“Хавфли майдон”. Бу жумла 1986 йили ўзбек ëзувчиси Муҳаммад Солиҳ тарафидан ëзилганида “майдон” тушунчасида бугунги каби оғир сиëсий юк йўқ эди.
Москва¸ Киев ва Тошкентдаги қизил майдонлар фақат биринчи май ва еттинчи ноябрда “тўлдириладиган” бир замон эди.
Ҳали Олмаотада эл кўтарилмаган¸Бокуда одамлар отилмаган эди. Биз устида ўтирганимиз бомбанинг фитили ҳали чақмоқтош билан учрашмаган бир давр эди.
Гугурт бир тийин¸ газета икки тийин бўлган бу замоннинг хавфли майдони матбуот эди.
КГБ матбуотнинг кучини билгани учун ҳам уни чандон тиришиб назорат қилар эди.
Айнан 1986 йили мен хоразмлик рассом Сафо Дўсчонов ҳақида кичик китобча чоп қилдирмоқчи бўлганимда айнан КГБ қаршилигига дуч келдим.
Бу брашюра ичида чет элдаги диверсантлар учун код ва пароллар йўқлигини исбот қила оласанми¸ деб менга савол беришган эди гужумнинг тагидаги идора шотирлари.
Уларнинг бу гапи менга кулгили туюлган эди. Аммо орадан йиллар ўтиб тушундимки¸ уларнинг фикрида рационал уруғ мавжуд .
Ҳар ҳолда Муҳаммад Солиҳнинг 1986 йили Ўзбекистон Адабиëт ва Санъати газетасида босилган мақоласидаги сарлавҳа келажак учун бир шифрли ëзув¸парол эди.
Бу парол МАЙДОН деган олти харфли сўз эди.
Бу шифр очқичлари эса биз ëшларнинг шуурида яширилган эди.
Муҳаммад Солиҳ бизга ҳавфли аммо жозибали майдонни яъни кураш майдонини таклиф қилди.
Майдон энг аввало зиëлилар ва талабалар шуурида пайдо бўлди.
Бу жуда оддий бир тарзда юз берди.
Мана бу Бўстонлиқ деган гўзал табиат бўлгаси.
Москва режасига кўра бу бўлгада заҳарли тутун чиқрадиган заводлар қурилиши ва бу заводларда ишлаш учун Россиядан ўрислар кўчириб келтирилиши лозим эди.
“Биз бунга қаршимиз¸ чунки биз ўз табиатимизни севамиз деб айтишга “тўрт нафар зиëли ўз ичида журъат топди.
Бу ботирлар журъатидан таъсирланган яна ўн киши биз ҳам табиатни севамиз дея жасоратланди.
Муҳаммад Солиҳнинг бу мақоласи чоп қилинган даврдаги ўзбек зиëлилари кайфиятининг манзараси шундай эди агар янглишмасам.
1987 йилда Муҳаммад Солиҳ адабиëт газетасида ўзини узун муддатли сиëсий курашга бел боғлаганини аниқ ифода қилди:
“Агар ҳақиқат учун беш йил курашиб, унинг юзага чиқишини яна беш йил кутиш керак бўлса, курашиш ва кутиш лозим. Агар бу муддат яна чўзиладиган бўлса, бари бир — курашиш ва кутиш керак.”
Бу гапни таъкидлаган Муҳаммад Солиҳ хавфли майдонга одамларни чорлаш учун қўлини узатди ва бу қўллар истиқболига минглаб қўллар чўзилди…
Бу албатта кейинроқ содир бўлди.
Тарих 1986 йилги мақолани яна бир бор бугунги кун назари билан яна ўқиб чиқарган хулосамиз эса битта. Майдон ҳали ҳам хавфли. Ҳали ҳам жозибали. Зеро таъқиқ меваси мутлақо лаззатлидир.
Шухрат Бобожон
03.03.2014
Хавфли майдон
Бугунги кунда ёзувчи сўзининг қадр-қиммати қанча ва кимлар бу сўзни тушуна олади: Бизнинг турмуш тарзимиз СЎЗ таъсирида ўзгарадими? Шоир Эркин Воҳидов бу ҳақда шундай ёзади:
– Орол ўлаётир,
– Сир ўлаётир,
Ўлаётир заҳардан тупроқ.
