O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Фарғонамнинг шуҳрати

Фарғонамнинг шуҳрати
130 views
01 February 2018 - 11:35

1989-йил. Сап- сариқ сочлари икки ўрим, новчагина, кичик шаҳарчасида « ўзимизи шоира» дея танилган қиз атиги ўн тўрт ёшда эди.

Май- июнь ойида рўй берган талотўплардан сўнг анча ўтиб, сентябрь ойида яхши хабар тарқалди:
« Шаҳримизга Шерали Жўраев келар экан, Аҳмедовнинг ўзи Шахрихонга бориб таклиф қилиб келибди»
Давомли чўзилган коммендантлик соатлари туфайли хурсандчилик нималиги эсидан чиқаёзган халқнинг чеҳраси очилди.. Қизил адирлар биқинида, шундоққина 2- мактабнинг рўпарасида жойлашган Цемкомбинат стадионининг дарвозасига каттакон афиша илинди…

Белгиланган куни тумонат одам, қўшни туманлардан ҳам оқиб келган санъат шинавандалари стадионга аранг сиғиб хофизни олқишлашди.

Ўша вақтда интернет, ютуб, қўл телефони деган нарсалар йўқ, артистни зўрини фақат телевизор ёки шунақа томошалардагина кўриш мумкин эди.

Концерт уч соатдан ортиқ давом этиб, тугашидан дарак йўқ, машҳур хофизни халқ қўйворгиси келмасди. « Карвон кўрдим» , «Замон -замон» ўн мартадан ортиқ янгради, бошқа қўшиқлар ҳам халқ жўрлигида куйланиб, стадионда хақиқий байрам бўлди…

Ўша куни унинг укаси хурсанд- хофизга жўровоз, атлас кўйлак кийган иккита кичик синглиси эса пилдираб рақс тушишарди. Фақат, ўзига шундоқ зўр концертнинг қизиғи йўқ. Дадасидан хайиқиб тўрт боласини етаклаб келган онасига « қачон уйга кетамиз? » деявериб чарчагач, попкасидан « Дунёнинг ишлари»ни олиб, дунёни унутди. Бир чекадаги пачоқ ўриндиқда, ғалла-ғовур, шовқин-суронда чала қолган жойидан мутоалани давом эттирди…

Бир вақт мусиқа тиниб, шаҳар ижрои қўмитаси биринчи котибининг жарангдор овози эшитилди:
– Авваламбор шундай тантана учун сизга яна бир бор раҳмат айтаман Шерали ака. Анча пайт эсимизда қоладиган кун бўляпти. Сиз бизни хурсанд қилдингиз, Андижонликларга чин дилдан ҳавас қиламиз. Лекин бизда ҳам мақтанишга, фахрланса арзийдиган фарзандларимиз бор. Боя кўриб қолдим, улардан биттаси шу ерга келган. Хозир Горбачев хақида ҳам қўрқмай шеър айтган шаҳримизнинг фахри, бўлажак Саида Зунуновасини саҳнага таклиф этаман! Биттагина шеъридан эшитинг-а.

Ўз исмини эшитган қиз ўнғайсизланди. Атофдагиларнинг олқишидан чўчиб, китобни ёпди. Онасининг орқасига яширинишга ҳаракат қилдию, лекин волидасининг ўзи саҳна томон бошлаб борди. Ийманиб, қизариб турган қизга мадад бўлгувчи қарсаклар тинмасди.

Оддийгина мактаб кийими, ироқи дўппили ҳамон қўлида « Дунёнинг ишлари»ни маҳкам ушлаб турган қиз ҳеч ҳам Саида Зунуновага ўхшамасди. Буни хақиқатлигини истехзо билан қараб турган хофизнинг нигоҳларидан сезиш мумкин эди. Ҳаяжонда атрофга жавдираб қараб қўяётган қиз бир сакраб саҳнадан тушиб , қочиб кетмоққа чоғланди, бироқ микрофондан таралган сас уни жойига михлади:

– Сопол пиёлангни айт қизим, кейин « Иймонинг ёнди»ни ҳам!

Минглаб томошабиннинг нигоҳидан қалқиб турган қиз, микрофонни қўлига тутган шаҳар ижрои қўмитаси биринчи котибининг секингина айтган навбатдаги далдасидан ўзига келди:

– Шеърни бошла! Агар хозир қўрқсанг, бир умр қўрқиб ўтасан! Қулоғимиз сенда!

