Украинадаги воқеалар Ўзбекистон-Россия товар айланмаси ҳажмининг ўсишига салбий таъсир кўрсатади. Мазкур хулоса Халқаро валюта фонди (ХВФ) томонидан бугун эълон қилинган маърузада келтирилган, деб ёзади ярим расмий нашр бўлган 12news.uz.
ХВФ экспертларининг фикрига кўра, Россия ва Украина ўртасидаги геосиёсий кескинлик нафақат ушбу икки давлатнинг, балки бутун МДҲ иқтисодиётига ва ҳатто жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
“Россия иқтисодиётининг издан чиқиши ўз ялпи ички махсулотининг 5% дан ортиғини Россия импорти ташкил қиладиган давлатлар, жумладан Ўзбекистон, Белорусия, Молдова, Туркманистон ва Украинанинг иқтисодиёти учун салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, Болтиқ бўйи давлатлари, Словакия, Болгария ва Финляндия иқтисодиёти ҳам сезиларли даражади зиён кўради. Россиядан пул ўтказмалар ҳажми ялпи ички махсулотнинг 8% ни ташкил қиладиган давлатлар – Тожикистон, Қирғизистон, Молдова ва Арманистон давлатларининг иқтисодиётига жиддий зарар етиш мумкин”, – дейилади жаҳон банки тузилмасининг маърузасида.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, мустақил экспертларнинг фикрича Россиядаги Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари мамлакат ялпи ички махсулотининг қарийб 25 % ни ташкил қилади. Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати расмий статистика маълумотида бу рақамни ҳар доим 3-5% атрофида қайд қилиб келади.
Бундан ташқари Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида биринчи ўринда турадиган ҳамкор саналди. Статистика маълумотларига кўра, ўтган йили икки давлат ўртасидаги махсулот айирбошлаш 9,4 % га ўсиб 8,3 млрд. долларни ташкил қилган.
ЎХҲ ахборот бўлими