O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хоразмнинг биринчи ҳокими Маркс Жуманиёзов оламдан ўтди

Хоразмнинг биринчи ҳокими Маркс Жуманиёзов оламдан ўтди
243 views
28 December 2012 - 20:07

MarxJКеча, 2012 йил 27 декабрь куни, Хоразм вилоятининг биринчи ҳокими, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги собиқ вазири, республика Қарантин хизмати собиқ раиси Маркс Жуманиёзов 74 ёшида Тошкент шаҳрида оламдан ўтди. Бугун, 28 декабрь куни, унинг жасади Тошкентдан Урганч шаҳрига учоқда олиб кетилди ва Хоразм тупроғига дафн қилинди.

Маркс Жуманиёзов 1938 йил 18 август куни Хоразм вилояти Янгибозор тумани Оёқ Дўрмон қишлоғида туғилган. Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш институтини тугатган М. Жуманиёзов турли даврларда Хонқа тумани, Хоразм вилояти, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги, республика Қарантин хизматига раҳбарлик қилган.

Мустақиллик йилларида Маркс Жуманиёзов юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, имкон қадар халқ дардини илгари суришга, республика раҳбариятига ўз фикрини эркин айтишга, қўл остидаги ишчи-ходимларга ғамхўр бўлишга интилиб келди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда Хоразмнинг биринчи ҳокими мустақиллик йилларида фаолият олиб борган кам сонли халқпарвар ҳоким ва раҳбарлардан эди.

Масалан, қишлоқ хўжалиги вазирлигининг собиқ ҳайдовчиларидан бирининг айтишича, Маркс Жуманиёзов вазир пайтида навбатма-навбат ишлайдиган ҳайдовчиларининг барчаси тезроқ навбат келишини ва ушбу инсонга хизмат қилишга шошилишаркан. “Чунки Маркс ака биз, ҳайдовчиларга жуда ғамхўр эдилар. Ўзлари билан бирга бизни тўй-ҳашамларга олиб борардилар, “Бола-чақангизга беринглар”, – деб, ўзига келган турли совға-саломларни бизга тарқатарди”, – дея эслайди вазирлик ҳайдовчиларидан бири.

Унинг айтишича, М. Жуманиёзов бўш қолди дегунча дарров китоб ўқишга тушаркан. “У тарихга оид китобларни кўп ўқирди. Ҳатто машинада ҳам у кишининг қўлидан китоб тушмасди. Маркс акага эргашиб, биз ҳам тарихга қизиқиб қолганмиз”, – дейди собиқ ҳайдовчи.

Маркс Жуманиёзовнинг тарихга қизиқувчанлиги президент Ислом Каримовга ҳам аён. Бир гал мажлис ўтказиш учун Урганчга келган Ислом Каримов вилоят ҳокимининг кабинетидаги катта бир бадиий суратни кўриб: “Бир қўли чопилган, соғ қолган қўлида эса байроқ ва байроққа ёпишиб қолган кесилган қўлини кўтариб, жангга кираётган бу одам ким?” – деб сўрайди. Шунда М. Жуманиёзов: “Бу Нажмиддин Қубро деган хоразмлик уламо”, – деб жавоб бериб, сўфийнинг мўғилларга қарши курашда шаҳид бўлгани ҳақида гапириб беради.

Бундан таъсирланган Ислом Каримов Хоразм ҳокимининг шахсий буюртмасига биноан чизилган ушбу суратни Тошкентга олиб кетиб, президент кабинетининг деворига илиб қўйишни буюради ҳамда Нажмиддин Қубронинг ҳаёти ва ижодини кенг ўрганиш ҳақида расмий фармон беради.

Хоразмга раҳбарлик қилганда М. Жуманиёзов вилоят учун сидқидилдан хизмат қилган, бу йўлда ҳатто президент Ислом Каримовнинг баъзи қарорларига қарши ҳам борган. Мисол учун, 90-йилларнинг ўрталарида Каримов “Ўзбекистоннинг барча вилоятида фақат ягона миллий қаҳрамон Амир Темурга ҳайкал ўрнатиш” ҳақида топшириқ беради. Шунга асосан Амир Темурга ҳайкал ўрнатиш учун Урганчга ҳам ҳукумат вакиллари келади.

Бироқ вилоят ҳокими М. Жуманиёзов тошкентлик музолимларнинг режаларига қаршилик кўрсатиб, Урганчда бошқа бир миллий қаҳрамон – Жаллолиддин Мангубердига ҳайкал ўрнатилиши зарурлигини, бунинг сабабини эса фақат президент Каримовнинг ўзига айтишини билдиради. Ислом Каримовнинг қўнғироғига жавобан эса Хоразм ҳокими: “Ўзбекистонда мўғилларнинг истилосига қарши фақат Амир Темур эмас, балки Жалолиддин Мангуберди ҳам курашган. Хоразмлик саркарда соҳибқирондан анча олдин курашган, аммо давомли хоинлик туфайли мағлубиятга учраган”, – деб, вазиятни тўғри тушунтиришга ҳаракат қилади.

