O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Фикрларнинг шиддатли умри

Фикрларнинг шиддатли умри
356 views
09 April 2020 - 11:11

ФИКРЛАРНИНГ ШИДДАТЛИ УМРИ

“Вирус карантини” баҳонасида ёшлигимда таъсирланган бадиий адабиётни ўқишга фурсат топдим, узоқда қолган йилларда яшаганим интеллектуал-маънавий дунёга назар ташладим. Ғарб адабиёти ҳақида балки кечиккан, ўша 70-йилларда ёзилиши керак булган адабий таассуротларимни ёздим.

Бунга Истанбулда каргодан буюртма қилганим Пол Валерининг “Мосё Тэст” китоби туртки бўлди.

Унинг адабий қарашларига ўша 70-йилларда яқинлик туйганимни эътироф қилдим.

Бу аснода архивимдан 1980 йилда “Ёш гвардия” нашриётида 30 саҳифалик, баҳоси совет пулига 5 тийин бўлиб, ўша пайтлар учун кичик тираж ҳисобланган 10 минг нусхада, юпқа муқовада чоп этилган “Қудуқдаги ой” номидаги китобчамни чикардим. Чунки Пол Валерининг адабий қаҳрамони жаноб Тэст кечинмаларини такрор ўқиётиб, “Қудуқдаги ой” тўпламидан қуйидаги шеърни хотирладим:

Кун – фикрлар битилган қоғоз.
Майли.
Тунлар – куйдирилган қўлёзма.
Майли.
Барибир мамот йўқ,
Ҳаёт бор фақат –
ФИКРЛАРНИНГ ШИДДАТЛИ УМРИ.
Асрларни тешар қорачиқ
Орзуларнинг метин кўмири!

(1975)

Бу кичик шеърий матн аслида ўтган аср 70-йиллар ўртасида менинг ижодий манифестим эди.

Ҳа, бизнинг авлод кўз қорачиқлари ёнган орзуларнинг қоп-қора кўмири эди.

Бу шеър ишғолчи Совет тузумида вояга етаётган бир ўзбек йигитининг экзистенциал (бор бўлиш) мужодаласи баёни эди.

Орзулар ушалмади, улар ёниб, кўмир қатлами бўлди ва кўз қорачиқларимизга айланди. Аммо бу қорачиқлар асрларни тешиб ўтадиган кучда. Орзулар ушалмади, аммо улар ёнаркан, бошқа бир энергияга айланди. Асрларни тешишга шайланаётган энергияга.

Бу энергия – фикрларнинг шиддатли умри эди.

Бу иддаоли, оптимистик кайфият ўтган аср 70-йиллар адабиётининг ёш бўғинини коммунистик мафкуранинг биқиқ муҳитида оёқда тутган фактор эди.

Карантинда ёзилган бу эссенинг тўла вариантини эътиборингизга ҳавола этаман:

* * *

МОСЁ ТЭСТ БИЛАН КАРАНТИНДАГИ СУҲБАТ

Бир ўлимчил вирус баҳонасида бошланган тотал КАРАНТИН даврининг манфий жиҳатлари каби мусбат тарафлари ҳам борлигини кун сайин кўпроқ кашф этмакдаман.Тасаввур қилинг, бу ғалати босқичда китоб ўқиш ва ҳатто бадиий филмлар кўриш учун вақт “топаяпман”, гўё бу вақт деган жонивор аввал бўлмаганидай.

Айни пайтда ёшлигимда ўқиб таъсирланганим баъзи асарларга носталгия туйдим ва уларни буюртма қилдим. Муаллифлардан биттаси Паул Валери эди. Унинг “Шеър санъати” ва “Мосё Тест” асарлари 70-йилларда каминага қаттиқ таъсир қилган эди. Шунингдек, 1972 йилда “Вопросы литературы”да босилган Роберт Музилнинг санъат ҳақидаги муҳташам этюдлари ҳам фаворит асарлардан эди.

Хусусан, Паул Валерининг шеърнинг табиати ҳақидаги фикрлари, “шеърни шеър қиладиган ақлми ёки ҳиссиётми” мавзусидаги интеллектуал муҳосабаси мени 70-йиллардан бери машғул этиб келди.

Сиз биласиз, Ўзбек адабиётини мезон қабул қилган аксарий “арбобий адабиёт” шеърни ҳаракатга келтирувчи куч ҳиссиёт деб ҳисоблайди ва бунга кўплаб мисоллар келтираолади.

Ёшлигидан бошлаб шеър ёзишни машқ қилган, шеърни дунёни тафаккур этиш учун восита деб билган бир адабиёт ихлосманди сифатида ҳамиша ёзганим тил (ўзбек) адабиётига лойиқ бўлишга, отган одимимни бу адабиёт ташлаётган одимга уйғун отишга интилганман. Аммо кишилик характеримда ҳиссиётнинг ташқарига уришига, унинг ифшо бўлишига қарши шундай бир механизм қўйилган эдики, уни бир пайтлар ҳеч енголмаганимни эътироф этмоқчи ҳам бўлдим. Аммо этмадим.

Чунки устида турганим сари мазкур фикр эрийбошлаган ва мен позициямни шу эриш нисбатида йўқотабошлагандим. Яъни ҳиссиётни яшириш истеъдодимга бўлган ишонч тобора “ҳақиқатан ҳам ҳиссиётимни яширабилдимми” деган шубҳага айланабошлаганди.

Бугун шеърий ўтмишимга назар ташларкан, ҳиссий портлашларга нақадар кинояли ёндашсам-да, архивда “соф ақл”га қурилган бирорта шеърий матн тополмадим.

Шеърий тафаккур жараёнида ИЛК ТУРТКИнинг ҳамиша аввал ҳиссий, сўнгра ақл тарафидан мутлоқо назоратга олинишга маҳкум бир акция бўлганлигини кўрдим. Айнан шу ғалати мувозанат шеърдаги сассиз ҳайкирикни,сукутнинг мусикасини ҳосил килади. Агар шу мувознат бўлмаса эди, ҳайкирик қўпол бақириққа айланарди. Шу мувозанатсиз сукунатда мусиқа ҳам бўлмасди.

