O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хавфсизлик камаримиз мустаҳкамми?

Хавфсизлик камаримиз мустаҳкамми?
273 views
19 July 2021 - 11:25

Ўзи анчадан бери   дўстларим    бугун    оммавий   эмланаётган “ZF -UZ VAK  2001“ ва бошқа  вакциналар  хақида   фикримни  сўрашиб, шахсий хабарлар юборишаётганди.  Имкон қадар уларга алохида   жавоб бериб, бу мақолани ёзмасликка ва ҳукумат сиёсатига   қарши чиқмасликка харакат қилдим.  Аммо  енгини шимармай,  қалпоғлик игна  билан   ёлғон эмланаётганлар,  айниқса   Алишер Қодировнинг  “Эмланмаганларни эркинлигини чеклаш…”  хақидаги  фикрларини ўқиб   бу мавзуда оғиз очишга қарор қилдим.

Очиғини айтсам, ёзмоқчи бўлаётган гапларим сир эмас, интернет имкониятларини яхши билган ҳар қандай  одам бу  мақолани  ёзиши мумкин эди.

Гапнинг пўскалласига ўтаман.

“ZF-UZ- VAK 2001”

Яъни  асл номлари   “ZF2001”,    “ZIFIVAX”,    “RBD-Dimer  ”  бўлган  бу   вакцина    Хитойнинг  “Anhui Zhifei Longcom”  фаркомпанияси  ва  Хитой  фанлар Академиясининг  Микробиология институти ҳамкорлигида  фавқулодда     яратилган  “COVID-2019” га  қарши    вакцинадир .

Кўриб турганингиздек у    ўзимизникилар бонг ураётгандай Ўзбекистон-Хитой олимлари ҳамкорлигида эмас, Хитой фармация корхонаси  ва Хитойлик  олимлар ҳамкорлигида  яратилган.

Халқимиз  эса   синовларнинг 3-босқичида   тажриба қуёнчаси вазифасини ўтаб берган.

ВАКЦИНА ЖАҲОН СОГЛИҚНИ САҚЛАШ ТАШКИЛОТИ РЎЙҲАТИДАН ЎТМАГАН!

“ZF200” ни ишлаб чиқаришда    “Novavax”, “Vektor institute” ва   “Medicago” да яратилган   бошқа оқсил вакциналарга ўхшаш   технология қўлланилади ва уч босқичли синовлардан ўтказилган. У одам танасига   икки ой давомида уч  дозада  юборилади.

Вакцинанинг дастлабки биринчи ва иккинчи босқичдаги синовлари Хитойнинг Ухань шаҳрида, 3- босчич синовлари  эса Хитой, Покистон,Индонезия, Эквадор ва   Ўзбекистон давлатларида ўтиши режаланган.

2021-йил 22-февралида, “ZF2001″ вакцинаси Ўзбекистон Инновация Вазирлиги томонидан ” “ZF-UZ- VAK 2001”  Хитой-ўзбек  вакцинаси номи билан Ўзбекистон  Сенатига   тақдим қилинади. Унинг  самарадорлиги (!)ва ҳавфсизлигининг илмий ва амалий  дадиллари   ҳам   Сенатга  топширилади.

Энг қизиғи – “бизникилар” ва Хитойлик ишлаб чиқарувчилар вакцина нархини очиқламасликка келишиб олишади. Яъни оддий халқ бу вакцинанинг дозаси неча пулдан олинаётгани хақида   ахборотга эга эмас. (Аслида бу маълумотни очиқлашни талаб қилишимиз шарт!)

Эслатаман, вакцинанинг 3-босқич синовлари Ўзбекистонда 2020-йил декабрида бошланиб,  2021-йил  27 -февраль холатига кўра   юртимизда   коронавирусга қарши    ZF-UZ— VAC  2001  вакцинаси    1-дозаси  билан   6836  нафар,    2-дозаси билан 4453 , 3-дозаси билан  283 нафар  кўнгилли  синовдан ўтиб эмлаган эди.

Вакцинанинг 3-босқич синовида   кўнгилли бўлиши айтилган Покистон, Индонезия ва Эквадор эса     синовидан бош тортади ва бу давлатлар халқи   Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти  тасдиқлаган  бошқа вакциналар билан эмлана бошлайди.

