O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ХАЛҚ ОЁҚҚА ТУРГАНДА…

ХАЛҚ ОЁҚҚА ТУРГАНДА…
416 views
27 March 2013 - 11:45

ШИОРИМИЗ:
ДИКТAТУРА ЎРНИГА – ҲУҚУҚ ВА АДОЛАТГА АСОСЛАНГАН
ЭРКИН ФУҚАРОВИЙ ЖАМИЯТ!

[soundcloud id=’38014321′ autoPlay=’true’]
И.Каримов бошчилигидаги қаттол режим Ўзбекистон халқига эътиқодий, сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий эркинликлар беришни истамагани учун, халқимизнинг бундай мустабид тузумга қарши қўзғолон кўтаришдан бошқа чораси қолмаётгани тобора ошкор кўринмоқда. Қўзғолон зулмдан, унинг бугунги кўриниши бўлган диктатура режимидан қутулиш учун, халқнинг қўл урадигани сўнгги чорадир. Бундай вазиятда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати халқимиз билан бирга бўлади ва бу қўзғолоннинг тинчлик руҳида ўтиши ва якунланиши учун ўз дастурига мос равишда халқимизга етакчилик қилишга ҳозирлик кўрмоқда.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати  Каримов диктутурасини тинч йўл ўзгартиришни ўзининг вазифаси, деб билади.  Аммо 23  йиллик истибдодга тоқати қолмаган Ўзбекистон халқи, ўз озодлиги учун хар онда Каримов диктатурасига қарши бош кўтариши мумкин. Бундай қўзғолонлар Тунисда, Мисрда, Ливияда, Йаманда содир бўлди ва бу қўзғолонлар жараёни  ҳар хил кечса-да, натижаси бир хил бўлди: бу давлатларда ДИКТАТУРАЛАР йиқилди.

Мақсад

Халқ зулмга қарши оёққа тураркан, бу қўзғолон Ўзбекистондаги ҳозирги ДИКТАТУРА ўрнига АДОЛАТ, ҲУҚУҚ, ЭРКИНЛИК асосида ФУҚАРОВИЙ жамият қуришга олиб бориши мақсадга мувофиқдир.  Бундай жамиятда, инсонларга уларнинг эътиқодларига кўра яшаш, сиёсий қарашларини эркин намоён этиш учун шароит яратилади. Инсонлар сўз ва фикр эркинлиги, сайлаш ва сайланиш, турли жамиятларга аъзо бўлиш эркинлигига эга бўладилар. Халқ мамлакат бошқарувида эркин ва адолатли сайлов йўли билан ўз иродасини ўртага қўяди. Бу жамият ўз фуқароларининг эътиқоди, жони, ақли, мол-мулки, насли ва номусининг дахлсизлигини таъминлайди. Бу ҳуқуқларга тажовуз қиладиганлар адолатли қонунлар билан жазоланадилар.

Бу жамиятда инсонларга табдиркорлик, тижорат, мол-мулкга эга бўлиш, турли давлатларга саёҳат қилиш учун тўлиқ эркинлик берилади. Чет элга чиқиш учун милициядан виза олиш каби ақлга сиғмайдиган қоидалар бекор қилинади. Солиқ ва божхона тизими адолатли қонунлар асосида олиб борилади. Кичик ва ўрта корхоналар қуриш енгиллаштирилади, рағбатлантирилади, фермерлар ўз маҳсулотларини етиштириш ва уни сотишда ҳақиқий маънода эркин бўладилар. Порахўрлик, халқ мулкини талон -тарож қилиш, коррупция каби иқтисодий жиноятлар қонун йўли билан таъқиқланади ва бундай жиноятларни қилганлар адолатли қонунлар олдида ўз қилмишларига жавоб берадилар.