Ўтган йил БиБиСи Ўзбек хизмати ҳаққимизда тайёрлаган 10 дақиқалик видео-клипда зукко бир адиб, биродарим “М.Солиҳнинг шеърлари ақл билан ёзилади” дебди. Бир адабиётчи ошнам телефон қилиб, “бу – киноя” деди. Мен бунга ҳуснизон билан ёндошдим. Бундай баҳо ўзбек адабиётида (шеъриятида) мусбат ҳисобланмаслиги мумкин, аммо адабиётни инжа санъат сифатида мушоҳада қилганлар учун бу фикр ҳақорат ҳам эмас. Бу нари борса муайян бир шеърий ракурснинг субъектив тасбитидир.

Бундан 35 йил аввал Эркин Воҳидов ҳам каминанинг “Валфажр” китобини таҳлил қиларкан, самимий маслаҳатларини шундай ифода этганди:”…Ҳар бир тилнинг ўз стихияси, ўз ифода ҳусусиятлари бор. Бошқа тилда ўйлаб, бошқа тилда сўйлаган одамнинг фикрини англаш қийин бўлади. М. Солиҳ бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмоғи керак.“Шеърингизни тушунтириб берсангиз” (Иброҳим Ғафуров) дея қилинган мурожаатда жон борга ўхшайди. …Унга (М.Солиҳга)  баъзи истакларимни айтмоқчиман. А. Вознесенский ўзининг ёшликдаги шеърларидан бирида шундай ёзган: “Мне дорога в поэзии святая простота, но мчит меня по лезвии куда-то не туда”…

Балки Воҳидов киноя қилган бўлиши мумкин, аммо мен унинг фикрларини тўғри қабул қилдим. М.Солиҳнинг бошқа тилда ўйлаб, бошқа тилда сўйлагани тўғри. Чунки бир шоирнинг тили иккинчи бир шоирнинг тилидан фарқли бўлади. Иккиси ҳам ўзбекча ёзса-да шундай БОШҚА бўлади.

“Мукаддас соддаликка”(святая простота) келсак, бу масала содда эмас, бироз мураккаб. Бу масала шеърда ҳиссиёт устунми ёки ақлми бўлиши керак, деган юқорида тегинганимиз мухосабага бориб тақалади.

Шу нуқтада Паул Валерининг “Мосё Тест” асаридан қуйидаги парчани олдим: “Аслида, Шеър хар нақадар ҳиссий ва ҳаяжонли бўлса-да, хусусий сархушликдан айрилмаса-да, ақлнинг кескин малакалари билан боғлик эканлигини кўрабиламиз”.(“Шеър санъати”)

Лекин “шеърда ҳиссиёт” тарафдорлари устунлигига соҳиб бир адабий муҳитнинг мардуми сифатида камина доим “ҳиссиётчи” ва “соддачи” бўлишга уринганман. Ғафуров, Воҳидовлар қаршисида шеъримнинг “ақлли” ва “мураккаб” кўринишидан уялганман. Айнан шу истиҳола сабаб, матндаги ташбиҳ (метофора) тизимини имкон борича соддалаштиришга, ҳеч ким “шеърингизни тушунтириб беринг” демайдиган даражага тушириш учун ғайрат қилганман.

1980 йилларнинг ўртасига келиб, тамоман “содда ёзиш эхтироси”га тутилганимни эслайман. Бу комплекс шу қадар чуқурлашди-ки, шеърларимга қараб, “ўзбек адабиётида мендан ҳам соддароқ (ўзбекчароқ) ёзадиган одам қолдими ажабо” дейдиган бўлдим.

Аммо Борис Пастернакнинг: “Нельзя не впасть к концу, как в ересь, в неслыханную простоту”, деган сатрларини ўқиган одам бу жараённинг машаққатли бир босқич эканлигини ўйламайди. Бу босқич ўз-ўзидан келади деб ўйлайди. Айниқса, Борис Пастернак каби бир Маэстро Шоир “Нельзя Не Впасть” деяётган бўлса!.

Ҳақиқатан ҳам, Борис Пастернак “истасанг истамасанг ҳам ёш ўтган сари соддалашасан” деяпти бу шеърида. Аммо айни пайтда содалашишни бир шаккокликка (“ересь”)қиёсламоқда. Худди (кексалигидаги) “соддалик”нинг зидди бўлган (ёшлигидаги) “мураккаблик” тўғри йўл сифатида кўрилаяпти шоир тарафидан.

Бу бир тазод эмасми?

Бу ерда икки сентенция ўртага чиқаяпти: Ҳиссиётга доим соддалик, ақлга эса мураккаблик хамрох.

Бу янглиш.

Чунки, биологик мантиққа биноан ҳиссиёт ёшликда кучли, кексаликда эмас. Демак, ақл маҳсули деб кўрсатилаётган “мураккаблик” аслида ҳиссиётнинг маҳсули. Ҳиссиёт содда бўлолмайди, уни ақл соддалаштириши мумкин.

Борис Пастернакнинг ёшлигида ёзган “Феврал” шеъри энг “мураккаб-содда” ва энг “ҳиссий-ақлли” шеърлардан бири:

Февраль. Достать чернил и плакать!
Писать о феврале навзрыд,
Пока грохочущая слякоть
Весною черною горит.
Достать пролетку. За шесть гривен,
Чрез благовест, чрез клик колес,
Перенестись туда, где ливень
Еще шумней чернил и слез.
Где, как обугленные груши,
С деревьев тысячи грачей

Сорвутся в лужи и обрушат
Сухую грусть на дно очей.
Под ней проталины чернеют,
И ветер криками изрыт,
И чем случайней, тем вернее
Слагаются стихи навзрыд.

