O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хонлар ва Президентлар

Хонлар ва Президентлар
38 views
24 August 2012 - 9:17

Кўҳна Туркистоннинг Амир Тимур қурган давлат парчаланиб кетгандан кейин маҳаллий хонлар томонидан уларнинг “маҳаллаларига” айлантирилгани тарихий ҳақиқатдир. Яъни, “Бизки мулки Турон, амри Туркистонмиз” сўзи шиор ва воқеалик бўлишдан чиққанига асрлар бўлди. Ўзи хон, кўланкаси майдон Туркистон хонларининг ўзаро низолари тарихда машҳурдир. Масалан, руслар Туркистонга бостириб келганда, улар бир бирига ёрдам бериш ўрнига, бир бирининг гўштини еган, яъни бирови ўз “маҳалласини рус босқинчиларидан ҳимоя қилганда, бошқаси унга орқадан ҳужум қилганди. Хуллас, бугунга келиб, ўзи хон кўланкаси майдонларнинг ўринларини ўзи Президент кўланкаси “бошизмлар” эгаллашди. Шунга ўхшаш гапни кимдир айтган эди да: Большевизмдан қутулиб бошизмга тутилдик, дея. Ўзбекбоши, туркманбоши, юртбоши, овулбоши…
Бу “бошларни” таъриф этиш ҳам осон эмас. Масалан, Туркманбоши ҳаётлигида ҳам, ўлгандан кейин ҳам унинг нима иш қилганини биров тушунтириб бера олмайди. “Руҳнома”, деган китоб ёзган эди, муаллифи ўлгандан кейин бу китоб ҳам у билан қабрга қўйилди. Қирғизбошилар бирин кетин алмашиб турибди. Бир аёл қирғизбоши бўлгандан кейин менинг диним йўқ, дея дунёга жар солди. Ҳозиргиси эса Кутузов ҳам қирғиз эди, дея дунёга кулгу бўлмоқда.
Бир томонда ўз ёғига ўз қоврулаётган Тожикбоши, бошқа томонда ўз халқини ўзининг ёғига қовураётган Ўзбекбоши. Яъни, на маҳаллий сиёсатни, на да дунё сиёсатини тушунмайдиган бошчалар…
Шу Қозоқбошида иш бормикин, деган хаёл келади кишининг бошига. Чунки советлар замонида қозоқ бовурларимиз (биродарларимиз) шунчалик руслашган эдики, улар масалан, ўзларининг тилларини тамоман унутган эдилар. Дини Ислом билан қозоқларнинг ораси аввалдан ҳам анча узоқ эди. Қозоқбоши ўзи қозоқча гапириб, бу ишда бовурларимизга ўрнак бўлди. Бунинг устига у бутун дунёдаги қозоқларни ватанларига қайтиб келиш учун имкон яратди, уларга фуқаролик ва янги қозоқ давлатининг паспортларини берди. Кейин қозоқ тили давлат тили бўлди, ва ҳозирда бовурларимиз асосан она тилларида гаплашади. Айтишларича, қозоқлар орасида ҳеч бир замон Ислом дини ҳозиргидек тарқалмаган экан. Шу билан бирга Қозоқбоши ўз фуқароларига иқтисодий эркинликларни ҳам таъминлади. Аммо бу мамлакатдаги иқтисодий “шок терапия”, яъни инсонларни банкларга қул қилиш сиёсати тўғриси ишга ярамади. Бу сиёсатдан нарху наво осмонга чиқиб кетгани бор гап. Масалан, бундан тўрт беш йил олдин Олмаотадаги икки хонали уйларнинг нархи юз минг долларгача кўтирилди. Бу уйларни банкдан қарз олиб сотиб олганларнинг ҳолига ҳозирда маймунлар йиғлаётгани ҳам рост гап…
Шу Туркистон деган ягона тананинг мустақил “бошчалари” ичида Ўзбекбошини ҳам ақлсиз, деб бўлмайди. Аммо юртбошининг ақли нимагадир инсоннинг эмас, доимо шайтоннинг ақли тарзида ишлайди. Шунинг учун ҳам ўзбекбоши ҳеч турмасдан ёлғон гапиради, фитна қилади, масалан, Тошкентни портлатиб, буни мухолифатга тўнкамоқчи бўлади. Ёки халқини қатлиом қилиб, буни террорчиларларнинг (ўзини ва малайларини назарда тутса керак) иши, дейди. Маълум бўлгани каби Ўзбекбоши ҳам эски коммунистлардан. Коммунистлар эса ёлғон топа олмай қолган нодир ҳоллардагина рост гапирар эдилар. Бу ҳақда улар ўз замонида “бизнинг Правдада правда йўқ, бизнинг Известияда известия йўқ”, дейишарди. Афсуски, Ўзбекбоши Президент бўлгандан бери бу рост гапириш нодир ҳоли ҳозиргача бирор марта кузатилмади…
Қарангки, Ўзбекбошининг бу сифатини у билан музакора олиб борадиганлар ҳам яхши ўрганиб олибдилар. Улар Ўзбекбошининг асосий қуролининг ёлғон эканлигини билганликлари учун унга қарши бу қуролни ишлата бошлаганлар.“Регнум” агентлигининг ҳукуматнинг хуфяси Узметрономга асосланиб билдиришича (regnum.ru) яқинда америкалик обрўли меҳмонлар билан учрашган Ўзбекбоши уларнинг мақтовларига ишонмаган экан. Бу учрашувда америкаликлар Ўзбекистон катта иқтисодий тараққиётга эришди, дея Ўзбекбошининг қулоғига лағмон эшган эдилар. Аммо хуфянинг таъкидлашича бу гап Юртбошининг бу қулоғидан кириб, у қулоғидан чиқиб кетганмиш.
Оббо Юртбоши…э кечирасиз, Фитнабоши эй! Америкаликлар ҳам сизга бас кела олмас эканда!

 

Абдурраҳмон Муҳаммад
24 август 2012 йил