Лекин қандайдир ҳокимнинг итоатсизлигидан жунбушга келган Ислом Каримов: “Мен Амир Темур дедимми, демак ҳамма ерда Амир Темур ҳайкали бўлади!” – деб, бу борада ҳеч нарсани эшитишни истамайди.

Шунда Маркс Жуманиёзов топқирлик қилиб: “Ислом ака, ўзингиз биласиз. Лекин биз Мангубердига ҳайкал қўймасак, эртагаёқ Сапармурот Ниёзов уни туркманларнинг миллий қаҳрамонига айлантиради-қўяди. Чунки Мангубердининг отаси хоразмшоҳ бўлгани билан онаси туркман бўлган”, – деб президентнинг ожиз нуқтасидан олади. Буни эшитгач, туркман ҳамкасбини ёқтирмайдиган Ислом Каримов Урганчда Амир Темурга эмас, Жалолиддин Мангубердига ҳайкал қўйишга изн беради.

Бундан ташқари, Маркс Жуманиёзов Туркияга сафар қилиб, Жалолиддин Мангубердининг қабридан бир сиқим тупроқ келтиришга ва бу тупроқни ўрнатилажак ҳайкал пойига ташлаш учун ҳам президент Каримовдан рухсат олган ҳамда шу ишни амалга оширган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, М. Жуманиёзов “Эрк” демократик партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ ҳукумат томонидан таъқибга учрагач, М. Жуманиёзов ўзбек муҳолифати лидеридан негадир ўзини олиб қоча бошлаган. Бир гал Муҳаммад Солиҳнинг укаси Мақсуд Бекжон билан суҳбатда М. Жуманиёзов ҳазил тарздами, жиддий тарздами: “Менинг сочларим шу оғангиз Муҳаммад Солиҳ туфайли оқариб кетди”, – деган.

Аммо муҳолифат лидеридан ўзини қанчалик олиб қочмасин, М. Жуманиёзов барибир ҳукумат ғазабидан қочиб қутула олмади. Республика қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган даврда Маркс Жуманиёзов Хоразмнинг собиқ ҳокими Искандар Юсупов уюштирган туҳмат ва фитна қурбони бўлиб, Исмоил Жўрабеков ва Темур Олимовларнинг босими остида қолиб кетган. Президент Каримов уларнинг кўрсатмаларига асосланиб, М. Жуманиёзовни ишдан олган ва республика Қарантин хизматига раҳбар қилиб тайинлаган.

Охирги марта М. Жуманиёзов Исмоил Жўрабеков томонидан илгари сурилган ҳамда президент Каримов томонидан маъқулланган “Фермерларга қандай экин экишни бозор шароитидан келиб чиқиб, ҳукумат ҳал қилиши” ҳақидаги таклифга қаршилик билдирган. Шу хусусда уюштирилган йиғилишда М. Жуманиёзов: “Деҳқон-фермерлар нима экишни ҳукуматдан кўра яхши биладилар. Бугун Исмоил ака фермерларга нима экишни буюрса, эртага қандай экишни ҳам, қачон экишни ҳам, ҳатто қачон ва қандай суғоришни ҳам буюради. Натижада деҳқон ҳукумат қулига айланиб, қишлоқ хўжалиги тор доирадаги мансабдорларнинг манфаатига хизмат қиладиган соҳага айланиб қолади”, – деган.

Табиийки, бу гаплар мажлисда иштирок этган Исмоил Жўрабековга ҳам, Темур Олимовга ҳам, Ислом Каримовга ҳам ёқмаган. Шундан кейин М. Жуманиёзов бундай даражадаги йиғинларга бошқа чақиртирилмаган.

Шуни ҳам эслатиш жоизки, раҳбар лавозимларда ишлаган кезлари Маркс Жуманиёзов президент Каримов томонидан давомли равишда калака қилинарди. М. Жуманиёзов иштирок қилган деярли барча мажлисларда Ислом Каримов: “Маркс ака! СССР парчаланди, коммунизм ўлди. Сиз қачон исмингизни ўзгартирасиз?” – деб Хоразмнинг биринчи ҳокимини масхара қиларди. М. Жуманиёзовнинг бундай кесатикларни ичига ютишдан бошқа чораси йўқ эди.

Умрининг сўнгги йилларини Маркс Жуманиёзов нафақада ўтказиб, соғлигини тиклашга ва ўз ҳаёти ҳақида хотиралар ёзишга бағишлаганди. Хусусан, 2008 йилда “Эсимда қолган онлар” деб номланган хотира китобини ёзиб, унда собиқ Иттифоқ ва мустақиллик йилларидаги фаолиятидан айрим қизиқарли воқеаларни келтирган.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати