Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг инфаркт бўлиб қолгани ҳақида 22 март куни хабар тарқатган Ўзбекистон Халқ ҳаракати сайти номаълум хакерлар томонидан ишдан чиқарилди.
Қизиғи шундаки, бир кун аввал Mukhammad Salikh erksalikh@gmail.com электрон манзилидан “Фоҳишалар сиёсий аренадан йўқолсин” дея аталувчи мактуб тарқатилганди. Мактуб қўпол тарзда тўқилган ҳамда ЎХҲ лидери Муҳаммад Солиҳни обрўсизлантиришга ҳамда у билан мустақил журналистларнинг орасини бузишга қаратилган эди.
Муҳаммад Солиҳ “Фарғона” агентлиги билан суҳбатда бу мактубга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди. “Албатта бу провокация. Бу нарса биз учун янгилик эмас, махсус хизматлар мудраб ўтиргани йўқ”, — деди ЎХҲ лидери.
Ўзбекистон Халқ ҳаракати “13 май иттифоқи” платформасида яратилган, қатор сиёсий ва ижтимоий таашкилотларни ҳамда фуқароларни ўз таркибига олади. Аввалига ЎХҲ муассислари Ўзбекистондаги ўзини қайта ислоҳ қилиш имкониятини йўқотган сиёсий режим фақат тинч йўл билан алмаштирилиши лозим, деб билдиргандилар. Аммо кейинроқ, ҳаракат лидери Муҳаммад Солиҳ режимга қарши куч ишлатиш имкониятини истисно этмаслик керак, дея фикр билдира бошлади.
Эслатиб ўтамиз, 1991 йил президентлик сайловларида Муҳаммад Солиҳ Ислом Каримовнинг ягона рақиби бўлган. 1993 йилда унга қарши ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан жиноий иш сохталаштирила бошланганидан сўнг у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.
“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги
29.03.2013