Бу шеърни ўзбекчага таржима қилиш мумкин, аммо рус тилини билган киши бундай шеърни фақат оригиналда ўқийди, чунки энг яхши таржима ҳам унинг асл жозибасини, техник айтганда, ўша “мураккаб-соддалик ва ҳиссий-ақллилик”нинг мўъжизавий синтезини асло бераолмайди. Бу шеърдаги Метафорик Тизим – расида бир қизнинг бўйнига тақилган қимматбахо инжи кабидир.Бу асолатнинг суратидир.

Ҳақиқий истеъдод шеърга унинг асолатини беради. Агар шеърда мафкура бўлса, бу мафкура унинг асолатидир.

Лекин ўзбек адабиёти арбоблари бизга шундай тилак билдирган: “Мен М.Солиҳнинг қийин, дардли изланишлар йўлидан жўнлик ва мураккаблик босқичларини ўтиб, шеърият учун табаррук бўлган, барча назм аҳли учун интилиш чўққиси бўлган баркамол соддалик даражасига кўтарилаётганидан қувонаман”(1985, Эркин Воҳидов).

Арбобларимиз доим “мураккаблик”ни “соддалик”ка зид қутбларда кўрганлар ва бу тенденция, агар янглишмасам, ўзбек адабиётида бугун ҳам гегемон мақомда…

ИЛҲОМ ҲАҚИДА

Паул Валери америкалик шоир ва ёзувчи Эдгар Аллан По қарашларига жиддий эътибор қаратади. Унинг интеллектуал таҳлилида бу таважжуҳ бўртиб кўринади. Валерининг бу таважжуҳи “Мосё Тест” прототипи ҳақиқатан ҳам Эдгар По бўлиши эҳтимолини юксалтиради.

Эдгар По ва Паул Валери – бу икки мутафаккир шеърий илҳом(ҳиссиёт)нинг бир мистик бошланғич эканлигини шубҳа остига олмаса ҳам унинг назоратга тобе жараён эканлигидан амин шаклда фикр юритадилар.

Кўпчиликка совуқ ақлчилик бўлиб кўринган бу танафуссиз эҳтирос оташи улар учун тафаккур жараёнида кўздан қочиришдан қўрққан манзилни ёритиб турадиган муз машъаладир.

Манзил эса – ҳеч қачон етиб бўлмайдиган ЎЗЛИКдир. Тафаккурнинг ўзлиги. Яъни соф – на маиший, на ижтимоий, на да сиёсий воқелик балчиғи сачрамаган – эстетик борлиқ.

Адабий матн, расм ва ёки мусиқа, ҳаммаси бу шартлар исканжасида юқорига, вертикалга йўналсагина ўша эҳтирос оташини татмин (satisfice.Engl)этаолиши мумкин.

Адабиётдаги бу Совуқ Эҳтирос Оташи тутқунларининг ашаддий танқидчиси Ив Бонфуа (1923 – 2016) Пол Валери ҳақда ёзган эссесида Валерининг “Денгиз бўйидаги қабристон” шеъридан бошқа шоҳ асари йўқ, деган хулосага келади. У Валерининг “мураккаблиги” ҳақида интеллектуал ғазабга тўла мураккаб бир эссе битади. Яъни Совуқ Оташ унга қўл узатган қўлни ҳам куйдиради.

Илҳом ҳақда Валерининг “Шеър санъати” китобига сўзбоши ёзган Томас Стирнс Элиот шундай деб ёзади: “Валери поэтикасида “le reve” ибораси оддий қилиб айтганда “илхом” деган нарсанинг шеър ёзишда кичик бир рол ўйнаганини ва ундан сўнгра келадиганлар тафауротли, билинчли ва машаққатли бир иш эканининг урғуланиши ёш шоирлар учун ўринли бир эслатмадир”.

Раҳматли шоир акамиз Чўлпон Эргаш 60-йиллардан бир ҳикоя айтиб берган эди ўзининг нимкинояли табассуми ила: “Абдулла (Орипов) билан лағмон еб ўтиргандик, у менга “Чўлпон, биласизми, бир кунда 3 та гениал шеър ёзиш мумкин экан-эй! Мен кеча ёздим”! деди ҳаяжонланиб. “Албатта, Абдуллажон, сиз генийсиз, бир кундан 3 тадан ҳам кўпроқ гениал шеър ёзишингиз мумкин”, дедим. Сўнгра “сиз генийсиз Абдуллажон, мен эса генкаман, дедим унга”, дея жилмайганди раҳматли Чўлпон Эргаш.

Илҳом билан битилган шеър бизнинг шоирлар наздида дарҳол муқаддасот қозонади. Шеърни ёзган одам уни (ўзини) “гениал” деб аташдан тоймайди. Бундай шеърни яна-да мукаммаллаштириш фикри “гениаллик”ка раҳна солиш бўлиб кўринади уларга.

Т.С.Элиотнинг П.Валери китобига ёзган сўзбошисидан яна бир иқтибос: “…агар бир шеър тугалланмаган туюлса ва ёки яхши шеър учун яхши хомашё бўлиб кўринса, бу бизга шоирнинг илхомга ортиқча ишониб қўйганидан далолат беради”.

“Валерининг “бир шеър асло тугалланмайди” деганда нимани назарда тутганини англайман шекилли”, деганди Т.С. Элиот.

Биз ҳам англадик шекилли: истеъдод даражаларига қараб шеърнинг мукаммалашув жараёни давом этади.

Эдгар По ва Паул Валерининг поэтик методи иррационал бир борлиқ билганимиз шеърга рационал-математик зеҳният билан ёндошув методидир.

БУЮК ҚАЙНАШМА

Балки инглиз тили шеърияти вакили Эдгар По билан француз Пол Валерининг айни руҳий заминда  жараён этган интеллектуал фаолиятига керагидан ортиқ урғу бериб юбордим.

Ҳолбуки, Эдгар По Валеридан олдин ўтган француз шоири Шарл Бодлер туфайли Оврупада машҳур бўлганди. У замонларда Эдгар По ўз ватани Америкада бундай шонга эришмаганди.

