O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Халойиқ: ҚЎЗҒАЛИНГ!

Халойиқ: ҚЎЗҒАЛИНГ!
32 views
10 March 2016 - 11:13

паспортЯқингинада қўлимга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар (собиқ) вазири) Б. Матлюбовнинг бир БУЙРУҒИ тушиб қолди. Бу 71-сонли буйруқ дейиларкан.

Номи ҳам узундан-узун: “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва Тошкент влиоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”. Собиқ вазир бунингдек “фатво”ларини 2012 йилнинг 1 май куни берган экан.

Энг ҳайратланарлиси, мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясини инкор этувчи, оёқ ости қилувчи буйруқ эканлиги билан ажралиб туради: Ўзбекистон фуқароларининг эркига, ҳақ-ҳуқуқларига, ҳаракатланиш ҳуқуқига, мулкни бошқариш ҳуқуқига раҳна солувчи буйруқ эди бу.

Қисқасини айтганда, кейинги йилларда Тошкент шаҳри ва Ташкент вилоятига доимий ва ё вақтинча рўайхатга қўйиш тартиби борасидаги қонун-қоидалар, буйруғу қарорлар баҳорги қўзиқориндек кўпайиб кетди.

Келинг, гап кўпам чувалашиб кетмасин учун, биргина “Тошкент шаҳрига доимий ва ё вақтинча прописка қилиш тартиби”нинг биргина жиҳатига тўхталиб қўя қолайлик:

Ҳукуматнинг нуфузли вазирликлари чиқарган мантиқсиз фармону қарорларга асосан, нима эмиш, фақатгина давлат (у ҳам бўлса рўйхатга киритилган давлат ташкилотлари!) ташкилотида ишлайдиган фуқароларгина Тошкнет шаҳрига доимий ва ё вақтинчалик пропискага қўйишлари мумкин эмиш!

Ҳотамтойликни қаранг!

Яна нима эмиш?!: Доимий ва ё вақтинча рўйхатдан ўтиш учун иш жойидан маълумотнома келтириш шарт эмиш!

Энди бунингдек маълумотномабозлигу ҳотамтойликни озгина таҳлил ва тафтиш қилиб кўрайликчи?

Умуман олганда, доимий ва ё вақтинчалик пропискаси бўлмаган фуқарони Тошкент шаҳрида бирор бир ташкилотга ишга қабул қилишадими? Асло! (Бундан Сенаторлар, Олий Мажлис депутатлари, Президент кўрсатмаси билан курсига ўтирган амалдорлар мустасно, албатта) Мабодо, қабул қилишгудек бўлса, онасини Учқурғондан кўртасишади! Буни Ўзбекистондаги 7 яшар бола ҳам билади-ку!

Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлмаган фуқарони ишга қабул қилинганлиги тўғрисида паспорт столига қай бир корхона маълумотнома бера оларди? Бунинг учун мазкур ташкилот раҳбарининг кўксида битта эмас, камида учта юрак тепиб туриши керак эмасми?

Негаки, махсус хизматнинг ТАЪМАТАЛАБ тезкор ходимлари ўша соатнинг ўзидаёқ маълумотнома берган ташкилот эшигида ҳозиру нозир бўлишади: “Марҳамат қилиб айтингчи, нега ҳукумат қарорларини бузмоқдасиз? Нечук доимий, ва ҳатто вақтинчалик пропискаси йўқ шахсни ишга олмоқдасиз? Бунингдек ноқонуний ҳаракатни қанча соққа эвазига амалга оширмоқдасиз?”… Хуллас, саволларининг кети кўринмайди. Бу адоғсиз саволлар занжири топган-тутганини махсус хизмат ходимларига қўшқуллаб тутмаган раҳбарни кишанбанд қилиб то қамоққа қадар элтиши ҳам мумкин!

Шундай экан, “Фақатгина давлат ташкилотида ишлайдиган шахсларгина доимий ва ё вақтинчалик прописка қилинади” деган лабиринт ҳотамтойликнинг кимга кераги бор! Ҳукумат бошқаруви идораларининг бунингдек лобирент “саховатпешалик”лари шунақанги чалкашки, ичига бош суқсангиз, адашиб қолиб, эсингиз оғиб қолиши ҳеч гап эмас.

Бу – масаланинг бир томони.

