1 октябр куни Хитой 70 йиллиги тантанали байрам қилинди.
70 йил ичида Хитой дунёнинг иқтисодий энг қудратли давлатларидан бирига айлангани таҳлил қилинар экан, сиёсий кузатувчилар Россиянинг таъсир доираси деб кўриб келинган Марказий Осиё мамлакатларининг тобора Хитой таъсирига тушиб бораётгани ҳақида айтмоқдалар.
Бугунги кунда минтақанинг барча мамлакатлари Хитойдан йирик миқдорда қарздорлар: Тожикистон 1 миллиард 200 миллион АҚШ доллари миқдорида, Қирғизистон 1 миллиард 700 миллион доллар, Ўзбекистон 7 миллиард 800 миллион, Қозоғистон 12 миллиард АҚШ долларидан ортиқ қарздор. Туркманистон ҳам Хитойдан қарздор, аммо бу рақам ошкор этилмайди.
Қирғизистон ва Қозоғистонда Хитой бизнеслари, ер берилишига қарши аҳоли норозиликлари кузатилди, аммо минтақа сиёсий раҳбарлари, афтидан, расмий Пекинни норози қилишни истамайдилар.
Хўш, Марказий Осиё республикалари раҳбарлари Хитойнинг иқтисодий, сиёсий кенгайишини ўз мамлакатлари учун таҳдид деб кўрмайдиларми? Қозоғистондаги “Таҳдидларни баҳолаш гуруҳи” асосчиси Дўсум Сатпаев бу борадаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Дўсум Сатпаев: Марказий Осиёнинг беш мамлакати ҳам ҳозир Хитой билан жуда яқин иқтисодий, сиёсий мулоқотларга эгалар. Қирғизистон ва Тожикистон эса Хитойдан йирик қарздорлар. Мисол учун, Тожикистоннинг бу мамлакатга қарзи жами ташқи қарзининг 50 фоизидан ҳам ортиб кетди. Қирғизистон ҳам жами ташқи қарзининг 40 фоизчасини Хитойга қайтариши лозим. Беш мамлакатнинг ҳам сиёсий раҳбарияти расмий даражада Хитойни муҳим шерик, ўзларининг иқтисодиётининг аҳамиятли кредитори сифатида тақдим этадилар. Бунинг ҳеч бир ажабланадиган жойи йўқ, чунки минтақа мамлакатларига йирик сармоя киритаётган давлатлар қайсилар? Булар – Хитой, Россия ва Жануби-шарқий Осиёнинг айрим мамлакатлари, Туркия. Марказий Осиё иқтисодиётларига Ғарб сармоядорларини жалб қилиш қийин. Нега? Асосий сабабларидан бири – мамлакатларимиздаги инвестицион муҳит унчалик ҳам қулай эмас. Ҳозир Ўзбекистон ҳаракат қилаяпти сармоя муҳитини яхшилашга. Қозоғистонда қолганларга нисбатан яхшироқ вазият шаклланган. Яна бир тўсиқ – барча мамлакатларда коррупция даражасининг юқорилиги. Бундай вазиятдаги иқтисодларда бармоқ билан санарли мамлакатлардан келган инвесторлар ишлашни хоҳлашлари табиийдир. Шунинг учун ҳам минтақамиз мамлакатларида Хитой бизнеси фаол. Чунки у Хитой раҳбариятининг қудратли дастагига эга. Улар учун Хитой раҳбарияти жуда қулай сармоявий муҳит яратиб беради. У ёки бу кредит дастури доирасида Хитой бизнесларига молиявий кўмак берилади. Бунинг бир мисоли – Қозоғистон 2015 йили имзолаган келишув. Ўша битимга биноан Қозоғистонда Хитойнинг 55 заводини барпо этишга келишилган. Бу лойиҳаларнинг жами қиймати 27-28 миллиард доллари деб баҳоланган. Хитой, табиийки, бу заводлар қурилишига фаол инвестиция киритишдан манфаатдор. Бу лойиҳаларда Хитой бизнеси манфаатлари Хитой ҳукумати томонидан лобби қилиниши ҳам тушунарли. Бу қурилишлар учун зарур асбоб-ускуналарни сотиш, ишга туширилганидан кейин уларга хизмат кўрсатиш – ҳаммаси Хитой ширкатларига топширилиши кўзда тутилган, бу – Хитой бутун дунёда қўллаб келаётган амалиётдир.