Ўз навбатида, “Мосё Тест” – Пол Валери ҳам Эдгар По зеҳниятига яна ўша Шарл Бодлер ва Стефан Малларме воситасида ошно бўлди.

Паул Валери ёшлигида тафаккур йўлчилигига чиқар экан, уни мутаассир этган икки шахсни эътироф этади: “Идроким уфқида кутилмаганда бу икки ғайриоддий зот пайдо бўлганида мен ғалати бир интеллектуал зилзилани бошдан кечиргандим. Бу икки фавқулодда жангари типга қарши менинг химоя механизмим жиддий таҳлилга лойиқдир”. (“Ўзим ҳаққимда”.1944)

Бу икки зотдан бири Стефан Малларме (иккинчиси Артюр Рембо.М.С.) эди.

Аммо Валерининг Маллармега “талабалиги” узоқ давом этмади. У Малларменинг неоплатонизми ва символизмига бегона эканлигини эрта пайқади. Ва ўзининг интеллектни кучли ирода билан (рационал) йўналтириш позициясига қайтди.

Вафотидан олдин ёзгани бир мактубда Валери шундай деб ёзади.”Менга ўтказилган таъсирларнинг энг терани асло Маллармедан келмади. Фикрим тараққиётида муҳим ролни Эдгар По адабиётидан бир-нечта сатр, Рихард Вагнер мусиқаси, Леонардо (Да Винчи) ҳақида хосил бўлган тасаввурим ва (илмий адабиёт қоришиқ) узундан узоқ МУШОҲАДА ўйнади”. Маллармега келсак, албатта, у менинг ички дунёмда катта ўрин тутди, аммо у мен учун бир кашфиёт эмас, кўпроқ муаммо бўлди. У – ҳеч қачон ўзини англатишни истамаган, хар қандай муаллимликни рад этган, мислсиз бир (туртки) – уйғотувчи эди”.(Oeuvres, t. I, p. 1755)

Эдгар По, Бодлер, Малларме, Валери…

Турли замонларда яшаб, турли тилларда ёзиб, руҳ оламида ягона ЗАМОН, ягона ТИЛ ва ягона ТАФАККУР меҳвари атрофида дўна бошлаган бу ФИКР девларини кўриб, Аллоҳнинг борлиқни нақадар қусурсиз дизайн этганлигидан ҳайратга тушамиз.

Рухларнинг қардошлиги Замон(давр), Тил ва Тафаккурларни бирлаштиради.

Руҳларнинг қардошлиги тиллар қардошлигидан, ҳатто миллатлар қардошлигидан ҳам кучлироқдир.

Ва ёки: узоқ масофадан фақат ЧЎҚҚИларгина бир-бирларини кўраоладилар. Уларнинг орасидаги жўғрофияда яшаётган борлиқлар учун бундай перспектив йўқ. Шундай чўққилардан бири америкалик Эдгар По бошқа бир чўққи француз Шарл Бодлер туфайли Оврупада “кашф этилди”, машҳур бўлди. У пайтда Эдгар По ўз ватани Америкада бундай шонга эришмаганди.

Улар бир-бирини узоқдан кўрган чўққилар эди.

Бу Буюк Қайнашма(кайнаш) жараёнини кузатар экан, маҳалламиз адабий жамоасидаги “миллий ғурурли арбоблар” кўз олдимга келиб: бундан қирқ йил аввалгидай яна тўхтатишиб, “шеърингизни тушунтириб беринг!”, дея ёқамдан олишса, уларга нимани тушунтираман, дея қайғуга чўкаман.

СОФ САНЪАТ

Балки “Мосё Тест”нинг ўз тафаккури устидаги истибдодини битта Эдгар По эмас, балки юқорида саналган барча исмлар тафаккурининг синтези дейиш мумкиндир. Гарчанд, Валери, масалан, Малларме ҳақда: “Шеърият Малларме учун энг теран ва ягона предметдир. Мен учун эса у АҚЛнинг специфик имкониятларига бир иловадир холос”, деса ҳам.

Албатта, Малларме учун шеьриятнинг вазифаси тасвир ва ёки насиҳат эмасди. Унинг фикрича, Шеъриятда табиатусти бир мағиз бўлиши керак. Шоир сирли олам билан инсон ўртасида воситачи. У символ (рамз)лар ёрдамида гизланган борлиқ устидаги сир пардасини сидириб ташлаш учун мукаллафдир.

Аслида, Малларменинг максимализми “Мосё Тест” (Валери) максимализмидан фарқ қилмайди. Фақат бири буни шеъриятга, иккинчиси эса умуман тафаккур жараёнига ёяди.

Малларме илҳомга, сирлиликка аҳамият беради. Унинг мухлиси Валери эса битта шеърнинг бир нечта вариантини ёзиш мумкинлигига ишонади. “Кўп вариантли шеър (илҳомнинг муқаддаслигига инонган) авом идроки учун шармандали бир ҳолдир. Мен учун эса бу катта лаёқатдир. АҚЛ қудрати вариантлар сони билан ўлчанади”, дейди у.

Бу икки шахс ўртасидаги ягона фарқ: Валери максимум АНИҚликка, Малларме эса максимум “қоронғиликка”(сирлиликка) интилади. Иккалови ҳам бу интилишларида ўз фикрларининг мустабидидирлар. Улар бу интеллектуал истибдодда бирлашадилар.

