O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ФСБ Ўзбекистонда махсус операция бошлади

ФСБ Ўзбекистонда махсус операция бошлади
2,242 views
07 March 2022 - 13:41

Украинадаги авантюрага бошчилик қилаётган Путин ва унинг ФСБси Ўзбекистонда махсус амалиёт бошлади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон куч тизимларидаги манбамиз.

Ҳозирча бу амалиёт ахборот майдонида.
Кремлнинг Украинага уруш бўйича нарративини мувофиқлаштириш ФСБ раҳбарияти томонидан Ўзбекистон ДХХ раисининг ўринбосари Равшан Абдуллахоновга юкланган.

ФСБ Ўзбекистон ахборот майдонини эгаллаш учун қўшимча ресурс тақдим этаётгани йўқ. Абдуллахонов ўзига юкланган вазифани ўз одами – медиа магнат Фирдавс Абдуҳолиқов орқали амалга оширишга киришди.

Абдуҳолиқов ўз ҳамшаҳри (ва айрим маълумотларга кўра қариндоши) миллиардер Бахтиёр Фозилов орқали ФСБга боғланган.

У ўтган икки йилда Кремлнинг бош пропагандистлари, ҳозирда санкцияларга тушган Соловьев ва Киселевларнинг Ўзбекистонга сафарлари ва мастер классларини уюштиришга бош-қош бўлди.

Абдуҳолиқовнинг саъй-ҳаракатлари ва Абдуллахоновнинг қўлловида Ўзбекистон давлат телерадикомпанияси -МТРК Россия 24 канали билан қатор ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

Ўзбекистонда кўп миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошираётган Фозиловнинг ERIELL гуруҳи ФСБ назорати остидаги Газпром акцияларига эгалик қилади ва охирги йилларда Ғарб санкцияларига тушган Путин олигархларининг миллиардларини ювиш билан банд. Янги санкциялар ортидан бу миллиардлар оқими ортиши кутилмоқда.

Ўтмишда МХХ да мухолифатнинг куратори бўлган ва 2003 йилда марҳум Зайниддин Асқаровнинг Тошкент портлашлари бўйича баёнотига раддия берган Абдуллахонов ўз назоратидаги Абдухолиқов билан биринчи махсус операцияни 6 март куни амалга оширди.

Унда 2018 йилда Абдуҳолиқовнинг қўлидан Тошкентдаги медиа тадбирда мукофот олган ажнабий исмли рус шовинисти Роберт Францев Россия-24 телеканалида Ўзбекистоннинг Украина урушини мустақил позициядан ёритиб келаётган интернет нашрлари, журналист ва блогерларини Президент Мирзиёев сиёсатига қарши чиқиш, Зеленский ва “неонацистларни” дастаклашда айблади.

Кўрсатувда Ўзбекистондаги ФСБ агенти, Россотрудничество томонидан молиявий дастакланадиган псевдожурналист Юрий Черногаев ҳам қатнашди.

Ўзбекистоннинг нафақат ўзбек, балки русийзабон журналист ва нашрлари ҳам бу пропаганда кампаниясидан даҳшатда. Аммо Кремлнинг мислсиз ахборот босими остида қолган Мирзиёев ҳукумати уларга аниқ-тиниқ ориентир беролмаяпти.

Шунга қарамасдан Газета.уз ва бошқа нашрлар кўрсатувнинг тўлиқ матнини ҳеч қандай шарҳсиз эълон қилишга ботинди ва шу ондаёқ ДХХ раиси ўринбосари Абдуллахоновнинг ғазабига учради. Абдуллахонов улардан Украина мавзусида фақат Россия расмий идораларининг позициясини ёритишни талаб қилмоқда. Акс ҳолда, уларга жиддий кўнгилсизликлар билан таҳдид қилаётир. Ва бу таҳдидлар асоссиз эмас.

Кремлнинг Украинадаги ҳарбий кампаниясига жиддий қаршилик кўрсатган журналист ва блогерларни обрўсизлантириш, уларни Россия ҳукумати тузган санкциялар рўйхатига киритиш ва ҳатто нейтраллаштиришгача бўлган тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Эрк ДП хабар бўлими