O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Фарғона ва Чоч илк ўрта асрларда: ижтимоий-иқтисодий ривожланиш анъаналари

Фарғона ва Чоч илк ўрта асрларда: ижтимоий-иқтисодий ривожланиш анъаналари
130 views
02 August 2019 - 6:00
Археологик ва ёзма манбаларга кўра, Марказий Осиёнинг илк ўрта асрлар жамияти тизимларида чуқур ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий туб ўзгаришлар кузатилади. Ушбу жараён дастлаб антик давр ниҳоясида кушонлар салтанати, Даван (Давань) ва Қанғ-Кангуй (хитойчада Кандзюй) каби конфедератив давлатлари таназзули, кидаритлар (кидарийлар), хионитлар (хионийлар), эфталитлар (зфталийлар), сўнгра арабларни Сирдарё ва Амударё оралиғидаги деҳқончилик худудларига бостириб кириши вақти билан бир даврда рўй беради. Албатта, буларнинг барчаси Ўрта Осиё халқлари тарихида айниқса, моддий маданиятда ўз изларини қолдирган. Кейинги йилларда Фарғона водийси ва Чоч (Тошкент воҳаси) илк ўрта асрлар даври тарихи тўғрисида муҳим археологик ва ёзма манбалар тўпланди. Бу манбалар Фарғона ва Чочнинг илк ўрта асрлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолати тўғрисида баъзи бир хулосаларни чиқаришга имкон беради.
Хўжалик юритиш усуллари. Фарғона водийсини илк ўрта асрлардаги хўжалик ҳаётини акс эттирувчи археологик объектларни солиштириб ўрганишга кўра деҳқонлар ва чорвадорларнинг ўзаро муносабатлари ўрганилаётган даврда динамик равишда ривож топади. Бироқ, Фарғона кўчманчи-чорвадорлари ҳақида гап кетганда бир жараёнга эътибор бериш керак. Бу уларнинг хўжалик машғулотлари билан боғлиқ бўлиб, мазкур воқелик этнография маълумотлари билан танишиш давомида кўзга яққол ташланади. Маълумки, қадимдан водий чорвадорлари Ўрта Осиёни бошқа ерларидан бир оз фарқ қиладиган ўзига хос хусусиятларига эга бўлган. Этнографик маълумотларга кўра, ярим кўчманчи аҳоли асосий машғулоти чорвачилик билан бир қаторда деҳқончилик, хусусан, лалмикор деҳқончилик билан ҳам шуғулланган. Масалан, Қўқон хонлиги даврида водийни тоғ ҳудудлари билан деҳқончилик воҳалари оралиғидаги айрим ҳудудларда (тоғолди, адир) деҳқончилик қиладиган ярим кўчманчи аҳоли яшаган [1]. Бу жараён илк ўрта асрларда ҳам кузатилган ва у кўпгина шу давр қабристон материаллари таркибида ҳам яққол кўзга ташланади. Кейинги пайтда қўлга киритилган археологик материаллар Фарғона водийсида илк ўрта асрларда қуйидаги хўжалик юритиш усуллари бўлганини кўрсатмоқда: 1) Деҳқончилик. Воҳа деҳқонларини ғалла, пахта, ипак ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етказишгани ҳақида ашёвий далиллар бор. Бундай анъанавий хўжалик юритиш водийда узоқ тарихга эга, яъни милоддан аввалги II минг йиллик ўрталаридан — илк деҳқончилик маконлари пайдо бўлгандан бошлаб давом этиб келмоқда. 2) Ҳунармандчилик. Бу асосан шаҳар аҳолиси ва айрим қишлоқлар ҳаёти билан боғлиқ бўлиб, водийда илк ўрта асрларда жуда ривожланган. Ёзма манбалар водийда VII-VIII асрларда 100 дан ортиқ шаҳарлар бўлганлигини хабар берадилар. Шаҳарларда асосан ҳунармандчилик ва айрим олинган шаҳарларда қишлоқ хўжалик товарларини қайта ишлаш мавжуд бўлган. Бу хўжалик юритиш усули олдинги — антик давр шаҳар ҳаёти учун ҳам қайд этилган. Масалан, Хитой ёзма манбаларида Ючен (Ўзган яқинидаги Шўрабашот ёдгорлиги) шаҳар ҳокими тўғрисида маълумот бор [2]. 