O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

«Халқ душман»лари аслида ким эди?

«Халқ душман»лари аслида ким эди?
152 views
06 July 2019 - 9:07

«ХАЛҚ ДУШМАН»ЛАРИ АСЛИДА КИМ ЭДИ?

Бундан бир аср аввал амалга оширилган Октябр тўнтариши оқибатида Туркистонда зўрлик билан ўрнатилган мустамлакачи Шўролар тузуми халқни адоғи йўқ қирғинлар, ваҳшиёна ва аламли зулмларга дучор қилди. 1937 йилда бошланган қатағон туфайли минг-минглаб оддий халқ вакиллари асосли сабабларсиз қамаб юборилди, олис юртларга сургун ёки отувга ҳукм қилинди. Тарихимизнинг “қора кунлари”га айланган қатағон йиллари аҳолининг барча қатламларини гирдобига тортди. Мухбиримиз Қатағон қурбонлари ёд этиш куни муносабати билан Избоскан давлат архивининг директори Шукуржон Мамитов билан суҳбатда бўлди.

– Шўро даврида қатағон қурбонларига халқ душманлари сифатида қаралганди. Ҳужжатлардан маълум бўлишича, аслида улар Истибдод даврининг ноҳақ жабрланувчилари экан. Юртимиз мустақилликка эришгач уларни оқлаш, хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламдаги ишлар рўёбга чиқарилди ва бу жараён давом этмоқда. Шукуржон, сиз бу хусусда нима дейсиз?

– Гапингизга қўшилган ҳолда шуни таъкидлашни истардимки, Биринчи Президентимизнинг «Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида»ги 2001 йил 1 майдаги ПФ-2837-сон Фармони бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди. Архивларда йиллар мобайнида сир сақланган маълумотлар ошкор этилди, тадқиқотлар олиб борилди, китоблар яратилди ва ҳакозо. Вазирлар Маҳкамасининг мустабид тузум йилларида қатағон этилган фидоий ватандошларимизнинг хотирасини абадийлаштиришга қаратилган «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи фаолиятини ташкил этиш ҳақида 2002 йил 8 ноябрдаги қарори ва шу асосда қилинган ишлар эътиборга моликдир.

– Қатағон даври ҳужжатлари билан танишиш осонмас – ўқиганинг сари изтиробга тушасан…

– Ҳа, ўша йиллари одамлар шу даражада таҳқирлангки асло чеки йўқ. Таниқли профессор Рустамбек Шамсуддиновнинг “Қатағон қурбонлари” китобида ўша даврнинг мудҳиш манзараси яққол кўрсатиб берилган. Олимнинг ёзишича, Ўзбекистонда эса 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача ўн минг етти юз киши қамоққа олинган. Булардан уч минг олти юз ўн уч киши отилди, етти минг саксон етти киши саккиз-ўн йил муддатга қамоққа ташланди. Факат 1937 йил декабр ойида “учлик” қарори билан ҳукм қилинган уч минг олти юз қирқ тўрт кишидан бир минг тўрт юз олтмиш тўрт нафари имом, эшон, мулла ва бошқа диний хизматчи бўлган. 1938 йилнинг февралида “учлик” йиғилишларида 2491 маҳбус устидан ҳукм чиқарилган, шундан 2086 маҳбус отувга, 398 маҳбус ўн йил муддатга, икки маҳбус саккиз йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Тўрт маҳбус тергов вақтида вафот этган, бир кишигина озод этилган. Улар асосан ўзига тўк деҳқонлар, ишчи-хизматчилар, 153 нафари уламолар, 72 нафари собиқ савдогарлар бўлган.

– Суҳбатларимизнинг бирида сиз қатағон даври қурбонларини айбсиз “айбдорлар” дегандингиз…

– Архивимизда ўша машъум даврга оид қатор ҳужжатлар мавжуд. Бундан саксон йиллар муқаддам араб, лотин, рус алифболарида битилган ҳукмлар билан танишар экансиз, айбсиз бўлатуриб, зумда “айбдор”га айланганларнинг қисматига дуч келасиз. “Ўйлаб топилган туҳмату бўҳтонларнинг чеки бўлганмикин ўзи?” деган савол хаёлга келади. Ҳозирги кунда юртимизда деҳқон, тадбиркор, катта ер эгалари бўлмиш фермерлар алоҳида иззат-икромда. Уларнинг манфаатини кўзлаб қанчадан қанча қарор ва кўрсатмалар амалиётга жорий қилиняпти. Истибдод йилларида бунинг акси бўлган.

– Наҳотки оддий деҳқон ҳам “халқ душмани”га айланган бўлса?

– Қўлимдаги сарғайиб манави йиғмажилдга ўттиз тўққиз ёшли қишлоқ деҳқони Рустам Шердоевга тааллуқли ҳужжатлар жамланган. Улардан маълум бўлишича, унинг отамерос 15 сотих ери бор бўлган. Будённий номли колхоз аъзоларининг 1948 йилги умумий йиғилишида ана шу ери туфайли саккиз йилга Сибирга сургун қилинди. Калинин номли жамоа хўжалиги аъзоларининг умумйиғилишида ҳам шундай масала кўрилгач, ногирон Мамажон Мўминовни қишлоғидан олисга – Россиянинг Красноярск ўлкасига бадарға этишга ҳукм чиқарилди. У ҳаддан ташқари оғир шароитда ғишт заводида ишлашга мажбур бўлди. Матқобул Ислом ўғлига қўйилган айблов билан танишиб, кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсан киши. Ер чопиғи маҳали қўшнисидан ёрдам беришини сўраган бечора деҳқон “ёлланма ишчи кучидан фойдаланган муштумзўр” сифатида муҳокама қилинди, инсоний ҳуқуқлардан маҳрум қилинди.

– Архив ҳужжатларида қатағонга йўлиққан хотин-қизларга дахлдор ҳужжатлар ҳам кўзга ташланяпти…

– Афсуски, қатағон сиёсати ҳеч кимни аямаган. Собиқ Иттифоқ Олий Совети Президиумининг 1948 йил 2 июндаги фармони билан избосканлик деҳқон аёл Ҳаётхон Мансурова ҳам узоқ йиллар ўзга юртларда сарсон-саргардон, оч-наҳор юриш қисматига йўлиқди. 20 сотих ери уни зумда “халқ душмани”га айлантирди. Қўқонқишлоқлик Ҳайринса Шерҳожи қизи кимларнингдир туҳмати орқасидан эски полиция хизматчиси, айғоқчисига айлантирилди. Чордевордан нарига ўтмаган, хат-саводсиз муштипар аёл бунинг ортидан ақл бовар қилмас сўроқлару қийноқларни бошидан ўтказди.

Хуллас, ҳар бир ҳужжатда давр қурбонига айланган, таъбир жоиз бўлса “даладан топилган ва “халқ душмани” дея тавқи лаънат ёпиштирилган ватандошларимизнинг кечмишларига дуч келасиз ва бугунги ҳур, доруломон кунларимизга, деҳқони, зиёлиси, уламоси – барча-барчаси қадр ва эъзоз топган, ҳуқуқ ва эркинлиги таъминланган қутлуғ юртда яшаётганингизга минг бора шукр келтирасиз. Дарҳақат, мустақил Ватанимизда инсон қадри, шаъни ҳар недан баланд. Олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси юртимиз кишиларининг фаровон, тинч-омон яшашларига қаратилган. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу айниқса яққол намоён бўляпти.

Суҳбатдош: Ҳ. Тоҳиров,
Auz.uz мухбири.
Архивдан олинган суратлар.

facebook.com