ХОНЛИКЛАР ДАВРИДА ЎРТА ОСИЁНИНГ ТАРАҚҚИЁТДАН ОРҚАДА ҚОЛИБ КЕТИШИНИНГ БАЪЗИ САБАБЛАРИ ХУСУСИДА
1492 йилдан бошлаб Европада Буюк географик кашфиётлар амалга оширила бошланди ва Буюк ипак йўли анча ўзининг илгариги нуфузини йўқотди. Бу омил албатта Ўрта Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсир қилмасдан қолмас эди. Бизда ўша даврда мутаасиб хонлик даври бошланди, учта хонлик раҳбарлари илм-фанни ривожлантириш нари турсин, фуқароларига тинч-хотиржам ҳаётни таъминлаб бера олмадилар, улар бир-бирлари билан ер талашдилар, тинимсиз урушлар олиб бордилар, жаҳолат ботқоғига ботдилар. Маишатпарастлик, амалпарастлик, адолатсизлик, зулм ва хўрлаш, фуқароларнинг ҳаётига дахлдорлик ҳиссининг йўқлиги ва очкўзлик уларга хос хусусият эди. Бу давр тарихимизнинг энг жирканч саҳифаси бўлиб, илгари яратилган моддий ва маънавий бойликлар йўқ қилиб борилди. Бу даврда ҳукмдорларда ислом маданияти заифлашди ва исломдаги адолат, халқпарварлик, илм ўрганиш ва бошқа инсоний фазилатлар кун сари заифлашиб борди. Бутун дунёда ишлаб чиқариш, техника-технологиялар, янги кашфиётлар амалга оширилаётганда бизда буларга зид воқеа-ҳодислара бўлиб ўтди.
Хонларнинг ўзи халққа тескари намуна бўлдилар ва уларга тақлид қилган баъзи бой-бадавлат инсонлар, ҳатто оддий аҳолинингг маълум қисми ҳам улардан ўрнак олиб мутаасиблик йўлини тутдилар. Албатта хонлар орасида амир Шоҳмуродга ўшаган адолатли ва маърифатлилари ҳам учраб турарди, аммо уларнинг аксарияти золим хонлар эдилар.
Москва савдо компаниясининг вакили Антони Женкинсон юртимизга келиб бу ерда бир метр ҳам мато сота олмаганини, бу ерда хонлар ё ўлдирилиши ёки ҳайдаб юборилишини ёзиб қолдирган. Энди ўйлаб кўринг, улар тахт талашиб, бир-бирини кавлаб ётган пайтда аждодларимизнинг аҳволи қандай кечган? Халқнинг таъминоти, озиқ-овқати, тоза сув каби кўплаб муаммолар қандай ҳал этилган? Маориф қандайй ташкил этилган? Бечора аталаю ёвғон ичган аждодларимиз, эгнида минг ямоғи билан қаҳатчилик ва хўрлик замонида ўз динида ва иймонида мустаҳкам бўлиб, бу кўргуликларга чидаб яшаб ўтиб кетганлар.
Бизга маълумки, Ўрта Осиё ташқи хавфлари кучли бўлган зонага киради. Чунки у геополитик аҳамиятли нуқтада жойлашган бўлиб, бу ерга талабгорлар азалдан кўп бўлган ва шунинг учун ҳам Европадаги каби саноқли босқинчилик урушларини эмас, доимий босқинчилик урушларини кўриб келган.
Европа ва Россия ҳукмдорлари эса бу даврда ўз давлатларини ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий мавқеини кучайтириш, ўша даврда капиталистик давлатларда кўзга ташланмаса ҳам сезилиб турган рақобатчилик даврида энг маъқул ва оммабоп ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, энг кўп фойда олиш, энг зўр мол ишлаб чиқариш, энг зўр технологияларни яратиш, ташқи дунёдаги ҳудудларини кенгайтириш, мустамлакаларда бошқарувнинг энг мақбул усуллари, тизимларини яратиш, хуллас энг катта ҳудудларга эга бўлиш каби мақсадларни амалга ошириш ҳақида бош қотириб, уларни босқичма-босқич амалга ошириш пайида бўлганлар.
