O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ХУНТА

ХУНТА
19 views
20 August 2013 - 16:58

th1991 йил 19 август куни Совет Империяси фанатиклари бу давлатни сақлаб қолиш учун сўнгги марта чирпиниб кўрди. Қудратли Совет Армияси ва КГБси бирлашиб, давлат тўнтариши эълон қилишди. Аммо тўнтарувчилар тўнтарар эканлар, кутилмаганда қўллари қалтирай бошлади. Совет Империясининг жонини олишга келган ўша Руҳ тўнтарувчиларнинг қўлларини қалтиратаётганди. Москва кўчаларига чиққан танклар ҳам, фалаж бўлган қўнғизлар каби, буюрилган жойга юра олмадилар. Бу фалаж қўнғизлар устига чиқиб, хунтага қарши нутқ сўйлаганлар кейин рус халқининг миллий қаҳрамонига айланишди.

Мен 19 август куни эрталаб Ёзувчилар Уюшмасига келганимда фавқулодда ҳаракатлиликни кўриб, бир оз ҳайрон бўлдим. Янгиликни биринчи дуч келган кутубхоначи Лола опадан эшитдим:

– Москвада «переворот» бўлибди, – деди у.

Қайта қуриш даврида попуги пасайиб қолган коммунист-ёзувчилардан бири ёнимдан ўтиб кетаётиб, «ниҳоят тартиб ўрнатиладиган бўлди,» деди баланд овоз билан.

Тез «Эрк» партияси Ҳайъатини чақирдик. Ҳайъат аъзоларининг ҳаммаси Хунтага қарши норозилик билдириш тарафдори бўлди. Йўқотадиган нарсамиз йўқ, аллақачон КГБ бизни таъқибга олди, деди Ҳайъат аъзолари. Ётиб қолгунча отиб қолишимиз керак, дедилар.

Тушга яқин Хунтага қарши манифест матни тайёр бўлди. Ўша заҳотиёқ «Озодлик» ва «Озод Европа» радиоларига ўқиб берилди. Айни пайтда, «Эрк» газетасининг тайёрланаётган сони биринчи саҳифасига материаллар ўрнига партиянинг Хунтага қарши баёноти ва халққа мурожаатини қўйиб, тез чоп қилдик. 19 август куни кечқурун «Эрк»чилар, одатдагидек, Ёзувчилар Уюшмасида тўпланмади. Ҳамма уй-уйига тарқади. Ғалати бир кутиш бошланди. Москвадаги демократларни ҳибсга олиш бошланса, бизда ҳам айни ҳаракат такрорланиши муқаррар эди. Буни ҳеч ким бир-бирига айтмаганди, аммо ҳар ким ичида бунга тайёргарлик кўраётганди.

Бу ваҳима эмасди. Вазиятнинг қалтислиги шундоқ кўриниб турарди. Москвада асаби нозик баъзи таниқли демократлар 19 август синовига дош беролмай, Америкага қочишганини бир неча кундан кейин эшитдик. Бизнинг «Бирлик»нинг баъзи раҳбарлари ҳам 19 август куни Қирғизистонга «шошилинч сафарга» кетгани кейин маълум бўлди.

Ўша куни оқшом «Эрк» ҳайъати аъзоси бухоролик йигит Тошпўлат Йўлдошев менга телефон қилди. Хунтанинг келажаги борми-йўқми, телемуҳокама қилдик. Йўлдошевнинг фикрича, Хунтанинг келажаги йўқ эди. Йўлдошев, совет системасини ичдан танирди. Бир неча йил дипломатик вазифаларда чет элларда ишлаган тажрибали маъмур эди. Унинг башороти тўғри чиқди, Хунта уч кунга бормади.

Аммо шу уч кун Ўзбекистон тепасида турган раҳбарларнинг нақадар принсипсиз шахслар эканини фош қилишга етди. Хунта тўнтариш эълон қилган куни Деҳли сафаридан қайтаётган Ўзбекистон Компартиясининг биринчи секретари Каримов самолёт бортидан Хунта бошлиғи Янаевга табрик телеграммаси жўнатди. Ўзбекистонда Каримовнинг ўрнига қолган Бош вазир Мирсаидов Хунта фармойишларини ўзбек газеталарида бажонидил чоп қилиб берди. Чоп қилибгина қолмай, бу фармойишларни амалда ижро эта бошлади. Бу фармойишлар республика Прокурори, шаҳар ва вилоят Прокурорларига жўнатилиб, бу асосда ҳаракат қилишга, тўғрироғи, амр келган заҳоти репрессия машинасини юргизиб юборишга тайёр туриш буюрилди.

