O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хорланган асиралар

Хорланган асиралар
602 views
06 February 2017 - 8:00

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(27)

1

ХОРЛАНГАН АСИРАЛАР

Бир неча кун ичида янги туркман биродарларим билан қалин дўстлашиб, бемалол уйларига ҳам борди-келди қила бошладим.

Уст-бошимни ўзгартириб туркманча либослар кийиб олдим. Деҳқончиликдан ташқари шаҳардаги ишларига ҳам кўмаклаша бошладим.

Шундай қилиб шаҳар билан алоқа ўрнатиб қори Масъуд тушунтириб берган манзилларни топиб, улар воситасида берган омонатларимни ҳам қўлга киритдим.

Дарахтларнинг барги ҳам аста-аста тўкилиб, тутнинг устидаги қароргоҳим ҳам кўзга ташланиб қолди. Яҳудий бошлиқлардан бир мунча иш ҳақи олдим. Кўпроқ қисмини таниш деҳқонларга ҳадя этдим. Танишларим янада хурсанд бўлишиб орамиздаги меҳр-муҳаббат зиёда бўла бошлади.

Улар менга “Имом Кархий” мозори атрофидаги ҳужралардан бирини олиб бериб, қўлимга бир “сертификат” бердилар. Унда:

“Бу шахс моҳир деҳқон ва “Ўзбектур”нинг деҳқончилик ишлари бўйича нозиридир” — деган мазмундаги сўзлар ёзилган эди. Бу “сертификат” менга жуда қўл келиб шаҳарда бемалол юра олар ва кўпинча шаҳарда пешин ўқиб қайтардим.

Кунларнинг бирида шаҳардан саккиз дона туркман нони сотиб олиб, бошимга қўйиб “Имом Кархий”нинг мозорлари томон йўл олдим. Бироқ, беихтиёр катта тўғри йўл қолиб, бошқа бир кўчага қараб юриб кетдим.

Шаҳардан бир мунча узоқлашганимдан сўнг хатарли бир кўчага кириб қолганимни пайқадим. Ҳар дам битта-иккита қизил аскарга йўлиқа бошладим. Орқамга қайтиб кетмоқчи бўлардим-у, лекин қандайдир куч мени олдинга қараб тортиб кетмоқда эди.

Шаҳардан жуда олислаб кетдим. Йўлнинг сўл томонида катта бир виқорли қалъа кўриниб турарди. Атрофида қизил аскарлар кўплиги учун ўзимни ўнг томондаги кенг майдонга бурдим. Бу ерни “шаҳар ҳокимияти” деб номлар эканлар.

Икки юз-уч юз қадамча юрган ҳам эдимки, қаршимдан чанг-тўзон кўтарилиб кела бошлади. Хаёлимга бирор тижорат карвони келяпти, деган фикр келди. Карвон яқинлашганда ўзимни йўқотиб, ҳайратдан ёқамни ушлаб қолган эдим. Бу тижорат карвони эмас… балки … мингларча ёш-яланг … асира қиз-жувонлар … карвони эди.

12-25 ёшларидаги бу нозик-ниҳол асиралар чангу-ғубор остида ҳар қандай бағритошни ҳам юрагини эритиб юборадиган ҳолатда судралиб келишарди. Қуёш кўрмаган бу юзлар чангу-ғуборга беланиб, бегонанинг кўзи ҳам тушмаган кўйлаклар тилка-пора бўлган эди.

Кўринишларидан ўзига тўқ шарофатли хонадоннинг қадр-қийматли ва севимли фарзандларига ўхшардилар. Ҳар бирининг қўлида биттадан белкурак, оёқларига эса чориқ этик кийган эдилар. Элликка яқин аскар уларни қўй-эчкилардек ҳайдаб келардилар. Асиралар мени кўриб ўраб олишди. Бошимдаги нонларни кўриб:

—Ака, сиз нонвоймисиз? — деди, улардан бир ўзбек шевасида.

—Йўқ, лекин олишларингиз мумкин — дея, нонни тақсимлашга тушдим.

Улардан ўзларини таништиришларини сўрадим.

—Биз — деди, улардан бири, — Самарқанд, Бухоро, Қарши, Хўжанд, Тошкент, Қўқон, Андижон, Наманган сингари турли вилоятларнинг азиз фарзандлари эдик. Бизларнинг айбимиз оталаримиз, акаларимиз ёки умр йўлдошларимизнинг дин уламолари эканлиги ёки ишбилармон бойлиги, уддабурон савдогарлиги, миллат раҳбари бўлиши ёки иззат-обрўси баланд улуғ кишилардан бўлишидир. Уларнинг дину-миллат ва ватан ҳимояси учун қилган ҳаракатлари “жиноят”, “золимлик” деб аталиб, қаттиқ қораланди ҳамда бутун оила аъзолари билан турли ерларга бадарға қилиндилар. Ҳозир уларни совуқ жойларга сургун этганлар ёки ўлдириб юборганлар. Бизларни эса бу ерда чўри каби ишлатяптилар. Кундузи 6 соат, кечаси 4 соат турли юмушлар қилдирадилар, — деди, изтироб ичида.

—Ҳозир қаердан келяпсизлар?

—Экинзордан …

Жавобини тугатмаган ҳам эдики, қизил аскар етиб келди. Унинг кўриниши қўрқинчли тусда бўлиб жуда бадбашара эди. Дағдаға билан: “Сен кимсан?” — деди рус забонида. Нима дейишимни билмай туриб қолган эдим, қизлар жонимга оро кирди:

—Бу киши нонвой экан, биз унинг нонларини еб қўйдик, энди биздан ҳаққини сўраяпти — дейишди.

Бу ҳимоясиз мазлумаларнинг аянчли ва аччиқ ҳикояларидан қалбим тўлиб зўрға турган эдим. Иккинчи аскарнинг ҳам “Тўғри сўзлаяптими?” — деб урган дўқ пўписасидан кейин, қалбимдаги изтироб йиғи бўлиб отилиб чиқиб кетди. Мени, бечора нонвой нонлари учун қайғуриб йиғлаяпти, деб ўйлаб, индамай қолди. Шу орада қолган асиралар ҳам етиб келдилар. Уларнинг назоратчиларининг каттаси нонларнинг ҳаққини ундириб олишим учун бир мактуб ёзиб бериб:

—Эртага келиб шу ердан ҳаққингни олиб кет — деди.

Бу ерни таништириш ёдимдан кўтарилибди. Бу ер асиралар яшайдиган қамоқхона эди. Улар ичкарига кираётиб бирма бир номларини айтиб, қайтақайта рўйхатдан ўтар эдилар. Улар ҳушёр эканлар. Менга ўзларини таништириб қўйиш учун ўзининг ва отасининг исмини баланд овозда айтиб кира бошладилар. Улардан бир нечталарини ёдлаб қолдим, холос.

— “Ботирбой қизи Хадижа, Андижондан”, “Андижонлик Турдидомла қизи Турсуной”, “Исмоилжон қори домла қизи Зубайда, Намангандан”. Тўртинчиси ҳам оғиз жуфтлаган эди, нозир бақириб:

— Фақат исмингни айт — деди. Сўнг менга ғазаб билан тикилиб: “Бу ерда нимага қаққайиб турибсан, йўқол бу ердан …” — деди.

Қалбим дардига яна бир катта дард қўшилиб бу ердан жўнаб кетдим.

(давоми бор)