Француз шеъриятига, Валерининг эътирофига кўра, умуман Оврупа адабиётига таъсир қилган ўз юртида эътибор кўрмаган Эдгар Аллан По ўзининг “The Poetic Principle” маърузасида (санъатдаги) Ҳақиқат ҳақдаги тушунчасини шундай баён қилади: “Ҳақиқатга хар ким каби теран эҳтиром туйган бир киши сифатида мен унинг тадбиқ қилиниш усулларига маълум бир чеклов қўйган бўлардим… Чекловни (ҳақиқатни) тадбиқ усулларини кучайтириш учун қўярдим. Мен уларни сочиб ташлаб заифлаштирмасдим. Ҳақиқат бизга қатъий талаблар қўяди. Унинг дунё билан иши йўқ…  Қўшиқни(шеърни) чечаклару қиммматбаҳо тошлар билан безаш уни бачкана бир парадоксга айлантириш демакдир.Ҳақиқат учун курашаркан, биз тилнинг кескинлиги ва шафқатсизлигига эҳтиёж туямиз, унинг ранг-баранг жимжимадорлигига эмас. Биз СОДДА, АНИҚ ва ҚИСҚА бўлишимиз керак. Биз СОВУҚ, СОКИН ва ЭҲТИРОССИЗ бўлишимиз керак”.

Пол Валери Шарл Бодлер ҳақидаги маърузасида шундай ёзади: Шарл Бодлер “The Poetic Principle” (“Поэтик принцип”) дан кўзлари қамашиб, ҳайратга тушганига қарамай – ёки аксинча кўзлари қамашиб, ҳайратга тутилгани учун – уни Эдгар По асарлари (французча таржимаси) орасига киритмади. Аммо бу эссенинг энг муҳим парчасини бироз ўзгартириб, ўзидан қўшиб, Понинг “Ғайриоддий ҳикоялар”и таржимаси сўзбошисига киритди. Агар бу воқеани муаллиф ўзи тан олмасайди, бунинг бир плагиат эканлиги шубҳа остига олиниши мумкин эди. Аммо (Бодлер)Теофиле Готье ҳақида ёзган мақоласида ўша парчани тўла келтириб, унга шу ажойиб изоҳни илова қилади:”парафразадан қочиш учун баъзан ўзимдан иқтибос келтиришимга изн бор деб ўйламаман”, дейди у ва ўша парчани келтиради”.

Пол Валери ўз салафи Бодлер ҳақидаги бу майин, дўстона киноясидан қатъий назар, Эдгар По қўйган бу мезонлар Мосё Тест (Валери)нинг ҳам ЭҲТИРОСли мушоҳадалари тамали бўлди. Балки буни эҳтироссиз(совуқ, сокин) матн ясаш ЭҲТИРОСИ, деса аниқроқ бўлар. Бу таъбир ҳикоямиз аввалида қўлланилган “муз машъала” табирининг яна бир варианти.

Пол Валери америкалик буюк шоир ва мутаффакирнинг шеъриятга қарашини таҳлил этаркан, хулосасини Бодлерга нисбатан очиқроқ ва дангалроқ ифода этади: ” Эдгар По шеъриятнинг ўзини давр йўналишига уйғун ислоҳ этиши кераклигини англаганди. У (шеърият) ўз табиатини кашф этишга, уни СОФ ҳолида ўрганиш учун даво қилишга ҳақлидир. Шеърий ЭҲТИРОСнинг таҳлили ва саралаш воситасида Мутлақ Шеъриятни белгилаши билан Эдгар По (таркибида) МАТЕМАТИКА ва МИСТИКА йўғрилган ниҳоятда муросасиз, жозибали бир доктринани ўртага қўйиб, йўл кўрсатди”.

Эдгар По “Принцип”идаги “Шеъриятнинг ўзини СОФ шаклда ўрганишга ҳаққи бор” жумласига эътибор беринг.

Бу жумла жуда муҳим сентенция.

Бу жумла 19 асрда бошланган адабиёт доҳийларининг қитъалар аро муҳосабаси моҳиятан санъатдаги СОФЛИК учун берилган мужодала эканлигидан далолат беради.

Албатта, бу СОФЛИК талқинидаги нюанслар, фарқлиликлар айри бир масала.

Бизнинг адабиётда, унинг Совет босқичида бундай муҳосаба ерости (underground) тор адабий гурунгларидагина тортишилди. Коммунистик мафкура учун “соф санъат” бир ҳақорат эди. Бугун ҳам ўзбек адабиёти (балки бутун собиқ совет адабиёти) бу мафкура асоратидан қутилмагани кузатилмоқда.

Бу хусусда бултур бир матн тайёрлаган эдим. Ундан бир парча: ” Бизнинг замонимизда «Соф санъат» ва бу тушунча тарафдорлари социалистик реализм адабиётшунослигининг танқид объекти эди. Гарчанд 20 аср совет адабиётининг илғор ёш наслининг ботиний доҳийлари айнан «соф санъат » тушунчаси вакиллари эдилар. Улар совет мафкураси тарафидан тарғиб қилинган совет ёзувчи шоирлари эмас, балки кўпинча таъқиқланган Ғарб ёзувчи-шоирлари эдилар. Ёш совет шоирларига «Ғарб шеъри тақлидчиси» тамғаси урилиб, улар миллий илдизларини инкор этган осийлар дея эълон қилинарди. Аммо бир оз вақт ўтгандан кейин айнан бу «осийлар» яратган адабиёт «энг миллий » адабиёт эканлиги ўртага чиқарди”…

Балки бу фикр бироз иддаоли кўриниши мумкин. Аммо бу камида тортишилаётган “соф санъат” ғоясини Совет режими каби мустабид сиёсий тузум ҳам ўлдираолмаганига бир гувоҳликдир.

ЭТИКА ХАҚИДА

Бу глобал муҳосаба иштирокчиларининг адабий дунёқарашидаги уларни умумлаштирадиган яна бир жиҳат бу ўз адабий қарашларини этикадан узоқ тутганлари ва ёки уни санъатда муҳим унсур мақомига юксалтирмаганидир.

Табиийки, бу асло уларнинг аҳлоқни менсимаганини кўрсатмайди.

Бу бир интеллектуал таржиҳ (танлов) эди.

Буни санъатда анъанавий насиҳатгўйлик тенденциясига қарши рефлекс дейиш ҳам мумкин.

