O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Халқ додини тинглайдиган додхоҳлар қолибдими?!

Халқ додини тинглайдиган додхоҳлар қолибдими?!
418 views
14 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(38-қисм)

Ўн еттинчи шох: Додингизни тинглашга бир додхоҳ бўлса экан…

Хонлик даврларида давлат тизимида “додхоҳ” номида бир амалдор бўлган. Вазифаси ‒ арз билан келган раиятнинг доди (дарди)га қулоқ солган. Арзини ёзиб келган бўлса, олиб қолиб, рўйхатдан ўтказиб, керакли мансабдорга етказган, бордию арзчи саводсизликдан ё имконсизликдан ёзмасдан оғзаки келган бўлса, додига қулоқ солиб, қоғозга қаймоғини тушириб, уни ҳам рўйхатдан ўтказиб, сўнг тепага чиқариб юборган. Давлатнинг катта-кичиклигига, қудратига қараб додхоҳлар оз ё кўп бўлган.

Хивага саёҳатга борганимда мезбонлар хон саройидаги бир хонани кўрсатиб, фуқароларнинг аризасини қабул қиладиган хона деб таништиришди. Қўқон хони саройида ҳам бундай хона бор. Мени қизиқтириб қўйган нуқтаси ‒ у хона ичида сал тепароқда янаям ичкарига очилган қандайдир туйнукча ё эшикчанинг бўлиши эди. Айтишларича, истаган пайти хоннинг ўзи ёки вазир ичкари йўлакларидан ўша туйнук ё эшикча орқасига келиб, додхоҳларга ҳам, додчиларга ҳам кўринмай, билдирмай ўтирган.

Худди шунақа хонани Истанбулдаги халифалар саройи Тўпқопини зиёрат қилишда ҳам кўрдим. 1997 йили бир ёзувчи акамиз билан бирга меҳмонга чақирилганимизда мезбонлар Тўпқопи музейига ҳам олиб киришган. Албатта, султон саройидаги додхоҳлар хонаси улкан ва баланд эди. Айтишларича, бир пайтнинг ўзида йигирмадан ошиқ додхоҳ аризачиларни қабул қилган. Хонанинг одам бўйи етмайдиган тепа қисмида учта ганчпанжарали туйнук бўлиб, улардан бири айни халифа келиб амалдорлари ишини кузатадиган пакка экан. У ерга пастдаги ҳамма гап эшитилади. Халифа деярли ҳаммани кўриб туради, лекин хонадаги ҳеч ким уни кўрмайди, бор-йўқлигини билмайди.

Мақсад:

1) раиятининг арз-додини амалдорлари орқали эшитишдан ташқари ўз қулоғи билан ҳам эшитиш;

2) мамлакат аҳволини, жойларда амалдорларининг адолатини биринчи оғиздан билиш;

3) бу ерда ўтирган додхоҳлари ҳамма гапни тўғри ва тугал етказяптими-йўқми эканини ҳам аниқлаш;

4) мабодо бирон додхоҳ арзчидан “ҳадя-мадя” кўринишида пора олмаяптими ‒ буни ҳам кузатиш.

Бу усул фойдаси катта бўлган. Додхоҳлар у туйнук ё эшикчанинг вазифасини, албатта, билади: у ерда халифа, хон ё амир ўтириши ҳақида олдиндан огоҳлантирилган, лекин қачон келиб қолишини билмайди, шунинг учун доим ўзини шайтон васвасасидан асраб ўтирган.

Иккинчидан, фуқаронинг арзини битта қўймай эга-эгасига етказишга ҳаракат қилган. (Кўрилган бу чора-тадбирларга қарамай қўли эгрилар йўлини топиб арзчилардан “ҳадя” ундиришлари ҳамма замонларда бўлгани бошқа масала.)

