O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хитой Шинжонда туғилиш даражасини мажбуран пасайтиришга уринмоқда

Хитой Шинжонда туғилиш даражасини мажбуран пасайтиришга уринмоқда
278 views
16 May 2021 - 17:19

Австралия стратегик сиёсат институти тадқиқотчилари Натан Рузер ва Жеймс Лейболд Хитой ҳукуматининг Шинжонда туб аҳоли сонини камайтиришга қаратилган сиёсати оқибатларини ўрганиб чиқди.

Икки тадқиқотчи Хитой ҳукуматининг жамоатчиликка маълум бўлган статистик маълумотларидан фойдаланган ҳолда 2011-2019 йилларда қайд этилган туғилиш коэффициентини таҳлил қилган. Шу билан бирга, Шинжонда 2016 йилда озчилик гуруҳларга қарши қатағон бошланишидан олдинги ва кейинги йиллардаги ҳолат таққосланган.

Айни пайтда туғилиш кўрсаткичлари бошқа мамлакатлардаги тенденция билан қиёсланган. Эътиборли жиҳати, Рузер ва Лейболд бугунга қадар тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб келаётган хитой тилидаги расмий манбаларга ҳам мурожаат этган.

1979 йилда Дэн Сяопин “бир фарзанд сиёсати”ни йўлга қўйиб, аҳоли сони ўсишини назорат қилиш учун мураккаб бюрократик институт ва чораларни таъсис қилди. Шу тариқа аёллар нечта фарзанд кўриши мумкинлиги масаласи ҳам Хитой коммунистик партияси томонидан ҳал этила бошлади.

Бир фарзанд сиёсати туфайли ўлкада туғилиш даражаси кескин пасайиб кетди ва мамлакатда бошқа муаммо – демографик танглик масаласи кун тартибига чиқди. Шунга қарамай, Хитой раҳбарлари орасида бошқариш инстинкти сақланиб қолган. Партия хан аёлларга нисбатан фарзандлар сони бўйича чекловларни юмшатмоқда, аммо Шинжон уйғур мухтор туманида маҳаллий аҳолининг кўпайиш ҳуқуқини поймол этмоқда.

Си Цзиньпин раҳбарлигидаги коммунистик партия барқарорликни таъминлаш ниқоби остида Шинжондаги ижтимоий вазиятни тубдан ўзгартиришга интилмоқда. Хусусан, минтақада қурилган юзлаб қамоқ-лагерларга оммавий равишда уйғурлар, қозоқлар ва бошқа маҳаллий миллат вакиллари юборилди. Бундан ташқари, Шинжонда аҳолини кечаю кундуз кузатиш тизими жорий қилинди, диний обидалар йўқ қилинди, маҳаллий маданият ва тилни маҳв этиш сиёсати жорий этилди, аҳоли мажбурий меҳнатга жалб қилинди. Буларнинг барчасини тасдиқловчи етарлича далиллар тўпланган.

2017 йил апрель ойида Хитой коммунистик партияси Шинжонда “ўртача туғилиш даражасини пасайтириш ва барқарорлаштириш” мақсадида “ноқонуний туғилишлар”га қарши кураш эълон қилди. Натижада ҳудудда расмий туғилиш коэффициенти мисли кўрилмаган даражада пастлади. 2017 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда мазкур кўрсаткич 48,74 фоизгача қисқарди.

Энг катта қисқариш уйғурлар ва бошқа маҳаллий халқлар яшайдиган туманларда кузатилган. Асосан мусулмон халқлар яшайдиган туманларда туғилиш коэффициенти 2017-2018 йиллар орасида 43,7 фоизга пасайган.

Марказий Осиё давлатлари уйғурлар борасида нега сукут сақламоқда?

2017 йилда Хитой ҳукуматининг озчилик миллатлар орасида туғилишни назорат қилиш бўйича ёндашуви – “мукофотлаш ва рағбатлантириш” усулидан мажбурлаш ва қўрқитиш сиёсатига эврилди. “Ноқонуний туғилишлар” учун катта жарималар, интизомий жазо, судсиз қамоқлар қўлланди. Шинжонда оилани режалаштиришга масъулларга “сиёсатни бузгани аниқланган ҳомиладор аёлларни барвақт аниқлаш ва уларни эрта йўқ қилиш” буюрилди.

Хитой ҳукумати Шинжонда оилани режалаштириш бўйича ягона сиёсат қабул қилганини таъкидлаб келаётган бўлса-да, янги маълумотлар ушбу сиёсат туб аҳоли кўп бўлган ҳудудларга номутаносиб таъсир кўрсатаётганини тасдиқлайди. Сирасини айтганда, расмий Пекин уйғурлар ва бошқа диний, этник озчилик вакиллари орасида туғилиш кўрсаткичини қасддан камайтириш сиёсатини олиб бормоқда. Қолаверса, Хитойнинг бошқа музофотларида туғилиш назорати юмшатилаётган бир пайтда Шинжонда бунинг акси кузатилмоқда.

Сиёсатни амалда қўллаш бўйича Шинжондан олинган ҳужжатлар расмий Пекин белгилаган чегара дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан эканини ошкор этди. Алалоқибат Шинжонда туғилиш даражаси деярли Япониядаги ҳолатга яқинлашиб қолди. Қайд этиш жоизки, Кунчиқар ўлкада туғилиш кўрсаткичи шу қадар пастки, бу ҳол миллий инқироз ўлароқ кўрилмоқда.

Тадқиқотчилар Рузер ва Лейболднинг хулоса қилишича, 25 миллионга яқин аҳолиси бўлган Шинжонда туғилиш кўрсаткичининг кескин пасайиб кетгани дунё миқёсида 1950 йилдан бери икки йил ичида қайд этилган энг кескин ўзгаришдир.

Манба: Ozodlik.org