Чунки капитализмнинг ривожланиши билан хомашё базалари ва ишлаб чиқарилган товарларни сотадиган бозорлар керак эди. Ўша пайтларда мустамлакаларга эхтиёжни Европа жамиятлари юзага келтирганди. Бу хомашё ва бозорда ишлаб чиқарилган товарларни сотишни йўлга қўйиш, аввало арзон ишчи кучига эга бўлиш ва улар орқали катта фойдага эришиш мақсадлари туфайли юзага келган тарихий воеа-ҳодисалар эди. Улардаги бойликка хирс қўйиш, босқинчилик, мустамлакалардаги фуқаролар ҳаётининг заррача қадрининг йўқлиги ва бир сўз билан айтганда “фақат мен бўлсам” шори остидаги ЭГО бутун дунёдаги кучлар балансининг бузилишиша сабабчи бўлган. АҚШдаги туб аҳолига кўрсатилган зулмни бир кўз олдимизга келтирайлик. Демак, бугунги бизнинг кўзимизни қамаштирган жуда кўп жойлар ва давлатлар аслида кўз ёшлар ва бошқалар ҳаёти эвазига қурилган бўлиши мумкин экан-да?! Илгари Испания, Португалия, кейин капитализмнинг отаси оқсоқол Англия, Франция, 19 асрнинг охирида АҚШ ва Япония иқтисодий жиҳатдан ўсиб кетдилар. Германияда эса 19 асрнинг охирида мисли кўрилмаган даражада ҳарбий саноат ривожланди. Ўша пайтда катта-катта индустрияга эга бўлган давлатлар ўзларига ана шундай хомашё манбаси кучли ҳудудларни танлаб эгаллаб олаётган эди. Бир сўз билан айтганда дунёни бўлиб олиш васвасаси 15 асрнинг охиридан бошланган, у ХХ аср бошида ўзининг кульминацион нуқтасига етиб келган. Сабаб деярли жуда катта ҳудудлар катта-катта давлатлар томонидан бўлиб бўлинган эди. Англия ўз ҳудудларидан 108 марта катта мустамлакаларга эга бўлган ва бугунги кунда инглиз тилининг жаҳон тилига айланишида ҳам айнан ана шу мустамлакачилик сиёсати ётади. Англо-сакслар АҚШда ҳам давлат тузиб, у ерда ҳам ўз сиёсатларини ўта мукаммал ва ўта хавфли кўринишларда амалга ошира бошлаганлар. Ва иккита жаҳон уруши ҳам ана шу бўл-бўлларни бошқатдан амалга ошириш учун юз берган. Ҳамма кучли давлатларнинг ўз мустамлакалари бўлиб, ўзларидан бошқаларни бу ерларга киргизмайди.
Шунинг учун хам иккита жаҳон урушга, бўл-бўлларга кечикиб етиб келиб қолган Германия сабаб бўлган экан-да! Демак, бундан икки-уч юз йиллар юз берган тарихий воқеалар кейинги юз йилликлардаги воқеаларга замин тайёрлаб борган.
Шу туфайли Ўрта Осиёда ўша пайтда инглиз-рус рақобати кучаяди. Маишатпараст ва халқнинг душманлари бўлган, фақат нафси ва амали учун яшаган хонлар бу ҳодисаларни ақл кўзи билан кўра олмаганлар. Бу каби мутаасиб, бошбошдоқлик ҳукм сурган, халқини талаган хонларга қарши худонинг жазоси келган бўлса ажаб эмас. Бу ерда бирданига Россиянинг ҳаракатлари кучайиб қолади. Бунга сабаб улар бу ерда инглизларнинг фаоллашиб қолганидан ташвишланган бўлсалар, иккинчи тарафдан Россияда енгил саноат ривожлана бошлагани бунга сабаб бўлиб, пахта хомашёси унга сув ва ҳаводек зарур эди. У пахтани илгари АҚШдан сотиб олган бўлиб, у ерда фуқаролар урушининг бошланиши билан пахтанинг келиши тўхтаб қолади. Россияга арзон ва сифатли пахта керак эди. АҚШ пахтаси унга Туркистон пахтасидан 30 баробар қимматга тушган. Россия подшоҳларининг қизиқишлари Пётр I давридан бошланганди. Ўрта Осиё мустамлака тизими яратилишидан олдин иккита альтернатив кучлар даъвогарлик қилган. Қайси бири кучли эди Англиями, Россиями? Қайси бири адолатлироқ тизимни ярата олиши мумкитн эди?
Бу бошқа мавзу бўлиб, бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.
Шоҳиста Ўлжаева
2.09. 2017 й.