«Тошкент халқаро аэропортида ҳибсга олинган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга (Нурулло Отахонов) диний айбловлар билан жиноий иш очилган. Биз бу ҳолат юзасидан халқнинг ижтимоий тармоқларда билдирган фикрларини тўплаб тақдим этишга қарор қилдик.
* * *
Бир инсон фикрлари учун қамалди. Ўзи яшаб турган жамоятдаги жараёнларга мустақил, ТАНҚИДИЙ фикр билдиргани учун тутуқланди!!!
Агар сиз у билан ҳамфикр бўлган бўлсангиз, билингки бугун сизни ҳам қамадилар!!! Жисман бўлмаса-да, маънан СИЗНИ ҲАМ ҚАМАДИЛАР!!!
Абдул Аҳад Абдураҳмон
Жаноб Президент! Сиз ўз позициянгизни айни дамда кўрсатасиз ва шунга қараб сизга эргашамиз. Ҳозир шундай пайтки, ким қанақалиги очиқ билинади…
Сизнинг «Халқ билан биргаман», деган гапингизга хамон ишонамиз. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг озод этилишига фармон беринг!
Одил Муҳаммад
* * *
Сўнгги икки йилдан бери Туркияда истиқомат қилиб келган Нурулло Отахонов 27 сентябрь куни Ўзбекистонга қайтган эди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаевнинг маълум қилишича, Отахонов Ўзбекистонга келиши билан қўлга олинган, чунки у расман қидирувда бўлган.
* * *
Тарихимизда 1937-1939 йилларда зиёлилар қатағони бўлган. Миллатнинг ойдинлари – адиблар, фан ва таълим арбоблари, сиёсий етакчилар қамалган, сургун қилинган, отилган, бедарак кетган. Қизиғи шундаки, улар билан елкама-елка ишлаган, яшаган бошқа юзлаб худди шундай «зиёли»лар яшаб қолибгина қолмай, мансаб пиллапояларидан кўтарилган, юксалган. Кейинчалик маълум бўлишича қатағон қилинганлар айнан ўша – ўз сафдошлари томонидан «сотилган» экан…
Ҳар доим шу тарихни ўқиганимда «Нега миллат ўз зиёлилари йўқ қилинаётганида индамай қараб турди? Нега анави сотқинлар ҳеч бўлмаса жим турмади?» – деб савол беравераман. Менга ўхшаб айни саволни ўзига берадиганлар кўп бўлса керак…
«Ўткан кунлар» ҳақида хотирам шундай. «Бу кунлар» ўтиб, келажакда мен ҳақимда шундай саволни беришларини истамайман. Шунинг учун тарафим аниқ – зулмга қаршиман.
Адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ҳеч қандай шартларсиз озод этилишини талаб қиламан.
Мусанниф Адҳам
* * *
Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг минтақадаги вакили Стив Свердлов Тошкент аэропортида ҳибсга олинган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон озод қилиниши кераклигини таъкидламоқда.
«Ўзбекистонда янги сиёсий давр бошланаётганини кўрсатиш истагида Президент Мирзиёев томонидан қадамлар ташланаётган бир вақтда ва ҳукумат Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг оқланганлигини айтиб уни ҳибсга олиниши хавотир уйғотади», — дейди Human Rights Watch ташкилотининг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.
* * *
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ўз асарини юртига ёмонлик тилаб эмас, яхшилик тилаб ёзган эди. Шахсан менинг асардаги айрим ўринларга эътирозим бор бўлса-да, унинг умумий руҳини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Ёзувчининг юртига қайтиб келгани унинг бугунги бўлаётган айрим ўзгаришларга ишончини билдирса, унинг қамоққа олиниши минглаб одамларда пайдо бўлаётган ана шундай ишончни қатағон этади. Мен Нурулло Отахон эртага албатта озод бўлишига ишонаман. Ана шундай ишонч мендан бошқа одамларда борлигиниям яхши биламан. Бу ишончни ўлдирманглар!
Хуршид Даврон
* * *
Нурулло Отахонов 11 май куни Жиноят кодексининг 159-моддасибўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур жиноят иши бўйича бир қатор тергов ҳаракатлари олиб борилган ва унга нисбатан сиртдан 159-модданинг 1-қисми, 244-1-модданинг 3-қисми, «г» банди билан айблов эълон қилинган, эҳтиёт тарзида қамоққа олиш чораси танланган ва у қидирувга берилган.
* * *
Қуръон ривоятларини жамлаб ёзган «Исо Руҳуллоҳ» деган мақоламни «Матбуот ва ахборот агентлиги»нинг «буюртмасига биноан» таҳлил қилган Диний Қўмита мана бундай хулоса берган: «Мақолада кўп чалкашликларга йўл қўйилган. Турли ихтилоф ва тушунмовчиликларга сабаб бўлувчи ҳамда бошқа дин вакилларига нисбатан кескин фикрлар билдирилган”.
