O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хаста

Хаста
167 views
25 February 2019 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ХАСТА

Ажиб бемор, ғаройиб хаста,
Қилмайди аҳд, қилмайди паймон.
Парҳези ҳам жуда ғалати,
Ғам ейди-ю, емас пушаймон.

Ажиб бемор, ғаройиб хаста,
Наволардан даволанади.
Ер ёрилар. Лекин у қайсар.
Ерга кирмас. Ҳаволанади.

Фариштамас мутлақо. Лекин —
Йўқдир нафси. Йўқдир қорни ҳам.
У арғимчоқ қилиб учади
Қатлига қурилган дорни ҳам.

Ним табассум билан эшитар
Пўписа, дағдаға, дўқларни.
Ковлаб олиб, пистадек чақар
Юрагига кирган ўқларни.

Жуда кўпдир унга аталиб
Қазилган гўр, тикланган қабр.
Барин бир-бир томоша этар
Қилиб тоқат ва айлаб сабр.

Довдирамас бу ҳолдан сира
Сеҳргарлик қилади, лекин.
Яъни барча қабрларни у
Марҳумларга улашар текин.

Биладики, бу қабрларни
Ғараз қазган, тиклаган ҳасад.
Биладики, тирилиб чиқар
Қўйилса гар уларга жасад!