O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хусусийлаштириш яхши, лекин қандай хусусийлаштириш?

Хусусийлаштириш яхши, лекин қандай хусусийлаштириш?
252 views
04 October 2021 - 15:51

Ўзбекистон иқтисодий форумининг биринчи иш кунида янграган энг жиддий баёнотлардан бири бу Ўзбекистон бошидаги гултож – Навоий кон-металлургия комбинатининг 10 фоизгача акциялари сотилиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар бўлди.

Албатта хусусийлаштириш афзалликларини санаб ўтириш шарт эмас. Лекин бу жараённинг қандай амалга оширилиши жуда катта аҳамиятга эга.

Шу ўринда беихтиёр 2 йил аввал Саудия Арабистонининг Saudi Aramco компанияси 5% акциялари қандай сотилгани эсга тушади. Сифатли ва очиқ босқичларнинг ўзида қамраган IPO орқали саудлар 5% акция учун 100 млрд.долларга яқин маблағ жалб қила олганлар. IPOдан аввал Aramcoнинг устав капитали 16 млрд.доллар атрофида бўлган. Бошқача айтганда араблар IPO жараёнида Aramco акцияларини номиналидан 125 баробар қимматга сота олишган. IPOдан кейин коронакризисгача бўлган даврда Saudi Aramcoнинг бозор капитализацияси 2 трлн.доллардан пасаймаган.

Бошқача айтганда, бизнинг ихтиёримизда Saudi Aramco кейси бор ва масалан, Ucellни қандай қилиб хусусийлаштирганимиз кейси мавжуд.

Агар биз хусусийлаштиришдек нозик масалани ўғри ва муттаҳам олигархларга (айниқса потециал агрессор бўлган Россиянинг манфаатларига ишлаётган ва мамлакат суверенитети учун катта хатар соладиган ташқи олигархларга) қайсидир активни топшириш схемаси ўлароқ кўрадиган бўлсак, бизга бундай хусусийлаштириш керак эмас! Ва умуман олганда олигархияни катта хусусийлаштириш жараёнларидан қонун йўли билан буткул четлатиш тўғрисида ҳам ўйлашимиз лозим.

Мазкур тамойиллар яқин истиқболда қисман ёки катта назорат пакети хусусийлаштирилиши режалаштирилаётган Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Ўзметкомбинат” (бу икки комбинат бўйича муттаҳам олигархияга ишончли бошқарувга топшириш бўйича зарарли тажрибамиз бор), Uzbekistan Airways, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзтрансгаз”, “Ҳудудгазтаъминот” ва “Ўзавтомоторс” каби иқтисодиётимиз гигантларига ҳам таалуқли.

Дарвоқе, президентликка номзодлар четлаб ўтаётган мавзулардан бири айнан хусусийлаштириш масаласи бўлиб қолмоқда. Негадир улар позицияларини аниқ ва равшан очишни лозим кўраётгани йўқ. Халқдан очиқ ва аниқ позицияларни билдириш орқали сайловда мандат ва розилик олмасдан туриб, хусусийлаштирш жараёнига қандай киришиш мумкин?

Отабек Бакиров

Манба: @the_bakiroo