Каловланиб турган қиз бироз дадиллашиб, руҳланиб, баланд овозда, шеър айта бошлади…

… Нега адашдингиз?
Диёнат қани?!
Жойнамоз устида ёлғон сўзлайсиз!
Қуръонни ўртага қўйиб сиз нечук,
Қасамхўрлик қилиб, фахшни кўзлайсиз?…

Ўша кунги гулдирос қарсаклардан Тошбақатоғ ҳам ларзага келди. Фақат машҳур хофизгина эмас, иқтидори ялт этган кичик ҳамшаҳари ҳам қарсакларга, эътирофга лойиқлигини исботлай олган Шуҳрат Шерхонович ҳаммадан самимий олқишлар эди…

Кейинчалик ҳам қандай йиғин, мажлис, тантана бўлмасин у фақат шеър айтар, ижроқўмнинг ўзи қўллаб тургани учун турли миш-мишлар тарқалганди:

– Э, Аҳмедовни ўзи ёнида турмаганида шунақа шеърлар айтармиди? Зикир Муҳаммаджонов келганида ўқиган поэммасини эшитдингми:

Қуръон , жойнамозсиз,
Иймон,
Инсофсиз
Охиратга қадар ёнаверамиз…
Бобом Навоий деб,
Бобом Машраб деб
Ўзимиздан тониб бораверамиз…

-Ха, гапирманг. Ўша шеърни эшитган, Машрабни жинни бўлган деб, ўқитмаган кекса ўқитувчимизнинг кўзи ола-кула бўлиб, охири ўкириб йиғлаворди

-Ану шеъричи, икки йил олдин, қўрқмай Революциянинг етмиш йиллигида 7-ноябрда ўқигани:

Етмиш йил азобда қийналган халқим
Тепакал бошлиқдан нималар кутдинг?
Охир, оқибатда сен ўзлигингни
Ўзингга беклигинг буткул унутдинг….

-Ўшанда ўн икки ёш бўлган эди-ку! Муштдай боши билан , қаттан топар экан бунақа гапларни? Тавба…. Бир бало бўлмаса бўлдида ишқилиб. Тили узун…

Миш-мишлар тинмас, у гоҳ фельетон, гоҳ аччиқ кинояларга тўла мақола, гоҳ тузумга қарши шеърлар ёзиб улғаярди. Миш-мишчилар бекорга қўрқмаган экан. Шаҳар Комсомол қўмитасининг йил сўнгидаги хисобот мажлиси ва ўша Шералининг шов-шувли концертидан сўнг яхшилаб, боплаб таъзирини беришди. Фақат у вояга етмагани учун, «қизини тарбияламаган» дадаси жавобгар бўлди. Бояқиш, икки марта жаримага тортилиб, хатто ўн беш сутка ўтириб ҳам чиқди.

У оила даврасида «бошқа ёзмайман..Эртакчалар машқ қила бошладим» деб, қуюққина ваъда берса ҳам, барибир ўз йўлидан қайтаман демасди. Чунки руҳлантириб, ҳимоя қилиб тургувчи шаҳарнинг энг каттаси бўлмиш ижроқўмнинг биринчи котиби Аҳмедов ҳамон: Қўрқсанг, бир умр қўрқиб яшайсан! Дадил бўл! Қулоғимиз сенда деб!» катта минбарларга олиб чиқарди…

…Йиллар ўтди. Афсус, у ҳамма кутганидай Саида Зунунова каби машҳур бўла олмади. Умидларни пучга чиқариб, бошқа касбни эгаллади қўйди. Лекин шундай бўлсада қаламини ташламади. Ҳаёт қандай синовлар билан тобламасин, қаерда, қандай вазиятда бўлмасин , ўз сўзи, дунёқараши, фақат ўзининг фикрлари билан яшашни давом этди…

Йиллар ўтгач, бир куни узоқ йиллар олдин шаҳар ижрои қўмитасида биринчи котибга ҳайдовчи бўлиб ишган ҳамшаҳарини кўриб қолиб, эшитган гапларидан кўзларига ёш қалқди:

-…Ўша вақтларда фақат даданггина жавобгарликка тортилмаган қизим, Шуҳрат Шерхонович ҳам роса гап эшитарди. Ҳар бир шеъринг, мақолангдан сўнг Вилоят ижроқўмига чақириб пўстагини қоқишарди. Бир сафар Тошконга ҳам чақиришган. ..

