Золимга
Бўйин сунар. Сўзларидан шакар унар,
Гарчи сенинг жумлаларинг заҳар-заққум..
Ҳаммасини эплашади – соҳибҳунар –
Даргоҳингда ликиллатиб тил ҳамда дум.
Тилакларинг муҳайёдир. Қор қорадир –
Десанг тасдиқ этишади қорни бўяб.
Ҳаммалари ҳақиқатни нақд кўрадир,
Лек сукутда яшашади сени суяб.
Майли, сени танимаслар – сен пинҳонсан,
Ақл етмас ишларингга, ҳушларингга.
Улар учун буюксан ва бир илонсан,
Ўлдиргувчи оғу йиққан тишларига.
Майли, улар алдангандир – қуллар, ахир,
Алданишдан топганлари – аччиқ таскин.
Лек танийсан сен ўзингни, шундай ҳолда
Қандай қилиб нафас олиш – яшаш мумкин?!
*****
Иқрор
Ватан ғами турганида ўз қайғумни
Шеърга солиб айтиш уят.
Ўлолмасам бу йўлда мен
ўлдиради ҳамият.
*****
Шундай жон
Менга бир кулба кифоя яшаш учун –
ярим коса ёвғон. Яримта нон.
Ҳатто нафас олиш билангина яшаш ҳам мумкин.
Жим бўлмоққа, жим ўлмоққа
қўймайди ул –
бу шундай жон,
Фақатгина юрт эрк топса,
куймайди ул.
*****
Гўрўғли