O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хитой Шарқий Туркистонда энди ядровий каллакларини ҳам сақламоқчи, баллистик ракеталарини учирмоқчи

Хитой Шарқий Туркистонда энди ядровий каллакларини ҳам сақламоқчи, баллистик ракеталарини учирмоқчи
171 views
03 August 2021 - 16:20

АҚШ томонига кўра, Хитой ўзининг ядровий қудратини кучайтирмоқда. Баллистик ракеталарини сақлаш ва учириш имкониятларини кенгайтирмоқда. Худди шу мақсадда Шинжонда янги ерости майдони қурмоқда. Расмий Вашингтон аллақачон хавотирда.

Америка Олимлари Федерацияси ҳисоботида айтилишича, бунга Шинжон бўлгасидан олинган сунъий йўлдош тасвирлари далолат қилган.

Пентагон расмийлари Хитойнинг ядровий қуролланиш режасидан ўз хавотирларини яширишаётгани йўқ.

Бу – Хитой сўнгги икки ой ичида ядровий ракеталарига мўлжаллаб мамлакат ғарбида барпо этаётган иккинчи ерости мажмуаси экани айтилмоқда.

У ядровий ракеталарни сақлаш ва учиришга мўлжалланган 110 тага яқин бункерни ўз ичига олиши мумкинлиги тахмин этилаётир.

Washington Post ўтган ой Ганьсу вилоятининг Юмень шаҳридаги яйдоқ ҳудудда 120 та бункер аниқлангани ҳақида ҳам ёзган.

Америка Олимлари Федерациясининг сўнгги ҳисоботида айтилишича, Юмендан 380 километрча шимоли-ғарбда жойлашган Ҳамидаги янги ерости мажмуаси қурилиш ишларига энди-энди киришилган.

Хитой ҳарбийлари

СУРАТ МАНБАСИ,REUTERS

Сурат тагсўзи,Америка Олимлари Федерациясининг янги ҳисоботига ҳозирча расмий Пекин муносабати имконли эмас. Хитой ҳам АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Покистон ва Шимолий Корея қаторида дунёнинг саноқли ядровий қудратларидан биттаси бўлади

Пентагон ўтган йил Хитой ўзининг ҳалича анча кичик бўлган ядровий каллаклари захирасини икки баробар кўпайтирмоқчи эканини айтиб чиққанди.

Сўнгги янгилик АҚШ ва Россия ядровий қурол-яроғларни назорат қилиш бўйича музокараларга ҳозирлик кўраётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Музокаралар АҚШ Давлат котиби муовини Венди Шерман ва Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков ўртасида бўлиб ўтиши кутилаётир.

Бу томонларнинг ядровий арсеналларини қисқартириш бўйича тўхтаб қолган мулоқотларини жойлантириш йўлидаги илк қадам сифатида кўрилмоқда.

Аммо Хитой шу пайтгача бу каби музокараларга қўшилмаган.

Янги ҳисобот АҚШ Мудофаа вазирлигининг Стратегик Қўмондонлигини ҳам бефарқ қолдирмаган.

Стратегик назоратга масъул мазкур бўлинма Хитойнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ сўнгги янгиликдан ўз хавотирларини билдирган.

“Биз дунё қаршисидаги таҳдиднинг кучайиб бораётгани ва унинг атрофидаги махфийлик борасида узоқ вақтдан бери айтиб келамиз. Кенг жамоатчилик сўнгги икки ой ичида иккинчи бор бундан ўзи огоҳ бўлди”, – дейилади уларнинг твитида.

Графика

Шинжондаги янги ерости мажмуаси тужжорий сунъий йўлдош суратлари ёрдамида аниқланган.

Лекин кейинчалик юқори аниқликдагиси “Planet” сунъий йўлдош тасвирларини яратиш компанияси томонидан тақдим этилган.

Пентагон маълумотларига кўра, ўтган йили Хитойнинг арсеналида 200 дан зиёд ядровий каллак бўлган ва расмий Пекин уларни камида икки баробар ошириш ниятида.

Экспертлар Американинг ихтиёридаги ядровий каллаклар сонини тахминан 3800 тача эканини айтишади.

Манба: BBCUZBEK.COM