Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда фермерликка кенг йўл очилди. Аммо фермерларга тўла эркинлик берилмаганлиги, уларнинг давлат идораларига қарамлиги, ҳуқуқлари чекланганлиги, амалдорлар ва бошқа мутасадди шахслар текин даромад олиш мақсадида фермерларнинг банклардан кредит олиши, техника ва ёқилғи-мойлаш материаллари таъминотини чигаллаштириб, сунъий тўсиқлар яратиб, фуқаролардан ноқонуний пул ундириш ва давлат мулкини талон-тарож қилиш системасини вужудга келтирётганлиги фермер хўжаликлари ривожига салбий таъсир ўтказмоқда.
Хоразм вилоятида ҳам фермер хўжаликларига қонуний фаолият кўрсатиш учун шароит яратиб бериш ўрнига, сансалорлик, бефарқлик, эркин фаолиятга тўсқинлик, таниш-билишчиликка йўл қўйиш каби ҳолатлар кўп учрамоқда. Фермерларнинг ўзлари айтишича, уларда қонуний равишда хўжалик ишини юритиш имконияти мавжуд эмас, Улар, шу ҳудуддаги қишлоқ аҳолисини ишга қабул қилиб, ишсизликка барҳам беришга молиявий жиҳатдан қодир эмаслар, шунинг учун фақат қариндош-уруғларини хўжалик даласида ишлатиб, меҳнат учун тўловни солиғини тўламасдан ноқонуний равишда амалга оширишга мажбур бўлмоқдалар.
Фермер хўжаликларига қарашли ерлар уларнинг раҳбарлари томонидан қишлоқ аҳолисига бир мавсум ёки бир йил муддатига сотилади ва ҳосил ўрнига давлатга ерларни сотиб олганлардан йиғилган пул топширилади. Баҳор келиб, далаларда экин-тикин жараёни бошланганда, айниқса, фермер хўжаликларини ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлашда катта муаммо юзага келади. Ишнинг қайноқ вақтида техника тўхтаб қолса, фермер нима қилишни билмай қолади.
Мониторинг ва мурожаатлар асосида “Нажот” ташкилоти томонидан 2015 йил давомида Хоразм вилояти бўйича фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши, уларга қарши маҳаллий амалдорлар томонидан зўравонликлар ишлатилиши, фирибгарлик билан ерлари тортиб олинишига оид 15 та ҳолат аниқланди. Уларнинг аксарияти вилоятнинг Ҳазорасп, Хива, Боғот, Гурлан туманлари ва вилоятга қўшни Қорақалпоғистон Республикасидан содир этилмоқда.
Айниқса, Гурлан туманида бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар тез-тез такрорланаётганини кузатишимиз мумкин. Жумладан, тумандаги “Ражаб Полвон” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Полвонов Гурлан тумани ҳокимлиги унга тегишли ер майдонини тортиб олиб, амалини суиистеъмол қилувчи, илгари фирибгарлиги сабаб судланган, фермерлик ишига нўноқ бир амалдорга олиб бераётганлигидан норози бўлмоқда.
У 2002 йилда турмуш ўртоғи Жуманова Энажон раҳбарлигида Гурлан тумани “Шоликор” қишлоғи ҳудудида “Ражаб Полвон” фермер хўжалигини 30 гектар ер майдонида ташкил этган. Йиллар давомида ер майдони кенгайиб, 2014 йилгача 122 гектар майдонда фермерлик фаолиятини олиб борган. 5 гектар ташландиқ ерни ўз маблағи ҳисобидан ўзлаштирган. Ер майдонини олган пайтида ернинг балл банитети 38-45 ц/гани ташкил этган бўлса, 2014 йилга келиб, бу кўрсаткич 60 ц/гани ташкил этган. 2013 йилгача бирор марта фермер хўжалиги давлат томонидан белгиланган режаларни бажармасдан қолмаган.
Мазкур хўжалик ер майдонларининг асосий қисми насосдан фойдаланмасдан суғорилиш имкониятига эга. Яъни “Қиличбой Арно” канали бўйида жойлашган. “Янгиобод” ММТП раиси ва “Янгиобод” СИУ раиси лавозимида ишлаган “нуфузли” амалдор Улуғбек Болтабоев бу ерга кўз олайтириб, уни қўлга киритиш режасини тузган. 2013 йилдан бошлаб, туман ҳокими Мадраҳимов.Қ ва амалдор Болтабоев.У фермер хўжалигининг ҳар бир ишига аралашиб, ҳалақит бериши, дизель ёқилғилари ва минерал ўғитларини ўз вақтида бермаслиги натижасида 2013-2014 йилларда фермер хўжалиги давлатга пахта топшириш бўйича шартномани 84-81 фоизга бажаради. Не машаққатлар билан етиштирган пахтани териб олишда ёрдам бериш ўрнига, унги сунъий тўсиқлар қўйишади.