Шоир бунга қарши не қилаётир!
Шоир дафтарида каттакон сўроқ.
У фақат қичқирар:
Бундай бўлмайди,
Алам билан ёш тўкар бироқ
Унинг кўз ёшидан Орол тўлмайди,
Фақатгина ер бўлар шўрроқ…
Ўта истеҳзоли шеър. У бизнинг ҳар нарсага шубҳа билан қарашимизни, ўз сўзимизга ишончсизлигимизни, бюрократия қаршисидаги ожизлигимизни ифода этади. Мен бу шеърни бадиий асар сифатида қораламайман, аксинча, у шу ҳолича аъло даражада ёзилган. Лекин унинг хулосасидаги руҳга эътибор беринг-а.
Бу — сўзга ишончсизлик руҳи.
Ушбу руҳ бахтга қарши, узоқ вақт бизни таъқиб этди, ўзбек ёзувчилари ўз сўзларига қат-қат либос кийдирди. Кейинги ўн йилда сўз тегарасида қурилган бу “иншоот” шу қадар қалинлашдики, унинг овози эшитилмай қолди. Биз шундай пухта ҳимояландик-ки, ҳатто кимдан ҳимояланаётганимизни ҳам унутиб қўйдик. “Зийрак кишилар”дан хавфсираб, ўзимиз ҳам зийрак бўлиб қолдик. Ҳар бир сўзимизни ҳақиқат эмас, эҳтиёткорлик тарозисига солиб ўлчадик:
Шунга эҳтиёж бормиди?
Ҳа, бор эди.
Чиройли шоирларни қалқон қилиб, ҳужумга ташланувчи одамлар бор эди: бир самимий жумла айтсанг, сен “ғоясиз”га айланиб қолишинг ҳеч гап эмасди, беғубор кулгу эса, “таҳқирлаш” деб тушуниларди.
Эркин Воҳидовда шунай шеър бор:
Ҳушёр бўл! Сафсатабоз, номарду тили ботир,
Ёқангга таҳқир муҳри ёрлиғин қадайди.
Чет тилини ўргансанг, сени космополит дер,
Ўз тилингда сўзлашсанг, миллатчи деб атайди.
Шунинг учун ҳам аввал ёзувчилар нима гапиришни билишарди. Яъни, нима мумкин-у, нима мумкин эмаслигини билишарди.
Энди бўлса, ошкоралик талаб қилинаётган бир пайтда, тўла ҳақиқатни айтиш мумкин бўлган бир пайтда, биз ўзимизни йўқотиб қўйдик. Узоқ вақт мобайнида бирор юкни кўтариб юрган одам елкасидан ўша юкни кутилмаганда олсангиз, у мувозанатини йўқотиб қўйиши мумкин. Биз худди шу одамга ўхшаб қолдик.
Биз ошкораликка секин кўникаяпмиз, ниҳоятда секин.
Майли, кўникдик дейлик. Ўйлаганларимизни айтишга қодирмиз ҳам, дейлик. Аммо бизни эшитадиган одамлар бу ошкораликка кўникармикан?
Тўғри, жамиятимизда кечаётган бугунги жараён ниҳоятда мураккаб ва қийинчиликлар бўлиши табиий бир ҳолдир. Лекин ёзувчи ўз вақтининг асосий қисмини ёзган асарлари ҳимоясига сарфлашга мажбур бўлаётгани мутлақо нотабиийдир.
Яқинда адабиётшунос олим М.Ваҳобов “Правда Востока” газетасида “Тарих ҳақиқатига қарши” деб номланган мақоласини эълон қилди.
Мақола муаллифи халқлар дўстлиги ва байналмилалчилик принсипларини “ҳимоя” қилади. Унинг фикрича, П.Қодиров (Бобур давлати ҳақидаги) ва М.Маҳмудовнинг романлари, А.Қаюмовнинг мақолаларида тарихий ҳақиқат бузиб кўрсатилганмиш. У ўз фикрини шундай исботлайди: “П.Қодиров ва А.Қаюмовларнинг асарларида синфий тушунча йўқ — абгор халқнинг оғир аҳволи бирор марта тилга олинмайди, эксплуататсия ва зулмнинг бошқа шакллари хусусида лом-лим дейилмайди. Жамиятнии синфий гуруҳларга бўлиш ўрнига, “яхши” ва “ёмон” хонларга ажратилади, халқ оммаси эмас, беклар ва уларнинг лашкари саҳнага чиқади. Бу тарихий давр воқеалари ва Бобур шахси тасвирланар экан, асар муаллифлари сотсиалистик реализм позитсиясидан узоқлашиб, майда буржуа романтизми томон оғадилар”.