«Эрк» партиясининг аввалдан режалаштирилган Қурултойи 21 август куни ўтиши керак эди. Тошкент шаҳар Ижроқўми бу Қурултойни ўтказиш ГКЧП (Хунта) фармойишларига кўра мумкин эмаслигини бизга расмий хат билан билдиргани эсимда.

20 август куни Хунтага қарши баёнотимиз босилган «Эрк» газетасидан бир нечта нусхасини олиб, Олий Кенгашга бордим. Бир неча депутатга тарқатдим. Кейин Олий Кенгаш Раиси Йўлдошев қабулхонасига кирдим. У ерда ҳам саросима ҳоким эди. Йўлдошев кабинетида йўқ эди. Бу кабинет тўрида осилиб турадиган Горбачев портрети ҳам худди Йўлдошевнинг ўзидай ғойиб бўлганди. «Эрк»нинг бир нусхасини Йўлдошевга шахсан беринг, деб унинг секретарига узатдим. Аслида, фақат Йўлдошев эмас, Ўзбекистоннинг бутун раҳбарлари ўз кабинетларидаги Горбачевнинг портретини 19 август куни олиб ташлашган эдилар. Бу халқ «йўлбошчилари» Брежнев замонидаги қуллик бўйнтуруғини такрор киймоқ учун бўйинларини эгиб, кутиб туришарди. Шу куни кечқурун, яъни, 20 августда Ислом Каримов Компартия активи билан Олий Кенгаш Президиуми аъзоларини тўплаб, мажлис ўтказди. Бу мажлисда Ўзбекистонда ГКЧП ташкил қилишга эҳтиёж йўқ, чунки, биз шундоқ ҳам фавқулодда ҳолатда яшаяпмиз, тартиб-интизом бизда кучли, деган қарорга келишди. Бу Совет Иттифоқида Хунтага бўлган энг «оригинал» муносабат деб топилди. Бу очиқчасига мунофиқона муносабат эди.

Хунта фармойишларини Қирғизистон ўз газеталарида чоп этмади. Қирғизистон раҳбари Акаев, Хунтага расмий норозилик билдирди. Биз унинг жасоратидан фахр туйдик. Чунки, у ўзимизнинг туркистонлик лидер эди. Ўзбекистон раҳбарлари ҳам тарихнинг бурилиш нуқталарида шундай матонатли бўлишни орзу қилардик. Биз мухолифат бўлиб, Каримовни қаттиқ танқид қилсак ҳам, у бизнинг ўлкамизнинг раҳбари эди. Унинг дунё миқёсида обрўсизланишини бир ватанпарвар сифатида ҳеч истамасдик.

19 август, афсуски, бизнинг раҳбарларга обрў келтирмади. Хунтанинг мағлубияти эса, уларни ўз ореинтацияларини яна бир марта 180 даражага ўзгартиришга мажбур қилди. Бу янада аянчлироқ манзара эди.

БИР ҲОВУЧ ХАЛҚ

  Ўзбекистонда 19 август синовидан юзи оқ чиққан ягона сиёсий ташкилот «Эрк» партияси бўлди ва биз бундан ғурур туярдик. Мустақиллик ғоясини шу «бир ҳовуч» эркчилар шиор қилиб кўтарганди, уни ҳимоя қилиш пайти келганда, майдонда яна ўша «бир ҳовуч» эркчилар қолди. Агар Хунтанинг умри уч кун эканлиги аввалдан маълум бўлсайди, унга ҳамма қарши чиқарди, лекин бу маълум эмасди. Унга қарши чиқишга журъат қилган одамлар ҳам озчилик эди. Бу одамлар нафақат Тошкентда, балки, Империя пойтахти Москвада ҳам, Совет Иттифоқининг бошқа шаҳарларида ҳам озчилик эди. Нима бўлар экан, деб кутиб турган миллионларга нисбатан оз эди. Балки, хунта келиб, қорнимиз тўяр, деб умид қилаётган моддиятчиларга нисбатан оз эди. Ҳуррият душманларига нисбатан, тоталитар давлат мухлислари, айғоқчилар, шовинистлар ва ҳатто лаганбардорларга нисбатан ҳам озчилик эди хунтага қарши чиққанлар. Яна бир тошбеҳ айтсак, «бир ҳовуч» эди қарши чиққанлар. Лекин бутун дунё газеталари Москвадаги давлат тўнтаришига халқ қарши чиқди, деб ёзди. Биз ҳам шундай, деб ёздик. Хунта енгилганини кўрган камтар кўпчилик ҳам ўша озчилик ҳақида «халқ» деб гапира бошлади. Халқ қарши чиқди, халқ ғалаба қилди, халқ жасорат кўрсатди.

