O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Хўқанд тарихи ва унинг адабиёти

Хўқанд тарихи ва унинг адабиёти
208 views
24 June 2013 - 11:06

 

I  дафтар

***

(2 с.) Ғазали Мусохон

1944 нчи йилда камина Қўқон район Каламуш номли қишлоқда турар эдим. (Ўқитувчи бўлиб). Шул қишлоқда бир бузуқ уйдан (хароб) бир китобни менга топиб олиш муяссар бўлди. Бу қўлёзма эса хушхат Фузулий девони эди. Орқасинда бир ғазалга кўзимиз тушди. “Ғазали Мусохон” деб сарлавҳа қўйилган.KOKAND

Озурда эмасму мени кўнглум ситамингдан

Олам ҳама мамлу ўламишлар карамингдан.

Уммид ила ихлос этибон ман санга келдим

Қайтарди рақиблар мани тавфи ҳарамингдан.

Ёдингга мани бир йўла келтурмадинг асло

Бошимни олиб қайга борай бу назарингдан.

Тангри учун, эй шўхи ситамгар, назар айла

Ийсор этай жоними бу хоки дарингдан.

Тавфи қадаминг манга бўлуб каъбаи мақсуд

Мусога муяссар бўлса шояд асарингдан.

Услуб томонидан Фузулийга эргашгани кўрунади. Лекин шеърнинг мазмуни сўфиёна бўлуб чиқадир. Ҳар ҳолда бу киши шул қишлоқда 40 йил яшаган Азимхожа эшоннинг авлоди ё муриди бўлса керак.

*    *    *

(3 с.) Қўқон шаҳари ва райони атрофида бўлган шоирлар (ХХ аср I ярми).

1.ЧАРХИЙ

Қўқонда Мирза Худоёр маҳалласинда бўлуб, (1900 нчи йилда) туғилган. Асосий касби шоҳи тўқувчи косибдир. Оталари ҳам косиб бўлган. Қўқонда таҳсил кўрган кишидур. Ўрта бўйли, оқ юзли, табъи латиф одамдур. Исми мулла Асғаралидур. Хўқанднинг ёш Шоирлари бу кишидан таълим олган шогирддурлар.

2. БОКИЙ

Мулла Абдуллажон махдум …туғилган Рошидонда … Оталари Насриддин ҳам уламо бўлиб кўринган; ниҳоят фозил киши… Новча бўйли, қора кўзли, буғдой рангли, тўлқунланиб сўзловчи, табъи салим, кенг маълумотли кишидур. Имом бўлиб турган. Таҳсил Қўқонда бўлган бўлса керак. Колхозчи – боғбон.

3. ФИРОҚИЙ

Асли Чустлик. Закотовкачи.

4. ЖАВДАТ АБДУЛЛА

… Қўқонлик… Отаси мударрис бўлган, маълумотни Қўқонда олган. Оқ юзли, кўркам киши. Темир йўл хизматида.

5. ОДИЛХОН САЙЙИДХОН ЎҒЛИ

Фрунзе (ҳозирги Данғара – А.Қ.) районида. Сув хўжалиги бўлимида бошлиқ эмиш.

*    *    *

Маълумки, шеър нутқнинг олий тийфдаги қурилмасидир. Унда ўлчов, қофия, оҳанг ва шунга ўхшаган бир неча галда зарур бўлган ўзига хос фазилатлар бор. Оддий сўзлашув нутқдан ушбулар билан ажралади. Бундан ташқари ҳам шеърда фикр билан бир қаторда ҳис ҳам бўлиши керак. Фикрсиз шеър бўлмагандек, ҳис ва ҳаяжонсиз шеър ҳам бўлмайди.

*    *    *

         Шоир Мулла Убайдулла Завқийнинг вафоти тўғрисида (с. 6-7-8)

(8 с.) Фозил муҳтарам Мулла Акрамжон қорининг берган маълумотларича маълумки, Мулла Убайдулла Завқийнинг ҳунарлари маҳсидўз косиб бўлуб Шайхон боло маҳалласида ҳовли жойлари бор, боғчалари ҳам бўлган  ўрта ҳол бир киши эдилар. Кейинча бу киши раста аҳлидан бўлуб, махси бозорида дўконлари бўлган эди. Аҳли раста орасинда эътибор обрўйи бўлганидан Мадрасаи Олийга вақф бўлган махси бозор дўконларини бир йўла ижарага олиб чиқиб, бошқа олувчиларга алоқадор ҳол ялғуз ижарага бериб туриш ҳоллари ҳам бўлар эди.

