Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 245
(давоми)
Расулуллоҳ дунё молини йиғмадилар, унга ҳеч кўнгил қўймадилар, кунда ўтган овқатга қаноат қилдилар.
Макка шаҳри олингандан сўнгра Қурайш қабиласи итоатга келди.
Бутун Арабистонга Ислом дини тарқалди. Муҳожирлар ҳар тарафдан ғанимат мол олибМадинага келтирдилар. Бу молларни қандоқ қилсалар, ихтиёр ўзларида эди. Шундай бўлсаҳам юз минглаб келган тилло тангалардан бирортасини олиб сақламадилар. Уларнингҳаммасини муҳтожларга тарқатиб, ўзлари эса фақир оилалар қаторида кун кечирар эдилар.
Энг охирги «Ҳажжатул видо»га борганларида бутун Арабистондан келган халқ Арафотга йиғилган эди. Шундаги минган туяларининг тўқими жабдуғи билан тўрт тангача ҳам турмас эди. Расулуллоҳ бойликдан фақирликни ортиқ кўриб: «Фақирлигимга қувониб мақтанурман» дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Насоролар Исо алайҳиссаломни ҳаддан оша мақташиб, охири у зотни банда дейишмай, Худо эди, Худонинг ўғли эди, дейишиб ҳақ йўлдан адашдилар. Балки мени Аллоҳнинг қули, унинг пайғамбари денглар,— деб умматларига ўргатдилар.
Абу Ҳурайра айтди: «Бир куни Расулуллоҳ билан Мадина бозорига чиқиб, кўйнаклик бўз олмоқчи бўлдик.
Анда Расулуллоҳ тарозибонга қараб:
— Тўғри тортгил, — дедилар эрса, у ирғиб туриб қўлларини ўпмоқчи бўлган эди, тортиб олиб:
— Ажам халқи подшоларига шундоқ қиладилар. Мен подшо эмас, сизлардан чиққан бир одамман, — дедилар.
Сўнгра бозордан олган нарсаларини мен кўтармоқчи бўлган эдим Расулуллоҳ:
— Ҳар ким молини ўзи кўтаргани яхшидур. Узрсиз ҳеч ким бировга юк бўлмасин, — деб олган нарсаларини ўзлари кўтардилар.
Бундан умматларига ибрат қолдирдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёнисуймадилар, унинг ноз-неъматига алданмадилар. Дунёнинг ҳеч бир нарсасига қизиқибқарамадилар, озга қаноат қилдилар. Тоғ-тошлардаги олтин-кумуш конлари, балки улуғтоғлар, қип-қизил тилло бўлиб Расулуллоҳга кўринди. Ундаги ҳар турлик гавҳар тошлар:
— Ё Расулаллоҳ, мендан олинг, — деб ўзига қизиқтирмоқчи бўлди, ҳеч бирига назар солмадилар. Дунёдан ўтганларича шу ҳолда турдилар. Вафот бўлганларида оила ҳожатлари учун совутлари бир яҳудийга гаровга қўйилган эди.
Оиша онамиз:
— Расулуллоҳ вафот бўлгунларича уч кун бирдек сурункасига буғдой нонга тўйганимизни билмаймиз. Тилло танга, жонлик-жонсиз ҳеч бир нарса бизга мерос бўлиб қолгани йўқ. Расулуллоҳ меним уйимда ўз қучоғимда туриб жонлари узилди. Шу куни бир озгина арпадан бошқа ейдиган ҳеч нарса йўқ эди, — дедилар.
Расулуллоҳ:
— Макканинг қумтошларини олтин қилиб менга тенгладилар. Ё, раббим, бир куни тўқ, бир куни оч бўлганим яхшидур. Оч бўлган кунларим сенга ёлворурман. Тўқ бўлдим эрса, сенга ташаккур қилурман.
Онамиз Оиша айтади:
— Бирор ойлаб уйимизда ўт ёқиб, қозон қайнамаган кунларимиз кўп бўлур эди. У вақтда нон ҳам йўқ, қуруқ хурмо бўлиб, ундан еб устидан сув ичар эдик.
Расулуллоҳнинг тўшак ёстиқлари эрса меш теридан ясалиб, ичига хурмо қипиғи тўлдирилмиш эди. Эланган оқ буғдой нонни, ўтлаган семиз қўй этини умр ичида кўрмадилар. Қорин тўйдириб таом емадилар, кечаси оч ётиб, яна кундузи рўза тутар эдилар. Қайси бир кунлари Расулуллоҳга раҳмим келиб йиғлар эдим. Орқаларига ёпишган қоринларини силаб:
— Ота-онам сизга фидо, ё Расулаллоҳ, дунё ноз-неъматларидан бироз фойдалансангиз нима бўлур? — дедим.
Анда ул зот:
— Эй Оиша, ўтган пайғамбар биродарларим мундан ҳам қаттиқчиликларга чидаб юриб, Парвардигор олдига бордилар. Уларга Аллоҳ кўп ҳурматлар кўрсатиб, улуғ неъматлар ато қилди. Энди мен шуларнинг аҳволини билатуриб дунёдан лаззатланишга ҳаё қилурман, — дедилар.
Бир куни Ҳазрати Али карамаллоҳу важҳа:
— Ё Расулаллоҳ, сизнинг суннатингиз қайсидур?— деб сўрадилар.
Анда Расулуллоҳ:
— Маърифат меним сармоямдур, динимнинг асли ақлдур. Ишимнинг асоси муҳаббатдур. Муҳаббатсиз ҳеч иш вужудга келмас. Қуролим илмдур, илмсиз амални Худо қабул қилмас. Сабр меним либосимдур. Сабрсиз иймон камолга етмас. Касбим жиҳоддур, мундан қочганлар хорликка қолгайлар. Ҳамроҳим Худо ёдидур. Ҳунарим дунёни тарк қилишдур. Бойлигим Худо хазинасига ишонишдур. Кўзим нури, кўнглим чироғи намоздур. Кўнглим меваси Худо зикридур. Фақирлигимга фахрим бордур. Ғамим умматим учундир. Шавқим Худо дийдорини кўришдур, — дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
— Эй мўминлар! Хабибим Муҳаммадни сизларга пайғамбар қилиб юбордим. Унинг айтган сўзларини, қилган ишларини яхшилик ўлчови қилдим. Ҳар нимани қилмоқчи бўлсанглар, шунга қараб, шундан ибрат олиб қилинглар.
Демак, Расулуллоҳнинг айтган сўзлари, қилган ишлари умматлари учун саодат ўлчови экандур. Агар умматлари шунга қараб иш олиб борсалар, ҳақ йўлдан ҳеч адашмайдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Худо тарафидан бир йўл келтирдим. У эрса Ислом динидур. Инсонлар учун мослашган бир илоҳий қонундир. Тўғри, кенг, юмшоқ ва ёруғ йўлдур. Бу йўлнинг боши — шу дунёда, оёғи у дунёда — жаннатдадур. Бундан ташқари чиққанлар охиратда абадий азобга қолгайлар, бу дунёда эрса, қўллари ишдан бўшамагай. Кўнгиллари ғамқайғудан чиқмагай. Агар умматларим шу йўлдан четга чиқмай тўғри турсалар, қайси ёққа қўл узатсалар, ризқини олиб ейди, — дедилар.
Расулуллоҳнинг бу сўзлари ҳақдур, чунки шунга ўхшаш сўзларни Аллоҳ амри билан айтурлар.