Яъни, бир ҳовуч озчилик – халқ бўлди-қўйди.

Бир ҳовуч халқ.

Бу уч сўздан иборат ибора менинг озодлик ҳақида ёзган сўнгги шеърим эди.

ҲАССОС МАВЗУ – МУСТАҚИЛЛИК

 Биз «Эрк» Қурултойини зудлик билан ўтказишга қарор қилдик. Саросимада турган ҳукуматни бир қаттиқ туртиб қўйиш зарур эди. Ўзбекистоннинг Совет Иттифоқидан чиқиши учун бундан қулайроқ фурсат ҳеч қачон келмаяжагини ҳамма тушуниб турарди. Аммо «Бирлик» ҳаракатининг маълум раҳбарлари «агар Совет Иттифоқидан чиқилса, Каримов Марказнинг жазосидан қутулиб қолади, Москва Каримовни ишдан олсин, мустақил кейинроқ бўлайлик» қабилида гап-сўз бошладилар.

Тўғри, Иттифоқдан чиқиш Ислом Каримовни хунтани қўллагани учун келиши муқаррар бўлган жазодан қутқарарди. Биз майли, қутқарсин, дедик. Майли, Каримов қутулсин, Ўзбекистон мустақил бўлса етар, дедик. Чунки, мустақиллик фақат Каримовни эмас, бутун Ўзбекистонни, бутун халқни Империя жазосидан қутқарарди. Агар Каримов ёки бошқаси бизга ўн йил зулм қилиб, унинг ўлимини тилаб турган бўлсак-да, халқимизнинг мустамлакадан қутилиши золимнинг жазосидан қутулишига боғлиқ бўлиб қолса, биз ҳеч иккиланмай золимнинг қутулиши учун овоз берган бўлардик.

«Эрк» партияси ҳукумат билан бир марта муроса қилган бўлса, фақат шу мустақиллик йўлида муроса қилган бўлиши мумкин. Ҳукуматнинг адолатсизлиги, найранглари ва ҳатто зулмига кўз юмган бўлиши мумкин. Чунки, у пайтда халқнинг мустамлакадан озод бўлиши масаласи биз учун ҳамма нарсадан, ҳатто демократиядан, ҳатто биз учун доим мўътабар бўлган шахс эркинлигидан ҳам олдин келарди. Бу бир ҳақиқатдир. Ундан ҳеч бир эркчи бугун юз ўгирмоқчи эмас.

Биздаги бу ҳассосиятни у пайтдагина эмас, бугун ҳам, англамаганлар бор. Бизга хайриҳоҳ, бизни севган дўстларимиз орасида ҳам бу нозикликни бошқача таҳлил қилганлар бор.