Яъни, Хитой кредит бериш, молиявий кўмак кўрсатиш билан сарфлаганидан ҳам кўра кўпроқ манфаат топади. У ўз иқтисодиётини рағбатлантиради. Ушбу кредит линиялари доирасида буюртмалар қабул қилган ўз корхоналарини рағбатлантиради. Яна бир аҳамияти паст бўлмаган жиҳати – Хитой Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодий мустаҳкамланиб бораяпти. Хитой нафақат мустаҳкамаланаяпти, балки минтақамиздаги айрим мамлакатларда ҳозирга келиб ўта хавфли схемани ҳам ишга солаяпти. Бу – активлар эвазига кредит деган схема. Бу схема бўйича, мисол учун, кредитини тўлолмаган Тожикистон олтин кони ёки электр станцияси бошқарувини Хитойга беради. Бу минтақа экспертларининг аксарини безовта қилиб қўйди.
Мамлакатларимиз раҳбарлари Хитойнинг муҳим ҳамкор экани, ўз иқтисодиётларига ёрдамлашаётгани, барча мамлакатлар Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг аъзолари, “Бир белбоғ – бир йўл лойиҳаси” доирасида боғланганликларини айтишса-да, оддий инсонларда Хитойга нисбатан сиёсий раҳбарлардагидек илиқлик кузатилмайди. Айниқса, Қозоғистон ва Қирғизистонда. Қозоғистон жамиятида аксилхитой кайфият анча кучли. Бундай кайфият янада кучаяётгани кузатилмоқда. Бундай муносабат илдизлари узоқ йиллик тархига эга. Мисол учун, Қирғизистонда аксилхитой норозилик намойишлари яқинда бошланди: ўтган йил охири – жорий йил бошларида. Қозоғистонда эса Хитойга қарши баёнотлар, аксилхитой намойишлари мунтазамлик касб этиб қолди, деса ҳам бўлади. Анча тез-тез юз бериб туради. Қозоғистонда 2016 йил давомида бўлиб ўтган ерга қарши митинглар ҳам аксилхитой кайфиятлари билан ташкиллаштирилган эди. Шунинг учун ҳам Қозоғистонда Хитойга нисбатан жамоатчилик фикри Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидагига қараганда анча эҳтиёткорроқ, анча салбий. Қирғизистонда ҳам Хитойга қарши норозиликлар кузатилди, бироқ уларнинг аксари кўпроқ меҳнат билан боғлиқ норозиликлар, маҳаллий аҳоли билан сармоядор ўртасидаги можаролар характерига эга эди. Мусулмонлар ушлаб турилган лагерлар борлиги ҳақидаги хабарлар ҳам Қозоғистон ва Қирғизистонда Хитойга қарши кайфиятлар кучайишига хизмат қилди. Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда тузумлар авторитар, Хитой ҳозирлиги кучайиб бораётганига норозилик билдириш уриниши шафқатсизлик билан бостирилишини ҳамма яхши билади. Шунинг учун биз бу мамлакатларда шу мақсаддаги оммавий норозиликларни кўрганимиз йўқ.
Бундан кейинчи? Менинг фикримча, бутун Марказий Осиёда аксилхитой кайфият янада кучайиб бораверади. Чунки минтақамизнинг ҳамма мамлакатларидаги аҳолининг аксарини ёшлар ташкил қилади. Уларни “мустақиллик авлоди” деб номлашади. Бу ёшларнинг жуда кўпчилиги динга берилмоқдалар. Ёшлар Ислом динини танламоқда. Яъни, Марказий Осиё мамлакатлари тобора мусулмонлашган мамлакатларга айланмоқда. Табиийки, бу инсонлар ўзларини кўпроқ мусулмон мамлакатларга яқинроқ деб кўрадилар. Дунёдаги мусулмон мамлакатларда эса Хитойга нисбатан муносабат бир хил эмас. Айниқса, Шинжондаги сиёсатидан кейин. Бунга қўшимча, Марказий Осиёда ўз мавқеъини мустаҳкамлашга интилаётган Туркия ҳам Шинжондаги мусулмонларга босимлари туфайли Хитойни қаттиқ танқид қилган эди. Туркия минтақа мамлакатларини ҳам туркий давлатлар ҳамкорлиги кенгашига бирлаштиришга интилмоқда, бу ҳам минтақадошларимизнинг Хитойга нисбатан муносабати салбийлашишига олиб келиши мумкин. Минтақа ўзини кўпроқ мусулмон деб ҳисоблай бошлайди, шундан келиб чиқиб Хитойнинг ўз мусулмонларига нисбатан сиёсатига ҳозиргидек эҳтиёткорона муносабат бўлмайди.
Манба: bbc.com/uzbek