Улуғбек Болтабоев ўша пайтда фермер хўжалиги раҳбари бўлган Энажон Жумановани ММТП гаражида бўлган йиғилишда барча фермерлар олдида куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган, ҳатто уни уришга ҳам югурган. “Янгиобод” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Илҳом Хўжаниёзов ҳам уни урмоқчи бўлган. Жуманова Энажон уларнинг бу ҳаракатларига чидолмай, 2014 йил август ойида нафақага чиқди.
Шундан кейин, фермер хўжалигига Энажоннинг тумуш ўртоғи Бахтиёр Полвонов раҳбарлик қила бошлади. Бунга қарши, 2014 йил 1 декабрда Гурлан тумани ҳокимининг “Ражаб Полвон” фермер хўжалиги ер майдонини қайтариб олиб, ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилиш тўғрисида 1323-сонли қарори чиқарилди. Б.Полвнов номидан ер ижара шартномасини бекор қилишни сўраб ёзилган ариза сохта бўлиб, унга ҳокимликдагиларнинг ўзлари сохта имзо қўйишган (Сохта имзо бўйича экспертиза хулосаси мавжуд).
“Ражаб Полвон” фермер хўжалигига тегишли 83,8 гектар ер майдони туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олиниши, шартномани бекор қилиш белгиланди. Орадан 2 ой ўтмасдан фермер хўжалигига тегишли ер майдони Гурлан тумани ҳокимининг 2015 йил 21 январдаги 104-сонли қарори билан Улуғбек Болтабоевнинг отаси раҳбарлигига расмийлаштирилган, аслида У.Болтабоевнинг ўзи бошқариб келаётган “Муҳандис” фермер хўжалигига берилди. Гўёки амалдор мақсадига етди.
Б.Полвонов туман ҳокими қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Суд 2015 йил 3 июлда даъво аризани қаноатлантириш, ҳокимнинг 2014 йил 1 декабрдаги 1323-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди. Лекин шунга қарамай унга ерини қайтариб беришмади. Шундан кейин у Хоразм вилояти хўжалик судига даъво аризси йўллади. Мазкур суд 2015 йил 5 октябрда “Ражаб Полвон” фермер хўжалиги ер майдонларини “Муҳандис” фермер хўжалигидан қайтариб олиш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарди.
Аммо Улуғбек “Менга ерни суд бермаган, ҳоким берган, мен ҳокимнинг қарори билан ерни қайтариб бераман, сен судга яна бир йил қатнасанг ҳам фойдаси йўқ, ерни мендан ололмайсан” деб Бахтиёрни ҳақорат қилиб, ҳайдаб юбормоқда. Ваҳоланки, Гурлан тумани ҳокимининг 2015 йил 6 ноябрдаги 1280-сонли “Гурлан тумани ҳокимининг 2014 йил 1 декабрь 1323 сонли ва 2015 йил 21 январдаги 104-сонли қарорларини бекор қилиш” тўғрисидаги қарори мавжуд. Афсуски, ушбу қарор ижро қилинмай келмоқда.
Аксинча, туман ҳокими Б.Полвоновга 2015 йил 9 ноябрда 7-900-сонли “Таклиф” билан мурожаат қилиб, “Ражаб Полвон” фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини ўзаро келишув билан бекор қилишга розилиги ҳақида 4 кунлик муддат ичида туман ҳокимлигига маълум қилишини сўраган. Акс ҳолда, барча суд харажатларини унинг зиммасига юклаган ҳолда, хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилишга мужбур бўлишини билдирган.
Туман ҳокими 2015 йил 11 ноябрь куни яъни “Таклиф” юборилганидан 3 кун ўтиб, Хоразм вилояти хўжалик судига даъво аризаси берди. Ваҳоланки, ҳоким ва фермер хўжалиги ўртасида тузилган шартноманинг 20-бандида “Томонлардан бири “Шартнома”ни бекор қилиш мўлжали тўғрисида иккинчи томонни “Шартнома”ни бекор қилиниши сабабларини асослаган ҳолда мўлжалланаётган бекор қилиш санасидан уч ой олдин ёзма равишда хабардор қилинади” деб кўрсатилган.
Суд Гурлан тумани ҳокимининг “Ражаб Полвон” фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида 2014 йил 23 август кунги 90-сонли ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш (олиш) шартномасини бекор қилиш” тўғрисидаги даъво аризасини ХПКнинг 112-моддаси 1-банди, 112-моддаси, 88-моддаси 5-бандига асосан даъвогарга қайтариши ва кўрмасдан қолдириши лозим эди. Лекин суд ундай қилмади. 2015 йил 1 декабрда Б.Полвоновнинг илтимосномасини рад этиб, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди. Фуқаро учун қонун ўйини бошланади ва қонун кимгадир тобе холда иш юритади, холос.