Москва Пенклуби лутф қилиб, 50-ёшга тўлганим муносабати билан дўстларни тўплаб, бир суҳбат уюштирган экан, унинг видеотасвирини менга юборишди, соғ бўлсинлар. Бу суҳбатда менинг жуда ҳурмат қилганим жамоат арбоби, Хелсинки Инсон Ҳақлари Федератсияси Президенти Людмила Алексеева 90-йиллар Ўзбекистонини хотирлар экан, «Бирлик»нинг аввал демократия, кейин мустақиллик, «Эрк»нинг эса, аввал мустақиллик, кейин демократия, шиорини олға сурганларини эслади. «Энди, Муҳаммад Солиҳ ўз хатосини тушуниб, қаттиқ афсус чекаётгандир, мустақиллик деб сургун бўлди, қариндош-уруғлари қамалди, ҳақиқатан ҳам, революцияни идеалистлар қилиб, мевасини аблаҳлар ейди,» дея менга ҳамдардлик билдирди Людмила Михайловна. Албатта, бу ҳамдардлик учун миннатдорчилигим чексиздир. Людмила Михайловна самимий инсон, гапирар экан, шунчаки гап бўлсин деб эмас, куюниб гапираётганди. Фақат мен, у тахмин қилаётгани каби 90-йилларда мустақиллик тарафдори бўлганимга асло афсусланмаётганимни билмасди. Бунинг сабабини халқи узоқ вақт мустамлакада яшаган одам тушунади. Халқи узоқ вақт мустамлакачи бўлган одам қийинроқ тушунади. Шунинг учун Людмила Михайловнани мен тушунаман.

Людмила Михайловна каби, ўзбек зиёлилар ичида ҳам («Бирлик»ни айтдим) Русиядан айрилиш фойдадан кўра зарар келтиради, деган фикрда бўлганлар оз эмасди. Озгина демократия келсин, бир неча йил кутайлик, мустақиллик қочиб кетмайди, деган дўстларни кўп учратгандик.

«Бирлик»даги баъзи ақллилар бизни узоқни кўрмасликда айблаб, мустақил бўлсак, Каримов ўз хонлигини ўрнатиб олади, дея қўрқитишарди. Камина бўлажак хонлик ҳақида 90-йил Олий Кенгаш сессиясиларининг бирида гапиргандим. Биз иккита зулм остида яшаяпмиз, бири Москва, иккинчиси маҳаллий ҳокимият зулми. Лекин мустақиллик йўлида маҳаллий ҳукуматни қўллашимиз мумкин. Аввал зулмнинг каттаси – Москвадан озод бўлайлик, кейин ўзимизнинг маҳаллий зулмга қарши курашаверамиз, деганимда Ислом Каримов Олий Кенгаш президиумида кулиб ўтирганди.

Биз мустақилликни унга эришгандан кейин олам гулистон бўлади, деб ҳимоя қилганимиз йўқ эди. Мустақилликни битта партия, битта авлод, бир давр учун шиор қилмагандик, уни бутун халқ учун, бутун даврлар учун, абадият учун истаганимиз сабабли шиор қилгандик. Мавзунинг биз учун бўлган ҳассосиятини яна қандай тушунтириш мумкин?

20-йиллар Туркистонида «Босмачилар ҳаракати» деб аталган миллий ҳаракатдан сўнг Ўзбекистон мустақиллиги ғоясини илк кўтарган ва демократик усуллар билан дунёга қабул қилдирган ягона сиёсий ҳаракат «Эрк» ҳаракати эди. Бунга ўлкамизнинг сўнг йигирма йиллик ёзилмаган тарихи гувоҳдир.

«ЭРК» ҚУРУЛТОЙИ

  Қурултойга рухсат тез келди. Хунтанинг мағлубиятидан кейин мулзам бўлган ҳукумат «хоҳлаган жойини беринглар,» деб амр қилибди ва Тошкент шаҳар Ижроқўми бизга Жумҳурият радиоси ёнида қурилган ҳашаматли «Бизнесцентр»нинг замонавий жиҳозланган залини берди.

Қурултой 25 август куни эрталаб соат 10да бошланди. Зал лиқ тўла эди. Одамларнинг кайфи чоғ эди. Байрам ҳавоси бор эди. Қурултойда шу нутқни ўқидим:

«Ҳурматли дўстлар, тарихда шундай даврлар бўлади-ки, унинг соати йилларга, йили асрларга тенг келади. Бу ҳақиқат шу кунгача биз учун бир образ, китобий таъбир эди. Бугун бу нарса бизнинг кўз ўнгимизда турибди. Биз шу буюк воқеанинг шоҳиди бўлдик. 19 августда содир бўлган давлат тўнтариши ва унга қарши кўтарилган мардонавор халқ ҳаракати бу ҳақиқатни намойиш этди. Қайта қуриш деб номланган олти йиллик тарихий жараённинг 19 августгача бўлган қисми бир давр бўлса, ундан кейинги ўтган олти кун мутлақо бошқа бир даврдир. Бу инқилоб шу қадар тез юз берди-ки, уни ҳамон ақлга сиғдира олмаяпмиз. Чунки, ўша таҳликали уч кун ичида биз ўтган демократик йўлнинг масофаси қайта қуриш кечган олти йиллик масофадан каттароқдир. Ва бу икки инқилобнинг принсипиал фарқи шунда-ки, биринчи инқилоб тепадан бошланган бўлса, иккинчи инқилобнинг ижодкори халқнинг ўзи бўлди.