Хаттоки дунёнинг энг қашшоқ мамлакаридан бири бўлган Эквадор ҳам тождор вирус билан курашда

  1. Oxford/AstraZeneca
  2. Pfizer/BioNTech
  3. Sinovac вакциналарини қўллашни маъқул деб топади.

Бизда эса, 2021-йил 1-март куни коронавируснинг янги типига қарши -“ZF-UZ- VAK 2001” вакцинаси Ўзбекистон

тиббиётида кенг қўллаш учун   давлат рўйҳатидан ўтказилади. (Рўйҳат рақами:

DV/X 08646/03/21) ва Ўзбекистон ССВ хузуридаги Фармацевтика тармоғининг ривожлантириш агентлиги директори Кариев Сардор Ҳикматовичнинг  саъйи ҳаракати  ва Хитойликларнинг  “танлови”га биноан  вакцина  кўп йиллик тажрибага эга “Жўрабек” дорихонаси негизида 1996-йили иш бошлаган “Jurabek Laboratories” маъсулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонасида (Фармация тармогини ривожлантириш агентлиги директори Кариев Сардор Ҳикматов мазкур қўшма корхонанинг 2019-йилгача бош  директори бўлган) ишлаб чиқаришга келишилди.

Хўш, бу вакцинани хозир яна қайси давлатлар қўллаяпти?

ФАҚАТ ЎЗБЕКИСТОН!

Бошқа бирорта давлат  фуқоролари  бу вакцина билан эмланмайди.

Хитойнинг ўзи фуқороларини

  1. CanSino

2.Sinopharm/Beijing

3.Sinopharm/Wuhan

  1. Sinovac

вакциналари билан  эмлаяпти.

Бу вакциналарнинг иккитаси Жаҳон  соглиқни сақлаш ташкилоти рўйҳатидан ўтган.

Хўш, нега Хитой ҳукумати   Ўзбекистонгагина сотилаётган “ZF-UZ-VAK 2001“ (“ZF2001, “ZIFIVAX”, “RBD-Dimer) билан ўз халқини эмламаяпти? Ахир Хитойлик кўнгиллилар бу вакцина синовларида иштирок этишгандику, қолаверса унинг мутлақо безарарлиги хақида бонг урилмоқда!

“ZF-UZ-VAK 2001“ вакцинаси нинг безарарлиги хақиқатга яқин, чунки уни яратишда коронавирус ташқи оқсили биотехнологик усул билан синтезланиб олинган.

Яъни биз ковидга қарши иммунитетимизни ошириш учун бус-бутун тирик вирусни эмас, махсус танланган вирусли зарраларнигина қабул қиламиз.

Бу зарралар касалликка олиб келмайди  ва   мутлақо хавфсиз.

“ZF-UZ-VAK 2001” суббирлик оқсилли вакциналар гурухига киради. Аслида бундай вакциналар билан биз яхши танишмиз. Масалан, ҳаммамиз болалигимиздаёқ кўкйўталга қарши  эмланганмиз. Гепатит Б га қарши ҳам суббирлик вакцина билан эмланилади.

Аммо мутлақо безарар дегани, самарадор  вакцина дегани эмаску!

Танамизга вакцина билан вируснинг айрим заррачаларигина юборилгпни бойис у вируснинг мураккаб феъл атворини очиб бера олмайди ва бу вакцинанинг  самарадорлигини чеклайди. Соддароқ тушунтирсам, “ZF-UZ-VAK 2001” ўзбек-хитой қўшма   вакцинаси билан эмланганимиздан   сўнг организмимизда    қурол, яроғини аранг кўтариб турган чалажон жангчи пайдо бўлади. Бу жангчи ташқаридан хужум қиладиган   кучли ковид вируси билан қандай жанг қилишини эса тасаввур қилиш қийин эмас.  Хуллас бу ёғи пешонамиздан.

Гапнинг индаалоси, бу вакцина ноилож вақтда яъни фавқулодда вазиятда юртимизга олиб келинган вакцинадир. Уни мутлақо самарасиз дейиш фикридан ҳам йироқман, чунки “чалажон аскар” ҳам    вирус билан   курашишга харакат қилади.  Лекин    хозир ундан самаралироқ вакциналарни ҳам олиб келиш имкониятимиз бўла туриб нега ҳукумат   Жаҳон Соглиқни сақлаш ташкилоти ва Хитойликларнинг ўзи ҳам тан олмаган вакцинани   миллионлаб дозада олиб кираётгани кулгули эмасми?

“SPUTNIK” хақида

Россиянинг “Sputnik” вакцинасини ҳам ЖСТ тан олмаган. У Россия Президенти ва ҳукумати таъкидлаётганидек сиёсий ўйинлар туфайли эмас, вакцинани яратган Ф. Гамалея номидаги эпидимиология ва микробиология марказининг клиник синовларга  бепарво лик билан муносабатда  бўлгани  ва муҳим маълумотларни яширинганлиги сабабдир.

