Бир ойдан озроқ вақт мобайнида Youtube портали орқали 11 мингдан ортиқ одам томоша қилган “Халқ нидоси” хужжатли фильми Ўзбекистон ичида хам анчагина шов бўлаётгани тўғрисида хабарлар келиб турибди.
Ўзбекистоннинг жанубий вилоятидаги Денов шахридан хабар беришларича, ушбу филм интернет сахифаларидан кўчириб олиниб, қўл телефонларига хам ўтказилган: “Бозорларда ва ўқув юртларида томоша қилишяпти. Хеч ким қўрққани йўқ, қизиғи одамлар буни хар куни гапирилиши лозим бўлган оддий хақиқат сифатида қабул қилишяпти” дейди Деновдаги танишларимиздан бири.
Бухоро вилояти туманларидан бирида яшовчи бир опа эса кеча шундай бир хат ёзибди: “Барака топишсин, шунақа бир хаққоний кино ишлашибди. Бир неча кундан бери коллеж домлалари фақат шу кино хақида гаплашишяпти. Кеча биз ҳам уйда кўрдик хўжайиним билан. Кинони кўриб тўғриси йиғлагим келди. Дискети қўлма қўл бўлиб кетди”
Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани ички ишлар бўлимида ишлайдиган бир кишининг гапига кўра, “Халқ нидоси“ филмини туман ички ишлар бўлимидаги рахбар ходимлар хаммаси томоша қилишган: “Андижонда кўпчилик орасида гап-сўз бўлаётган бу филмни милиция ходимларига кўрсатилиши бежиз бўлмаса керак. Менимча, вилоят ички ишлар бошқармасидан шунақа қўрсатма бўлган. Ички ишлар бўлими раҳбарининг хонасида бўлган намойишда барча бўлим рахбарлари, 3, 4 та маҳалла нозирлари ва туман ҳокимлигидан келган раҳбарлар бор эди” дейди Андижондан бизга хабар берган манбаа.
Ҳамма нарсадан хабардор Жиззах таксичилари “Халқ нидоси” филми видео дискларга кўчирилиб, яширинча таниш билишлар орасида тарқалаётгани хақида айтишди: “Мана куни кеча гаштак жўралар йиғинида шу гап бўлди. 2 та ўртоғимиз Тошкентдан келишиб, шунақа кино кўрдик дейишиб гапириб беришди. Бозорда ишлайдиган жўраларимиз ўша кинони дискини танишларидан олиб кўришгани айтишди. Мен ўша дискни бугун олиб келиб кўрдим. Бунақа кинони, бунақа хақиқат кўрсатилган филмни биринчи марта кўрдим! Демак, бу тузум йиқилишига оз қолибди деган ўй келди хаёлимга” дейди Жиззахлик Д.
Наманган вилоятидан келган хабарда хам шу гап: “Раҳмат филм учун. Аллақачон кўчириб олдик. Аммо бу фильм хамма ёқни ларзага солди. Кўпчилик филмни ўз телефонларига кўчириб, бошқаларга ўтказишяпти, қишлоқларда, районларда шу фильмни кўришмоқда”
Бугун Ўзбекистонда анчагина шов бўлиб улгурган “Халқ нидоси” ҳужжатли филмини ўзбек халқи ўзгача бир эҳтирос ва умид билан томоша қилиши бежиз эмас. Чунки фуқаролар диктатурадан, хақсизликдан чарчаган. Айнан шу сабабли давлат миқёсидаги ёлғончилик, иккиюзламачилик ва муттаҳамлик сабабли, қақраган сахрога айланган миллатимиз онги “Халқ нидоси” филмдаги оддий хақиқатни зилол чашма каби қабул қилди.
Филмнинг Ўзбекистон ичидаги тақдирини кузатишда давом этамиз.
Яна бир гап: 26 феврал, якшанба куни “Халқ нидоси” филми Канаданинг Ванкувер шахридаги “Ванкувер экспресс” газетаси йиғинлар залида кенг жамоатчиликка намойиш қилинади. Дунёдаги қонхўр диктаторлардан бири бўлган Ислом Каримовнинг аслида ким эканлигини Канадаликларга етказиш Ўзбекистон Халқ Харакатининг Канада бўлими фаоллари томонидан амалга оширилмоқда.