3) Чорвачилик. Бу хўжалик тури билан кўчманчилар шуғулланиб, улар тоғ ва адирлардаги яйловларда хўжалик юритишган; чорваларга яйлов қидириб бир жойдан иккинчи ерга кўчиб юришган, археологик топилмаларга кўра майда ва йирик шохли (қўй, мол, эчки) ва транспорт ҳайвонлари (от, эшак, туя) боқишган. Бундан ташқари улар ҳаётида овчилик ва ҳарбий жанговарлик фаолияти катта роль ўйнаган. Бу гуруҳ учун этнографиядаги вертикал [3], яъни пастдан юқорига, юқоридан пастга кўчиб юриш (балки, тоғлар (юқори) — чўллар, воҳалар (қуйи) хос бўлган. Географик шароитлардан келиб чиқиб, улар ҳаётидаги кўчиб юриш кўлами (амплитуда кочевания) Қозоғистон ва Сибирь кўчманчиларига нисбатан камроқ кузатилади. Уларнинг бир қисми қишки манзилларида қолиб, яйлов чорвачилиги ва парранда етиштириш билан ҳам шуғулланганлар. Чорвадорлар тоғолди, адир ва қўриқ ерларда тирикчилик қилиб, лалми экинлар буғдой, арпа, тариқ кабиларни қўшимча равишда етиштирганлар. Баъзи ҳолатларда айрим суғориш мумкин бўлган жойларда бу гуруҳ майда ёки лалми деҳқончилик билан шуғулланганлар. Ушбу гуруҳда ўтроқлашиш жараёни жуда осон кечиб, улар тез орада ўтроқ деҳқончилик билан шуғулланиб кетганлар.
Ҳар учала гуруҳга хизмат қилган жамиятдаги яна бир қатлам савдогарлар роли ҳам сезиларли бўлган. Қитъалараро савдо йўли – Ипак йўли ривожланган ва унинг янги тармоқлари очилиб, фаолият кўрсатган. Ёзма маълумотларга кўра, VII-VIII асрларда Фарғона ва Чоч ҳукмдорлари Хитой императорига юқори сифатли шиша, машҳур қирмизи ранг отлар етказиб берганлар [4].
Юқорида келтирилган бундай мураккаб хўжалик юритиш жараёни ҳар икки Фарғона ва Чоч ўлкалари учун характерли эди. Чунки уларнинг кўп укладли хўжалиги бир- бирларига жуда ўхшаб кетган. Улардаги жамиятнинг ижтимоий таркиби эркин жамоа ишлаб чиқаришга асосланган деҳқон ва чорвадор хўжаликлари, ҳунармандлар, савдогарлардан иборат эди. Деҳқончилик маданияти таъсирида кўплаб чорвадорлар аста-секин ўтроқлаша борганлар. Шунинг учун бўлса керак, айрим чорвадорлар қишлайдиган худудларда уларнинг тураржой қолдиқлари ҳам топилган [5]. Бу жараён V-VIII асрлардаги Фарғона чорвадорлари ҳаётида яхши кузатилади. Жумладан, зироатчилар ва чорвадор-кўчманчи аҳоли моддий маданиятида кўп ўхшашликлар қайд этилади. Бундай ўзига хос хўжалик юритиш алоқалари шимол, шимоли-ғарбда Fовасой ва Сумсарсой ҳавзаларидаги мозорлар — қурум ва муғхоналар [6], жануби-ғарб ва жанубда — Боркорбоз, Хонқиз II, Қайрағоч, Қора Мўйноқ, Ворух, Чорку I, II, Исфара, Қалантархона (ёрма ва лаҳад гўрлар), шарқда бўлса Кеден, Қоражар, Қоракўлжа каби археологик ёдгорликлари материаллари таркибида кузатилади [7]. Бу фарғонача хўжалик юритиш усули водий аҳолиси ўртасида мавжуд бўлган хўжалик тафовутларини секин-аста йўқолиб боришига, илк ўрта асрлар ниҳоясига келиб, бир бутун суғорма деҳқончилик ва шаҳар ҳунармандчилигига асосланган ҳукмрон хўжаликка айланишига олиб келди. Хўжаликнинг иқтисодий асосини эркин жамоа ишлаб чиқариши ташкил этган. Деҳқончилик эркин деҳқон жамоалари – кашоварзлар, деҳқонзодалар ва кадиварлар меҳнати асосига ўтади. Эндиликда деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчиликда асосий маҳсулотларни айнан эркин жамоачилар ишлаб чиқарганлар ҳамда улар жамиятнинг ўзагини ташкил этган [8]. Айтилганларга қўшимча этиш керакки, келтириб ўтилган мозор-қўрғонлар гуруҳи чорвадорлар қолдирган ёдгорликлар деб ҳисобланади. Булардан келиб чиқиб ва этнографик маълумотларни ҳисобга олиб, деҳқонлар ва кўчманчи-чорвадорлар ягона бошқарув ва маъмурий тизимга эга бўлган, деган фикрни илгари суриш мумкин [9].