Иккинчи бир, ўта муҳим жиҳати ҳам борки:

ҲУКУМАТ НЕГА ХАЛҚНИ КОНСТИТУЦИЯ ТАЛАБЛАРИГА ЗИД ТАРЗДА ТАБАҚАЛАРГА АЖРАТМОҚДА?

Ўзбекистон фуқароларининг пойтатхт Тошкентга келиб яшаш ва хусусий мулк сотиб олиш ҳуқуқини чекловчи фармону қарорлар, хусусан, Ички ишлар вазирининг “Давлат корхонасида ишлайдиган фуқароларгина Тошкент шаҳрига доимий ва ё вақтинча рўйхатдан ўтишлари мумкин” деган мазмундаги буйруғи, (очиғи, буларни ШАРТ десак тўғрироқ бўлади) Конституциянинг 18-моддаси(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига қаранг)га хилоф эмасми? Барча давлат ташкилотларида ишловчи фуқароларгина Тошкент шаҳрига доимий ва ё вақтинча рўйхатдан ўтишлари мумкин экан-да деб тушунманг, бунингдек бемаъни қарору буйруқларда айрим давлат ташкилотлари назарда тутилган, холос.

Ана, энди ўзингиз ўйлаб кўринг:

Бундан чиқдики, халқнинг ўзи сайлаб қўйган СЕНАТОР (Сенаторга, Олий Мажлис депутатига доимий ва ё вақтинча прописка мумкин) ҳукумат расмийлари наздида – ОДАМ. Уни сенатор даражасига кўтарган, сайлаб қўйган халқ эса Одам эмас. Ҳарбийга ҳамма нарса мумкин. Ҳарбийга пойтахтга прописка қилиш ҳуқуқи берилган! Аммо ҳарбийни дунёга келтириб қўйган ота-онасига ҳеч нарса мумкин эмас! МХХ зобити олий насаб, Тошкентга прописка қилишга ҳақли! Бироқ унинг қондошлари ишсиз бўлганлиги сабабли ҳам одам қаторида саналиши мумкин эмас! Ҳокимият идораси вакили, Тошкентда яшашни истайсизми, марҳамат! Аммо, лекин сизнинг қишлоқи қариндошингизга пойтатахтдан уй олиш ҳақида ўйлаш, прописка қилишни орзу қилиш ҳам мумкин эмас. Ўрта маълумотлилар, чилангар, тракторчи, сувчи, этикдўз, дурадгор, нафақахўр –ҳукумат расмийлари тасаввурида, ҳеч ким эмас, писта пўчоқ! Бундайлар давлат бошқаруви учун шунчаки қора ишчи кучи холос! Уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш шарт ҳам эмас! Айрим давлат идораси вакиллари, Олий маълумотлиларнинг ҳуқуқларигина ҳукумат ҳимоясида!

Ўқитувчига вақтинчалик прописка мумкин эмишу, хусусий ўқув марказида ишлайдиган шахсга доимий прописка мумкин эмас эсиш!

Бундан чиқдики, ўқитувчининг қони тоза, хусусий ўқув маркази ходимининг қони бузуқ.

Хуллас, оддий халқ вакили пойтахтда эркин ҳаракатланиш ҳуқуқидан маҳрум. Оддий касб эгаларига Тошкентда доимий пропискадан ўтиш таъқиқланади!
Йўқ, мен тушунмайман! Нима учун ҳукумат амалдорлари халқни табақаларга, синифларга ажратмоқда!

Буниси яна қандайин бемаънилик бўлди! Бу халқ учун қандайин ҳақорат! Қандайин хўрлик!

Нима эмиш: Ҳукумат қарорларига асосан вилоятдан келган фуқаронинг Тошкент шаҳридан уй сотиб олишга ҳаққи, ҳуқуқи йўқ эмиш. Вилоятда яшайдиганларга пойтахтдан ҳовли сотиб олиш мумкинмасмиш!

Йўқ, мен тушунмаяпман, илтимос менга тушунтириб беринг:

Нима учун Каримова Гулнора Исломовна бир қарасанг Россиядан, бир қарасанг Швецариядан, Франциядан, исталган ҳорижий мамлакатларнинг қоқ киндигидан ўз номларига миллиард-миллиард долларлик кошона сотиб олишлари мумкину, менингдек бир фақирга ўз киндик қоним тўкилган юртимнинг пойтахтидан товуқнинг катагидек кулба харид қилиш мумкин эмас! Шуни асослаб тушунтириб беринг менга!

