирини такрорловчи сўзлари иноботга олинмаётганининг сабаби нима экан? Иккала давлатнинг масъул идоралари бу ҳодисаларни текширишга ожизми? Қулликдаги фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ким ҳимоя килади? Ўзгалар пули эвазига қонуннинг ҳам қўлини боғлаб олган бу каби фирибгарларни ким суриштириб, қонун доирасида жавобгарликка тортади? Қани айтинг, бу адолатсизлик, золимликларнинг охири борми ўзи?
“Нажот”, ҳуқуқ-тартибот идораларидан, фуқароларнинг уч ҳийлагар аёл ўзлаштирилаётган минглаб доллар пулларини ўзларига қайтаришда ва фуқароларни қулликдан озод қилишда дарҳол ёрдам қилишларини талаб қилади. Бу каби арзу додларни “Нажот” мониторинглари давомида юзларча фуқаролардан эшитган, йиғилган ҳужжатлар БМТ халқаро инсон ҳуқуқлари жиноят судга топширилиши режалаштирилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилллари одам савдоси деганда фақат ўзга юртларга сотиб юорилган аёллар ҳаётини тассавур қилишади. Аслида эса ишсизлик туфайли хориж мамлакатларида қул бўлаётган навқирон йигитларимиз ҳам одам савдоси қурбонларидир. Уларнинг паспортлари Хоразмдаёк олиб қўйилади ва фақат қайтишда қайтарилади. Паспортсиз фуқаро ўз фуқаролигини ҳис қила оладими? Улар талаб қилаётган шартномаларни кафиллик билан амалга ошрувчи қандай идора бор? Олдинги йиллари фуқароларнинг шу йўл билан ҳам Россияга ишга кетиб, қул ва оч-наҳор, зўрға қайтиш воқеалари бўлиб ўтган эди. Бунда ҳам қонуний ҳужатлар бўлсада жабрланганларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган эди. Фақат 2009 йилда халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида Якутияда ишлаган хоразмликлар уйига қайтарилганди. холос.
Хайитбой ЯҚУБОВ,
Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси