O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Файсбок”даги “Каримов Кет” гуруҳи аъзолaри ва ҳали аъзо бўлмаганларга!

Ўзбекистон Ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб турган Ислом Каримов ва унинг жиноий гуруҳи Ўзбекистон халқини ўта ночор аҳволга солиб қўйди.

“Файсбок”даги “Каримов Кет” гуруҳи аъзолaри ва ҳали аъзо бўлмаганларга!
228 views
26 April 2013 - 13:02

Ҳурматли биродарлар, акалар ва укалар, опалар ва сингиллар!

Ўзбекистон Ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб турган Ислом Каримов ва унинг жиноий гуруҳи Ўзбекистон халқини ўта ночор аҳволга солиб қўйди.

164447_547895615244634_1903951538_nИслом Каримов 2 марта Асосий Қонун/Конституцияни бузиб Президентлик лавозимини ноқонуний йўллар эгаллаб олди, кўплаб қонунларни оёқ ости қилиб мамлакатда оғир ижтимоий сиёсий вазият юзага келишига асосий сабабчи бўлди.

Каримов бошлиқ гуруҳ ҳукмронлик қилган 24 йил давомида мамлакатда қашшоқлик ва ишсизлик кучайди, аҳолининг яшаш даражаси кескин пасайиб кетди. Юртни мажбуран тарк этиб, чэт элларда бир бурда нон топиш учун иш излаб кетаётганлар сони 4 миллиондан ошиб кетди.

Ҳокимиятни бошқаришни билмайдиган бу Гуруҳ асосан ўз Гуруҳи вакиллари аҳволи ҳақида қайғуради холос. Чунки улар фақат ана ўша ўз тарафдорлари, милиция ва Миллий хавфсизлик кучлари ёрдамидагина халқни эзиб ўз ҳукмронлигини давом эттириши мумкин холос.

Аммо бугун Ўзбекистон халқларининг сабр тоқати тугади.

Биз бугун “КАРИМОВ, КЕТ!” деб ҳайқираяпмиз. Каримов гуруҳи бу ҳайқириқларни эшитиб турибди ва талвасага тушиб, нима қиларини билмай гангиб қолмоқда.

Бизнинг сафларимиз қанчалик кучаверса уларнинг сафларидаги саросималик ва талмовсираш ҳам шунчалик кучаяверади. Бу дунё тарихидан, халқларнинг золим ҳукуматлар билан курашидан маьлум бўлган биз учун буюк, улар учун эса аччиқ ҳақиқатдир.

Улар Миср, Ливия, Тунис каби давлатларда ўзларига ўхшаган диктаторлик тузумларини халқ томонидан ағдарилишларини “Ғарбнинг шарқдаги бузғунчиликлари, исломий кучларнинг экстремистик ҳаракатлари ” деб бузиб талқин қилмоқдалар, аҳолини ва ёшларни ана шундай курашлардан огоҳлантирмоқдалар.

Аммо уларнинг ёлғонини умри жуда қисқа, ёлғонга қурилган ҳар қандай сиёсат тезда фош бўлаверади. Бугунги ахборот тез алмашиш даврида, юксак технологиялар даврида улар ривожланиш сурьатини тушунмасликларини намойиш қилмоқдалар, инсонларнинг асл ҳақиқатни топиш йўлларини тўсиб бўлмаслигини жуда кеч англаб етмоқдалар.

Бизнинг озодлик, ҳуррият учун курашимиз турли туман партиялар, жамиятлар, ҳаракатлар ичида борар экан, уларнинг ичида шиддат билан кучайиб бораётгани бизнинг ана шу “КАРИМОВ, КЕТ!” Гуруҳимиздир.

Шу муносабат билан мен “КАРИМОВ, КЕТ!”гуруҳимизнинг оддий бир вакили сифатида Сизлардан шуни илтимос қилмоқчиман: Келинглар, ҳаммамиз бир оилани фарзандларидек Гуруҳимизни кенгайтиришга, даврани кенгроқ олишга ҳаракат қилайлик, зеро бизларнинг ҳаммамиз Ўзбекистон деб аталмиш гўзал диёрнинг фарзандларимиз.

Бу муҳим ва муборак ишларга барчамиз қўлимиздан келганича ўз ҳиссаларимизни қўшайлик.

Бу учун сахифани https://www.facebook.com/#!/groups/karimovket/ ўнг томонида, балконда лиқиллаб турган Каримов суратини остида кўрсатма берилган. У ерда “10 811 аьзолар,(658 янгилар)· Бошқаларни емайл орқали таклиф қилинг” дейилган.

Ўзингизга маьлум, даврани қанчалик кенгайтирсак, сафларимиз қанчалик кўп ва зич бўлса Каримов гуруҳининг сафлари шунчалик камаяверади, уларнинг саросималари кучайиб, режимни ағдариш шунчалик осонлашаверади.

Инсоннинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Буни тарихнинг ғилдираги, ушбу кунларда жахонда юз бераётган воқеалар кўрсатиб турибди.

Ўзбек халқи ҳам бир қўзғолса Каримовнинг жиноятчи Гурухини тирқиратиб юборишга ва унинг ўрнига халқнинг ўзи танлаган сиёсатчиларни хокимиятга олиб келишга, дунёдаги барча ҳур ва озод халқлар каби Ўзбекистонликлар хам бахтиёр ҳаёт қуриш имконларига эга бўладилар.

Бундай буюк ишларни амалга ошириш учун сизлардан, ана шу буюк ишларни етакчиларидан шижоат, даьват ва собитқадамлик ила қилинадиган ишлар талаб қилинади.

Ана шундай ишлардан бири, бу даврамизга емайл адреслари бўлган танишларингизга таклифномалар жўнатишдир, уларни “Бизга қўшил!” деб даьватлар қилишдир.

Иккинчи мўхим иш, бу ана шу ерда чоп этилаётган қизиқарли материалларни таниш билишларга узатиб туришдир.

Ўзбекистон халқининг ОЗОДЛИГИ ВА ҲУРРИЯТИ БУ КЎПГА КЕЛГАН ТЎЙ.
БУ БАРЧАМИЗНИНГ ҲАРАКАТИМИЗ, КУРАШИМИЗ ТУФАЙЛИ АМАЛГА ОШИШИ МУМКИН ХОЛОС.

КЕЛИНГЛАР, ХАММАМИЗ БИРГАЛАШИБ, БИР ЁҚАДАН БОШ ЧИҚАРИБ, АНА ШУ УЛКАН ВА БУЮК ИШЛАРГА АСТОЙДИЛ КИРИШАЙЛИК!

Ҳазратқул Худойберди

2013.04.26

forumuzbekistan.forum2x2.ru