O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Фарзандларимизга Рамазонни севдириш йўллари

Рамазон ойи биз учун фарзандларга исломий яшаш тарзини ўргатиш, тўғри тарбиялаш учун Аллоҳ Таоло томонидан берилган энг қулай фурсат ҳисобланади. Хўш, бунинг учун биз катталар нима қилмоғимиз, нималарга эътибор бермоғимиз лозим?

Фарзандларимизга Рамазонни севдириш йўллари
398 views
23 July 2012 - 9:19

Мана, барчамиз учун муқаддас ва севимли бўлган, савоб амалларни бажариш учун кенг имконият яратилган марҳамат ва раҳмат ойи – муборак Рамазон ойи ҳам ташриф буюрди. Бу ойда Аллоҳ Таоло ҳалол қилган ейиш-ичиш каби амаллардан тийилиб, рўза тутамиз. Ўзаро дастурҳонлар ёзамиз. Кечалари масжидларда Қуръон хатмида баҳоли қудрат иштирок этамиз. Минг ойдан афзал бўлган кечани – Қадр кечасини бедор ўтказамиз. Ёши катталармиз одатдагидан фарқли ўлароқ эрта саҳарда туриб рўза тутишлари, меҳмондорчиликнинг кўпайиши, масжидларга қатновчилар сони кескин даражада ўзгариши фарзандларимизда бошқача бир қизиқиш ва таассурот уйғотади. Рамазон ойи биз учун уларга исломий яшаш тарзини ўргатиш, тўғри тарбиялаш учун Аллоҳ Таоло томонидан берилган энг қулай фурсат ҳисобланади. Хўш, бунинг учун биз катталар нима қилмоғимиз, нималарга эътибор бермоғимиз лозим?

– Энг аввало, фарзандларимизга бу ойнинг келишини билдирувчи Ражаб ва Шаъбон ойлари ҳақида маълумот бериб, бу муқаддас ойнинг мазмунини тушунтириб беришимиз даркор. Рамазон фақат оч қолиш ойи эмас, балки ахлоқан тузалиш ва руҳан юксалиш ойи эканлигини уларнинг онгига сингдириб бориш зарур.

– Уйларни ва ён-атрофни безаш. Уйимизда барча оммавий байрамлардаги каби қандай тайёргарлик кўрсак, Рамазонда унданда зиёда ҳаракат қилишимиз, Рамазон ойининг қанчалик улуғ айём эканлигини баён этади. Уйларимиз атрофини тозалаш, хоналаримизни безаш, ҳатто Рамазонга неча кун қолганини билдирувчи тақвимларни осиб қўйиш шулар жумласидандир.

– Амалий жиҳатдан ўрнак бўлиш ҳам бола онгида Рамазонга бўлган муносабатни ижобий жиҳатдан шаклланиши мумкинлигини доимо эсда тутишимиз лозим. Одатда болалар эшитган нарсаларидан кўра, кўрганларига, ўз бошларидан ўтказиб, бевосита гувоҳи бўлган нарсаларга кўпроқ эргашадилар. Бошқа одатий кунларга нисбатан рўзадор ҳолатимизда фарзандларимизга, оила аъзоларимизга шафқатли бўлсак, уларда бу ойга нисбатан муҳаббат уйғонади. Ўтмишда фарзандларимиз Янги йил ва бошқа байрамларни қандай кўтаринки руҳда кутган бўлсалар, келажакда Рамазон ойининг келишини бундан-да сабрсизлик билан кутишади.

– Катталар билан бирга рўза тутишга тарғиб қилиш. Рўза тутиш аслида улар учун фарз эмас. Аммо уларга ёшликларидан ташвиқот қилиш натижасида, вояга етиб улғайганларида рўзанинг аҳамиятини масъулият билан ҳис қиладилар. Уларни бездирмаслик учун бир неча соат рўза тутишлари мумкинлигини тушунтириш ҳам кифоя қилади. Шунингдек, рўза тутиш билан ота-она қарамоғида бўлса ҳам, ҳар доим тўқ ва фаровон яшаш мумкин эмаслигини ўргатиш мумкин. Рўза тутишга тарғиб қилишдан олинадиган ижобий натижалардан бири сифатида болаларнинг атрофидагиларга бўлган муносабатини кўрсатиш мумкин. Зеро, атрофимиздаги ҳамма ҳам ўз фарзандларини бир хил даражада таъминлай олмайди. Оч қолиши натижасида, фарзандимиз ўзидан кам таъминланган болалар билан бир хил даражага тушади, бу эса ўз ўрнида унда меҳр-шафқат тушунчасининг кенг шаклланишига ҳамда мукаммаллашувига омил бўлиб хизмат қилади.