V-VI асрлардаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар. Маълумки, V аср бошларида Ўрта Осиёнинг сиёсий харитасидаги йирик давлатлар таназзулга юз тутиб емириладилар. Манбалардаги 435 йилдан кейинги маълумотларда Кушон империяси, Кангуй, Даван каби конфедератив давлатлар номи учрамайди, улар тарих саҳнидан кетадилар. Бунгача Даван ва Кангуй атамалари ёзма манбаларда охирги марта учрайди. Жумладан, Хитойнинг Илк Цинь (351-394) подшолигининг Илк Лян ери ҳукмдори Фу Цзянь биографиясида ёзилишича, уни ҳузурига 379 йили Даван ва Кангуйдан элчилар келадилар [10]. Ана шу йирик давлат бирлашмалари ўрнида кўплаб майда ер эгаликлари (мулклар) пайдо бўлади (аниқроғи «давлатча»лар — Б.М.). Таъкид жоизки, худудий жиҳатдан водийга яқин бўлган Шарқий Туркистонда (Шинжон) ҳам майда ва мустақил давлатчалар тизими бўлган [11]. Ўрганилаётган даврда Ўрта Осиёда ер эгаликлари («давлатчалар») сони 15 та эди, кейинроқ улар кўпайган [12]. Бу мулклар асосан майда воҳаларда таркиб топган шаҳарчалар асосида пайдо бўлиб, уларга атрофдаги ерлар ҳам қарар эди. Ана шундай ер эгалигида ўзини маҳаллий ишлаб чиқариш (иқтисодий) маркази вужудга келди ва охир-оқибатда у шаҳар тусига кириб боради [13].
Ана шу ер эгаликлари (мулклар ёки воҳа давлатлари)да асосан шаҳар ва қишлоқ аҳолиси яшаган. Улар сўнгги антик ва илк ўрта асрларда ижтимоий ўзгаришларга учраган ҳамда жамиятнинг ижтимоий таркибига таъсирини ўтказган. Жумладан, VVIII — асрлардаги археологик ёдгорликларни рўйхатига асосан тузилган харитага кўра, илк ўрта асрларда шаҳарлар сони антик даврга нисбатан майда шаҳарлар ҳисобига ортади. Бу даврда қишлоқлар (42,60%) ва қасрлар, қалъа-қўрғонлар сони (12,59%) ҳам ортади. Яъни, антик даврга нисбатан илк ўрта асрларда эркин деҳқон хўжаликларининг бадавлат табақаси – деҳқонзодалар мулки асосида қад кўтарган қасрлари теварагида таркиб топган шаҳарлар сони кўпаяди. Бундан келиб чиқадики, қишлоқ жамоалари ичида мулкий табақаланиш жадал кечган, майда мулк эгалари кашоварзларнинг бир қисми мулксиз кадиварларга, улар ҳисобига бойиб бораётган кечаги кашоварзларнинг бошқа бир қисми эса бадавлат деҳқонзодаларга, яъни мулкдор феодалларга айланиб борган [14]. Мулкий табақаланиш ва тенгсизлик ҳосиласи сифатида жамиятда ижтимоий қарама-қарши гуруҳлари пайдо бўлади. Жамиятда қулчилик бўлгани ҳақида ёзма маълумотлар бор. Бу хақда VIII аср бошларидаги шартномада (Самарқанд шартномаси ҳам дейилади) қайд этилишича, Фарғона арабларга 200 минг драхм (дирхам) миқдорида моддий бойлик ва қуллар етказиб бериши кўзда тутилган [15].