” Sputnik” Россия Соғлиқни сақлаш Вазирлиги томонидан 2020-йил 11-август, яъни клиник синовларнинг иккинчи босқичи тугаган куннинг эртасига рўйҳатдан ўтказилган.

“Sputnik” нинг клиник синовлари тўгрисидаги (I-II босқич) хисобот нуфузли тиббиёт журнали бўлмиш “Lancet”томонидан нашр этилганида хорижлик кўзга кўринган олимлар икки кўнгиллилар гуруҳининг натижаларидаги ғалати тасадиф ва тафовутларга эътибор қаратиб, вакцина муаллифларидан дастлабки маълумотларни сўрайдилар.”Gamaleya” маркази мутахасислари чет эллик ҳамкасбларининг танқидларига жавоб беришга ҳаракат қилишади, аммо хозиргача тўлиқ клиник протоколни тақдим этишмаган ва у ҳеч қаерда нашр этилмаган.

Россия вакцинасини танқид қилувчилар  бошқа  вакциналар билан  қиёсий тахлилларини  эълон қилишган. Масалан: “Pfizer” вакцинасининг самарадорлиги тўғрисидаги дастлабки маълумотлар клиник синовлар 43000 дан ортиқ кўнгиллида ўтказилиб, уларнинг 170 нафари ковид юқтирганидан сўнг эълон қилинган.

“Moderna” компанияси эса 30 000 нафар кўнгиллиларда клиник синовлар ўтказиб, уларнинг 95 нафари ковид юқтиришини кутиб, касалланганлар сони 151 нафардан ошганида яна  тахлил  натижаларни тақдим қилишни ваъда қилган.

Шу билан бирга клиник синовларнинг учинчи босқичи натижаларини эълон қилишди   ва бу вакциналарнинг самарадорлик кўрсаткичларини хисоблаш учун нима сабабдан бундай рақамларни танлашганини ҳам тушунтириб беришди.

“Sputnik” синовларида эса атиги 76 нафар(!) 60 ёшдан ошмаган кўнгилли иштирок этган. Россиялик ишлаб чиқарувчилар эса эмлашдан сўнг 20 нафар кўнгилли вирусни юқтириши биланоқ “Sputnik”нинг   мувафаққияти  хақида  эълон қилди.   Ушбу рақамлар нимага асосланиб танланганини эса тушунтириб беришмади.

Ғарблик мутахасислар бундай кичик  наъмуна асосида  олинган натижаларга жуда эхтиёт бўлишга чақиришди. Таққослаш учун “Oksford” вакцинасининг ҳавфсизлиги 256 нафар кўнгилли 2-босқичдаги синовлардан сўнг эълон қилинган.

BioNTech (Pfizer) синовларида   рус кўнгиллиларидан олти баробар (456 нафар), “Moderna” синовида эса руслардан саккиз баробар (600) кўпроқ кўнгилли иштирокчилар жалб қилинган.   Яна бир гап. “Sputnik” дан ташқари бирорта вакцина клиник синовнинг иккинчи босқичидан кейиноқ ишлаб чиқарувчи давлат номонидан рўйҳатдан ўтказилмаган.

Хуллас “”ZF-UZ-VAK 2001” чалажон жангчи бўлса, “Sputnik” ота-онаси маъсулиятсиз, обдон синалмаган, характери номаълум жангчи.  Эмловдан сўнг у организмда ўзини қандай тутиши, фойда ёки зарари, иммунитетга таъсири хақида эмланганлардан ва ” Гамалея” марказининг яширин маълумотлари ошкор бўлганидан сўнг билиб оламиз. Унгача шошмаганимиз маъқул.

Хўш, Жаҳон соглиқни сақлаш ташкилоти қайси вакциналарни рўйҳатга олган?

1.Pfizer/BionTech

2.Moderna, Johnson & Johnson,

  1. AstraZeneca (Оксфорд университети Жанубий Корея ҳамкорликдаяратилгпн вакцина.  Юртимизга олиб кирилаётган  Хиндистоннинг  “AstraZeneka” си эмас!)

4.Sinopharm/Хитой

  1. Sinovac/ Хитой

Айнан шу беш вакцинанинг  хавфсизлиги ва самарадорлиги илмий исботланган.