– Фарзандларимизнинг Рамазон ойини қалбан ҳис этишлари учун одатий кунлардагига нисбатан уларга турли хил совғалар улашиб ва чиройли муомалада бўлиб, муруватимизни канда қилмаслик, уларга руҳан ижобий таъсир қилса, рўзадорларнинг, айниқса ифторга яқин бироз асабий бўлиб қолишлари ва шу каби ҳаракатлар уларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Рамазон бизга сабрни ўргатар экан, буни амалда намоён қилишимиз лозим.

– Бошқа ойларга нисбатан бу ойда турли зиёратларни кўпайтириш ҳам самарали натижаларга эришиш учун хизмат қилади. Фарзандларимиз билан биргаликда дўстларимизни, қариндошларимизни, хаста ва муҳтожларимизни зиёрат қилиш билан ижтимоий ёрдам ва силаи раҳмнинг фақат сўзда эмас, балки амалда ҳам намоён қилиш лозимлигини кўрсатиб берган бўламиз.

– Ифторлик ва саҳарликларимизни оила даврасида қилиш билан бир қаторда, фарзандларимизнинг дўстларини чақириб, ифторлик дастурҳонларини ташкил қилиб бериш натижасида фарзандимизда меҳмондорчилик туйғуларини уйғотишимиз мумкин. Шунингдек, уларда бевосита мезбонлик масъулияти каби тушунчалар шу йўсинда шаклланади. Ушбу зиёфатларда бошқа болаларда ҳам бу туйғу уйғониши шубҳасиз.

– Масжидларга олиб бориш. Масжидлар болада жамоатга бўлган муҳаббатни ва намозга бўлган аҳамиятни кучайтиради. Кўпинча уларнинг масжиддан зерикишлари ёҳуд намоз вақтида бошқа болалар билан ўйнаб ёки чалғиб, намозни бузиш мумкин бўлган ҳолатлари кузатилишини ҳисобга олишимиз даркор.

– Ёрдам қутисини жорий қилиш. Битта қутича ясаб, ҳар куни унга маълум миқдорда пул ташлашни назорат қилиш учун фарзандлардан бири масъул қилиб қўйилади. Тўпланган пулни муҳтожларга садақа қилишлари орқали уларнинг шуурларида ижтимоий ҳимоя туйғулари шаклланади.

– Бутун рамазон ойи давомида кундалик дафтари юритиш ҳар бир куннинг қандай ўтаётганини таҳлил қилишни ўргатади. Ота-оналар бу кундаликларни назорат қилишлари, ўринли таклиф ва танбеҳ беришлари, фарзандларининг тўғри тарбияланиши учун муҳим омил сифатида хизмат қилади.

Юқорида санаб ўтилган усуллар денгиздан бир қатра холос. Буни ҳар биримиз ўз қарашларимиз асосида давом эттиришимиз мумкин. Шундай услублар орқали фарзандларимизда Рамазон ойига бўлган муносабатни тўғри шакллантиришимиз мумкин. Уларнинг фикрида бу ойнинг қўни-қўшниларникига бориб “Рамазон” айтиш ёки хайитлик олиш эмас, балки бутун бир ойлик руҳий тарбия ойи эканлигини намоён бўлиши, бунинг натижасида эса, катта бўлганларида мажбурият юзасидан ёки тақлид сифатида эмас, балки чин қалбдан рўза тутишлари, Аллоҳга ибодат қилишларини таъминлашимиз мумкин бўлади.

Шундай экан, келинглар, Рамазонни барчамиз кўтаринки руҳда ўтказайлик…

 

uzislam.com