Б. Абдулгазиеванинг Фарғона водийсининг бир қисми – Қорадарё юқори ва қуйи оқимлари ёдгорликлари асосида билдирган фикри: яъни антик даврда қишлоқлар сонини ортиши ва шаҳарлар камлиги; илк ўрта асрларда қалъа-қўрғонлар ҳамда шаҳарлар сонини ортиши хусусияти [16] бизнинг материалларимизда ўз тасдиғини топмади. Тўғри, юқорида келтириб ўтганимиздек, антик давр учун шаҳарлар 16 та эди [17] илк ўрта асрларда улар 22 тага етди. Улардан фақат иккитаси илк ўрта асрларда пайдо бўлади. Айнан антик давр охирларида водийдаги Учқўрғон I (майдони 12 гектар), Қайновот (15 га), Қорадарё (10 га), Жиланди (7 га), Шимолий Қуршоб (5 га), Янгибозор (10 га), Мозортепа (12 га), Каламиштепа (12 га), Оқтепа (12 га) каби шаҳарлар таназзулга юз тутадилар ва илк ўрта асрларда йирик шаҳарлар камаяди. Бироқ, қишлоқлар улуши антик даврдагидан кам эмас эди (42,60%) ва айрим қишлоқлар баъзи товарларни ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашадилар. Хуллас, илк ўрта асрларда Фарғона водийсида ҳар бир ирригация райони ва воҳасида қишлоқ ҳокимликлари ҳамда айрим йирик шаҳарлар асосида эса шаҳар-давлатлар ташкил топади. Уларни бошқаришда маликлик бўлган. Буни V-VI асрларга тааллуқли, деб топилган танга ва ундаги ёзувни «малиги Фарғона Чеш (Чиш)», деб ўқилишидир [18].
Сиёсий жиҳатдан V-VI асрлар Фарғона тарихида нотинч давр эди. Ёзма манбалардаги машҳур Даван давлати тарих саҳнасидан кетади. Хусусан, хитойча Бейши номли манбани 97-боб биринчи қисмида, 436 йилда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни баёни берилганда, Даван давлати тилга олинмаган. Бундан бир оз сўнг — 510 йили Ўрта Осиёда (эҳтимол Фарғонада ҳам) эфталитлар давлати пайдо бўлади. Балки эфталитларни Ўрта Осиё ҳудудларига бостириб кириши юқорида тилга олинган йирик давлатлар емирилишини тезлаштирган бўлиши мумкин. Бу вақтдаги нотинчлик тўғрисида ўша Хитой манбалари хабар берадилар. «Юань-вэй (386-550/557) ва Цзинь (265-480) сулоласи ҳукмронлиги даврида Fарбий ўлкалар бир-бирлари комига тушдилар. Уларда кечаётган воқеаларни тушуниб бўлмайди» [19]. Ўша бир-бирларини ютиб юбораётган ўлкалар (мулклар) ҳақида ёзма манбаларда маълумотлар кам учрайди. Манбаларда қуйидаги ўлкалар қайд этилган: Чжеше (олдинги Қанғли), Шарқий Цао (Уструшона), Сиваньцзинь (Самарқанд), Fарбий Цао (Иштихон), Нюми (Бухоро воҳаси) Цзяшени – Кушания (Кеш), Ноше-боло (Нахшаб) ва бошқалар. Қўшимча қилиб айтамизки, қўшни Чочда бешта [20], Суғдда (Кан) бир неча (9 та) ер эгалиги бўлиб, уларда Чжао’у (Жабғу) уруғи авлодлари ҳокимлик қилишган.
Номлари зикр этилган манбаларда Фарғона «Лона», «Полона» номи билан тилга олинади (Бейши, биринчи бўлим). Хитойнинг Шимолий Вэй давридаги (384-534) «Вэйшу»да таъкид этилишича, 436 йили элчи Дунь Вань «Полона»-олдинги Давань давлатигача борган [21]. Демак, бундан маълум бўляптики, Полона-бу алоҳида давлат ва у олдинги Даван (Фарғона) ерларида жойлашган.
V-VI асрларда Фарғонадаги сиёсий вазият ҳақида ёзма манбаларда маълумот кам. Фақат шу давр воқеаларига бағишланган манбада бир хабар бор. «Лона — бу қадимги Даван, қароргоҳ — Гуйшань, Қашғар шимоли-ғарбида, Дайдан 14450 ли. да жойлашган. Тхайхо ҳукмронлигини учинчи ёзида, 479 йилда ҳоким чопар билан қирмизи ранг зотдор отлар (улар «қон билан терлайдиган» (потокровные) дейилади) жўнатди, шу вақтдан эътиборан, совға-салом билан элчилар юбориб турилди» [22].
