O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ХУРШИД ДАВРОН: БУНИ ҚАНДАЙ ҚАНДАЙ ТУШУНИШИМИЗ КЕРАК?

ХУРШИД ДАВРОН: БУНИ ҚАНДАЙ ҚАНДАЙ ТУШУНИШИМИЗ КЕРАК?
534 views
31 January 2022 - 20:06

Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Туризм ва сорт вазирлиги  фейсбукдаги саҳифасида ва ютубдаги “Мендирман Жалолиддин” каналида  “Индиана Жонс Ўзбекистонда” номи билан қисқамметражли видеоролик тақдим этилиб, унга қуйидаги изоҳ илова қилинибди: “АҚШлик видеоблоггерлар жамоаси Индиана Жонс руҳидаги қисқа видео суратга олишди. Филмга ўзбекистонлик Бехруз Ҳамзаев продюсерлик қилган, режиссёри эса Девин Грехем”.

Мен дастлаб ушбу видеоролик Ўзбекистонга чет элликлар туристлар кўпроқ келиши учун олинган бўлса керак деб тахмин қилдим. Аммо, ролик бошидаги овозли маълумотни эшитиб, сочларим тикка бўлиб кетди, юрагим ҳам ғазабга, ҳам аламга тўлди.

Ролик мана бундай маълумот билан бошланган: “”Тимур Тамерлан – дунёдаги энг машҳур босқинчилардан бири бўлиб, у ҳақидаги барча ҳикоялар қонли дарёлар билан тугайди. Унинг қўлидан 17 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган, 14-асрга келиб у ер юзидаги барча аҳолининг 5 фоизини қириб ташлади. У “ўлим отаси” сифатида ҳам танилган. Дафн этилганида қабр тошига лаънат ўйиб ёзилган. “Ким менинг қабримни очишга журъат этса, унинг бошига мендан ҳам қаттол босқинчи тушади.” 1941 йили СССР ҳукумати унинг қабрини очишди ва бир неча соатдан кейин Адольф Гитлер қўшинлари СССРга бостириб кирди. Жасад жойига қайтарилди, уруш тўсатдан тугади ва қарғиш тўхтатилди!”

Наҳотки, Ўзбекистонни дунё одамларига танитиш учун ўзбек миллий давлатчилигининг тимсолларидан бирига айланган Соҳибқирон бобомизни ерга уриш, топташ керак бўлса?!

Наҳоки, бирон бир жиддий ва илмий жиҳатдан тадқиқ этилмаган, асосан Ислом оламининг душманлари бўлмиш ғарб ва армани “тарихчи”ларининг ёлғонга тўла асарларидан кўр-кўрона олинган “Унинг қўлидан 17 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган, 14-асрга келиб у ер юзидаги барча аҳолининг 5 фоизини қириб ташлаган”, “ўлим отаси”  каби сохта маълумотлардан фойдаланиш мумкин бўлса?!

Наҳотки, бу ишга бошу қош бўлган ўзбекистонлик вакиллар бу уятсизлик, нонкўрлигу тузлуққа тупуриш эканини тушунишмаса?!

Мен дастлаб Ўзбекистон Республикаси Туризм ва сорт вазирлигидан беҳад қаттиқ нафратландим. Аммо, кейин видеороликнинг якунидаги бир ёзувни кўргач, гап нимадалигини тушундим. Бу ёзувда нима ёзилган эди? Унда “Отабек Умаровга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз” деб ёзилган эди. Демак, ушбу роликнинг пайдо бўлишига, энг аввало, куёвимиз Отабек Умаров бош-қош бўлган.  Шундай экан, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидаги “бечора”лар “миқ” этмасдан шундай расво нарсанинг пайдо бўлишига рози бўлган.

Ким менга айта олади: Биз буни қандай тушунимиз керак!

Кечадан бери менга қўнғироқ ва СМСлар ёзаётган юртдаги ва чет эллардаги ватандошларимизга нима дейишимни билмай, сиздан сўраяпман: Биз буни қандай тушунимиз керак!

  1. S. Шубҳасиз, барча қабртошлар орасида Темурнинг қабртоши ўзининг нафис ёзувлари билан ажралиб турарди. Ушбу ёзувларни Семёнов ўқиб чиқади. Унда Темурнинг 18 та шажара исми ва Қуръони Карим оятлари ҳамда яна бир муҳим огоҳлантириш ҳам ёзилган эди. Унинг маъноси қуйидагича: «Ҳаммамиз ўлгувчилардирмиз, вақти келади ва биз кетамиз. Бизгача ҳам буюклар бўлган ва биздан кейин ҳам бўлади. Агар кимда ким кибрга берилса ва бошқалардан баланд кўтарилса ёки аждодлар хокини безовта қилса, уни энг қўрқинчли қарғиш урсин!»
  2. S. Ўтган йили Туркия киночилари томонидан дастлаб ҳазрат Навоий бобомиз “Туркистон пири” деб улуғлаган Хожа Аҳмад Яссавий ҳақида бир фоиз ҳам ҳақиқат бўлмаган кўп қисмли сериал олинганда миқ этмадик. Ҳатто бир қатор турк олимлари кўзларига ёш олиб “Ўзимизнинг тарихимизни бузганларинг етмадими, нега Хожа Аҳмад Яссавийга туҳмат қиласизлар?!” деб фарёд солганларидаям биз соқов бўлиб туравердик (https://www.youtube.com/watch?v=RZIXKzh9QB8).

Кейин “Мендирман Жалолиддин” суратга олинди. Дабдабалару тақдимотлар ўтказилди. Аслида бу сериал ҳам тарихий ҳақиқатдан йироқ ва ўртамиёна бир  нарса эди. Унинг бошидаям ким турганини билганлар оғзини очмади.

P.S. Индиана Жонс кимоигиниям айтиб қўяй. Бир туркум фильмларда саргузаштлари кўрсатилган  Индиана Жонс ирқчилигу  осиёликларни назар писанд қилмайдиган аглосаксон дунёсининг  бош қаҳрамонидир.

Яна такрорлайман: Биз буни қандай тушунимиз керак!

Қаттиқ ҳаяжон билан ёздим, хатолари учун узр!

Xurshid Davron

Манба: Facebook