O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

У туя юрмакка қандоқ йўл топа олгайким…

У туя юрмакка қандоқ йўл топа олгайким…
265 views
22 June 2016 - 7:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 56

(давоми)

Расулуллоҳ урушда олган жароҳатларининг кўплигидан, шу кунги пешин намозини туриб ўқишга кучлари келмай, ўлтириб ўқидилар. Саҳобалар ҳам кўпчиликлари ярадор, мажруҳ бўлганликларидан алар ҳам ўлтириб иқтидо қилдилар.

Шундоқким, Ҳазрати Талҳа ибн Убайдуллоҳ, разияллоҳу анҳу, бу урушда етмиш неча жойдин жароҳатланган эди. Яланғоч қўли билан душман қуролидан Расулуллоҳни қўриқлаб юриб, неча бармоқлари кесилди. Қон кўп оққанликдан, қонсираб йиқилди. Буни кўриб, Абу Бакр Сиддиқ анинг юзига сув сепиб эди, ҳушига келиши билан, — «Расулуллоҳ нима бўлдилар, у киши қандоқдур?», — деб сўради. Омонликларини онглаб:

«Эй Абу Бакр, энди бизга ҳар қанча мусибат етса, осондур», деди. Яъни, Расулуллоҳни тирик кўришдан умидлари узилмиш эди. Тирик борликларини англагач, бунинг қувончлигида бошқа меҳнат машаққатларини унутдилар.

Яна саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Жаҳш, амир Ҳамзанинг жиянлари Уҳуд шаҳидларидан эди. Уҳуд урушига чиқардин бир кун илгари шундоқ деб дуо қилдилар:

— Эй бор Худоё, эрта уруш майдонида қаттиқ кўнгиллик, бир душман баҳодирини менга йўлиқтир. Ул мени ўлдирган сўнгида, унга қаноат қилмай, кўзимни ўйиб, қулоқ бурунларимни кесиб ташласин. Тонгла қиёмат куни сенинг даргоҳингга борганимда: «Эй Абдуллоҳ, нега қулоқ-бурнинг кесилмишдур, деб сўрагайсан. — Сенинг йўлингда, пайғамбаринг йўлида кесилди, деганимда, «Рост айтурсан», деб бу йўлда чинлигимни билдурурсан, — деди. Дарҳол дуолари қабул бўлмиш эди, ўзи дегандек кофир баҳодирларидан Ахнас ибн Шурайқ деган киши қўлида ўлдирилди. Сўнгра қулоқ-бурунлари кесилиб, кўзлари ўйилиб, шаҳиди аъло даражасига етдилар.

Шу кундаги урушда чопиб турган қиличи темир совутлар устига қаттиқ урганликдан узилиб кетган эди. Расулуллоҳ буни кўриб, дарҳол бир хурмо ёғочи шохини олиб, қўлига беришлари ҳамон, ул ёғоч қиличга айланди. Унинг отини Уржун қўйдилар. Уржун, деб араб тилида хурмо шохини айтилур. Бу мўжизалик қилич Абдуллоҳ ибн Жаҳш болалари қўлида узоқ йиллар сақланиб келди. Абдуллоҳнинг онаси — Умайма Абдулмутталиб қизи Пайғамбаримизнинг аммалари эди. Бу эр йигитни ўлдиргувчи кишини кўп ҳаёл ўтмай, шу майдонда Ҳазрати Али ўлдирди.

Яна улуғ саҳобалардин шу урушда Ҳазрати Ҳанзала шаҳид бўлди. Мадинага Ислом дини кирмасдан илгари, ерлик араблар раиси, юқорида сифати айтилган Абу Омирнинг ўғли эди. Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан сўнгра, ул кофир Исломдан юз ўгириб, ўзига қарашлик кишилар билан Мадинадан чиқиб, Макка кофирларига қўшилмиш эди. Бу урушда энг аввал Расулуллоҳга қараб қарши ўқ отган киши ҳам шул эди. Ҳазрати Ҳанзала Худо йўлида отасини ўлдириш ҳақида Расулуллоҳдан изн сўраган бўлса ҳам, бу ишга рухсат қилмадилар.

Уҳуд сўқишида кофирлар тарафида аскар бошлиғи бўлган киши Абу Суфён эди. Ҳанзала, разияллоҳу анҳу, Абу Суфёнга ҳужум қилиб, анинг отига қилич солди. Андин йиқилиши баробар, қўрққанидан Абу Суфён қаттиқ қичқириб юборди. Ҳазрати Ҳанзала қилич кўтариб, Абу Суфённи чопгали турганда, унинг соқчиларидан Шаддод ибн Асвад чаққонлик билан Ҳанзалага қилич уриб, ани шаҳид қилди. Расулуллоҳ айтдилар:

— На ишдурким, малоикалар Ҳанзалани булут устига кўтариб, кумуш тос ичида юваётганларини кўрдим,— дедилар. Бунинг сабаби эрса, Ҳазрати Ҳанзала шул куни Мадина қизларининг бирига янгидан уйланган эди. Эртаси куни уруш бошланмоқчи бўлиб қолди. Янги келин устида бир кеча қўнмоққа Расулуллоҳ изн бердилар. Шу кеча хотин туш кўрса, тушида осмон ёрилди. Ҳанзала ёриқнинг у ёғига ўтиб ғойиб бўлди. Бу кўрган тушининг таъбирича, шу урушда унинг шаҳид бўлишини хотини гумон қилди, узун тун ўтиб бир-бирларига ёвуқлашмадилар (яқинлашмадилар). Эрта намозини ўқигандин сўнгра бу иш воқеъ бўлди. Мана шу чоғда булар ғусл-таҳорат олмасдин илгари борлиқ аскарлар тездин душманга қарши чиқсин, деб Расулуллоҳдин буйруқ чиқди. Буйруқ кечиктирилмасин, деб ғусл қилмасдин, югуриб чиқиб аскар сафига қўшилмиш эди.

