O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хикмат

Хикмат
156 views
25 January 2018 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ТЎРТЛИКЛАР

Қаламнинг ичида қора тош эмас,
Ёзилажак қўшиқ ётибди ухлаб.
Шу қадар қаттиқки унинг уйқуси,
Уйғотса бўлади фақатгина тиғлаб.

* * *

Шоир қалам олса — синиб олтин қафас,
Сўз кўкда чарх уриб яйраётгани.
Шоир қалам олса — булбул шохга эмас,
Шох булбулга кўниб сайраётгани.

* * *

ХИКМАТ

Йиғласа ёш тўкмай йиғлайди қушлар,
Қушлар бир ҳикматни сезади.
Беҳуда тўкилган кўзёшлар
Даставвал қанотни эзади.

* * *

Умрим бор экан, ҳамнафасинг мен,
Роз сўйлар эсанг, инжа сасинг мен.

Ишқ бошқа, ҳавас бошқа эмас, йўқ,
Ҳам ишқинг ўзим, ҳам ҳавасинг мен.

Парвоз қилавер қуш каби озод,
Кўксимда экансан, қафасинг мен.

Мен ҳақда мудом эзгу умид эт,
Барча тасаввур, фаразинг мен.

Кўп ёқди яноғинг Матназарни,
Аждодлари оташпарастинг мен.

(давоми бор)