Қачонки, Хўқанд воқеаси юз бериб расталар ёйиб бозор жойи қолмагандан кейин вақтинча бозор жомеънинг ичига кўчирилди. (Бошқадан) дўкон  қилиб читфуруш, чойфуруш, атторлар ва ғалладан бошқа ҳама бозор шунга киради. Лекин Завқий домулла мутаҳарриқ киши бўлганидан пойафзал бозорининг алоҳида бир жойга кўчиришга ҳаракат қилиб, охирда Мадрасаи Ҳоким ойимнинг  ичига олиб киришга қарор қилдилар. Бозорқўмдан рухсат олиб мулла Убайдулла Завқий бошлиқ мадрасага дўкон қура бошлайдилар. Шул мадрасанинг мударриси бўлган  Муҳиддин маҳдум бунга эътироз этиб, бунда бозор бўлмасин” деб беқарорлик кўрсатади.

Завқий домулла ҳозирги аҳволда ҳеч зиён бўлмаслигининг айтиб ўз ишида давом эта беради. Натижада бозор мадрасада давом этади. Ҳама раста бўлуб савдо-сотиқ бўлиб турабуради. Лекин Муҳиддин маҳдум билан Завқийнинг оралари совиб қолади. Ўртада бир неча ой ўтгандан кейин Тошканддан бир киши келиб Хўқанд атрофдаги босмачилар билан ҳукумат ўртасини келишдиришга тутунади. Ниҳоят шаҳардан шул вакил 2 киши сўрайди. Шаҳар аъёнлари Убайдулла Завқий билан Юнусхон ҳазратни кўрсатиб беради.

(7 с.) Завқий домулла ҳам Юнусхон ҳазрат яна бир киши маълум кўрсатилган вақтда Ёйилма номли жойга боришадилар. Бунда босмачилардан Эргаш ва бошқалари келишадилар.  Ўлтириш мажлис бўлади. Қандайдир бир қарорга келишиб сулҳ бўлади. Бу кишининг айтувича  қишлоқни муҳофаза қилиб туриш уларга топширилади эмиш. Шаҳарга халал бермай ҳукуматга хизмат қилиб қўриқлаб турилар эмиш. Баробарига ўқ-дори билан ҳукумат уларга кўмак этишга, маълум бир кунда шаҳардан ўқ чиқариб уларга топширмоқчи, улар бўлса бунинг билан қишлоқни қўриқлаб тинч туришга, орада душманлик битишга лозим кўрилган эмиш. Хабар қандай бўлса, шундай маълум кунни белгилаб  қайтадилар. Ўртада бир ҳафта ўтади. Шул фурсатдан фойдаланиб Муҳиддин махдум Эргашга бир хат ёзиб юборади. Бу хатда шундай дейилиб ёзилган бўлган экан: “Жаноб Эргашбой Қўрбоши жанобларига маълум бўлсинким, икки ўртада бўлаётган яраш аҳдномасига аралашган киши Убайдулла Завқий бўлуб, бу киши жуда айёр, ҳийлагар кишидур. Бизга маълум бўлишича, ҳукумат томонидан сизга юбориладиган ўқлар ҳеч ишга ярамайдурган бўлуб, қуруқ найчадан иборатдур. Балки ҳеч бир отилмайдур. Отмоқчи бўлганда орқасига қараб ёрилиб отувчининг нобуд қиладур экан. Бу ярашда бу ҳийлакор аралашиб сизни ҳалок қилмоқчидур. Эҳтиёт бўлсунлар. Шуни сиз жуда ишончли билиб сизга ёзиб маълум қилишни лозим кўрдик” дебдур.