Мавжуд диктатура инсонларимизни иқтисодий эркинликлар билан таъминламагани учун, халқимизнинг миллионлаб ўғил-қизлари ўз мамлакатларида хонавайрон бўлдилар ва Ўзбекистондан қочиб, бошқа давлатларда дарбадар, хор-зор яшашга мажбур бўлмоқдалар. ЎХХ иқтидорга келса, иқтисодий соҳада зарур ислоҳотларни амалга оширади, ва мамлакатимиз фуқароларининг эркин тадбиркорлик олиб боришлари учун барча ҳуқуқий ва ижтимоий шароитларни юзага келтиради.

Биз қуришни орзу этаётганимиз жамиятда, мактабларда маънавий ва дунёвий илмлар биргаликда ўқитилади. Бунинг натижасида жамиятда илмли, яхши ахлоқли, дунё ишларида ўрта ёки олий даражали мутахассис бўлган янги авлодлар етишиб чиқади. (Мавжуд диктутура даврида Ўзбекистонда маориф тизими орқага кетди. Бошланғич ва ўрта мактабларда ўқувчилар на маънавий, на да дунёвий илмларни исталган даражада ўзлаштира олмаяптилар. Ўрта ва олий илм даргоҳлари эса илм ва маърифат маркази эмас, уларнинг кўпчилиги порахўрлик ва таъмагирлик марказига айлантирилгандир).

Халқ инқилоби амалга ошганидан кейин, Ўрта Осиё халқларининг тарихий биродарлиги қайта тикланишга уринилади. Бу давлатлар орасида халқларимизнинг саёҳат ва тижорат қилиши осонлаштирилади , умумий божхона ва солиқ тизимини йўлга қўйишга ҳаракат қилинади. Халқларимиз ва давлатларимиз орасида Европа Иттифоқи каби бир Иттифоқ қуриш масаласи ҳам кун тартибига келтирилади. Ҳозирги кунда Ўрта Осиё халқлари ва давлатлари орасида муносабатларнинг совуқлашуви, бу давлатлар раҳбарларининг минтақада олиб бораётган нотўғри сиёсатининг натижасидир.

Халқ қўзғолонда кимга эргашади?

Ҳозирги кунда Ўзбекистон халқини АДОЛАТ,  ҲУҚУҚ, ЭРКИНЛИК асосида ФУҚАРОВИЙ жамият қуришга бошлай оладиган ташкилот ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ҲАРАКАТИДИР.  Бу ҳаракат ўз Низоми ва Дастурида халқимизнинг эътиқодий, миллий, маданий, илмий қадриятларига ҳам, инсониятнинг замонавий тараққиётда қўлга киритган ижобий қадриятларига ҳам кенг ўрин берган. ЎХҲ ҳозирги шароитда халқимизнинг ўрта, мўътадил тараққиёт йўлидан боришини истайди. Шу билан бирга, ЎХҲ халқимизнинг ўзаро низолар ва фуқаролар уруши гирдобида қолиб кетишини истамайди.

ЎХҲ ўз сафларида халқимизнинг турли табақаларини ва тоифаларни бирлаштиргандир. ЎХҲ нафақат ўз сафига кирган турли ташкилот вакиллари, балки унинг таркибига кирмаган бошқа мухолиф ташкилотларнинг оддий аъзолари томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Шу боис, ЎХҲнинг аъзолари ва тарафдорлари сони суръат-ла ўсиб бормоқда. Айни пайтда, ҳаракатимизнинг халқаро майдондаги обрўйи ҳам ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам Каримов режими ЎХҲ сиёсат майдонига кириб келишидан қаттиқ қўрқувга тушди ва ҳаракатимизнинг халқимиз ичида ёйилишини  турли тазйиқ ва фитна-фасод йўллари билан тўхтатишга уринмоқда. Бундай бузғунчилик ҳаракатларида ўзини мухолиф, дея даъво қиладиган шахслар ҳам ҳисса қўшмоқдалар.