Худди шунингдек, олти йил ичида митингларда қатнашган халқдан 19 августда кўчага чиққан халқ мутлақо фарқ қиларди. Бу халқ шу кунгача мавжуд тузумни танқид қилиб келган бўлса, энди бу тузумни бутунлай алмаштиришни талаб қила бошлади. Аввал милитсия тўқмоғига қарши турган бўлса, бу сафар танкларга қарши, бир сўз билан айтганда, ўлим билан юзма-юз турди. Жамиятдаги бу динамизм Совет Иттифоқи деб аталган мамлакат тарихини кескин бурилишларга олиб келди.

Лекин шуни ҳам унутмаслик керак-ки, 19 августда ўлимга рўпара турган бу халқни ўша қайта қуриш тайёрлади. Бугун демократия ғалабасидан бошимиз айланиб, «қайта қуриш ва Горбачевни Елтсин қутқарди, Совет Иттифоқини Русия қутқарди», демоқдамиз. Чиндан холос этган нарса ўша «боши берк кўчага кириб қолган қайта қуриш» эди. Шу маънода, Горбачев ўзини ўзи қутқарди, шу маънода, ўз-ўзининг ҳалоскори бўлди Шу маънода, қайта қуриш асло боши берк кўчага киргани йўқ, аксинча, у бугун ўзининг буюк ғалабасини нишонлаяпти. Қайта қуриш ҳеч қачон бугунгидай юксакликка кўтарилмаган эди. Мухолифлар «халқ оч-яланғоч, жиноятчилик кучаймоқда, иқтисодий бўҳрон чуқурлашмоқда, сенинг демократиянг нима беради?» дея савол бермоқдалар. Тўғри, халқ оч. Лекин бунга демократиянинг нима алоқаси бор? Тўғри, жиноятчилик кучаймоқда. Лекин демократияда нима айб? Тўғри, иқтисодий бўҳрон чуқурлашмоқда, уни демократия чуқурлаштирдими? Аксинча, бу фожеалар демократия ҳамон тўсиққа учраётганидан, ҳамон қуруқ сўз бўлиб қолаётганидан, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳаётимизга сингиб кетмаётганидан эмасми?

Шуниси қизиқ-ки, давлат тўнтаришини ташкил этган ҳарбий-партиявий хунта ҳам айнан ўша халқнинг очлигини, иқтисодий бўҳроннинг чуқурлигини рўкач қилиб майдонга чиқди. У бир ҳафта ичида аҳволни тубдан ўзгартиришга ваъда берди. Бунинг далили сифатида Москвадаги дўконларда узоқ кутилган озиқ-овқат пайдо бўлди. Агар хунта яна ўн беш кун яшаса, бу неъматлар бошқа шаҳарлар дўконларида ҳам пайдо бўлар эди. Бунга шубҳа йўқ. Лекин халқ алданмади. У нон эмас, озодликни танлади. Чунки, бу халқ ҳатто нон ҳам озодлик ўрнини босишга қодир эмаслигини англаган халқ эди. Мен халқ деганда, рус халқини назарда тутаяпман. Бу ҳақиқатни тан олиш керак. Зотан, хунтанинг йўлини тўсган асосий куч – москваликлар ва Русия ҳукумати бўлди.

Хунта ўз режаларини эълон қилгандан сўнг, баъзи жумҳуриятларда иккиланиш яққол кўзга ташланди. Нафақат жумҳуриятлар, балки, чет давлатларининг деярли ҳаммаси дастлабки соатларда берган маълумотларида хунтага қарши бирон гап айтолмади. Фақат халқнинг қўзғолганини кўриб, унга суянган Русия ҳукуматининг журъатини кўриб, иккиланганлар қарори қатъийлаша бошлади. Фақат шундан кейингина улар рус халқини қўллай бошлади. Бундан келиб чиқадиган сабоқ шуки, фақат халқнинг ўзигина ўзини қутқариши мумкин. Агар халқ уйғонмаса, чет эл ҳам, унинг иқтисодий ёрдами ҳам унга нажот бўла олмас экан.

