Ўтган бир йил, ҳуқуқ ҳимоячилари назарида, Хитойда кескин репрессив, айниқса, диний эътиқод кучли тазйиқ остига олинган давр бўлди. Халқаро ҳамжамият Хитой ҳукуматини инсониятга қарши жиноятда айлабмоқда. Бироқ Пекин бу танқидларни кескин инкор этиб келмоқда.
Шинжонда миллионлаб мусулмонлар лагерларда “қайта тарбияланмоқда”, ибодатхоналар бузилмоқда, диссидентларга нисбатан тизимли босим давом этмоқда.
“Хитойда 2018 инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган йил бўлди. Кўплаб одамлар қурбон бўлди. Ўтган йилда Хитой бешафқат тазйиқ ва таъқиб сиёсатини тизимли равишда жорий этишга эришди”, – дейди Германияда асосланган Жаҳон уйғурлар конгресси матбуот котиби Дилхат Рашит.
Хитой бир неча ой мобайнида лагерларнинг мавжудлигини инкор этиб келди. Лагерлар фаолиятини тан олишга мажбур бўлган ҳукумат уйғурлар ва бошқа мусулмонларнинг лагерларда сақланишини оқлаш мақсадида глобал кампания бошлади.
Пекин ҳибсда ушлаб турилганларнинг аниқ миқдорини эълон қилиши лозим. Ҳукумат касбий малака ошириш марказлари фаолиятини терроризм ва диний экстремизмга қарши курашнинг муҳим қисми деб ҳисоблайди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, марказлар мусулмонларни фабрика-заводларда текинга узоқ соат ишлашга мажбур қилган.
“Хитой, шунингдек, Нинсиа ҳудудидаги мусулмонларга қарши лагерларни ишга туширишни режалаган. Бу ҳукуматнинг мусулмонларни йўқ қилиш ва диний гуруҳлар устидан назорат ўрнатишга интилаётганини тасдиқлайди”, – дейди Рашит.
“Чина Аид” гуруҳи асосчиси Боб Фу бу гапларни тасдиқлайди. Унинг Техас штатида фаолият юритаётган ташкилоти Хитойда эътиқод эркинлигини тарғиб қилади.
“Бу 1930-1940-йилларда нацистлар Германияси лагерларининг ХХИ асрдаги кўриниши. Жаҳон ҳамжамияти Хитой режимини кескин қоралаб, зудлик билан бу сиёсатни тўхтатишни талаб қилиши лозим”, – дейди Фу.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Хитой расмийларига қарши санксиялар жорий қилишга чақирган.
АҚШ сенаторлари қаторида Марко Рубио ҳам Шинжондаги лагерлар фаолияти ва инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига доир тартиблар инсониятга қарши жиноят бўлиши мумкин, дея таъкидлаган. Ўтган йилнинг ноябр ойида Конгрессда Хитойга чора қўллашга доир қонун лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа Трамп маъмуриятидан иқтисодий санксиялар қаторида уйғур ва бошқа мусулмонларни ҳимоя қилишга қаратилган чораларни ҳам қўллашни талаб қилади. Хитой ҳукумати ҳам шунга яраша жавоб беришини маълум қилган.
Боб Фунинг айтишича, Пекин христиан жамиятларга ҳам тазйиқ ўтказган.
Ҳукумат айрим ҳудудларда черковларни буздирган. 18 ёшдан кичикларнинг черковга кириши ва диний ибодат қилишини тақиқланган.
Манба: amerikaovozi.com