Халқ қўзғолони бошланганда мутлақо профессионал провокаторлар (фитначилар) ишга тушади. Улар озодлик учун курашга чиққан мазлум оммани “бир ҳовуч бузғунчилар”, “эсктремистлар” ва хоказо, деб кўрсатишга уринишади ва бунинг учун ўзлари бузғунчиликлар қила бошлайдилар. Қўзғолон давомида халқимизнинг бундай бузғунчиларнинг фитналарига эргашмаслиги ниҳоятда муҳимдир.

Халқ қўзғолони қачон ва қандай бошланади?

Албатта, буни олдиндан айтиш қийин. Лекин Ўзбекистондан олинаётган маълумотларга қараганда, халқимизнинг асосий қисми Каримов диктатурасидан ниҳоятда норози ва ҳар он кўчага чиқиши мумкин. Бундай қўзғолон кутилмаганда Тошкентда, Фарғона водийсида ёки вилоятларнинг бирида бошланиб кетиши мумкин.

Қўзғолон бошланганда инсонларимиз нима қилиши керак?

Халқ қўзғолони аввал кичик бир гуруҳнинг шаҳарларимиздан бирида Каримов диктутурасига қарши норозилигини билдириб тўпланиши билан бошланиб кетиши мумкин. Бундан хабар топган фуқаролар, маҳалла ва шаҳар марказларида тўпланиб, халқ қўзғолонига қўшилишлари керак. Бундай халқ қўзғолонига тайёргарлик мақсадида уйларда “БИЗ ДИКТАТУРАГА ҚАРШИМИЗ”, “ЭРКИН ВА АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ ИСТАЙМИЗ”, “БИЗ ИСЛОҲОТЛАР ТАРАФДОРИМИЗ”, “ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИГА АМАЛ ҚИЛИНСИН!”  ва шунга ўхшаш шиорлар ёзилган плакатларни ҳозирлаш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, қўзғолонда инсонларимизнингЎзбекистоннинг Давлат Байроғини ва ҳаракатимиз вакилларининг ЎХҲнинг байроғи ва логосини кўтариши мақсадга мувофиқдир.

Халқ қўзғолонида қуйидагиларни қилиш таъқиқланади:

1. Инсонларнинг турли гуруҳларга бўлиниб, низо ва тўс-тўполон қилишлари. Одамлар орасида бундай низо ва тўс-тўполонларни қасддан чиқаришни истаган фитначилар қўзғолон иштирокчилари тарафидан қўлга олиниши ва вақтинчалик махсус жойларда ушлаб турилишилари керак.

2. Дўконларга, давлат идораларига ўт қўйиш ва уларни талон-тарож қилиш. Унутмаслик керакки, булар халқнинг ўз мол-мулкидир.

3. Ишғол қилинган давлат идораларида, телевидение марказларида ва шунга ўхшаш жамоатчилик ташкилотларида ўзбошимча баёнотлар бериш ва бу билан халқ ичида фитнага сабаб бўлиш. Бундай идоралар ва бошқа ташкилот бинолари халқ қўлига ўтиши билан, улар қўзғолонга етакчи гуруҳларнинг вакилларига топширилади ва бу вакиллар раҳбарлигида тўғри баёнотлар тарқатилади.

Қўзғолон иштирокчиларининг ўзаро ёрдамлашуви

Қўзғолонга қатнашувчиларнинг мақсади умумий бўлганлиги учун, улар жипслашган ҳолда туришлари керак бўлади. Бу зарур бўлганда ўзаро ёрдамлашишни ҳам билдиради. Масалан, давомли қўзғолончилар сафида бўлганларни унда вақти-вақти билан қатнашадиганлар озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва шунга ўхшаш зарурий нарсалар билан таъминлаши ва ҳатто уларнинг оилаларини ҳам зарурий эҳтиёжлари билан таъминлашга ҳаракат қилишлари керак бўлади.

Халқ қўзғолонида оддий аскарлар, милиция ходимлари ва
давлат маъмурлари нима қилишлари керак?

