Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(70-қисм)
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимига, умуман, диний ҳаёт соҳасига сингдириб юборилган “Қори ака ва бошқалар”ни бу ерда биз давлат динни қандай бошқаришига бир мисол этиб келтирдик. Шахси билан асло ишимиз йўқ.
Диний сиёсат оқилона юритилганида бунча ташвиш, бунча оворагарчилик, бунча шармандагарчиликка ўрин қолмас эди. Лекин шунча ташвиш, шунча оворагарчилик, шунча шармандагарчиликка қарамай барибир ишини эплай олмаётганини давлат ўзи ҳам билиб турибди. Ўрта-ичида халқи билан, мусулмонлар билан қаршима-қарши келиб ўзини кучсизлантиргани қолди, холос.
Мамлакат тараққиёти йўлида сарфланса катта фойда келтириши мумкин бўлган куч-ғайрат, маблағ, ақл-заковат битта ишга – динга қарши курашга йўналтирилгани афсусланарли.
Давлат дин соҳасида олиб бораётган сиёсатини динга қарши кураш деб атамаслиги, “диний экстремизмга, терроризмга, диний оқимларга қарши кураш”, “соф Ислом учун кураш” деб аташи табиий, албатта.
Зотан, йигирма йиллик курашини шундай деб тушунтириб келяпти ҳам.
Аммо бу сўз ўйинлари билан моҳият ўзгармайди – кураш негизда динга қарши қаратилганини кўр ҳам кўриб турибди.
Қолаверса, давлат диннинг ўзини ҳам, диндаги оқимларни ҳам яхши билмайди-ю, “соф Ислом” нималигини биладими?! Билмаган нарсаси учун қандай курашади?!
Натижада бу йўлда қўллаган ҳар бир чораси охир-оқибат динга қарши бўлиб чиқяпти. Бу ҳолат биринчи навбатда мамлакатнинг ўзига катта зарар келтирмоқда – халқ бўлиниб, давлат тобора кучсизланиб боряпти.
Агар давлат ўзининг фойдасини кўзласа, неча йил олдин ҳақсиз ўлароқ дин узра кўтарган қиличини қайтариб қинига солиб, нафрат эмас, меҳр-муҳаббат йўлига ўтиши, дин билан илиқ муносабат ўрнатиши, динга очиқ юз билан боқа бошлаши керак. Ўртада дўстлик, самимият, ўзаро ҳамжиҳатликни қарор топтириши лозим.
Дин давлат исмли ташкилотнинг душмани эмас, уни ёмон кўрмайди.
Дин ҳар қандай ёмонликнинг душмани – ёмонликларни яхшиликларга айлантириш унинг вазифаси.
Давлат ҳам айни шу вазифани бажариши керак деб ўйлаймиз. Ёмонликларни ёқлаган, ёмонлик томонини олган давлатгина динни ўзига душман билади.
Давлати яхшилик томонида бўлишини мусулмон эл-юрт ҳам истайди.
Давлат динга дўстона, самимий муомала қила бошласа, бу ўзгаришни мусулмон халқимиз дарров сезади ва тезда давлатининг ёнига кириб, Ватан равнақи йўлида ихлос билан хизмат эта бошлайди. Шунда натижа ҳам яхши бўлади.
Энди бу айтилганлардан кичик бир хулоса ясаш фурсати ҳам келди.
Кичик хулоса
Ўзбекистонда диний вазият оғирлигига фақат давлатни айбласак, ҳақиқатнинг бир томонинигина кўрган бўламиз. Инсоф билан айтганда, диндорларнинг, айниқса диний уламоларнинг, айниқса диний идоранинг айби давлатникидан кам эмас.
Буларнинг тажрибасизлиги, қўрқоқлиги, динда собит туриб бера олмагани оқибатида йилдан-йилга, ойдан-ойга, кундан-кунга мамлакатда дин иши орқага кетаверди. Диннинг жамиятимизда тутган ўрни кетма-кет бой берилиб… келиб-келиб, бугунги аҳволга тушдик!
Кундалик ҳаётимиздан оддий бир мисол. Давлат кимнидир “ақидапараст” гумон қилиб қўлга олди, дейлик. Ички ишлар ҳам, МХХ ҳам, пуркуратура ҳам на динни тузук-қуруқ билади, на оқимни ва на диндаги ғаразсизу ғаразли ҳархилликни. Билмаганидан кейин, табиий, диний уламолардан ёрдам сўрайди.
Айниқса, илк паллалари ҳақиқатни юзага чиқариш мақсадида самимий сўрар эди: “Аниқлаб беринглар, булар ким ва ишлари нима?” дерди.
Илм ўшанда ҳукмнинг тўғрисини айтганида, олам гулистон эди. Аммо экспертлик қилувчи “илм” бирдан сергак тортди, ҳақиқатнинг юзига эмас, давлатнинг қош-қовоғига қаради, экспертлик мақомидан баковуллик мақомига инди: давлат нима истаётганини илғашга ҳаракат қилди ва… соф диний хулоса бермай, ўша истакка монанд “жавоб” бера бошлади.
Бундай тутими билан учтомонлама айбга йўл қўйди:
1) ҳақиқатга хиёнат қилди;
2) бир шўрлик гумонлининг гулдай умри хазон бўлишига сабабчи бўлди (аксинча, бор гапни борича айтганида, гумонли шахс тушунмовчилик орқасидан келадиган муқаррар жабрдан балки эсон-омон қутулиб кетган бўларди);
3) давлатни ҳам чалғитди ‒ масалани тўғри тушунтирганида, давлат ҳам бошдан-бош бунақа тўғри тушунтиришларга кўникиб борар ва балки кейинчалик динга қарши ҳозиргичалик қаттиқ сиёсат юритмаган бўлар эди.
Аммо зарар бу учалови билан чекланмайди. Энг катта зарар – орқасида турган халқни, оддий мусулмонларни ўнғайсиз ҳолга тушириб қўйганида.
Оддий халқ Оллоҳдан қўрқадиган чинакам олимга, Тўғри йўлга бошлайдиган йўлбошчига ҳамиша муҳтож. Йўлбошчи динида собит бўлса, кетидан иккиланмасдан, хавотирсиз эргашаверади, собит турмаса, мўмин-мусулмоннинг юраги эзилади, бора-бора руҳи чўкади.
Мана шуниси улкан йўқотишдир. Чунки халқнинг руҳини қайтадан кўтариш, ишончини мустаҳкамлаш жуда оғир кечади ва кўп вақтни талаб этади.
Ибрат учун тарихга бир назар.
Ўрусия Туркистонни босиб олган илк дамларни эслайлик.
Тупроқлардаги Ватан куч билан душман қўлига ўтди, аммо юраклардаги Ватан ҳали тўла таслим бўлмаган эди. Ҳали халқнинг руҳи чўкмаган, бир силтанишда у ювуқсизларни мамлакатдан қувиб юбориш умиди юракларда ҳам, билакларда ҳам сўнмаган эди.
Буни босқинчи ҳам биларди. Тадбири олинмаса, озгина фурсатдан кейин бу “туземетс”лар ўзини ўнглаб, келгиндиларга қайтадан шимолнинг йўлини кўрсатиб қўйиши турган гап, деб ҳис этар эди.
“Бугун қуролимиздан қўрққанидан индамай, мўлтираб қараб турибди, аммо кўнглидан нималар кечаётганини қаёқдан биласан. Буларга заррача ишониб бўлмайди. Ахир, кейинги замонларда жулдурвоқи бўлиб қолгани билан неча асрлар дунёни титратгувчи салтанатлар қурган халқ бу!” деб ўйлар эди.
Босқинчи энг олдин халқнинг руҳини синдириш, юрагини эгаллаш пайига тушди. Тошкентга Оқпошшо келиши воқеасини бу йўлда илк имконият деб билиб, “катта томоша” кўрсатди. “Туркистонга Оқпошшо келяптилар!” деган гапни роса кўпиртириб, воқеага улкан сиёсий тус бериб, сўнгра Тошкентнинг ва Туркистоннинг ҳамма казо-казосини “Оқпошшони кутиб олиш”га темирйўл вокзалига олиб чиқди.
Уламолар, Қозилар, Аъламлар, Мударрислар… Қўйинг буларни, эл кўзида кимнинг озгина обрўси бўлса, ҳаммасини байрамона кийинтириб, бошига катта-катта саллалар ўратиб, Оқпошшо истиқболига чиқишга буюрилди.
Содда пешволар ҳозир нима воқеа юз беришини билмас, тахмин ҳам қила олмас эди. Бу чиқишлари келажакда қанақа оқибатларга олиб келишини ҳам етти ухлаб тушида кўрмаган. “Оқпошшони кутиб оларканмиз” деб ўйлашарди, холос.
“Олий мартабали Оқпошшо билан оқбилакойим хотинлари ўтаётганларида ҳамманг икки қатор бўлиб, узун йўлак ҳосил қилиб, (руку сингари) икки букилиб, ерга қараб турасан, Оқпошшо ҳазратлари шарафли хотинлари билан «падрушка» қилган ҳолда ўртадан ўтиб кетадилар. Ким бошини кўтариб қарашга уринса, калласи кетади!” деб буюрилди.
“Булар ҳам мусулмонга ўхшаркан-да, хотинини номаҳрамлар кўзидан пана қилиб олиб ўтаркан-да”, деб ўйлади бизнинг гўл “улуғ”лар. Ва шу дамгача Оллоҳгагина букилган мўмин қоматлар энди ювуқсиз бир Оқпошшо ҳазратлари билан у “зоти шариф”нинг оқбилак хотинчаларига букилди! Ёлғиз Оллоҳгагина сажда қилган мусулмон бошлар бу гал Оқпошшо ҳазратлари билан у “зоти шариф”нинг оқбилак хотинчалари оёғига сажда қилди!
Ўша замонларда эндигина урф бўла бошлаган фотоускуналар шарақ-шуруқ ишга тушди. Ҳолатни суратга олиб тарихларга муҳрлади:
оқчакмонлилар, оқсаллалилар икки қатор тизилган…
ўртада йўлак…
нигоҳлар ер чизади…
салла-чакмонли мусулмон қоматлар, миллат пешволари бир текис таъзимда – руку ҳолатида…
Оқпошшо ва у “зоти шариф”нинг оқбилак хотинчалари ўртадан виқор-ла ўтиб боряпти…
қадни кўтаришга, қоматни тик қилишга кимса ботинмайди – жон ширин…
Уммат йўлбошчиларининг таъзим-таслим ҳолати акс этган суратларни газет-жўрнолларда эълон қиларкан, Ўрусия дунёга бошқа, Туркистон халқига бошқа икки таъсирни мўлжаллаган эди. Дунёга гўё бундай демоқчи бўлди:
“Бир замонлар чингизий бўлиб, темурий бўлиб, бобурий бўлиб дунёнинг етти иқлимида салтанат суриб довруқ қозонган миллатнинг аҳволини кўринг, томоша қилинг! Инглиз эмас, ўрис ҳаммасини тиз чўктирди! Англия эмас, Ўрусия Туркистонни эгаллади! Буюк Туронни қўлга киритди! Мана, кўриб қўйинглар, Ўрусия қандай қудратли!”
Туркистон халқларига ҳам бу сурат ила ўзига хос бундай хабар йўлланди:
“Мана, бошлиқларинг, етакчиларинг, йўлбошчиларинг аҳволи! Ҳаммаси Ўрусия қудрати қаршисида таъзим қилди! Ўрусия ғалабасини тан олди! Бундан кейин сенларнинг эгаларинг бизмиз! Қаршимизда бошингни кўтаришга, кўзимизга тик қарашга ботинмагайсанлар! То сенларнинг турклик ёвқур руҳинг синиб, тўла қулимизга айланмагунингча таъзим қилдираверамиз! Таслим бўл, бошингни эг!”
Ҳа, Буюк Турон, Улуғ Туркистон неча асрдан бери Англия билан Ўрусия ўртасида талаш бўлиб келди. Охири Ўрусия улоқни қўлга киритди. Англия ютқазди.
Аммо Ўрусия ҳарбий қудрати ила жангларда Туркистонни енггани ва тупроқларини қўлга киритгани билан туркистонликларнинг ёвқур руҳи ҳали енгилмаган, ҳали Туркистон юраги бўйин сунмаган эди!
Барча мустамлакачи сингари Ўрусия ҳам бу камчиликни сезар, энди юракларга эгалик қилишни мўлжаллар эди. Бунинг учун олдин миллат руҳини синдириши кераклигини биларди. “Оқпошшони кутиб олиш маросими” бу йўлдаги энг таъсирли, энг ҳашаматли биринчи қадам бўлди!
Чиндан ҳам, Ватан учун аёвсиз жангларда синмаган руҳ бошлиқларининг – ишонган тоғларининг аҳволини кўриб-эшитиб синди. Бу суратларда акс этган ҳолат энди юракларни ҳам буткул бўйин сундирди. Олдинига газет-жўрнолларда босилиб, кейинчалик узоқ йиллар совет мактаб дарсликларида қайта-қайта чоп этилиб, бу суратлар ҳар туғилган наслнинг кўзига суқилди, бошини эгдирилди.