Пол Валери Бодлернинг “Ёвузлик гуллари” (ёки “Қабоҳат гуллари”) китобини йўримлар (тафсир қилар) экан, шу жумлани қуради: “Ёвузлик гуллари”да на тарихий поэма, на асотир бор. Ҳикоячиликка(сюжетга) асос берадиган ҳеч нарса йўқ. Унда баландпарвоз фалсафий парчаларни ҳам кўрмайсиз. Сиёсатга ҳам ўрин йўқ. Тасвирлаш сийрак ва ҳамиша тамғали. Аммо унда жозиба, мусиқа ва ташқи дунёдан тозаланган, қудратли моҳият бор… Барк урган яшиллик, образ, тотли шаҳват бор”.

Бу Валерига кўра соф шеъриятнинг кўзга ташланган сифатлари. Бу сифатларнинг қисман Эдгар По “Принципи” таъсирида шаклланганини сезиш қийин эмас.

Этика масаласига қайтсак: Пол Валери ҳалафи Шарл Бодлер шеърларини таҳлил этар экан, унинг самимияти унинг интеллектуал рақобат туйғусини доим жиловлаб турганини ва Бодлерга бўлган юксак эҳтиромини баралла эътироф этганини кўрамиз: “…Леконт де Лил(парнасчи) унга (Бодлерга) қисирлик айбини қўйди. У чинакам маҳсулдорлик шоир учун унинг шеърлари сони билан эмас, шеърлари таъсирининг умри билан ўлчаланади. Бу ҳақда ҳукм чиқариш учун асрлар керак. Бугун олтмиш йил ўтишига қарамасдан унимнг (Бодлернинг) кичик ҳажмли бир асари ўзи билан бутун бошли шеърият иқлимини тўлдириб турибди”, деб ёзади Валери.

Икки фикр одами ўртасидаги бундай аҳлоқий муносабат постмодерн адабиётда сийрак учрайдиган бир сифат.

Ўзбек адабий муҳитида яшаганим бир воқеа эсимга тушади.

1979 йилда шоир Чўлпон Эргаш ҳақида “Соддалик жозибаси” деган бир мақола ёзгандим, газеталар узоқ вақт босмади. Адашмасам, икки йил ўтиб, “Ёшлик” журнали чоп этди. Эсимда йўқ, балки бошқа бир иккинчи даражали нашр…

Шу икки йил ичида Чўлпон Эргаш ҳақида унинг тенгдошлари тарафидан менга берилган даккиларни эсаласам бу қадар бағри тош инсонлар эди бу инсонлар, деб ўйлайман. Ўз сафдошига бир илиқ сўзни раво кўрмаган инсонлар.

Бор-йўқ сабаб 70-йил ўрталарида Чўлпон Эргаш ҳақида коммунистларнинг газетаси “Совет Ўзбекистони”да бир фелъетон чиққани. КГБ нинг буюртмаси билан шоир хотинбозликда айбланиб ёзилган эди фелъетонда.

Ҳолбуки, ишғолчилар Чўлпон Эргаш шеърларидаги силлиқ кўринган маъжозларда миллий ҳислар уйғотиш потенциалидан қўрққан эдилар. Бу ўзини ва миллатини таниган бир мунаввар учун албатта шараф эди. Аммо бизда бунинг шараф эканини идрок этадиган бир адабий жамоа шаклланмаган эди 70-йилларада. Шаклланган бўлсайди, сафдоши ҳақда мақола ёзган биттасига “нима топдингиз бу қофиябозда?” деган шармсиз савол бермасдилар.

Бу шоир ҳақда унинг буюк шоир бўлгани учун ёзмаган эдим. Услуб жиҳатидан ҳам мендан жуда узоқ эди бу шоир.

Хар нарсадан аввал унинг миллий мавзудаги инсоний орзулари ўзига жалб этганди мени.

Масалан, у “Қариганимда, бир куни ярим тунда эшигимни чертсалар, эшигимни очсам-да, остонамда русларга қарши курашаётган ўзбек партизанларини кўрсам, улар “Чўлпон ака, бизни уйингизда яшираоласизми, қувиб келишаяпти!” десалар ва мен уларни дарҳол уйимда яширсам, деб хаёл қукраман! Шундай кунлар келармкин-а, Солиҳ?, дея жилмаярди раҳматли хаёлпараст шоир.

Ўзбекнинг ўз уйига сиғмагани ҳақда унинг шеъридан парча:

Хайр энди ўғлоним, хайр энди, бор!
Сен борки жон сақлар муштумдек жоним,
Ҳамиша мени деб топганинг озор,
Ўз уйингга ўзинг сиғмайсан доим!..

Бундай ғариб шоирларнинг қадрини биладиган, авайлайдиган адабий жамоа бизда бугун борми ажабо?..

Адабиётдаги толеранс муҳити ва танқид маданиятининг савияси адабиёт ривожини белгилайди.

Бундай муҳит ва маданиятнинг пайдо бўлишига эса ўз асарлари ва аҳлоқий прициплари билан буюк шахслар туртки беради.

Ўрта асрларда Навоий ва Жомийнинг ўрнак дўстлиги Жанубий Туркистонда шундай толеранс муҳитини яратганди. Биноийларнинг кустоҳлиги ҳам бу муҳитни задалай олмади.

Чунки у муҳитда хатто кустоҳликка ҳам ўрин бор эди.

МУСИҚАВИЙЛИК ҲАҚИДА

“Соф санъат” фидоийларининг Шеърият учун муҳим санаганлари яна бир хусус бу шеърдаги мусиқа: ритм, оҳанг, қофия.

Шарқ адабиёти учун бу хусус ҳеч қачон тортишув мавзуси бўлмаган. Шарқ учун шеърдаги ритм, оҳанг, кофия доим Шаклнинг табиий унсурлари бўлган. Лекин Шарқда ҳеч қачон бу унсурлар шеърдаги таъсир манбаининг муҳим қисми сифатида қийматлантирилмаган.

Бундай қийматлантиришни Ғарб адабиёти бажарди.