Диктатор Ислом Каримов ва унинг ҳамтовоқлари, халқнинг қўзғолон қилишини албатта истамайди. 2005 йилда Андижонда ўз инсоний ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиққан фуқароларга қарши, Каримовнинг буйруғи билан қуроллардан ўт ҳам очилган эди. Аммо бугунги кунда диктатураларнинг башаралари очилиб қолди. Диктаторлар бирин-кетин тахтларидан ағдарилмоқда. Шундай диктаторлардан баъзилари халқ қўзғолонларида ўз аскарларига инсонларга қарши ўт очишга буйруқ берганлари учун ҳозир маҳкамаларда ҳисоб бермоқдалар.

Шундай экан, агар Ўзбекистонда халқ қўзғолони бошланадиган бўлса, Ислом Каримов ва унинг ҳамтовоқлари халққа қарши қуроллардан ўт очишга буйруқ беришлари мумкин. Бундай ҳолда оддий милиционерлар ва ўзбек солдатлари асло ва асло қўзғолонга қўшилган халқга қарши қурол ишлатмасликлари керак. Чунки бу аскар ва милиция ходимлари ҳам шу халқнинг вакиллари ҳисобланадилар. Уларнинг кўпчилиги бугунги кунда Каримов режимидан норози эканлигини биз яхши биламиз. Халқ қўзғолони бошланиши билан оддий милиционерлар ва солдатлар халқ тарафига ўтиши керак бўлади.

Халқ қўзғолонида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш

“Араб баҳори”, дея аталаётган халқ инқилобларини бошлаш ва бошқаришда оммавий ахборот воситаларининг (ОАВ) муҳим восита бўлганлиги яхши маълум. Шундай экан, Ўзбекистонда бошланадиган халқ қўзғолонида ҳам интернет, уяли (мобил) телефонлар, газеталар, варақалардан фойдаланишни йўлга қўйиш зарурдир. Электрон почталар орқали инсонларни қўзғолонга даъват қиладиган чақириқлар, халқ наздида обрўга эга кишиларнинг мактублари, рисолалар тарқатиш мумкин. Уяли телефонлар орқали қисқа маълумотлар, қисқа ташкилий хабарлар юбориш ҳам мумкин.

Қўзғолон бошлангандан кейин, маҳалла ва шаҳарларда
халқнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш гуруҳларини тузиш ҳақида

Халқ қўзғолонининг мақсади мавжуд диктатурани йиқитиб, унинг ўрнига янги бир тараққийпарвар тузумни қуришдан иборат. Шундай экан, қўзғолон бошлангандан у муваффақиятли тугагунга қадар бир неча кун, бир неча ҳафта ёки бир неча ой муддат талаб қилиниши мумкин. Бу муддат ичида жамиятда  тўс-тўполонлар бошланиб кетмаслиги, қўзғолоннинг ўзаро низо ва тўқнашувларга айланиб кетмаслиги учун уни тўғри бошқариш ўта муҳимдир. Албатта, халқимиз бундай қўзғолонга қўл урадиган бўлса, ЎХҲнинг раҳбарияти, аъзолари ва барча тарафдорлари халқимиз билан елкама-елка  зулм тузумига қарши чиқадилар. Бундай ҳолда ҳар бир кўчада, ҳар бир маҳаллада, ҳар бир туман ва шахар марказларида халқимизнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш гуруҳлари тузиши мақсадга мувофиқдир. Бу гуруҳларнинг халқ ичида обрўли, тажрибали, оқсоқол сифатида танилган кишилар тарафидан бошқарилиши ва уларга яхши ахлоқли (масалан ароқ  ичмайдиган) ёшларнинг жалб қилиниши ўта муҳимдир. Бундай гуруҳ аъзоларининг бир хил рангдаги нимча кийиши, қўлларига оқ ёки яшил мато боғлаб олишлари уларнинг кишилар тарафидан танилиб, уларга эргашишларини, инсонлар орасида тартибни ва тинчликни сақлашда уларга ёрдам беришларини осонлаштириши мумкин.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Тарғибот бўлими