Эътибор беряпсизми, Қуръон жумлаларидан «чалкашлик» топган қўмитанинг «билимдонлари» АЛЛОҲни «ихтилоф ва тушунмовчиликларга сабаб бўладиган», энг қизиғи, динларнинг Эгасини «бошқа дин вакилларига нисбатан кескин фикр билдирган»ликда айблашаяпти!
Аллоҳнинг Каломини «хавфли» деб топган Диний Қўмитага битта ёзувчининг китобини экстремистик китоб дейиш нима бўлибди?!
Шунинг учун бу қўмита ишидан асло ажабланманглар!
Ёзувчи ва маданият фаоли Каримберди Турамурод
* * *
59-модда «Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш» деб номланади. Унинг биринчи қисми билан айбдор деб топилган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг олти юз баравари (28 сентябрь ҳолатига кўра — 89 865 000 сўм)гача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
* * *
Нурилло Отахон миллат равнақини ўйлайдиган яхши ёзувчи. У бугунги ҳокимият бошлаган ислоҳларга ишониб, ўз ихтиёри билан ватанга қайтди. Аслида унинг қайтиши биз учун имтиҳон эди. Имтиҳон саволига берган биринчи жавобимиз ҳаво лиманида ёзувчи қўлларига кишан солиш бўлди. Мелиса билан судга ишонч кам, ушла деса ушлайди, қама деса қамайди.
Нурилло Отахонни ҳибсга олиш Ўзбекистонга обрў келтирмайди. Шу ҳақиқатни яхши англайдиган, турли шов-шув ва бошқа машмашалар урчиб кетмасидан ёзувчини озод қилишга қурби етадиган фаросатли арбоб топилади, деб ишонамиз.
Мурод Муҳаммад Дўст
* * *
244-1-модда эса «Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш» деб аталади. Модданинг 3-қисми «г» банди билан айбдор деб топилганлар 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
* * *
Шу кунгача ўқимаган “Бу кунлар”ни ўқиб чиқдим (бугун энг кўп ўқилаётган китоб шу бўлса керак). Очиғи, асарда мен қўшилмайдиган ўринлар бор, лекин бир версия сифатида яшашга ҳақли деб ҳисоблайман. Мен “рўмон”да экстремистик ғояларни кўрмадим, аммо “инакомыслие» бор, яъни бошқача ўйлаш.
Айни кунда ўша Дин ишлари бўйича қўмитанинг эксперт хулосаси эълон қилиниши ва асар очиқ полемикага қўйилиши керак. Шаффоф таҳлил жараёнида ҳаммаси ойдинлашади. Биз ўрта асрлар инквизицияси даврида эмас, 21-асрда яшаяпмиз. Ёзувчини асари учун ҳибс қилиш ривожланган жамиятга муносиб иш эмас. Асарда экстремистик ғоялар бўлса, у тақиқланганининг ўзи кифоя эмасми?
Бу ҳибс бир расмиятчилик, аниқлаштирилгач, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон озод этилади деб умид қиляпман.
Шаҳноза Тўрахўжаева
* * *
Ҳатто Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг озод этилишини сўраб Президентга очиқ хат ҳам тайёрланди. Ҳавола орқали хат мазмуни билан танишишингиз мумкин.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон билан 2005 йиллар миёнасида касбим (радиожурналист) тақозоси туфайли танишганман.
Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб трансген маҳсулотлар зарарли экани, уларни бозорга олиб кирилишини давлат ўз назоратига олиши кераклигини «Ҳидоят» журнали ва «Қишлоқ ҳаёти» газетасида ёзган эдилар. Мавзуга қизиқиб, у киши билан ҳамкорликда бир неча марта эшиттиришлар қилдик. Жуда жон куйдирдилар домла: «Бу – биологик уруш, миллатни ҳимоялаш керак», дедилар. Ҳатто ЎЗМТРКдан 1 соатлик эфир вақти ажратилишини сўраб, мавзуни генетик олимлар ва масъул раҳбарлар билан муҳокама қилиш, халққа хулоса бериш керак, деган ташаббус билан чиқдилар. Ҳаммасига гувоҳман.
Юқоридан бир қўнғироқ билан бу ишлар амалга ошмади. Ёшлик қизғинлиги…. мен ТВ билан боғлиқ ишларни суриштириб юрганимда Домла чақирдилар: «Қизим, ёшсиз, бу ишлардан узоқ туринг. Фурсати келиб қолар», дедилар… Мана, орадан 10 йиллар ўтиб, трансген маҳсулотлар қонун назоратига олинди (ижро алоҳида мавзу).
«Бу кунлар»ни ҳам Домла яхши ниятда ёзганларига ишончим комил. 159-моддага муносиблар билан миллат фидойиларини фарқлаш керак. Мазкур китобни ҳам кун келиб тўғри қабул қилишни ўрганамиз. Бу фақат қурбонликсиз амалга ошсин. Жамоатчилик – катта куч. Оллоҳдан хайр сўраймиз ва умид билан кутамиз.