Улар бу масалага ҳам мукаммалиятчилик (максимализм) билан ёндошдилар.

Шарл Бодлер Эдгар По ҳақида ёзган мақоласидан бир иқтибос: ” Мусиқа – ўзининг ритм, ҳижо ва қофия кўринишларида – шу қадар муҳимки, буни инкор этиш ақлсизликдир, мен унинг мутлоқ аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтирмайман… Ҳатто сонетга ҳам аниқ план зарур – каркас, замин – бу руҳ ижодининг сирли ҳаёти учун муҳим шартлардир”.

Эдгар По ҳам ўзининг “Қарға” шеърида математик ҳисоб билан қурилган ритм, такрор ва қофия системаси воситасида юксак мусиқавий, мистик эффектга эришганини эътироф этади.

“Математик ҳисоб” ва “мистик таъсир” – бир-бирга зид (рационал-иррационал) қутблар – мўжизавий шаклда бир-бирларини тўлдирадилар ва шоирнинг ақли ва ҳиссиёти ўртасида мукаммал бир уйғунлик – гармония яратади. Бу мукаммал гармония шеъриятда акс этганида бу мукаммалликнинг яратилишида қатнашган ақл ва ҳиссиёт иккинчи планга ўтиб, майдонга аввал кўринмаган Руҳ сулдори(силуэти) чиқади.

Руҳ – соф санъат йўлчиларининг маёғи.

Аслида, санъатда Шаклнинг камида Мазмун каби муҳим эканлигини идрок етган хар қандай мутаффакир мусиқавийликнинг шеърда нақадар муҳим рол ўйнашини билади. Фақат биз мансуб бўлган адабиётнинг кейинги (Совет) босқичи санъатнинг бу ҳаётий, профессионал жиҳатларини менсимаган бир мафкурага таянарди. Шу сабабдир-ки, адабий ҳақоратлар умумият-ла “шаклбоз”, “қофиябоз” қабилида бўлган. Бу атамалар худди “хотинбоз”, “масхарабоз” сингари бир сўкинч эди.

Шарл Бодлер мусиқавийлик фақат шеър эмас, наср учун ҳам муҳим эканини урғулайди. Унинг фикрича, шеърнинг ниҳоий ҳадафи гўзаллик бўлса, новелла учун кўпинча ҳақиқатдир. Бу йўлда новеллага ҳам ритм керак. Ритм бўлса, мантиқий сюжетга қурилган бу жанрда

ёзувчи – соф шеърият чўққилари савиясида бўлмаса ҳам – нисбатан авом ўқувчига тушунарли мукаммал асарлар бериши мумкин.

Камина 70 – йилларда верлибр (сарбаст шеър) ёзиб кўрдим.

Бу ҳаракат шоир Эркин Воҳидов таъна қилганидек, “ёшларнинг сунъий янгилик яратиш” олифталиги ёки шунчаки механик интилиш эмасди.

Бу руҳнинг қолиплардан чиқиш инстинкти, интеллектуал эрк истаги эди. Аммо ҳис этганимдек, у жабҳада ҳам матнлар мендан мусиқавий озиқ талаб килди:

“Мен сенга энг аччиқ сўзларимни титраб
Бугун айтаман.
Мен сени бугун аямайин сира,
Сен-чи ғазаблан.
Мен айтиб титрайин, сен сўздан титра,
Титра нигоҳдан.
Бугун менинг сўзим, сенинг ғазабинг
Ўтсин никоҳдан!” 

1975 (“Бешинчи фасл”, 1977. Ғафур Ғулом нашриёти)

Ҳатто ғирт насрий жумлаларни эслатган қуйидаги қофиясиз сатрларда ҳам ички оҳанг эшитганим учун уни бармоқ вазнига солмадим:

Август.
Ҳеч кимнинг кўнглига тегмайдиган илиқ бир фасл.
Япроқлар саросимада бу майинликдан.
Тунда шивирлаб кўр,
Ойга эшитилади шивиринг.
Жим қадам босасан
Юлдузлар тўкилиб кетмасин дея…
Август.
Япроқлар саросимада.

1975 ( Бу матн ҳам айни нашрдан)

Аммо сарбаст шеърга бўлган таважжуҳ узоқ давом этмади. Бир муддат сўнгра яна ўша қафас, ҳижолардан қурилган олтин панжара орқасидаги СИР мени ўзига жазб этабошлади. Сарбаст матнга саёҳатдан сиқилган руҳим, худди туғма аскар каби, яна интизомни соғина бошлади. Ва ниҳоят, ўша қатъий, деспотик шаклга қайтдим.

Нега қайтдим? Чунки “деспотик шакл” мен учун сарбаст шаклларга нисбатан шеър ғоясини (гўзалликни) кўпроқ бўрттириб кўрсатадиган бир чорчўп(ром)эди.

Қофиянинг категориялари бор, албатта. Аския усталарининг қофиясидан тортиб, яллачиларнинг яллаларидаги қофия ҳам қофиядир.Биз бу ерда тортишаётган категория ишнинг профессионал аҳлига оид категориядир.

Шарл Бодлер ўзининг “Эдгар По ҳақда янги битиклар” мақоласида шундай дейди. “У (Эдгар По) қофиядан олинган лаззатни икки мисли орттириш учун унга дафъатанлик ато этди. Унинг иккиламчи, учламчи қофиялари, рефренлари замонавий шеъриятга леонин (Ўрта аср латин шоири Леонинг сатр ичи қофиялари.М.С.) услубининг яна-да аниқ, ажойиб намуналарини туҳфа этди”.

Қофиянинг ҳеч ким урғу бермаган бир жиҳати бор. Бу унинг юзаки қараганда парадоксал, теранлашганимизда мантиқли кўринадиган табиати: Қофия метафористик шеър матнида қийин, сюжетли матнларда жуда осон қўлланилади.Қофия суверен бир унсур ўлароқ, эркин ҳаракат килиш учун шеърдан ўзига кенгроқ майдон талаб қилади. Бу майдон унга берилса, бу ҳолат ташбиҳ тизимини сиқиштириб қўяди, метафоранинг кучини заифлаштириб, уни майиб қилади.