-Наҳотки, -деди у қулоқларига ишонмай- Бўлиши мумкин эмас, унинг ўзи менга «Қўрқма!Қўрқсанг, бир умр қўрқиб яшайсан! Дадил бўл! Муаммо ва камчиликларни шеърларингда акс эттиравер!» дердилар. Жазоланган, гап эшитган бўлсалар нега менга айтмаган? Ёзмасдим, ҳеч бўлмаса ўқимасдим…

Собиқ ҳайдовчининг юзига табассум югуриб, унинг елкасига қоқди:
-Шунинг учун ҳам сенга айтмасдида қизим. «Агар синиб қолса, яна қанот қоқа оладими? Уни авайлашим керак. Майли, ҳар қанча жазо бўлса ўзим туриб бераман » деб кўп такрорлар эди…

…Шуҳрат Шерхонович Аҳмедов, хозир оддийгина Шуҳрат бобо етмиш бир ёшга кирди. Сув чиқмас ерларни боғ қилиб, обод қилиб, мазаси оғизда қолгувчи нок, олмаларни экиб, кексаликни сира тан олгиси йўқ.

Иқтидорли болаларни жамлаган « ЛОГОС» номли хусусий мактаб очиб, ҳамюртларининг, болажонларнинг дуосини олиб яшамоқда.

Шерали Жўраевнинг концертида шеър айтган қиз эса – ушбу пост орқали ўз миннатдорчилигини самимийроқ изҳор қилмоқчи бўлди холос.

Мақтанчоғлик, нокамтарликка йўйсангиз ҳам, борича, чин қалбдан ёзди.

Тахликали йилларда кечган ўтмишнинг бир бўлагини акс эттирди.

….Шухрат Шерхонович Аҳмедов билан ўн етти ёшимдан сўнг умуман учрашмадим. Қувасойликларнинг ўзига қолса , ҳеч қачон шундай раҳбарни қўйиб юборишмасди. Афсус, давлатнинг ўз режаси бор. Уни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бўлими бошлиғи этиб сайлашди.

Ширинсўзлиги,халқпарварлиги,меҳнаткашлиги, тадбиркорлиги билан Фарғона вилояти аҳолисининг меҳрини, хурматини қозонди.

Неваралари бир этак, пиру-бадавлат Шуҳрат бобо, илоҳим, умрингиз узоқ бўлсин!

Сиз синдирмаган қанотим билан кучим етган баланд минбарларга учиб чиқдим. Иншааллох яна учаман!

Ўзингиз ўргатгандай яшашга ирода топдим.

Сиз авайлаган қалбимдан эзгуликка йўғрилган ҳикоя, шеър, дадамга ваъда қилинган эртакчаларим отилиб чиқди.

Сиздан бир умр миннатдорман!

Чунки, «мактаб»ингизда олган билимларим, тажрибам туфайли Муаззам бўлдим.

Қаердадир қўрқдим, қоқилдим, йиқилдим, аммо қайта ўрнимдан туриб, мағрур яшашга интилдим.

Фақат менгина эмас Қувасойлик минглаб ёшлар сиздан халоллик, тўғрисўзлик, диёнат, мардлик, олижаноблик , халқпарварлик каби хусусиятларини ўрганишди. Муболаға бўлмайди деб айта оламанки, идеал раҳбарда бўлган хислатларни намоён этдингиз. «Қизим», «ўғлим», «болам», «укам», «акам» деб, кичиккўнгиллик билан меҳр қозондингиз.

Шуҳрат Шерхонович, сизнинг мактабингизга мухтож бугун Фарғонам. Ўтинаман, чиройли боғингизни четида биттагина кулба, ёки чайла қуринг. Одамлар фақат зиёратгоҳларга боравермай, тирикларни, тирик афсоналарни ҳам тавоф қилишсин! Ширк қилиб, ис чиқаравермай ярим соатгина суҳбатингиздан баҳраманд бўлиб, дуоларингизни олишсин!

Қандай яшашни билмаётганларга эса яшашни ўргатинг!

Ширинсўз билан ҳам обрў , эътибор қозониш мумкинлигини исботлаб беринг!

Одамийликдан дарс беринг!

Оқилликдан дарс беринг!

СИЗ ФАРҒОНАМНИНГ ФАХРЛАНИШГА АРЗИЙДИГАН АСЛ ШУҲРАТИСИЗ!

Илоҳим, кўп яшанг!

Муаззам Иброҳимова
Манба: facebook.com