Тумандаги фермер хўжаликларини йириклаштириш кўплаб фермерларга ноқулайликлар олиб келмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идораларида, ҳокимликларда қонунлар ва қонун ости ҳужжатларида белгиланган қоидаларни амалдорлар манфаатларига мослаштириб ижро этиш, оддий фуқароларни қийин аҳволга солиб қўймоқда.
Олдиндан таёрланган режа асосида амалдорларнинг маълум гуруҳи “Ражаб Полвон” фермер хўжалигини аввал Энажон Жумановадан, эндиликда эса янги раҳбар Бахтиёр Полвоновдан тортиб олмоқдалар. Суриштирув ва суд ҳақиқатни аниклашга ҳаракат қилмади. Иш бир томонлама кўрилди. Ер масаласида манфаатдор томонлар коррупция ташкилотчилари экани сабаб қонун уларни ҳимояга олгани шубҳалидир.
Б. Полвоновнинг миллионлаб пули эвазига ташландик ҳолдан тикланган ерни асл деҳконга қайтарилиши қийин кечмоқда. (Ер қонунчилигида қишлоқ хўжалик субъектлари учун балл бонитети паст кўрсатгичларга эга бўлган ер участкаларидан (30 дан кам бўлса) ер солиғига тортилмаслик муддатини «ушбу ерлардан фойда олиш муддатига қадар», деб белгиланиши лозим. Чунки, бизларга маълумки, табиий ва техноген бузилган ерларнинг «ўзлаштириш муддати», яъни фермерларнинг тубдан мелиорация ва рекультивация қилиш учун ишлатган маблағларини қоплаш ва даромад олишни бошлаш муддати, 3 йилдан то 25 йилгача давом этиши мумкин. Бундай ҳуқуқий норма фермерларни яхши ер қидириб юришга, кадастр баҳосини камайтиришга бўлган «ноқонуний» ҳаракати ёки интилишини камайтиради). Шундай экан, Б.Полвонов ўзлаштирган, ўз кучи билан балл банитетини оширган ерларга кадастр баҳосини юқори белгиланишиниши нотўғри тарзда амлага оширилган.
Яна бир фермер Марям опа ҳам доимо фермер хўжалиги учун белгиланган давлат буюртмаларини ошиғи билан бажариб келган. Молиявий томондан ҳеч қандай қарздорлиги йўқ. Лекин Гурлан тумани ҳокимлиги томонидан яна ўша Улуғбек Болтабоев ҳамкорлигида унинг ери ҳам ноқонуний қарор асосида тортиблоинган. Марям опа судлашиш бефойда эканлигини тушуниб, бошқа фермерларни тўплаб, ўз норозилигиини қайсидир кўринишда намойиш этмоқчи бўлди. Унинг бу ишини кўрган амалдорлар, маҳаллий ҳокимият вакиллари унинг шаънини ҳақорат қилишган ва унга қарши мушт кўтаришган.
Аслида, бундай норозилик ҳар бир деҳқончилик йили сўнггида юз беради. Сабаб, ер сотишга одатланган раҳбарлар салгина “оёғи тойган” фермернинг ерини тортиб олишга йил давомида тайёргарлик кўриб боришади. Фермер парвариш йили давомида, гарчи ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли “хато” қилса, яъни банкдан пулини ололмаса ва ғўзасини ўтай олмаса, каналда сув бўлмаса ва экинини суғора олмаса, кимё ташкилоти ўғит бермаса ва ўсимликни озиқлаш кечикса, барибир калтак унинг бошида синади ва миршаблар воситасида: “далани ўз ихтиёрим билан топшираман” мазмунидаги ариза ёздириб, олиб қўйилади. Мажбуран ёздирилган бу аризалар кеч кузда амалдорлар фойдасига ишлатилади.
Оила аъзолари билан ўз ерида ишни қойиллатиб, режаларни дўндириб турган бу фермер хўжалигини ерсизлантиришга ҳеч қандай асос йўқ. Лекин, унинг даласи меҳнат туфайли унимдор ҳолга келган, мана-ман деган ерфурушнинг кўзини ўйнатадиган даражада қулай шароитли. Шунинг учун ҳам унинг ери пулдор амалдор томонидан шафқатсизларча тортиб олинмоқда..
Шулардан келиб чиққан ҳолда, “Нажот” ташкилоти суд-ҳуқуқ идораларидан ерларнинг ҳақиқий деҳқонлар қўлига қайтарилишини, коруупцияга қарши қонунлар адолатли тарзда қўлланилишини, миллионлаб харажат қилган деҳқонларнинг пуллари ўзларига қайтариб берилишини, судлар ҳақиқий аҳволни ўрганиб чиқиб, келтирилган далиллар ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилади. Ушбу ҳолатлар тўғрисидаги мониторинг натижалари тегишли хорижий ташкилотларга илова тарзида жўнатилади.
Хаитбой ЯҚУБОВ, Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раиси
ЎХҲ таҳририятига келган мактуб