Яна бир сабоқ бор. Буниси маънавий сабоқдир. Хунта даврида иккиланган жумҳуриятлар ҳам эришилган ғалабадан баҳраманд бўлажаклар. Худога шукр. Аммо биз шуни унутмаслигимиз керак-ки, ҳеч қачон ҳеч бир халқ бошқа бир халқ кураши эвазига озод бўлмаган. Агар бўлса ҳам, бу озодлик унга татимаслиги аниқ. Чунки, бу совға қилинган озодликни ҳимоя қиладиган халқ бўлиши керак. Акс ҳолда, бундай озодлик қанча тез қўлга киритилган бўлса, шунча тез йўқотилиши муқаррар. Ҳеч ким танк олдига ётиб, Конституцияни муҳофаза этмайди, чунки, халқ Конституция нима эканлигини билмайди. Ҳеч ким «демократия учун» дея ўққа кўкрак тутмайди, чунки, халқ нонни озодликдан устун қўяди. Ҳеч ким президентни ҳимоя қилиб кўчага чиқмайди, чунки, бу халқни кўчага чиқишга ўргатишмаган. Хуллас, совға қилинган озодликни фақат ўша совға қилган халққина ҳимоя этишга қодир. Ҳали «ҳимоя қиламан,» деб кеп қолмаса яхшийди. Бу аччиқ ҳақиқат ва унга тик қарай билишимиз керак. Ва айни шу сабаб, «Эрк» партиясининг биринчи вазифаси – халқни уйғотишдир. Бусиз мустақиллик бугунгидай қоғозда қолаверади.

Халқлар устида уч кун осилиб турган таҳлика Ўзбекистонга қандай таъсир қилди? Биз ўзимизни қандай тутдик? Эҳтимол… Хуллас, «эҳтимол»лар кўп. Шахсан мен бу таҳликали кунларда кўрганим – бир лавҳани ҳеч унутолмайман. Йигирманчи август куни ҳукуматимиз ташкил қилган мажлисда Шайхов ва Ўразаев деган депутатлар чиқиб, хунтанинг бошлиғи ҳақида «ўртоқ Янаев ҳам айтдилар. Ўзбекистонга қўшин киритишга ҳожат йўқ экан,» деганларида, ер ёрилиб, ерга кирмадим. Чунки, бу вазиятда «қўшин кирмагани» биз учун шараф эмас эди. Чунки, бу қўшин қонунни ҳимоя қилиш эмас эмас, қонунни топташ учун кирар эди. Бу қўшин демократияни тиклаш учун эмас, уни йўқ қилиш учун кирар эди. Айтмоқчиманки, шубҳасиз, зиёлилардан бўлган ва шубҳасиз, ўзларини инсонпарвар санаган бу одамларнинг фаросати шу бўлса, ўқимаган, далада умр бўйи кетмон чопаётган деҳқондан – халқимизнинг қарйиб саксон фойизини ташкил қилувчи оммадан хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ.

«Эрк» тутган позитсиясига келсак, бу ҳаммангизга маълум, Демократик партия ўлароқ, «Эрк» биринчи куниёқ бу машъум тўнтаришга ўз муносабатини билдирди. Унинг хунтага қарши Баёоноти ва Елсинга мадад телеграммаси шу куниёқ дунёга тарқалди. Маҳаллий матбуотда эълон қилиш имкони бўлмаганидан, бу ҳужжатларчэт эл радиостансияларидан, хусусан, «Свобода» ва «Свободная Европа»лардан ўқиб эшиттирилди.