Расулуллоҳ бу хабарни онглагандин сўнгра: «Ҳанзалани фаришталар ювганларининг сабаби шу экан» — дедилар. Бу муборак кишини бутун Ҳадис китобларида «Ғасисул малоика» деб айтурлар. Яъни, «фаришталар ювган киши» — демакдур. Отаси Абу Омир бўлса, тамом умрини Расулуллоҳга душманлик қилиб ўтказди. Кундан-кунга Ислом ривож топганини кўриб, ҳасади ошиб кетгандин араб ерида чидаб туролмай, охири Шом вилоятига қараб қочди. Ёлғиздан-ёлғиз қолиб, ҳар ерда урилиб-сурилиб юриб, хор-зорлик билан, иймондин улуш ололмай, кофир қавмида ўлди. Бунинг ўғли Ҳанзала, шаҳиди аълолик даражасига етиб, анинг жасадини булут устида фаришталар ювдилар. Ўйлаб қарасак, бу қандоқ нозик, яширин сирдур. Бунинг ҳақиқатини Аллоҳдин ўзга ким билур.

Расулуллоҳ бу кофирнинг тентиб юриб, ёлғиз қолиб, кофирликда ўлишини илгариёқ хабар бермиш эдилар. Бунинг ҳақида нима деган бўлсалар, шундоқлигича бўлиб, мўжизалари барчага маълум бўлди.

Яна шу Уҳуд урушида мусулмонлардин Амр ибн Жамуҳ шаҳид бўлди. Бу киши эрса ансор саҳобаларидан эрди. Улуғ ёшлик, оёғи чўлоқ эди. Ҳар бири йўлбарсдек тўрт ўғли бор эди. Тўртовлари ҳам баробар аскар сафига ҳозир бўлдилар. Оталарига айтдиларким:

Сизнинг Худо олдида қабул бўлгувдек узрингиз бордур, сиз томондин биз тўрт ўғил уруш майдонида турибмиз, энди сизга урушга чиқмоқнинг нима ҳожати бордур?, деб оталарини қайтардилар. Болаларидан бу сўзни онглагач, яширинча Расулуллоҳ олдиларига келиб айтдиларким:

— Ё, Расулаллоҳ, сиз билан бирга бугун урушга чиқмоқчи эдим, сиздан ажраб қолмоққа тоқатим йўқдур. Ўғилларим эрса, бу ишга тўсқинлик қилиб турурлар. Аллоҳ ҳақи, мени бу ишдин тўсмасинлар, ажаб эмас, бу урушда Аллоҳ таоло менга шаҳидликни насиб қилса, шу турганимча жаннатга кириб олиб, у жойда ҳам чўлоқланиб босиб юрсам, мен учун на улуғ давлатдур, — деб йиғлади. Анда Расулуллоҳ айтдилар: «Аллоҳ олдида сенинг узринг мақбулдур, сен каби кишиларга жиҳод қилишни Аллоҳ буюрмайдур» деган бўлсалар ҳам, ўғлонларига қараб айтдиларким: «Агар ани бу ишдин тутмас эрсангиз, шаҳодат топса, анинг мақсади ҳосил бўлгай», дедилар. Бу сўзни ўғиллари ҳам қабул қилдилар.

Расулуллоҳдин бу сўзни онглашлари билан, дарҳол туриб, қамчини илгига олиб, юзини қиблага қаратганча:

— Эй бор Худоё, бу урушда менга шаҳидликни насиб қилгайсан ва бу улуғ даражадин мени ноумид қилмагайсан, — деб дуо қилгандин сўнгра урушга кириб, шаҳодат топди.

Расулуллоҳ: «Бунинг чўлоқ оёғини тўғри босиб, жаннатда юрганини кўрдим», дедилар.

Яна бу кишининг юқорида айтилмиш тўрт ўғлининг бири Ҳаммод дағи (ҳам) шаҳид бўлди. Бунинг қайин оғаси Абдуллоҳ ибн Амр ҳам шаҳид бўлмиш эди. Амр ибн Жамуҳнинг хотини Ҳинд ҳам бошқа бир неча саҳоба хотунлари билан уруш майдонида чанқаган аскарга сув бериб турмоқда эдилар. Бу хотун кўрдиким, оиласидан уч киши шаҳид бўлибдур — эри Амр, ўғли Ҳаммод, қариндоши Абдуллоҳ. Бу шаҳидларни бир туяга юклаб, Мадина мозорига кўммоқчи бўлиб, йўлга чиқди. Бунинг олдидан онамиз Оиша бир неча хотунлар билан қарши келдилар. Уруш хабарини сўраб, қўшиннинг қайғули ҳолини англадилар. Ҳаммалари қаттиқ қайғуришган бўлса ҳам, Расулуллоҳнинг саломатликларини онглаб, бошқа мусибатлардин тасалли топдилар. Шундоқ қилиб, булардин ажрагандин сўнгра Мадина сари туяни етакламоқчи бўлган эди, туя чўкиб олиб, ул ёққа юришдан бош тортди. Агар Мадинага қараб етакласа, тўхтамай Уҳудга қараб судраб кетар эди. Буни кўриб ул хотун шу ишдан Расулуллоҳга хабар берди. Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— У туя юрмакка қандоқ йўл топа олгайким, Худо тарафидин юрмасга буюрилмишдур. Уҳуд шаҳидларининг қабрлари ана шу ерда бўлиши лозимдур, — деб туяни қайтариб келтирмоққа буюрдилар.

 (давоми бор)