Демак, Ўрта Осиёни бошқа ҳудудларидаги материалларни ҳисобга олиб, ёзма манбаларга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, Фарғона — Давань подшолиги емирилгач, бир неча майда ер эгаликларига бўлиниб кетган. Ана шу ер эгаликларини энг йириги ёзма манбалар хабар берган Полона (Лона) эди. Археологик материалларни таҳлил этиш, ёзма манбаларни диққат билан ўрганиш ушбу сатрлар муаллифига водийда илк ўрта асрларда еттита катта ер эгалиги мавжуд бўлганлиги ва улар жойлашган ўрнини аниқлашга имкон бермоқда.
Фойдаланилган адабиётлар
  1. Батраков В.С. Характерные черты сельского хозяйства Ферганской долины в период Кокандского ханства // Труды САГУ. Новая серия. Вып. LXII. Гуманитарные науки. Книга 8. Ташкент, 1955.
  2. Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. М.; Л., 1950.
  3. Марков Г.Е. Скотоводческое хозяйство и кочевничество. Дефинация и терминология // Советская этнография. 1981. № 4.
  4. Шефер Э. Золотые персики Самарканда. М., 1981.
  5. Заднепровский Ю.А. Ранние кочевники Кетмень-Тюбе, Ферганы и Алая // Археология СССР: Степная полоса Азиатской части СССР в скифо-сарматское время. М., 1992.
  6. Спришевский В.И. Каменные погребальные сооружения «мугхона» I-IV вв. н.э. Рукопись. Архив Музея истории народов Узбекистана. Ташкент, 1957. Шифр 14; Баратов С.Р. Культура скотоводов Северной Ферганы в древности и раннем средневековье (по материалам курумов и мугхона); Рукопись дис… канд. ист. наук. Архив Института археологии АН РУз. Самарканд, 1991.
  7. Литвинский Б.А. Курганы и курумы Западной Ферганы. М., 1972; Заднепровский Ю.А. Археологические памятники южных районов Ошской области (середина I тыс. до н.э. — середина I тыс. н.э.). Фрунзе, 1960.
  8. Асқаров А.А. Ўрта Осиё қадимги дунёсининг асосий хусусиятлари // ЎИФ. № 6. 1994. 33-35-бетлар; Заднепровский Ю.А. Археологические памятники южных районов Ошской области (середина I тыс. до н.э. — середина I тыс. н.э.). С.52.
  9. Марков Г.Е. Скотоводческое хозяйство и кочевничество. Дефинация и терминология… С.93.
  10. Боровкова Л.А. Запад Центральной Азии во II в. до н.э. — VII в. н.э. (историко-географический обзор по древнекитайским источникам). М.,1989.
  11. Малявкин В.Г. История Восточного Туркестана в VII-X вв. // Восточный Туркестан в древности и раннем средневековье. М., 1988.
  12. Мандельштам А.М. О сложении таджикской народности в Среднеазиатском Междуречье // СА. XX. 1954. С. 76.
  13. Дьяконов М.М., Мандельштам А.М. Средняя Азия в III-V вв. // Очерки истории СССР. М., 1958.
  14. Асқаров А.А. Ўзбек давлатчилигининг илк босқичларида қадимги Фарғона // Фарғона водийси тарихининг долзарб муаммолари. I жилд. Фарғона, 2000; Асқаров А.А. Қадимги Фарғона тарихидан лавҳалар // Археология и история Центральной Азии. К 70-летию со дня рождения академика АН Республики Узбекистан Ю.Ф. Бурякова. Самарканд, 2004.
  15. Смирнова О.И. Очерки из истории Согда. М., 1970.
  16. Абдулгазиева Б. Восточная Фергана в древности и раннем средневековье (система расселения, районирование и типология). Текст и альбом дис… канд. ист. наук. Архив Института археологии АН РУз. Самарканд, 1988.
  17. Горбунова Н.Г. Поселения Ферганы первых веков нашей эры (Некоторые итоги исследования) // СА. № 3. 1977.
  18. Лившиц В.А. Письменность Древней Ферганы(?) // Народы Азии и Африки. № 6. 1968.
  19. Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. М.-Л., 1950. Т. 2.
  20. Бичурин Н.Я.( Иакинф). Собрания сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Т. 2.
  21. Боровкова Л.А. Запад Центральной Азии во II в. до н.э. — VII в. н.э. (историко-географический обзор по древнекитайским источникам).
  22. Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Т. 2.
Б.Х. Матбабаев
facebook.com