O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хайрулла Ҳамидов: Обидхон Қорига аталган шеър

Хайрулла Ҳамидов: Обидхон Қорига аталган шеър
172 views
19 March 2012 - 20:46

(Обидхон Қорига бағишлаб)

Пойтахтнинг Чорсуси юз йилга яқин¸
Эзилиб кун кўрар¸ гуноҳга ботиб¸
Бирдан замин узра чақдику чақин¸
Каллакесарлар ҳам жим қолди қотиб.

Бир масжид эшиги аста ғичирлар¸
Гуноҳкор маҳалла қалбида орзу¸
Ҳатто қиморбозин тили пичирлар¸
Ҳа¸ мана пайғамбар меросхўри шу.

Бу қабиҳ қабила ўхшарди кузга¸
Тўкилган баргларга аралаш ҳиди¸
Бузилган муҳитнинг ҳолати бизга¸
Макканинг аввалин эслатар эди.

Қавм нигоҳ ташлаб атрофга тийран¸
Қандайдир ëқимли бир ҳисни туйди¸
Фаррош қўлидаги супурги билан¸
Тўкилган баргларни бир четга уйди.

Ëқиб юбормайин ҳидсиз баргларни¸
Аста қопчасига йиға бошлади¸
Баҳор ўртасида тўкилганларни¸
Авайлаб устида кўзин ëшлади.

Сизларда айб йўқку¸ кўз ëшим тинди¸
Аммо қалбимдаги алам ҳапқирди¸
Ўрнингизда қолган баргларни энди¸
Асрамоқ бурчимдир дебон ҳайқирди.

Шу кундан бошлабоқ парвариш доим¸
Эгилган новдалар қаддини олди¸
Макканинг аҳволин эслатган қавм¸
Мадина аҳлига айланди қолди.

Фаррошнинг нидоси қавмни уйғотиб¸
Таниш-нотанишни айлаганда ром¸
Бир кунда арохўр шишасин отиб¸
Қиморбоз саждага йиқилди тамом.

Жаҳолат музлари тинмай янчилар¸
Олов беркинган бу рангсиз учқунда¸
Тамом фаҳшларга ботган кўчалар¸
Мастура қизларга тўлмиш уч кунда.

Сўнгги бор бешикда йиғлаган йигит¸
Бир четга ўтибон кўзин ëшлади¸
Қулф тушган жойидан занглаган масжид¸
Устидан ғуборин ечиб ташлади.

Бир инсон чиқаркан вазмин минбарга¸
Хотиржам биз энди мўминмиз деди¸
Ҳар жума бу даргоҳ мусулмонларга¸
Асри саодатни эслатар эди.

Фаррошлик касбининг моҳир вакили¸
Боғбонлар ҳадисин олган бул нотиқ¸
Шундайин хутбалар қила олдики¸
Топиш амримаҳол унданда ортиқ.

Беш йилга чўзилган асри саодат¸
Катта ундов билан топмиш ниҳоя¸
Бу муддат ичида деярли пойтахт¸
Айни шу масканда топмиш ҳидоя.

Сўнг фаррош қайгадир йўл олмиш кези¸
Унинг қайтмоқлиги каттакон мавҳум¸
Ҳар бир дарахт энди ўзини ўзи¸
Боғбонсиз парвариш қилмоққа маҳкум.

Хайрулла Ҳамидов