Бу тарихий воқеадан учта хулоса чиқади:

1. Мавжуд система қанчалик демократияга интилмасин, жамият учун хавфли бўлган ва уни ўн йиллар ортга улоқтириб ташлашга қодир механизмни ўзида сақлаб келаяпти. Горбачев давлат тўнтарилишигача учта кеманинг бошини тутиб келди: КПСС раҳбари, Президент ва Бош қўмонодонлик вазифалари. Шу учта кучни қўлга олиш учун хунтанинг битта одамни – Горбачевни четлаштириши кифоя қилди. Бир-неча соат ичида улкан бир мамлакат реал хавф остида қолди. Демак, токи ҳуқуқий давлат тузилмас экан, ҳокимиятлар қатъий ажратилмас экан, давлат тўнтарилиши хавфи тураверади.

2. Ҳар қандай «суверен давлат» деб аталган субъетнинг ўзини ҳимоя қиладиган армияси бўлиши шарт. Акс ҳолда, бу «суверенлик» сохтадир. Буни Русия ҳукумати хунта хуружқилаётган кунларда чуқур тушунди. Буни Ўзбекистон ҳукумати ҳам тушунмоғи лозим.

3. Биз тўла мустақил бўлмас эканмиз, фақат иқтисодий эмас, сиёсий ҳам мустақил бўлмас эканмиз, ҳеч қандай «янгиланган федератсия» бизга нажот бўлолмайди. Чунки, бу система ҳамон бир шахс иродасига боғлиқ бўлган система бўлиб қоляпти. Бугун Елсин бор, Горбечев бор. Лекин эртага Янаев келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Кафолат – халқимизнинг тўла мустақиллигидир.

Бу ҳақиқатни сўнгги икки кун ичида Совет Иттифоқида юз берган воқеалар исбот қилиб турибди.

Давлат тўнтаришидан кейин мамлакатдаги сиёсий вазият янада шиддатлироқ ўзгара бошлади: КПСС сиёсий партия сифатида парчаланди. Мустақилликка ўтиш даври кечаётган иккита болтиқбўйи жумҳуриятлари – Эстония ва Латвия ўзларининг тўла мустақиллигини эълон қилдилар.

Кеча Украина парламенти ҳам бу жумҳуриятнинг тўла мустақиллигини эълон қилди. Маълумки, тузилаётган «Иттифоқ шартномаси» асосан учта славян жумҳуриятлари – Русия, Украина, Белорусия ва Ўрта Осиё жумҳуриятлари билан Қозоғистон ўрталарида тузилиши мўлжалланаётган эди. Бу субъктлар ичида энг нуфузлиси – Украина Иттифоқдан чиқиб кетар экан, «Иттифоқ Шартномаси» аввалги моҳиятини сақлаб қололмайди.

Бу воқеа шу кунгача «Шартнома»нинг марказий субъектларидан бири бўлиб турган Русиянинг ҳам позитсиясини ўзгартириши муқаррар. Бу ерда иккита вариантни тахмин қилиш мумкин. Биринчиси: Русия, агар «Шартнома» тарафдори бўлса, аввал сўраётган имтиёзларини янада кенгайтиришга ҳаракат қилади ва бунга эришади ҳам. Бу ҳолда бугунги Марказ ўзининг марказлигини бутунлай йўқотади ва Русия Марказга айланади.

Бу янги вазият мустақилликка интилаётган Ўрта Осиё жумҳуриятларининг шу кунгача олиб бораётган сиёсатини кескин ўзгартиришини тақазо этади: улар ўз жумҳуриятларининг ҳам тўла мустақиллигини эълон қилишлари ёки янги тузилган марказлашган бир давлатнинг бўлаклари сифатида қолишга мажбур бўлажаклар. Иккинчи вариант: Русия ҳам Иттифоқдан чиқиб, ўзининг тўла мустақиллигини эълон қилши мумкин.

Бу ҳолда Иттифоқ ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Биз зудлик билан Ўзбекистон олий Кенгашининг фавқулодда сессиясини чақирилишини талаб қиламиз. Унда бугунги сиёсий вазият очиқ таҳлил этилиши лозим.

Ўзбекистоннинг тўла мустақилликдан бошқа йўли йўқ. Бугунги тарихий имконни қўлдан бой бермаслигимиз керак».

ҲУКУМАТНИНГ МУСТАҚИЛЛИГИ

Олий Кенгаш «Эрк» партияси Қурултойидан беш кун кейин 30 августда Фавқулодда сессиясини чақириб Ўзбекистон мустақиллигини иккинчи марта эълон қилди. Ҳукумат биринчи марта мустақилликни эълон қилиб, ўзи бойкот қилган бўлса, бунисини эълон қилар экан, Москванинг бойкот қилишидан қўрқиб турарди.