Бундан ташқари, илк халифалар Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб (Оллоҳ, булардан рози бўл) иккалаларидан мерос анъанага кўра, адолатли халифалар, шоҳлар, амир ва хонлар айрим пайтлари одми кийиниб, биров танимайдиган қиёфада, ёнига ёрдамчиси ё вазирини олиб юрт кезган, бозорларни-мозорларни оралаган, одамларнинг қандай яшаётганини кўрган, гап-сўзларига қулоқ солган, шу тариқа мамлакат аҳволидан воситачисиз, шахсан хабардор бўлиб турган. Сиёсатда бирон камчиликка йўл қўяётган бўлса, зудлик билан тўғрилаган, шикоятчиларнинг ишини ўша заҳоти ҳал этишга ҳаракат қилган.

Албатта, бу ишлар биз бугун “қоронғи”, “зулмат”, “қолоқ”, “энг кир” деб ўйлайдиган замонларда бўлган.

Бугун-чи?

Бугун халқ додини тинглайдиган додхоҳлар борми? Арзларимизга қулоқ осиляптими? Бажариляптими? Хонимиз, амиримиз, шоҳимиз, подшоҳимиз, президентимиз у додхоҳларнинг ишини кузатяптиларми? Халқнинг дарди президентга етиб боряптими? Етказиляптими?

Бугун энди амалдорларининг ишини туйнукча ё эшикчадан кузатиб ўтириш шарт эмас, ҳамма ёққа видеокузатув ускуналари ўрнатиб ташланган. Мамлакат нима билан нафас оляпти, халқ қандай яшаяпти ‒ буларнинг барини президент ўтирган жойидан кўриб турармикан?

Оқсаройга экран ўрнатилганмикан?

Камералари ҳаётни бор бўйича суратга оляптими, Оқсарой экранига тўғридан-тўғри уланганми?

Президент мамлакатнинг чин аҳволини биладими ёки унга амалдорлари, матбуоти, радио-телевидениеси етказаётгани тарзда, ошириб-кўпиртирилган 3D, 4D, 7D ўлчамларда ва рангли ҳолатда кўряптими? Умуман, ҳақиқий аҳволни билишга қизиқадими?

Кимдир юрак ютиб халқининг аҳволидан… ҳаммасини эмас, ақалли бир чимдимини айтса, чидаб эшитадими?

Унга ўзи бировнинг дардини эшитиш ёқадими?

Ёки йигирма йилдан бери шаънига чалинаётган карнай-сурнай шовқинларидан қулоғи том битиб, дардларни эшитмайдиган, кўзини ёғ босиб, чин ҳаётни кўрмайдиган бўлиб қолганми?

Бу саволларимизга узундан-узоқ жавоб бериб ўтирмаймиз. Биттагина мисол келтирамиз.

Ўзбекистон халқ ҳофизи Ориф Алимахсумовни Ўзбекистонда танимайдиган одам топилмаса керак. Мумтоз куй-қўшиқларнинг нодир ижрочиларидан эди. Ўзи халқпарвар, яхши одам бўлган. Кексайганида соқол қўйиб, юзи нурли бўлиб, машҳур “Оталар сўзи ‒ ақлнинг кўзи” кўрсатувини олиб борарди. Балки ватанига ва халқига яхшилик кўзлабми, президент ҳақига кўп дуо қиларди. Теледа ҳам, ҳар хил давраларда ҳам президент шаънига яхши гаплар айтгани айтган эди.

Ниҳоят, Олий Назарга тушди. Расмий доираларга тез-тез чақириладиган бўлди. Ҳатто президентнинг ёнигача чиқиб борди.

Пастдаги биз оддий халқ ҳам Ориф ҳожи отанинг тепаларга парвозини яхшиликка йўйдик.

Барибир халқпарвар эмасми, мамлакат аҳволини кўриб-ачиниб юрган чоғи, бир гал соддалик қилиб қўйди: тўрт-беш тенгқур оқсоқол улфатларининг гапига кирди. “Сенга президент қулоқ соляпти, бизнинг номимиздан чиқиб мамлакат аҳволини етказ ‒ кетув шу бўлса, яхши бўлмайди…” дейишган эди улар.

