ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ – 11 (давоми)
САҲИЙФА ВОҚЕАСИ
Қурайш мушриклари кўрдиларким, иймон келтирган мусулмонларнинг сони кундан-кунга кўпайгани турди. Бир мунчалари бўлса, Ҳабашистонга ҳижрат қилишиб, Нажоший ҳимоясида қарор топдилар, муҳожирларни қайтариш учун юборган вакиллари эса, ғаразлик ҳадялари ўзларига қайтарилиб берилди. Алар бу сафарларидин мақсадга етолмай, беобрўй бўлишиб, ноумидлик билан қайтдилар. Энди Қурайш раислари бу енгилишларига қарши ўзлари учун бир фойдалик иш чиқариш қасдида бутун Қурайш уруғларидин қўшма бир улуғ мажлис чақирдилар. Бани Ҳошим, Бани Мутталиб, бу икки уруғдин ўзга, борлиқ Қурайш қабила бошлиқлари бу мажлисга ҳозир бўлдилар. Юқориги икки уруғ бўлсалар, Қурайш қабиласи ичида насаб жиҳатдин энг яқинроғи шулар эди. Абу Толибнинг ташвиқоти ила буларнинг мўмин-мушриклари баробар бир жонлари борича Пайғамбаримизни ҳимоя қилишга ваъда беришган эди. Мана шунинг учун бу мажлисда қараладиган масала шулар устида бўлди. Мажлис очилгандин сўнгра Ислом динига қарши ҳар томондин кўп сўзлар ўтиб, энг охирида бу икки уруққа қарши қуйидаги моддалар қўйилиб, бир қаттиқ аҳднома тузилди:
- Алар билан савдо-тижорат қилмаслик.
- Аларга қиз бериб, қиз олмаслик.
- Маърака-мажлисларга улардин ҳеч кимни чақирмаслик.
- Бозордин ва бошқа жойлардин уларга озиқ-овқат жинсидин ҳеч бир нарса олдирмаслик.
- Атрофдин келганларни уларга қўшмаслик.
- Алар билан қайси ҳолда бўлсин сўзлашмаслик.
Қисқаси, мусулмонлар ва ҳам уларни ҳимоя қилгувчилар ҳақида ҳар қандай ёмонлик бўлса, аямасдин қилишлик бу аҳдномада бор эди.
Мана шу мазмунда аҳднома ёзишиб, Қурайш раислари тасдиқлашгандин кейин, буни бузишга ҳеч ким йўл топмасин ва бу қилган аҳдимиз мустаҳкам бўлсин деб, «аҳднома саҳийфаси»ни Байтуллоҳ ичига осиб қўйдилар. Шунинг билан мажлис тарқалди ва мусулмонларга ҳеч кўрилмаган улуғ бир бало бошланди. Алар бу аҳднома таъсиридин олдиларида оғир кунлар борлигини шу кундан бошлаб сездилар. Макка шаҳрининг турлик томонида тарқоқ ҳолда ўлтиришган икки уруғ аҳли ўз ичларидаги мусулмонлари ила баробар, эҳтиёт юзасидин не кўргилик бўлса, бир жойда бўлайлик, дейишиб, «Абу Толиб жилғаси» деган ўринга кўчишиб кирдилар. Пайғамбаримизни ўрталарида сақлаш учун, барчалари бир маҳаллага тўпландилар. Шундоғ бўлиб, бу аҳднома сабабидин мусулмонларга келган оғирчилик, қаттиқ кунлар, узилмай, уч йилга чўзилди. Бу муддат ўтгунчалик жилға ичида қамалган ҳолда қолдилар. Мусулмонларнинг турмуш-ҳоллари кундан-кунга оғирлашиб, халқ билан ичкари-ташқари алоқалари узилди. Ҳар томонлама тирикчилик тўғрисида кўп қийналдилар.