Аммо уста шоирлар метафора ва қофия ўртасида куч мувозанатини ўрнатиши мумкин.

Бу мувозанат ўрнатилганида санъатда юқорида зикр этилган юксак гармонияга эришилади.

СОФ САНЪАТ ВА ДЕКАДАНС

Юқорида тортишганимиз бутун мавзулар Эдгар По ўз ҳаётида уйғулаган, Шарл Бодлер кашф этган, Пол Валери исм берган зеҳниятнинг санъат оламидаги тадбиқотидир.

Бу зеҳният инсон тафаккури инжаликларини математик ҳисоб билан таҳлил қилиб, чиққан хулосани санъатнинг барча турларига феълан тадбиқ этади.

Пол Валери ўз қаҳрамони Эдмонд Тэстнинг ҳаёт тарзини шундай тасвирлайди: ” Унда инсонни сархуш қилувчи тажрибаларга бўлган даҳшатли қайсар бир эҳтиросни сезардим. Бу ўзининг кўпқирралигида ғарқ бўлган, ўзининг системасига айланган, озод ақлнинг қўрқинчли интизомига ўзини таслим этган, сурункасига бир қувончини иккинчиси билан ўлдирган, заифини кучлисига алмаштирган, оний ва ўткинчи бўлганини, тамалли қувончга, тамалли қувонч умидига алмаштирган бир мавжудот эди. Мен унинг ўз фикрининг хўжайини эканини ҳис этдим”.

Бу характеристика “Соф санъат” доҳийларининг аксариятини у ёки бу даражада таърифлайди.

Гарчанд бу таърифидан кейин Валери: “Мен бу ерда абсурд ёздим, ҳисларни тасвирлаш доим абсурддир”, дея илова қилган бўлса ҳам.

Қизиғи шундаки, Пол Валерининг ижодий келиб чиқиши, унинг илк илҳом қайноғи декаданс (чўкиш) оқимининг ҳомийлари (Бодлер, Малларме, Верлен) нинг асарлари бўлса-да, эссе қаҳрамони мосё Тэст шиддатли тафаккур тарзи билан декадентдан кескин фарк қилади.

Бу қаҳрамонни пессимист дейиш қийин. У меланхолик ҳам, декадентларга иснод этилган “чиркинликдан гўзаллик аҳтарадиган бадбин” ҳам эмас. У ўз фикрининг толмас тафтишчиси, юқорида ёзилганидай, ҳур ақлини темир интизомга бўйсундирган, танаффусиз тафаккур ичида яшаётган бир зотдир.

Аслида, “декаданс” сўзи декадентлар ўйлаб чиқарган ном эмасди. Бу сўз уларнинг адабиётдаги мухолифлари томонидан камситиш учун уларга урилган тамға эди. Бу тамға биринчи марта Виктор Гюго ва умуман романтизмга қарши қўлланилди. Кейинги авлод вакиллари Теофил Готе ва Шарл Бодлер эса бу уят тамғасини ғурур билан қабул этдилар. Улар бу сўзни “бачкана прогресс” инкорининг рамзи сифатида қўллана бошладилар.

Бодлер: “Декадент адабиёти!.. Бу иборани классик эстетиканинг “муқаддас” дарвозаларини қоровуллаб турган сирсиз сфинксларининг баландпарвоз эснашида эшитамиз. Хар сафар бу тамға жаранглаганида, демак, “Илиада”дан ҳам қизиқроқ бир асар ҳақида гап кетаётганини таxмин қилиш мумкин”.

Адабиётдаги ҳар янгиликка “декаданс” дея ҳужум қилган “классика” қоровулларини Совет-рус дабиётида ҳам, бизнинг Совет-ўзбек адабиётида ҳам кўрдик.

Совет-рус шеъриятида Аҳматова, Манделштам, Пастернак декадентча пессимизмда айбландилар.

Бизда эса асосан Абдулҳамид Чўлпоннинг баъзи асарларини, хусусан, унинг символизм оҳорли шеърларини бу категорияга киритиш мумкин эди. Ва киритдилар.

Фақат Чўлпоннинг шеърияти каби, насрида ҳам Оврупа декаданс(символизм) адабиётидан кескин фарқ этган муҳим бир хусусияти бор. Бу Туркистон миллиятчлиги.

Чўлпон Оврупа шоир-ёзувчиларидан фарқли ўлароқ, Чор Русиясининг мустамлакаси бўлган бир ўлкада етишган ойдин эди. У символизмни миллий руҳни ўртиш учун бир парда ўлароқ қўлланди.

Яна бир марта урғулайлик: суҳбатимиз мавзуси “соф санъат” вакилларининг аксарияти Паул Валери қаҳрамони Тэст каби “декаданс” таърифига тўғри келмайди. Бу тамғага соҳиб чиққанларнинг энг буюклари бу тамғага жорий адабиётни инкор қилиш учунгина соҳиб чиқдилар.

“Соф санъат” тарафдорларига эстетик чўкиш(декаданс)куйчилари, дея ҳужум қилган  мухолифларга жиддий зарбани Бодлер берди. Унинг фикрича, шеъриятнинг вазифаси виждонни мустаҳкамлаш ёки бошқа бир “фойдали” акцияни амалга ошириш эмас. Шеърият учун асосий ҳадаф унинг ўзидир. Аммо бу Шеърият охир-оқибатда хулқни олижаноблаштирмайди дегани ҳам эмас. У охир-оқибатда инсонни тубан манфаатлар узра юксалтириши мумкин.Фақат шеърдаги насиҳатгуйлик шеърнинг поэтик кучини заифлаштиради.

Соф санъатчиларга кўра, санъат соф бўлиш учун бошка қусурлар қаторида дидактикадан ҳам тозаланиши керак.

МУҲАММАД СОЛИҲ

9.04.2020