Авваламбор, олдинги мақоламизда, ёзилган холис фикрларимни яна такрорлайман:
Ислом дунёсида – Шариатда Қуръон қанчалар Муқаддас ва шак-шубҳадан ҳоли бўлса …
Инсоният дунёсида – Ҳаётда Конституция ҳам худди шунингдек муқаддас ва шак-шубхадан ҳоли бўлмоғи лозим. Акс ҳолда кишилик жамияти анархияга – бошбошдоқликка юз тутмоғи муқаррардир!
Хўш, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига даъво аризаси бериш бизга нима бериши мумкин?
Агарки кимдир, «мана Конституцивий судга ҳам жуда чиройли ва «грамотный» даъво аризаси ёзилибди, энди Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди И.А. Каримов номзодини бекор қилади» – деган фикрга боришлиги албатта унчалик тўғри бўлмас, тўғрироғи лақмалик бўлар эди.
Унда нима қилмоқ керак:
Биринчидан, Конституциявий судга даъво аризаси имконияти борича кўпроқ, хоҳ якка тартибда, хоҳ жамоа тартибида берилмоғи лозим. Бу сиз ва бизнинг Конституцияда кафолатланган сиёсий ҳуқуқимиздир. Демак, сиз ва биз ўз иродамизни Конституциявий судга даъво аризаси киритиш орқали изҳор этмоғимиз лозим, яъни сиз ва биз ҳам бутун дунё ҳамжамиятининг тенг хуқуқли аъзоси бўлишга лойиқ онгли мавжудот эканлигимизни дунёга билдирмоғимиз лозим;
Иккинчидан, Конституциявий суд, берилган даъво аризаларига нисбатан бирор-бир муносабат билдириши учун ҳам, мазкур даъво аризалари имкон қадар бутун дунё ҳамжамияти эътиборига етказилмоғимиз ва дунё ҳамжамиятининг назарига тушиб, уларнинг муҳокамасига олинишига ҳамда халқаро ҳамжамият Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродаси асосида бу ҳақда Ўзбекистон расмийларидан сўров сўрашига эришмоғимиз лозим.
Бу ишда албатта барча эркин матбуот ва интернет сайтлари, бир тан бир жон бўлишиб жонбозлик кўрсатишлари шарт ва зарур. «ҲА», бир тану бир жон бўлиб бирдамликда халқнинг хоҳиш иродасини бутун дунё халқаро ҳамжамиятига етказмоқ лозим. Зеро,-«қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор», – деб бежизга айтилмайди.
Акс ҳолда, барчаси самарасиз якун топади, худди 21.12.2014 йилдаги сайловдагидек;
Учинчидан, айнан Ўзбекистон халқи, Ўзбекистонда Конституциявий Президент сайланишини истаётганлигини, шунга кўра Конституция нормасига зид Президент сайланишига мутлақо қарши эканлигини, бу Ўзбекистон халқининг иродаси эканлигини, халқ ҳам ўз иродасини намоён этишга ва ҳурматга эга бўлишга ҳақли эканлигини, бутун прогрессив дунё ҳамжамиятига етказиш лозим.
Улардан ҳайрихоҳлик ва мадад кутаётганлигимизни, акс ҳолда, Коституциявий суд сукут сақлаган ҳолда Ўзбекистонда Конституция нормасига зид Президент «сайланиши»га имконият яратиб бериши муқаррар эканини тушунтира билмоғимиз лозим бўлади. Зеро, «тани бўлак(Европа ва Америкаликлар) –бизнинг дардимизни қайдан билишсин»;
Тўртинчидан, бу ишда айнан Ўзбекистон мухолифати ва ҳуррият истовчи барча, ўзларини Ўзбекистон халқининг тақдири билан боғлайдиган жамики инсонлар фаоллик кўрсатишлари, ҳаракатга келмоғи лозим.
Бу шунчаки қуруқ чақирув бўлиб, «ёзилди-ўқилди-унитилди» бўлмаслиги керак. Чунки бу 31млн. инсоннинг тақдиридир, хоҳ у Ўзбекистонда бўлсин, хоҳ у қувғинда – мухолифатда бўлсин…
Унутмаслик лозимки, бу муаммолар айнан Ўзбекистон халқининг муаммосидир, унинг бошига тушган савдодир. Шунинг учун, бизга ёрдам бермаяпти, ҳукуматни қўллаб-қувватлаяпти, Европа ҳам сайловга 20 тагина кузатувчини номигагина юборди – каби иддаолар билан, халқаро ташкилотлар ва ҳамжамиятдан аразлаб ўтиришлик ярашмайди. Зеро «лўли аразласа тўрвасига зиён» – деганлар. Минг афсуски ҳозир сиз ва бизга айнан тўрва кўтарган лўли мисоли, аразлашдан не фойда, бундан ким зарар кўради?