Энди иш шу ҳолга етганда, раҳмати илоҳий қўзғолиб, Қурайш раисларидин ушбу номлари билан ёзилган олти киши: Ҳишом ибн Амр, Зуҳайр ибн Аби Умайя, Мутъим ибн Адий, Навфал ибн Абду Маноф, Абул Бахтарий, Замъа ибн Асвад бир кеча ўзаро ўтиришган мажлисларида бу аҳднома устидин сўз чиқди. Бировлари туриб, айтдики:
— Бу андоғ мурувватсизлик ишдур, Қурайшнинг икки уруғи очу зорликда қирилишга келди, шулар ичида ҳар қайсимизнинг қавму қариндош, оға-иниларимиз бордур. Абул Ҳакамнинг бизга ўхшаш, уларнинг орасида амма-холалари бўлса эди, илгариёқ аҳдномани ўзи бузишга бошлар эди, — деганида ҳаммаларининг хаёллари бузилди. Бу куни юқорида номлари ёзилганлардин Ҳишом ибн Амр Зуҳайр ибн Аби Умайя олдига келди. Бу киши эрса, Пайғамбаримизнинг аммалари Отика ўғли эди. Анда Ҳишом:
— Эй Зуҳайр, Бани Ҳошим сенинг ўз тоғаларингдур. Алар шу очу-яланғочликда, хор-зорлик ила халққа аралашмасдин жилға ичида қамалиб ётсалар, энди сен шулар ҳолини кўриб туриб, еб-ичиб юришга қандоғ чидайсан? Қасам ила айта оламанки, агар Абул Ҳакамнинг тоғалари бўлиб, шу ҳолга тушсалар, ҳеч вақт бу ишга розилик бериб турмас эди. Сенинг қараб туришингни ажаб кўраман, — деди:
— Эй Ҳишом, бу ишда ёлғиз манинг қўлимдин нима келур, агар бирор киши менга қўшилса эди, Худо ҳаққи, бу аҳдномани бузишга бошлар эдим, — деди Зуҳайр.
Анда Ҳишом:
— Андоғ бўлса, сенга бир йўлдош топдим, у ҳам бўлса ўзимман, — деди.
Буни онглаши билан Зуҳайр яна бир киши топишга буюрди. Энди иш шу билан бошлангани турди. Сўнгра Ҳишом бу ердин чиқиб Мутъим ибн Адий олдига келиб:
— Эй Мутъим, Абду Маноф наслидин икки уруғ ҳалок бўлишига сен розими, ул раҳмсизларнинг кўнгли учун шундоғ жабру зулм устида қараб турдингму, агар бошқалар ҳақида иш шу ҳолга етган бўлса эди, сизлардин илгарироқ бу аҳдни ташлар эдилар, — деди. Бу сўздин Мутъим қаттиқ таъсирланди ва деди.
— Мен ёлғиз киши бу аҳдни бузишга қандоқ журъат қиламан? — деди.
— Ёлғиз эмассан, — деди Ҳишом.
— Ким эди ул?
— Мен иккинчи бўлиб, сенга бу ишда ёрдурман. Учинчини ҳам топиб қўйдим. Зуҳайр ибн Аби Умайя.
— Ҳой, андоғ бўлса, тўртинчи бир киши топар эсанг, бу ишнинг вужудга чиқишида шак йўқдур, — дедилар. Сўнгра Ҳишом Замъа ибн Асвад қошига келиб, юқоридагиларга дегандек сўзлар билан бунинг ҳам ҳамиятини қўзғади. «Бу ишда биздан бошқа кимлар бор?» деб сўраганида юқоридагиларни кўрсатди. Шундоғ бўлиб, бу олти одам бир кеча яширин равишда Макка шаҳрининг юқориси Ҳажжун деган жойда шу масала устида йиғилишдилар, ва шу мажлисда саҳийфа аҳдномасини бузишда иттифоқ ила баробар туришга, қаттиқ ваъда беришиб тарқадилар. Бу масалани қўзғаш учун сўз чиқаришни Зуҳайр ибн Аби Умайя ўз устига олди. Қурайш раисларининг одатларича, эрталаб Байтуллоҳ олдига йиғилдилар. Шу чоғда Зуҳайр ибн Аби Умайя эгнига олий либослар кийган ҳолда келиб Байтуллоҳни етти айланиб, тавоф қилди. Сўнгра туриб, баланд овоз ила қичқириб:
— Эй аҳли Макка, биз бунда ўз роҳатимиз ила еб-ичиб фароғатда ётсак, Қурайшнинг икки уруғи — Бани Ҳошим, Бани Мутталиб, булар очу зорликка қолиб қирилишга яқинлашган бўлсалар, биз йироқдин аларнинг ачинарлик ҳолларига томоша қилиб турсак, бу қандоғ кўнгли қоралик, раҳмсизликдур. Улуғ Аллоҳ таоло оти ила онт ичаманки, ул зулм, хиёнаткорлик қора саҳийфа аҳдномани йиртиб, парчалаб ташламагунча, турган ўрнимдин ўлтурмайман, — деди.