Бу бадиий асарни санъат асари сифатида эмас, фақат юзаки мафкуравий нуқтаи назардан туриб таҳлил этиш намунаси. Таниш услуб. Вулгар сотсиализм ҳали ҳам тирикка ўхшайди…
М.Ваҳобов ёзувчи П.Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи ҳақида шундай ёзади: “Пиримқул Қодиров Бобурнинг шахсий ҳаётини тасвирлар экан, Бобурга тилла суви юритилган товоқлар-у тилла жомларда овқатлар ва ичимликлар олиб келингани ҳақида, унинг лашкарларига қилган қимматбаҳо совғалари — олтин ҳошияли тўн, олтин эгар-жабдуқли отлар ҳақида завқ билан ёзади. Совет ёзувчиси бу бойликларнинг манбаи ҳақида ҳам ёзса яхши бўларди”.
Бу ўринсиз киноя.
Чунки, совет ёзувчиси П.Қодиров ўша манбалар ҳақида етарли даражада ҳикоя қилган. Буни кўриш учун совет танқидчиси бўлиш керак, холос.
Агар жаҳон адбиёти хазинасидан ўрин олган “Уруш ва тинчлик” ёки “Петр-I” ва ўнлаб шунга ўхшаш асарлар М.Ваҳобов услуби билан танқид қилинганда эди, уларнинг биронтаси ҳам “синовдан” ўтолмасди. Яхшиям, рус танқидчилигида бундай қараш бўлмаган.
М.Ваҳобов ёзувчи П.Қодировни тарихни сохталаштиришда айблайди. Ёзувчи Бобурни монарх ҳукмдори сифатида талқин этган эмиш. Бу эса, унинг шахсини улуғлашга олиб келармиш.
Биринчидан, Бобур давлати Қобулдан то Бенгалиягача чўзилганлиги ҳаммага маълум. Ва бу давлат идораси амалда фақат Бобур қўлида эди. Бундай марказлашган давлатни монархия типидаги феодал давлат сифатида кўрсатиш эмас, шундай кўрсатилмаганда тарихни сохталаштириш бўларди.
Иккинчидан, Бобур қандай бўлса, шундай тасвирлаш унинг шахсини улуғлашга кирмайди.
Пиримқул Қодиров тажрибали ёзувчи ва тарихий шахсларни, ўтмишни идеаллаштиришнинг ёмон нарса эканлигини жуда яхши билади. Қолаверса, бизнинг тарихимиз бундай сунъий кўтаринкиликка, кўкнорий қувватга муҳтож эмас.
Тарихий ҳужжатларга суяниб ёзилган ҳар қандай ҳаққоний асар халқда такаббурлик уйғотмайди, аксинча, ўзини англашга хизмат қилади.
Мамадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” романи “таҳлили” бундан ҳам кулгилироқ: М.Ваҳобовнинг услуби оддий — у адабий қаҳрамон айтган гапни роман муаллифи фикри сифатида келтиради. Борди-ю, қаҳрамон салбий бўлса-чи, дейлик, пантуркчи? Унда мақолани ўқиган тарихдан бехабарроқ ўқувчи “Ўзбекистон пантуркчилар уяси экан-да”, дейиши ҳеч гап эмас.
Романнинг бадиий камчиликларини таҳлил этиш ўрнига (бу ҳақда гапиришга асос бор) М.Ваҳобов романдан ғоявий кир излайди ва доим “топади”. М.Ваҳобовга ўхшаган мунаққидлар “шарофати” билан бизнинг тарихимиз ёзувчилар учун хавфли майдонга айланиб бормоқда. Бу майдонда бир қадам қўйиш учун ҳам таваккал қилиш керак. Ҳар бир тарихий ҳақиқат “ўтмишни улуғлаш” деб аталмоқда. Ҳар қандай бадиий образ унинг прототипига бўлган “муҳаббат”, дея талқин этилмоқда.