Бугун кенг ва тез тарқалаётган “Тождор вирус”нинг нисбатан шиддатли, тажовузкор  Хиндистон штами (“Delta”) га  қарши  вакциналарнинг қайси бири  беталофат жангга кириши мумкин?

“Делта” ёки Хиндистонлик тождор махлуқ анча жангарироқ чиқиб, ўзидан аввал тарқалган “акалари”ни ҳам   енгиб, дунёни тез эгаллаб оляпти.  Бугун бу штамм кириб бормаган мамлакатнинг ўзи йўқ.   Унга қарши курашиш учун қандай  жангчи вакцина  керак?

Интеренет оламида тарқаган илмий маълумотларга кўра хақиқатдан ҳам “Делта” га қарши вакциналарнинг самарадорлиги пасайиши кузатилмоқда. Аммо бу ҳеч қайси вакцина бу вирус билан кураша олмайди дегани эмас. “Pfizer”, “Moderna” ваби вакциналар бақувват жангчи. Хатто “Sputnik” ҳам “Delta” га қарши чиқиши, кучли ҳимоя билан таъминлаши мумкин. (Аммо “Sputnik” билан эмланганларнинг аксариятида   турли ножўят таъсирлар кузатилмоқда. Айниқса иммунитети заиф ва сурункали касалликлари бор беморларда).

Бошқа вакциналарнинг тажавузкор “Delta” га нисбатан самарадорлиги кам, ёки кўплигини айтиш ва одамларни бадтар вахимага солиш фикридан йироқман.  Зеро, бу маълумотлар билан қизиққан ҳар қандай инсон уларни интенет оламидан қийинчиликсиз  топиши мумкин.

Мени  ташвишга солаётган  нарса бошқа. Бу- саводсиз, кўр-кўрона тарғибот ва  халқимиз учун мутлақо бепул дейилган (аслида бепул эмас, бюджет-  халқнинг пули)  “ZF-UZ-VAK 2001” нинг рекламасидир.

Ҳукуматга рахмат! Сифатли вакциналар очиқ савдога чиқарилмаган фавқулодда вазиятда қўлдан келганча харакат қилди. Аммо амалдорлар тиржайиб реклама қилаётган “ZF-UZB- VAK 2001” билан эмланганлик хақидаги сертификат билан Европа, Америка   эмас, араб давлатлари (хозирча Дубай) ҳам ўз ҳудудига киритмайди. Бугун мажбур эмланаётган ёшлар эртага хорижга ўқишга бориш учун яна мажбур, ЖСТ рўйхатга олган вакцина билан эмланадими? Саёҳатчи, зиёратчи, тадбиркорлар…хуллас оддий одамларчи? Бу ҳам майли, обдон мақталаётган вакцина билан эмланганидан сўнг ҳам “Delta” штамп  юқтириб,  касалхоналарда оғир ётган ётган касаллар бор.

Хуллас, енгни шимармай, игнани қалпоғини олдирмай камера учун   иржайиб-тиржайиб, халқни алдаб суратга тушишни бас қилинг! Озгина иймонингиз бўлса ҳеч бўлмаса артислик қилманг!

Ҳукумат ковид сабаб олинаётган қарзларга ЖСТ тасдиқлаган сифатлироқ вакциналардан бирини олиб келиши шарт!

Эмланмаганларни эркини чеклашни тавсия қилаётган валломатга эса  битта  гап:

Сиздака депутат, амалдорлар ҳам аслида сифатсиз, самарадорлиги кам вакциналардан асло фарқингиз йўқ. Майдонда халқ ҳимояси эмас, ўз жонингизни ўйлайсиз. Бир сўз билан айтганда чалажон ёки табиати номаълум махлуқларсиз! Агар сал аввалроқ фестиваль ва бошқа оммавий тадбирларни чеклашни маслахат берганингизда балки анча ақллироқ иш қилган бўлардингиз!

Муаззам Иброҳимова

П/с: Мақолада шахсий фикрларимни баён этдим. Бу билан юртдошларимни вакцина олишдан бош тортишга ундамоқчи эмасман. Вакцина шарт! Фақат. Эътибор берган бўлсангиз мен  вакциналарни иммунитет ҳимоясига ташланган турли  характер ва турли сифатдаги жангчиларга қиёсладим. Агар таъбир жойиз бўлса яна бир маъжозий   қиёслаш қилсам.

Вакцина- автомобилдаги ҳимоя камари кабидир. У автохалокат чоғида инсонни 100% ҳимоя қилмайди. Аммо омон қолиш даражаси унинг хавфсизлиги ва энг муҳими сифатига боғлиқдир.

Манба: facebook.com