Анда Каъбанинг бир тарафида ўлтирган Абу Жаҳл сўзни эшитиши билан ўрнидан сакраб туриб:
— Бу саҳийфа ҳеч қачон йиртилмайди, аҳднома шартлари ҳеч вақт бузилмайди, бу сўзни бекор айтурсан, — деб шовқин солди. Бунга қарши Замъат ибн Асвад туриб:
— Сен бекор айтурсан, буни бузмагунча қўймаймиз, анинг туришига рози эмасмиз, — деди. Бу икковини қувватлаб, Мутъим ибн Адий:
— Сизларнинг сўзинглар тўғридур, бошқалар хато сўзлади, безормиз бундай аҳдномадан ва унинг ичида ёзилган шартларидин, — деди. Энг охирида Ҳишом ибн Амр ҳам улар сўзларини қувватлаб чиқди. Қурайш раисларидин бўлган бу олти нафар одам тарафидин қилинган бу ҳужумни кўриб, Абу Жаҳл ҳайронлик ила:
— Ҳой, бу иш бу жойдин бошқа бир ўринда илгариёқ тайёрланган экан, йўқ эрса олти одамнинг сўзи бир ўқдек отилмас эди, — деб сукутга мажбур бўлди. Абу Толиб бу ишнинг натижасини кутиб бир четда ўтирган эди, анинг олдига Пайғамбаримиз келиб дедиларким:
— Биродарим Жаброил шундоғ айтур: «Аларнинг Байтуллоҳ ичига осган аҳднома хатларини Аллоҳ исмидин бошқа ҳарфларини араза деган ёғоч қурти тамом еб битирибдур.
Абу Толиб бу сўзни эшитиши ҳамон сўз бўлиб турган мажлис устига келиб:
— Эй Қурайш халқи, шу ҳозирда қариндошим ўғли Муҳаммад, бу саҳийфанинг, Аллоҳ ҳарфлари ёзилган жойидин бошқа ерларини бутунлай араза қурти еб қўйди, дейдур. Энди ишимиз осонлашди, бориб кўрайлик, агар Муҳаммад айтгани тўғри чиқса, бу аҳднома шу кундин бошлаб бузулгани бўлсин, агар сўзи тўғри чиқмай қолса, анда ўз қўлим билан Муҳаммадни ушлаб, сизларга топширай, — деди.
Сўнгра Мутъим ибн Адий саҳийфани олиб, йиртиб ташлаш учун ўрнидан турди. Келиб қараса, хат бошига ёзилган «Бисмикаллоҳумма» бор жойдин бошқасини қурт еб қўйибдур, ёлғизгина шу ҳарфларнинг ўрни осилганича турибдур. Бу қандоғ қудратдурким, саҳийфа аҳдномасини бузишга киришган бу олти киши ичида бирортаси бўлсин ҳали Исломни қабул қилмаган эди. Балки барчалари бу аҳдномани тузишга қатнашган Қурайш раислари эдилар, Аллоҳнинг иродаси бўлиб эди, аларнинг ўз қўллари билан ёзиб, бузулмаслик учун Байтуллоҳ ичига осишган аҳдномаларини яна ўзларига йиртказди ва бу саҳийфада икки турлик мўжиза кўрсатди.
Бири — Пайғамбаримизнинг берган хабарлари тўғри чиқишидур.
Иккинчиси шуки, араза қурти ноҳақ зулм сўзлар ёзилган жойларини бутунлай еб, «Бисмикаллоҳумма…» ёзилган жойларининг ўзигина қолишидур. Мана шунчалик ошкора мўжиза кўриб турсалар ҳам, яна уларнинг тошдек қотган кўнгиллари юмшамади.
Шунинг билан ҳар ҳолда саҳийфа балоси мусулмонлар бошларидин кўтарилиб, қамалиб ётган жилға ичидин чиқдилар. Бу воқеа эрса, тарихий китобларда улуғ бир воқеалардин саналур.
Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толиб, юқориги олти нафар одамнинг бу ҳақда қилган хизматларини тақдирлаб, бу неъматнинг шукронаси учун араблар одатича узун бир қасида айтиб, аларни таъриф-тавсиф қилган бу шеърлари сийрат китобларида машҳурдир. Бу воқеадин кейин мусулмонлар яна халққа аралашиб, тирикчилик алоқасида бўлдилар. Пайғамбаримиз ҳам секинлик билан халқни динга даъват қилишда давом этдилар. Қурайш мушриклари буни тўсишга бошқа ҳеч чора топишолмай, атроф арабларидин келган кишиларни мумкин қадар Пайғамбаримиз билан кўриштирмаслик йўлига киришдилар.