Шунинг учун ҳам бизда ғаройиб қўрқув пайдо бўлди. Тарих олдида қўрқув. Тарихий романларимизнинг озлиги ҳам шу қўрқувдандир.
Академик Лихачев “Литературная газета”да босилган “Тревога совести” мақоласида шундай деб ёзади: “Бир пайтлар Достоевский қаҳрамонлари қадимий тошларга топиниш учун Оврупога интилишарди. Энди, ноҳоят, ўзимизнинг қадимий тошлар, ўзимизнинг ўтмишимиз ва маданиятга юз буриш пайти келмадимикан?”
Ўша газетада ёзувчи Онор янги роман ва янги авлод тарбияси ҳақида гапириб, мақоласини Пушкин сўзлари билан якунлайди: “Ўтмишга ҳурмат — бу ақлли одамни ваҳшийдан фарқловчи фазилатдир… Ваҳшийлик, аблаҳлик ва жаҳолат ўтмишни ҳурмат қилмайди ва улар фақат бугунги кун пойида эмаклайдилар”.
Бундан ҳам қисқа ва бундан ҳам аниқ айтиш қийин.
Лекин бу ҳикматни такрорлаган одам бизда дарров танқидга учрар эди. Чунки, Пушкин — дворянин, уни идеаллаштириш мумкин эмас.
Бундан икки йил муқаддам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Пиримқул Қодировнинг янги тарихий романини муҳокама қилган эди. Муҳокамада муаллифга илиқ сўзлар айтилди, роман юксак баҳоланди. Аммо биз юқорида эслатган “Юлдузли тунлар” романи танқидга учрагандан сўнг, ноширлар бу янги асар кўлёзмасини яна муаллифга қайтаришга мажбур бўлдилар. Муаллиф янги асарни “Юлдузли тунлар”га қаратилган танқид асосида қайта кўриб чиқиши керак экан.
Шуни айтиш керак-ки, бу “касаллик”нинг ўз тарихи бор. Масалан, биз бугунгача Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини қисқартирилган вариантда ўқияпмиз. Ҳозиргача Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон каби ёзувчи ва шоирларнинг асарлари нашр қилингани йўқ. Ваҳоланки, уларсиз йигирманчи йиллар адабиётини тасаввур қилиб бўлмайди. 1956 йилда бу шахслар ўлимидан кейин оқланган ва уларнинг меросини ўрганиш, чоп этиш комиссияси тузилган. Ўша йиллари Бунин ва Светаевларнинг биринчи нашрлари чиққан эди. Аммо бизнинг ёзувчиларимизни нашр қилишга журъат этмадилар.
Мана, ўттиз йил ўтиб, ўша меросни чоп этиш учун яна комиссия таъсис этилди. Умид қиламизки, бу сафар нашргача борсак керак.
Лекин хавф ҳам йўқ эмас: диссертацияларини шу адиблар ижодига бағишлаган олимлар гуруҳи ҳануз фаолиятдадир. Адабиёт тарихи билан курашда уларнинг тажрибаси катта. Улар ўз таҳлиллари қаторида ўша асарлар ҳам босилишидан манфаатдор эмасга ўхшайдилар. Хуллас, қарийб ўттиз йилдан бери 20-30-йилларда ижод қилган кўпгина ёзувчиларнинг меросини эълон қилиш тадбири қаттиқ қаршиликка учрамоқда.
Шу мавзуга бағишланиб, дунё юзини кўрган ягона китобча (“Адабий мерос ва замонавийлик”, А.Алиев, Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. Тошкент — 1983 йил) ҳам, филология фанлари доктори Ҳ.Абдусаматов томонидан тўқмоқ билан кутиб олинди. (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси) Адабиётшунос Ҳ.Абдусаматов ва унга ҳамфикрлар Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ижодини М.Беҳбудий, А.Чўлпон, А.Фитрат каби ёзувчиларга доим қарши қўйиб келдилар. Лекин Ҳамзанинг обрў-эътибори — чин обрў-эътибор. Ҳамза ҳайкали омонат пойдевор устига қуришга муҳтож эмас.
Тарих олдидаги қўрқув.
Бу ёмон туйғу.
