Ким айтдики бу давлат халққа қилмайди химмат,
Химматимиз ортидан гўштни қилдикку қиммат!
Гўштни қиммат қилмасак ошқозонни емириб,
Хар кун ош еявериб халқ кетарди семириб!
Йўллар эгри-бугримиш бунинг неси фалокат,
Текисласак кўпаяр ахир автохалокат!
Кўплар чет-элда қулмиш экканини ўрсинда,
Нуқул Ватанда не бор хорижни хам кўрсинда!
Халқ хануз кўмир, таппи, ўтин ёқишга қодир,
Газ берсак ким жавобгар портлаш бўлса содир?
Эмас учоқ чиптаси қимматлиги яширин,
Ахир сабаби хам бор таомлари зўр, ширин!
Халққа яхши бўлсин деб турфа режа туздикку,
Янгисин бермасакда эски уйин буздикку!
Сувни бемалол қилсак эхтимол бор тошиши,
Зинони кўпайтирар халқ маошин ошиши.
Рўмолни тақиқладик хоинлар мисол писиб,
Қизлар ёз чилласида кетмасинлар деб исиб.
Чироқни хам ўчирдик бизлар кунда кунора,
Халқни ўйлаб, фарзандлар кўпроқ туғилса зора!
Ёқилғи нархи ошди халқ норизо боқмасин,
Арзон қилсак хокимдек султонни хам ёқмасин!
Уйда не хам қиларди ғийбат сотарди бекор,
Аёлларга тақиқ йўқ учдан бири мардикор.
Аммо хижоб ўраса пўстагини қоқамиз,
Эр-ла қўшиб иккисин авахтада боқамиз.
Олийгохга кирмоқ чун гох ошкора, гох пинҳон,
Пора олиб турмасак имтиҳонми имтиҳон?
Хайдовчи киссасига яна қўлин солажак!
Қўл солмаса йўл патрул ходими оч қолажак!
Фақатгина у эмас биз хам қўлни соламиз,
Йўқса “Toshkent City”ни қандоқ қура оламиз?
Уйларни бузсак бизга йўқдир чиқим бор кирим,
Ишкал чиқса сўраймиз тил учида кечирим.
Хуллас нима қилсак хам шу эл учун, халқ учун,
Лек англолмаймиз миллат қадримиз билмас нечун?
Халққа бизнинг яхшилик “Samsung” эмасдир “Artel”
Наҳот барча ислоҳот бўлса биринчи апрель?
Абдураҳмон Мешаян
Манба: facebook.com