30 августда эълон қилинган Мустақиллик ҳукуматнинг мустақиллиги эди. Ҳам тўғри, ҳам кўчма маънода. Ҳукумат Москвадан мустақил бўлаётганди. Халқ бир йил аввал, тўқсонинчи йил 20 июнда ўз мустақиллигини эълон қилганди. 30 августда ҳукумат мустақиллик эълон қилганда, миллатвакиллари миқ этмади. Чапак чалиш у ёқда турсин, овоз чиқармади. Шунда шўрлик президент «нега чапак чалмаяпсизлар?», дея ҳайқирди залга қараб. Бир-икки чапак янгради. Аммо кўпчилик қайсарларча жим қолаверди. Бундай сукунат дунёнинг мустақиллик эълон қилган бирон бир Парламентида бўлмаган бўлса керак. Миллатвакиллари ҳукуматнинг мустақиллигидан қўрқишаётганди. Илгари бирор адолатсизлик бўлса, оға русга мурожаат қилишарди, энди кимга мурожаат қиламиз, деб ўйлаётганди шўрлик халқ вакиллари. Улар адолатсизликни йўқ қилиш учун оғага қарам бўлиш янада қўрқинчлироқ эканини сезишмасди. Чунки, қарам бўлиб ўргангандилар. Адолатсизликни йўқ қилиш учун курашиш мумкинлигини эса, хаёлига ҳам келтирмасдилар. Кураш улар учун бегона сўз эди. Улар ўтирган ўрнидан туриб, раҳбарга шу гапингиз адолатсиз бўлди, деб ҳеч қачон айтмагандилар. Бунга жасорат қилганларни «телба» деб айтардилар. Бу 500та халқ вакилининг тўқсон фойизи номенклатура қаноти остидан чиққан жонзодлар эди. Улар болалигида автоматик равишда октябрят, ўсмирлигида пионер, балоғатга етгиб комсомол бўлган ва дарров коммунист бўлиш учун навбатга турган сип-силлиқ инсончалар эди. Улар ўзлари эгаллаган ҳеч бир мақомга сиёсий мужодола билан келмагандилар. Улар ўзидан юқорида турганнинг оёғи остига елкасини қўйиб, секин-аста тепага кўтарилишганди. Шу боис, уларнинг ҳеч бири сиёсатчи эмасди, уларнинг сиёсат ҳақида бирорта мустақил фикри йўқди, сиёсий вазиятда қарор олишни билмасдилар, довдираб қолишарди. Шу маънода «норасмий» деб ном олган мухолифат ташкилотларининг ўрта савиядаги бир аъзоси бу сипо кийинган жаноблардан кўпроқ сиёсатчи эди. Чунки, у ўзи ишонган нарса учун кураша олар, адолатсизликка қаршилик кўрсата биларди.

Тўқсон биринчи йил 30-августда бу миллатвакиллари Каримовнинг зулмидан қўрқиб, мустақилликдан ҳам воз кечиб туришга тайёр эдилар. Уларнинг мустақиллик эълон қилинганидаги сукути шу мутеликнинг ифодаси эди. Уларда 90-йилги шаҳд йўқ эди. 90-йилда улар Каримовни диктатор бўлиб олади, деб ўйламагандилар. Шунинг учун Июн Декларацияси олқишлар билан қабул қилинганди.

Албатта, Мустақилликни олқишламаган халқ вакиллари унинг учун юз фойиз овоз бердилар. Мустақиллик куни қилиб 1-сентябр белгиланди. Тўғриси, бу байрам менинг ҳам кўнглимни ёритмади. Умумруҳ мутаассир этди, балки. Ёки мустақиллик учун ажратилган севинч заҳирасини тўқсонинчи йилда керагидан ортиқроқ сарфлаб қўйдимми, билмайман. Ҳар ҳолда, бу воқеанинг нақадар аҳамиятли эканини ҳис қилган ҳолда, бахтиёрлик туйғуси лозим бўлганидек жўш урмади.

М.Солиҳ “Йўлнома” китобидан