Бу туйғу тарихни ҳимоя қилаётганларни ҳам, унга ҳужум қилаётганларни ҳам безовта қилмоқда. Бу туйғу фақат бизнинг фикрий ҳаётимизга эмас, ҳатто турмушимизга ҳам кириб келяпти.
Ўтган йили “Советская культура” газетаси мўғул истилочиларига қарши курашган машҳур Маҳмуд Торобий хоки устига қурилган гумбаз йиқиб ташлангани ҳақида хабар берди.
“Ўтмиш сарқитлари билан кураш” баъзан жоҳиллик даражасига етди. Ўтган йили Наманган вилоятида дўконга оқ рўмол ўраб кирган аёллар билан савдо қилиш ман қилинди, оқ рўмол ўраб автобусга чиққан аёллар ҳақорат қилинди, сабаби, оқ рўмол ўтмиш сарқити экан. Бу инқилоб даври эмас, 1986 йилдаги воқеа. Афсуски, биз ўз тарихимизни биламиз деб мақтана олмаймиз.
Бизнинг болаларимиз-чи, улар билишадими?
Бу ҳам оғир савол. Ўрта мактаблар учун Ўзбекистон тарихига оид учта қўлланма бор эди. Ҳозир уларнинг бирортаси ҳам нашр қилинмаяпти.
“Ўрта асрлар тарихи” (русчадан таржима) ўн йилдан буён нашр қилинмайди. Ўқувчилар ўн йилдан бери ўрта асрлар тарихини деярли ўрганмаяптилар. Улар ўша даврда яшаб ўтган олимлар, шоирлар, халқ қаҳрамонларини билишмайди. Айни вақтда, улар Жанна д’Аркни билишади. Лекин франсуз қаҳрамони бизнинг фарзандларимиз онгидан халқимиз қаҳрамонларини сиқиб чиқармаслиги лозим.
“Ўзбекистон ССР тарихидан ҳикоялар” эски дарслигида икки минг йиллик Ўзбекистон тарихига атиги 23 саҳифа ажратилган. Инқилобгача бўлган ҳар юз йиллик даврга бир саҳифа тўғри келади.
Наҳотки, мазкур тарихдан сабоқ бўлгулик бирор нарса йўқ?
Адабиётимиз ва она тилимиз тарихига ҳам худди шундай муносабат мавжуд. Шунга мисол сифатида журналистлар ҳаётидан бир лавҳа келтирмоқчиман. Бу воқеа олтмишинчи йилларда Фарғона водийсида бўлиб ўтганди.
Вилоят газетаси муҳарририни зудлик билан обкомга чақиришади. Ўзи муҳаррирлик қилаётган газетани биринчи секретар қўлида кўриб ва секретарнинг чимирилган қошларига қараб, муҳаррир қўрқиб кетади.
– Бунақа шеърни босишга ким рухсат берди? — деб сўрайди секретар ва жавоб кутмасдан бақиради. — Ким бу ўз тилини кўкка кўтариб мақтаётган? Уни тезда топиб келинг, масалани бюрога қўямиз!
Муҳаррир: “Бу шеърни ёзга одам Қирғизистонда яшайди, уни чақиртириб келиш осон иш эмас”, дейди.
Секретар бир зум ўйланиб қолади, лекин ўзини йўқотмайди: — Бўлмаса, бюро сизнинг масалангизни кўради, эртага келинг! — дейди.
Бу латифасимон воқеа сўнгида газета муҳаррири ишдан бўшатилади.
Бугун-чи, бугун аҳвол ўзгардими? Ўзгарган бўлиши мумкин, жамиятимиз онгига йиллар давомида сингдирилган қўрқувни бир ҳамла билан йўқ қилиш қийин.
Ўтган йили “Ўқитувчи” нашриёти 9-синф учун ўзбек тили дарслигини чоп этди. Аммо маълум бўлишича, маориф вазирлиги бу фанни мактаб программасидан ўчириб ташлаган ва ҳозир дасрликнинг бутун тиражи омборларда чанг босиб ётибди.
Ўзбек тили ва адабиёти соатлари бошқа синфларда ҳам кескин қисқартирилган. Бу ҳақда газеталарда ёзилди ва минбарларда туриб гапирилди. Бироқ, маориф вазирлиги ушбу чиқишларга жавоб қилмади. Жавоб қилмадигина эмас, ҳануз “қисқартириш йўли”ни давом эттираяпти.
