Урумчи шаҳар (Шинжон-Уйғур автоном райони, Хитой) ўрта босқич суди иқтисодчи оли, келиб чиқиши уйғур бўлган Илҳом Тўхтани Шинжонни Хитой Халқ Республикасидан ажралиб чиқишга чақириқлари учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, дея хабар беради Женьминь Жибао. суд Тўхтани барча сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилди ҳамда унинг мол-мулкини мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқарди.
Суд Пекиндаги Марказий миллатлар университетининг собиқ иқтисод ўқитувчиси Тўхта “Уйғур Онлайн” веб сайти ёрдамида талабалар ўртасида миллий сепаратизм ғояларини тарғибот этиб келгани, миллий озчилик вакилларидан иборат талабаларнинг бир қисмини ўз веб сайтига қўшилишга мажбурлагани ва шу билан жиноий гуруҳ тузганини” ўз исботини топган деб ҳисоблади. Суд қарорида айтилишича, “Илҳом Тўхта бошчилигидаги ушбу жиноий гуруҳ давлатни парчалаш мақсадида бир қатор жиноий актларни уюштириб амалга оширган. Илҳом Тўхта, хусусан, Шинжонни мустақилликка эришиши учун давлатни парчалаш тўғрисида 100 дан зиёд мақоалаларни ёзган, таржима қилган ва чоп этган”, – дейилади расмий хабарда.
Суд тингловлари 17 ва 18 сентябрь куни ўтди, чет эллик журналистлар суд залига киритилмади.
Эслатиб ўтамиз, 45 ёшга кирган Илҳом Тўхта шу йилнинг 16 январида Пекинда ҳибсга олинган эди. Пекиннинг уйғур озчилигига нисбатан сиёсатига Тўхтанинг танқидий позицияси кўпчиликка маълум. 2014 йил апрелида Тўхтанинг тақдири ва уйғурларнинг Хитойдаги аҳволи АҚШ Конгрессининг Хитой бўйича комиссияси мажлисида муҳокама қилинган. Апрель ойида Американинг PEN American Center ташкилоти Илҳом Тўхтани Барбара Голдсмит номидаги “Матбуот эркинлиги учун” мукофотининг лауреати деб эълон қилди.
“Бу мутлақо номақбул ҳолат, – дейди Тўхтанинг адвокати “Независимая газета” келтирган иқтибосда. – Жиноий иш ўта сиёсийлаштирилган. Биз апелляция шикояти берамиз”.
Манба: uzbek.fergananews