O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Фикрлар мўл дайри фанода

Фикрлар мўл дайри фанода
327 views
15 July 2016 - 6:00

maxresdefault (5)Комил Ўтар

ХАЁЛ ЕТМАС МАНЗИЛЛАР
(6)

Сен кўзгу бўл

Тиллолигинг бўлганда аён –
Темирлигин англайди, темир.
Мис мислигин айламас баён –
Садафланса қоп-қора кўмир.

Сен кўзгу бўл, ҳеч ким ўзининг,
Соясидан бўлмасин улкан.
Учқир бўлар ели денгизнинг
Дарға бўлса кемага елкан.

* * *

Кетаётган сафлар

Бу лаблар кулмоққа ҳамиша хумор,
Тишлар садаф каби сукунатга ўч.
Олтинлар бор жойда мудом харидор,
Карвонлар ҳар ёққа олиб ўтар кўч.

Титрама, теракнинг япроқларидек,
Ўмариб сабрнинг олтинларини.
Назарлар – Қоруннинг арвоҳларидек,
Кузатиб туришар, ўқтаб кўзини.

* * *

Фикр доирасидаги фикр

1
Фикрлар мўл дайри фанода –
Бири телба, бириси дайди.
Бирисининг кўзи дунёда –
Яна бири, ўсиб-унмайди.

Баъзисига суянсанг, дарахт,
Қайси бири дўзах девори.
Баъзисида мия йўқ, карахт,
Мисқолига келмас харвори.

* * *

(давоми бор)