Наима Алиқулова
* * *
Ҳақни ва халқни ёд этиб, унинг ҳимояси йўлида қалам тебратган ёзувчи ташқаридан мағлуб этилган бўлиб кўриниши мумкин, лекин эртага у албатта ғолиб бўлади. Чунки бизнинг барчамиз эрта бир кун бу дунёни тарк этамиз. ҲАҚ ва ХАЛҚ эса ҳамиша бўлади ва кимнинг ЎЗИ томонида турганига қараб баҳосини беради.
Эртага мағлуб бўлишни ва миллат ёдида мудом шундай бўлиб қолишни истамасангиз, Ёзувчини, Ҳақ ва халқ ёнида турган Ёзувчини қўйиб юборинг!
Улуғбек Ҳамдам
* * *
Ҳар қандай жамият тараққиёти унда ҳақ гап қай даражада айтилаётганига мутаносибдир. Кейинги бир йил ичида ўзгариш ваъдалари берилиб, ошкоралик сари қўрқа-писа илк қадамлар қўйилаётган пайтда ёзувчи Нурилла Отахоннинг қамоққа олиниши сўз аҳлини яна тошбақадай “бўйнини косаси ичига тортиб олиш”га мажбур қилади, ҳокимиятга энди уйғонаётган ишончни йўққа чиқаради. Мана шуниси ёмон.
Бинобарин, ёзувчини зудлик билан озод қилишдан энг аввало ҳокимиятнинг ўзи манфаатдор. Шунга умид қилиб қоламиз.
Фахриддин Низамов
* * *
«Бу кунлар»ни ўқиб…
Бугун «Бу кунлар» кун мавзусига айланган. Унинг муаллифи ёзувчи Нурулло Муҳаммад Рауфхоннинг Тошкентга келиши билан ҳибсга олиниши ортидан кўтарилган шов-шув ушбу асарни ўқиб чиқиш истагини уйғотди. Унда қандай сир бор эканки, Ўзбекистоннинг эндигина тикланаётган обрўси довга тикилди. Зеро адибнинг қамалгани тўғрисида Рейтерс агентлиги, ВВС, РИА Новости ва бошқа нуфузли хориж ОАВлари хабар тарқатди, ижтимоий тармоқлар тинмасдан бонг урмоқда, асарни ўқишни истаганлар кўпайгандан кўпайди. Ҳозиргина Нурулло Рауфхоннинг озод этилиши талаб қилинган очиқ хатга олти юздан зиёдроқ талабгор қатори қўшилдим. Иш шу билан тўхтаб қолмаса керак…
Асарни ўқишим билан, айтишим керакки, туйғулар, ҳиссиётлар, хотиралар, тасаввурлар қоришиб кетди. Наҳотки биз 25 йил давомида эшитиб келганларнинг барчаси ёлғон, барчаси эртак, умид билан кутганларимиз сароб бўлиб чиқса, деган савол туғилди.
…Асар 20 та рамзий бобга бўлинган. Ҳар бири бир муҳим мавзуга бағишланган бўлиб, уларни Ўзбекистоннинг янги тарихидаги битта устунга қиёслаш мумкин: мустақилликнинг қўлга киритилиши, 16 февраль воқеалари, ОАВ эркинлиги, Фонд Форум, Конституция ваҳоказо. Муаллифнинг қамалиши асарни инкор этиш, ҳақиқат юзига яна бир неча ўн йиллар парда тортиш бўлса, унинг тез орада қўйиб юборилиши янги тарихимиздаги 20 та забардаст устуннинг қулашини англатади. Натижада Ўзбекистон тарихи қайтадан ёзилиши керак бўлади. Ёзувчининг қўйиб юборилиши Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам янги даврга қадам қўйганини англатади.
Бу асарни ёзган одам Ўзбекистонга қайтар экан, энг ёмон оқибатларга ҳам доимо тайёр турганига ишончим комил. Шу билан биргаликда, сўз ва эътиқод эркинлиги борасида ижобий ўзгаришлар бўлишидан ҳали ҳам умидимни узганим йўқ.
Дарвоқе, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхондек инсоннинг қамалиши бошқалар учун жиддий огоҳлантириш сигнали ҳамдир. Ҳақиқатга тоқатсизлик эса Ўзбекистонни бир неча ўн йилларга туман ва булутлар ортига улоқтириб юборади. Токи бугунги одамларга ҳеч қайси ришталар билан боғланмаган, соғлом фикр, соғлом тафаккур ёки бошқача ғояларга эга авлодлар даври бошланмагунча…
Санжар Саид
* * *
Юқоридаги фикрлардан кўриниб турибдики, ижтимоий тармоқларнинг аксарият зиёли қатлами Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг озод қилинишини истамоқда. Адолат—кучда эмас, “куч—адолатда” бўлишини, ҳақиқат қарор топишини биз ҳам кўпчилик қатори хоҳлаб қоламиз.
Манба: fayzbog.uz