Тиллаева (Каримова) Лола Исломовна ҳали Франциядан, ҳали АҚШдан, қўйингчи, дунёнинг нақд еттита давлатидан кўзни қамаштирадиган қасрлар харид қилса майли экан-да-а? Эътибор беринг, Президентнинг кичик қизи биргина АҚШнинг ўзидан 32 миллион 750 минг АҚШ долларлик бошпана олган, бироқ, шўрлик Ўзбекистонлик, шўринг қургур ўзбек ўз ватанининг пойтахтидан – Тошкентдан бошпана сотиб олишни истаса, таъқиқ! Пойтахтдан доимий рўйхатдан ўтаман деса, ва ё лоақал вақтинчалик пропикага қўяман деса, “запрет”!

Президент Каримовнинг қайинсинглиси Тамара Содиқова Туркиядан 3000000 АҚШ долларига эелет квартира сотиб олса, эгалик қилса, бемалол экан-у, Ўзбекистоннинг вилоятида туғилган фуқаро Тошкнетга талпинса, уй харид қилишга уринса – ЖИНОЯТ экан! Нега шундай?

Қани бу ерда тенглик? Қани ўша сиз айтаётган адолат? Ўзбекистон расмийларининг фармону қарорларидаги мантиқ қани?

Ижтимоий тенгсизлик деганлари суяк-суягингни зирқиратадиган даражада оғриқли бўладими-а?

ХАЛОЙИҚ!

Сизу бизнинг ўз ватанимизда эркин ҳаракатланишимизга чекловлар қўяётган, Пойтахтда яшаш, ишлашдек истагимизни таъқиқлаётган Ички ишлар вазирлиги ниманинг ҳисобига яшашини бир эслаб кўринг!

Ички ишлар идоралари сизу бизнинг, халқнинг ҳисобига яшайди, аҳоли тўлаётган солиқлар эвазига кун кўради, маош олади.

Ана энди айтингчи, халойиқ, сизу биз ички ишлар идолари ходимларини солиқларимиз асосида не сабабдан боқмоқдамиз? Бизни ҳимоя қилишлари учунми, ёки ўз устимиздан ҲУКУМРОНЛИК қилишлари учунми?

Демакки, бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни топтаётганлиги, камситаётганлиги, оёқ ости этаётганлиги, хўрлаётганлиги, ҳаракатланиш ҳуқуқимизга раҳна солаётганлиги, ғуруримиз, шаънимизни топтаётганлиги учун ҳам, бизким – ХАЛҚ ички ишлар вазирлигига ҲАҚОРАТЛАРИ эвазига ҲАҚ тўлаёт эканмиз-да?! Тўлаётган солиқларимиз ҳисобидан ИИВнинг қорнини тўйғазаётган эканмизда! Оқибати нима бўлди? “Эшак семирса эгасини тепади” деганлари рост бўлди, шундай эмасми?

Мен бу билан нима демоқчиман: Нафақат Ички ишлар (собиқ) вазири Б. Матлюбовнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва Тошкент влиоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги 2012 йилнинг 1 май куни имзоланган 71-сонли буйруғи, балки мазкур масала юзасидан чиқарилган жамийки фармону қарорлар мутлақо асоссиз, ғайриқонуний ва Конституцияга зид.

Бас шундай экан, ИИВнинг мазкур ноқонуний буйруғини, бу масалага оид барча фармону қарорларни зудлик билан бекор қилиш зарур.

Мен, Эшонқулова Малоҳат Худжамовна 2016 йилнинг 25 март куни Ики ишлар вазирлигининг мазкур буйруғини бекор қилиш тўғрисида судга даъво ариза киритиш устида иш олиб бормоқдаман.

Биз, ўз ҳуқуқлари ИИВ томонидан қўпол равишда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар – даъвогарлар сони ҳозирча уч нафармиз.

Ўз ватани пойтахтида ҳақ-ҳуқуқлари топталиб, саргардон бўлиб юрган юртдошлар, биламан, сиз кўпчиликни ташкил қиласиз.

Шу тобда, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романидаги Юсуфбек Ҳожининг хитобларини хаёлимда чарх урмоқда: “Халойиқ, қўзғалинг!”.

Суд орқали ўз ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилишга, судга даъво ариза киритишга шошилинг.

Бизга қўшилинг!

Мурожаат учун телефон: +99893 5701747.

Малоҳат Эшонқулова
мустақил журналист, ҳуқуқ фаоли