“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинида икки йилдан ортиқроқ ишлаган маҳалла посбони шу кунларда хорижда юриб¸ 5 йил ичида Ўзбекистонга қайтмаганлар рўйхати Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бўлимига берилаётганини айтган. Бу бўлим эса номлари берилган шахсларни хориждаги консулликлар рўйхатидан қидирмоқда, топилмаганларни фуқароликдан чиқарилиши мумкин бўлганлар рўйхатига киритмоқда.
Икки йил давомида маҳалла участка нозири ва МХХдан маҳаллага бириктирилган масъуллар билан уйма-уй юрган собиқ посбон хорижда узоқ вақт юрганлар рўйхати тайёрланиб, Ташқи ишлар вазирлигида йиғилаётганига гувоҳ бўлганини айтади:
– Ўзи маҳаллаларда алоҳида рўйхатлар тузилаяпти – хорижга кетган ва қайтмаганига 5 йилдан ошганлар рўйхати. Биз буни тўғри Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бўлимига жўнатаяпмиз. Бу бўлим ўша одамлар четда консулликка хабар берганми-йўқми, масалан, фалон жойдаман, ишим тайин, нотўғри ишлар қилмаяпман, деб хабар берганми – шуни суриштираяпти. Ўзбекистонга 5 йил ичида қайтмаган ва консулликка ҳам учрамаганлар рўйхати тузилаяпти. Улар автоматически фуқароликдан маҳрум қилинади ва қайта тикланмайди, деб тушунтиришди бизга, – деди маҳалланинг собиқ посбони.
(Исми ошкор қилинмаëтган посбон маҳалла устидан ИИВ ва МХХ идоралари назорати ва юклатилаётган вазифалар кўлами ошиб бораётгани боис, бироз муқаддам ишдан бўшагани ва маҳаллада бўлаётган жараёнлардан юртдошларини огоҳлантириш зарур, деган қарорга келганини айтади.)
Манбанинг айтишича, ўз маҳалласида ҳозирча фуқароликдан бирор киши маҳрум қилинмагани ва қўшни маҳаллаларда ҳам бундай ҳолатга дуч келмаганини қўшимча қилди. Унинг айтишича, ҳозирча фуқароликдан чиқарилиши мумкин бўлган шахсларнинг рўйхатлари ҳозирлаб қўйилмоқда.
Собиқ посбонга кўра, айни пайтда ҳокимиятлар маҳалла қўмиталаридан хорижда узоқ қолиб кетганларни ортга қайтаришни талаб қилмоқда:
– Ҳозир ҳар бир маҳаллада 4 та штатли одам бўлса, ҳамма шу ишга жалб қилинган. Участковой, посбон, раис эрталабдан уйма-уй юради. Ҳар битта уйдан қанча одам четга кетган, қаерга кетган, нима иш қилаяпти, қачон келган – мана шунақа нарсаларни аниқлаб, 2 та рўйхат қиляпти. Биттаси кетганлар, биттаси келганлар. Кетганлар рўйхати СНБга, қайтганлар рўйхати мелисага. Кетганига 3 йилдан ошган бўлса, яқинларидан телефонини олиб, чақиришяпти. Кейин шу фуқарога ҳам, ўзларига ҳам муаммо бўлмаслиги учун, – дейди посбон.
У хорижга кетганлар рўйхати билан МХХ қандай ишлашидан тўлиқ хабардор эмаслигини айтди. Манба¸ қайтганлар билан маҳалла қўмитасига ажратилган биноларда маҳалла фаоллари иштирокида “тушунтириш ишлари” олиб борилаётганини айтади:
– Масалан, келса кимдир, маҳалладан биттаси бориб ёки телефон қилиб, чақиради. Сразу участковой гаплашади – қаерда бўлдингиз, нима қилдингиз, қайси миллатлар билан яшадингиз, намоз-помоз – ҳаммаси сўралади. Кейин ой охирида қайтганларни битта қилиб, СНБдан бириктирилган вакил бирма-бир яна суҳбатлашади. Ҳаммаси жойида бўлса, яна кетаверади чет элга. Бўлмаса, МХХ яна дальше суриштиради, – дейди посбон.
Унинг айтишича, ҳозир хориждан борганларнинг ҳаммасига маҳалла қўмитасига учраш шарт ва мажбурий қилиб қўйилган.
Хориждан борган фуқародан маҳалла қўмитаси тиббий маълумотнома, паспорти нусхаси ва яна бошқа ҳужжатларни сўрайди. Озодлик билан суҳбатлашган собиқ посбон шундай суриштирувлардан сўнг қўшни маҳаллалардан бир неча киши ҳибсга олинганини ҳам қўшимча қилди.
Унинг айтишича, ҳозир ҳокимиятлар учун энг муҳим идора маҳалла бўлиб қолган:
– Худони берган куни ҳокимиятга чақиришаверади, ўзлари ҳам келишаверади. Чунки, фуқаролар ҳақидаги ҳамма маълумот шу маҳаллада, маҳаллани компьютерида. 2012 йилдан бери шуни устида ишлаяпмиз. Ҳар ойда рўйхатлар ҳақида алоҳида ҳисобот берамиз – нечта одам қайтганларга қўшилди, кимлар улар, нечта одам кетганларга қўшилди, кимлар – шунақада, – дейди посбон.
Ўзбекистонда хориждан борганлар маҳалла қўмитасига суҳбатга чақирилаётгани, айримлар суҳбатга боргач, ҳатто, ўша ердаёқ ҳибсга олинаётгани ҳақида хабарлар келиб турибди.
Хорижга ишлашга кетиб, узоқ муддатга қолиб кетганларни уйига қайтариш ҳаракати ўтган йил охирида бошланган. Хорижга кетганлар ва уларнинг уйида қолган яқинлари қайдга олиниб, милиция ва МХХ суҳбатидан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги шу йилнинг феврал ойида чет элда яшаëтган 75 минг ўзбекистонлик шахсига оид маълумот тўпланиб, улар махсус қайдга олингани, айни пайтда, чет элдан қайтган 70 минг киши билан “профилактик” суҳбатлар ўтказилганини расман маълум қилганэди.
Собиқ поспон тилга олган рўйхатларни тузиш эса 2012 йилда бошланган. Маҳалла поспони суҳбатдан тушунилишича, ҳозир бу рўйхатдаги фуқаролар билан ишлаш механизми шаклланган ва келгусида хорижга кетиб-қайтмаганларга нисбатан конкрет чора кўришга ҳозирлик бормоқда.
Дарвоқе, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси 2014 йилдаёқ 2 мингга яқин ўзбекистонликнинг исм-фамилиясини эълон қилган ва улардан консуллик рўйхатидан ўтиш, акс ҳолда фуқароликдан маҳрум қилинишидан огоҳлантирган эди.
Аммо, ҳозирча ўзбекистонликларнинг айни сабаб билан фуқароликдан маҳрум қилина бошлаганига оид аниқ маълумотлар йўқ. Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ИИВнинг фуқароликни қайд этиш ҳамда паспорт столлари бу борада ҳозирча аниқ кўрсатма бўлмаганини айтмоқдалар.
ЎХҲ хабарлар бўлими