Ориф ҳожи ота чиндан президентга жуда яқин ва суюмли бўлиб кетган эди, шу нарса уни чалғитди. Президент қабулига борди. Чиройли суҳбатлар берди. Дуолар қилди. Хайрлашиб чиқиб кетаётганида президентнинг: “Бизга нима хизматлар бор, ҳожи ака?” деган сўроғига алданди. Соддалигига борди. Халқпарварлиги панд берди. Маҳалласидаги оқсоқол ҳожи оталарнинг гапини етказди:

“Шунақа-шунақа, Ислом ака, чоллар  шундай деяпти…” деб юборди…

Айримлар айтишича, президент ҳожи отанинг кўкрагига тепган, бошқалар талашиб-тортишиб: “Йўқ, кетига тепган!” дейди.

Биз воқеа тепасида турмаганимиз ҳамда президент ўзининг шунчалик мўътабар дўсти, дуогўйига қўл кўтаришини сира ақлимиз олмагани учун: “Унчалик бўлмаса керак, рамзий маънода туртиб қўйгандир”, деймиз.

Ҳар не бўлганида ҳам, Ориф ҳожи ота Олий Даргоҳдан нимадир еб чиқди ва… шу билан ўнгланмади. Ҳожи отанинг кекса юраги бу зарбани кўтармади ‒ 2005 йил 12 феврал куни 78 ёшида вафот этди.

Ўзбек мумтоз мусиқаси ва қўшиқчилигининг йирик вакили Ориф Алимахсумов вафотидан кейин радио-теледа қўшиқлари янграб турганида ҳам бу иш бости-бости бўлиб кетарди. Лекин ўшандан бери қора рўйхатга тушиб, ўлиги ҳам сиёсатнинг тепкисини еб ётибди ‒ эфирлардан қатағон қилиб ташланган.

Ориф ҳожи ота Алимахсумов бугун қўшиқлари янграмаётган бўлса-да, ҳеч бўлмаса президентга мамлакатнинг асл ҳолини бир чимдимгина етказа олгани учун ҳам уни биладиганлар хотирасида яхши ном билан қолди.

Иккинчи томондан, ё ҳожи отанинг ҳаракати бошқаларга кўргазмали дарс бўлди, ё бошқалар Ориф ҳожи отадан ақллироқ чиқиб қолди. Ҳарҳолда, ўшандан бери мабодо президент кимгадир эриб кетиб: “Хўш, бизга нима хизматлар? Қандай камчиликлар бор?” деб сўраб қолса, подшоликка ҳар қанча яқин бўлган киши ҳам дарров ҳушёр тортиб, бийрон тилда: “Ислом ака, ҳеч қанақа камчилик йўқ, ҳаммаси жойида, Сизга шукр, ҳамма нарса бор, ошиб-тошиб яшаяпмиз, халқ Сизни эртаю кеч дуо қилиб ётибди, бахтимизга соғ-саломат бўлсангиз, узоқ йиллар бошимизда соябон бўлиб турсангиз, бўлди!” деяпти. Ва…

Ҳеч қанақа тепки ҳам егани йўқ, давраларда ҳам тўрида ўтирибди.

Шуларни ўйлаб, увол кетган раҳматли Ориф ҳожи отани эслайман. Бир оз ўксинаман ҳам.

“Оллоҳ сиздан рози бўлсин, Ҳожи ота! Нимага ҳушёрликни қўлдан бердингиз? Эсингиздан чиқибди-да, ахир, ҳозир замонлар ўзгарган ‒ халифалар, хонлар, амирлар замони ўтди, тарихга кўмилди улар, энди “мустақил” Ўзбекистонда президент ҳокимияти жавлон уряпти! Энди эскидай халқ додини тинглайдиган додхоҳлар қолибдими?! Додингизни келиб-келиб кимга айтдингиз-а, Ҳожи ота?!” дейман.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com