Шунинг учун ҳам барча ҳаракат сиз ва биздан, айнан Ўзбекистоннинг ҳуррият истовчи халқидан, барокот эса Худодан…
Бешинчидан, ўз хоҳишлари биланми, ёки кимнингдир хоҳишини руёбга чиқариш мақсадидами, ё кимнингдир тазйиқи остидами, мустақил Ўзбекистоннинг ўтган 25 йиллик даврида нимаи-ки фаровонлик ва тўкинлик бўлганлиги, қанча-қанча қурилишлар қурилганлиги, автомобил заводи-ю ва бошқа ҳоказо-ҳоказолар барпо этилганлиги ҳақида ҳар қанча куйиб пишиб ташвиқот қилмасинлар, Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасидаги: «Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ Ўзбекистон Президенти бўлиши мумкин эмас» -эканлигини қатъий белгилаб қўйилган норма.
Ҳеч қандай баҳона Ислом Абдуғаниевич Каримовни яна бир бор, яъни сурункасига тўртинчи бора Президент этиб сайлаш ҳуқуқини бермайди, аксинча тақиқлайди. Ҳаттоки, 31млн. ва яна бир кишидан имзо йиғилган тақдирда ҳам, Ислом Каримовни сурункасига тўртинчи бора Президент этиб сайлаш ҳуқуқи мавжуд эмас.
-Ўн саккиз минг оламни яратган ёлғиз Парвардигор эканлиги қанчалар ҳақиқат бўлса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддаси асосида, Ислом Каримовни 29 март куни Президент этиб сайлашга бўлган ҳар қандай ҳаракатингиз ҳам, Конституция нормасига зид эканлиги –худди шундай хақиқатдир…
Олтинчидан, Ислом Абдуғаниевичга чин дилданми ёки иложсизликданми, ҳамду-санолар ўқиётганлар, у кишини Худо мисоли тенгсиз ва алмаштириш мумкин эмас деб тинмай Ўзбекистон МТРК ва даврий матбуотидан ваазхонлик қилаётганлар, шуни онг шуурига қабул қила билишлари лозимки, Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасидаги: «Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ Ўзбекистон Президенти бўлиши мумкин эмас» -эканлигини қатъий белгилаб қўйган норма нафақат чеклов, айни дамда Ўзбекистон халқи учун Конституциявий ҳуқуқ ва имконият ҳамдир.
Бу сайловда ўзга бир Президентга ҳам қонуний имконият берайлик. Ахир бу бизнинг Конституцияда берилган ҳуқуқимиз. Лозим топсак, Каримов томонидан йўқ қилинган “Президентга нисбатан ишончсизлик (импиджмент) билдириш ҳуқуқи”мизни қайта Конституцияга киритиб беш йилдан сўнг, ҳатто ундан ҳам олдинроқ, ишончимизни оқламаган президени вазифасидан озод қила олмоғимиз лозим.
Фақат ҳамма нарса КОНСТИТУЦИЯ ВА ҚОНУНЛАР АСОСИДА БЎЛМОҒИ ШАРТ… Бу хақда, Оллохнинг иродаси билан бафуржа фикр юритишлик насиб этсин деб ният қилиб қоламан..
Еттинчидан ва асосийси, ҳар бир онгли инсон ўз танига солиб кўрсинчи, ҳаттоки ўз оиласида, неча киши бўлса шунча фикр ва мақсад мужассам эмасми? Бир бола ош деса, иккинчиси мош демайдими, бир гўдак шоколад деса иккинчиси мармолад демайдими?
30 миллиондан ошиқроқ халқнинг 30 миллиондан ошиқроқ ва яна битта фикри-дунёқараши борлигини ким инкор эта олади? Русларда, «у каждого человека должно быть … святое» – деган тушунча бор. Демак ҳар бир инсоннинг қалбида энг азиз-табаррук ва муқаддас бўлган Оллоҳнинг борлигига шак-шубҳасиз ИМОН келтиришдек ИМОН бутлиги бўлмоқлиги лозим.
Жамиятда, давлат тузумида, унинг Президентини сайлаш масаласида барча фикрлар хилма-хиллиги айнан ҳар бир инсоннинг ИМОНи бутлиги баробарида, Конституция нормалари билан тартибга солинмоғи лозим.
Хулоса ўрнида шуни такрор айтаманки:
Ислом дунёсида – Шариатда Қуръон қанчалар Муқаддас ва шак-шубҳадан ҳоли бўлса …
Инсоният дунёсида – Ҳаётда Конституция ҳам худди шунингдек муқаддас ва шак-шубхадан ҳоли бўлмоғи лозим. Акс ҳолда кишилик жамияти анархияга – бошбошдоқликка юз тутмоғи муқаррардир!
Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди азизлар! Сукут сақлашда давом этаверманглар, сиз ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларингизни баён этинг!
Ўзбекистон Конституциясида кафолатланган сиёсий ҳуқуқингиздан фойдаланган ҳолда, хоҳ почта орқали, хоҳ шахсан, хоҳ электрон манзилга даъво аризасини ёзиш орқали ўз фуқаролик позициянгизни намоён этинг!
Ўз эркингиз учун ўзингиз дастлабки қадамни дадил ташланг, асло тортинманг!…
Холдор Равшан