Энг ачинарлиси, ўқувчилар бу йил ҳам ўқув йилининг тенг ярмини далада ўтказдилар. Баҳордан то кеч кузгача — терим охиригача улар пахта ичида “яшадилар”.
Уларнинг ўқиган соатларини ҳисобласак, ўн йиллик мактабни беш йилда “битказган” бўлиб чиқадилар.
Билимдонлик бўйича улар Иттифоқда сўнгги ўринлардан бирини эгаллаётган бўлса, ажабланмаймиз. Бу аҳволда улар нафақат рус тилини ўрганадилар, ҳатто ўзбек тилини ҳам эсдан чиқаришлари мумкин.
Энди тасаввур қилинг, мактабни шу аҳволда “битказиб” ёш йигит-қизлар ўқув даргоҳларига келишади, лекин уларни иккинчи, янада даҳшатлироқ тўсиқ кутиб турган бўлади: техник ва тиббиёт олий ўқув юртларида имтиҳонлари, дарслар рус тилида олиб борилади. Абитуриент ўз тилини базўр билади-ю, ундан рус тилида жавоб беришни талаб қилишади.
Эҳтимол, бу рус тили билмини чуқурлаштириш тадбиридир?
Билимларни мактабда чуқурлаштириш керак. Ҳозирча шундай билим йўқ ва буни абитуриентлардан талаб қилиш ҳам ноҳақлик. Бу ноҳақлик эса, табиийки, биз бугун қарши курашаётган эски разолат — порахўрликни яна авжига чиқармоқда. Яна ва яна пахтакор мисқоллаб йиққан пулини ўғил-қизига, унинг “одам бўлиши” учун қўш қўллаб тутқазаётир. Яна ва яна бу ўғил-қизлар ҳаётнинг биринчи қадамлариданоқ нопоклик ботқоғига ботадилар.
Биз юксак онгли инсон тарбияси ҳақида кўп гапирамиз. Бугун қарасак, ҳалол одамлар биз ўйлаганчалик кўп эмас экан. Аммо биз, ўша ўз халқини талаган порахўрлар, ўз элатини хўрлаган бюрократларга лаънат тошини ёғдирар эканмиз, бу ёмонликнинг илдизига қарашимиз керак. Бу одамлар бизнинг боғчаларимизда тарбия топди, бизнинг мактабларимизда ўқиди, бизнинг институтларимизда таҳсил кўрдилар. Улар аттестат, диплом олдилар-у, илм-иймон олмади. Улар ўз тарихини, ҳатто ўз тилини ҳам билмай вояга етдилар. Улар на худо, на шайтонга ишондилар, фақат ўз қорнини ўйлаб яшадилар. Зотан, ўз маданиятини чуқур билмаган одам ҳеч қачон ҳалол бўлолмайди.
Маълумки, минг йиллик маданият ва тарихимиз араб алифбосида битилган. Биз бугунда инқилобгача яшаб ижод этган бирор олим ёки шоир асарларини асл нусхада ўқий олмаймиз. Шу сабабли ўтмиш ва бугунги кун ўртасида жар пайдо бўлди. Бу жарликни йўқотиш учун минглаб китоблар эмас, балки, бор-йўғи 33 та ҳарф ва болаларимиз тарбияси ҳақида озгина ғамхўрлик бўлса, бас.
Тарихдан узилиш кишиларда ижтимоий маҳзунлик — ўзи учун ҳам, ўзи яхши билмайдиган тарихи учун ҳам уят туйғусини юзага келтиради. Бу ҳиссиёт — бизнинг кўп миллатли жамиятимиз учун хавфли душмандир. Бу уят туйғуси кутилмаган пайтда ўз афт-ангорини кўрсатиши мумкин.
Халқ ўз-ўзини англаса, бу байналмилалликка хилоф эмас, аксинча, унга катта ҳисса қўшган бўлади ва бирлигимизни янада мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳам тарихимиз ёритилган ҳалол, ҳаққоний китоблар ва дарсликлар бугун ҳаводай зарур.
Токи, тарих қаршисидаги бизнинг қўрқувимиз келажак олдида қўрқувга айланмасин.
Муҳаммад Солиҳ
1986 йил, Тошкент.