O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хитой президенти – Ўзбекистоннинг «чин дўсти»

Хитой президенти – Ўзбекистоннинг «чин дўсти»
152 views
20 May 2014 - 17:04

kitay karimboyning do`stiЎзбекистон Президенти Ислом Каримов Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммити йиғилишида иштирок этиш учун 19 май, душанба куни Хитойга етиб борди, деб ёзади ЎзА.

Ўзбекистон Президентини Шанхай шаҳрининг «Хунцяо» халқаро аэропортида Хитойнинг расмий вакиллари тантанали кутиб олишган.

People’s Daily Online” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра 20 май, сешанба куни Ислом Каримов ва Хитой президенти Си Цзиньпин ўртасида учрашув бўлиб ўтган.

Учрашув вақтида Хитой раҳбари, Си Цзиньпин ўзаро икки томонлама муносабатларнинг истиқболдаги беш йиллик режасини ишлаб чиқишни, савдо, иқтисодий, энергетика ва инфратузилма соҳасидаги ҳамкорликларни ва айниқса, «Хитой – Марказий Осиё» газ қувури лойиҳасини янада ривожлантиришни таклиф қилган.

Ўз навбатида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама кенг ривожланиб бораётганини қайд этиб, Си Цзиньпинни Ўзбекистоннинг «чин дўсти» деб атаган.

Маълумки, 14 май куни 12news.uz нашри Ўзбекистоннинг Хитойга етказиб бериладиган газ миқдорини 2015 йилга келиб 6 млрд. кубометрдан 10 млрд.га етказиш режаси ҳақида хабар берганди.  Шу сабабли ҳам мазкур музокараларда айнан газ қувурлари билан боғлиқ масала муҳокама қилиниши тахмин қилинганди.

Бироқ, Каримов Хитой президентини «чин дўст» деб атаркан Ўзбекистон сифатида – давлат ёки ўзбек халқини назарда тутгани номаълум.

Айни пайтда, Ўзбекистонда 2014-2015 йилги қишки мавсумда аҳолига газ деярли тўлиғича маиший баллонларда етказилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Озодлик радиосининг “Ўзтрансгаз” акциядорлик ширкатининг ҳудудий бўлинмаларидан олинган маълумотига кўра, 2013-2014 йил қиш мавсумида Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларидаги аксар туманларда газ таъминотининг бу усули яхши натижа берган.

Бироқ, аҳолига баллонларда сотилаётган газ фақатгина овқат пишириш учун мўлжалланган, исиниш учун эмас.
Шундай экан, Ўзбекистон Президенти Си Цзиньпинни Ўзбекистоннинг «чин дўсти» деб атаркан Ўзбекистон сифатида нимани назарда тутгани бироз ойдинлашгандек бўлади.

ЎХҲ ахборот агентлиги