Буни бир кишидан Салоҳиддин номли Эргашнинг туғбардорига юборади. Бу Салоҳиддин эса масжиди Жомеънинг азон айтувчи муаззини бўлуб, кўп йиллар шул хизмат билан Жомеъда турган бир мулла бўлиб, Муҳиддин маҳдумнинг шогирди экан. Бул хатни олгач, ўқуб кўриб Эргашга кўрсатади. Бундан хабардор бўлган Эргаш ғазабланиб кутиб туради. Маълум фурсат бўлади. Булар яна  Ёйилмага чиқадилар. Бошқалар келмайди. Эргаш билан Завқий кўришади. Хунхўр босмачи Завқийнинг алдаб ўзи билан бирга Бачқирга олиб кетади. Бачқир ёнидаги бир қишлоқда бир домулла бор экан. Завқий шул одамни  ҳовлисига тушмоқчи бўлсада, Эргаш қабул қилмайди.

(6 с.) Хулоса: Эргаш бошида жуда сир сақлаб билдирмасликка солади. Ош, зиёфат тамом бўлгандан кейин феъли бузилади. Бечора Завқийга бошқачароқ муомала қилади. Охири бутун хатдаги ёзганларни Завқийга айтиб таъна қилади. Бизни тутиб бермакчи бўлдингми? деб дўқ уради. Ниҳоят милтиқнинг қўндоғи билан бошига солади. Боши ёрилиб қон оқа бошлайди. Ниҳоят калтаклайди. Ҳолдан толдириб ташлайди. Бу хабар мулла Исо домуллага етгандан сўнгра ул киши келиб Эргашдан тилайди. Эргаш бермайди. Бул киши Бачқир томоннинг катта уламо руҳонийлридан бўлуб, нуфузи Эргашнинг олдида ҳам зўр бўлган. Бул киши Эргашга хитобан: “Мана бермасаларинг пишириб гўштини енглар” деб чиқиб кетган. Эргаш ўлдиришга ҳам ҳайрон бўлган. Тўхтатиб қамаб қўйган. Ёнида бирга турганларни чиқариб, … бечора Завқийнинг юрагини хавф остидан қутқазмаган. Охирида Мулла Исонинг хотираси учун Завқийни ўлдирмай мулла Исога топширган. Завқий касал ҳолда шаҳарга келтирилади. Икки ойдан сўнгра ўз хонасида шул касал билан вафот топади.

*    *    *

Шоир Завқий тўғрисида (с.12-13)

(13 с.)  Бу кишининг номи мулла Убайдулла бўлуб, Муҳаммад Солеҳнинг ўғлидир. 1851нчи йилда Хўқанд шаҳарида Шайхон боло (ҳозирги Завқий обод) маҳаллада косиб оиласида дунёга келди. Маҳалла масжиди олдида бўлган эски усул мактабнинг  битириб чиқиб бирозгина илми қорилик қилди. Арабий сарф, наҳв луғатидин мадрасаи Жомеъда таҳсил этиб тугатмай чиқиб кетди. Касби бўлган косиблик билан шуғулланди.

Шул талабалик ҳангомида суръиблари ва улфатлари шеър ҳаваскорлиги билан машғул кишилар эдилар. Бул вақтда классик Шоирларнинг тўпламларини  чуқур мутолаа қилишга киришди. Фузулий ва Навоий шеърлари Завқийнинг зеҳну закосига жуда мос келди. Шеърлари кўплаб ашула қилинар эди. Охирда шеърга етиш юрак ҳисларини баён этиб куйлаш кучая борди. 1900 нчи йилларда ул “Оромижон” куйига мослаб биринчи шеърларидан бўлган. “Юзунгни кўрсатиб аввал ўзингга бандалар қилдинг, яна кўнглим олиб юз ноз бирла хандалар қилдинг” мухаммасини тарона қила бошлади. Сал кунда бул мухаммас эл орасига тарқалиб куйлана бошлади. Шундан кейин Завқий шуҳратланиб орқа ба орқа турли темаларда ғазаллари чиқа бошлади. 1902 нчи йиллар бўлса керак,  бозордаги аҳли раста савдогарлардан 42 тасини очиқ танқид қилиб Мўйи муборак сайлгоҳига олиб бориб етиштириб қўйиш танқидга дучор бўлган майда буржуаларнинг шаҳар пристуфига бориб арз қилишлари бундан ҳеч бир натижа чиқмагандан кейин Завқийнинг буларга таъна қилиб яна бир мухаммас ёзгани бу можора бутун Фарғона водийсига ёйилиб кетгани Завқийнинг шуҳратини яна ошириб юборди.  Ҳақиқатдан Шоир Завқий жуда кучли фикр эгаси эди. Бунинг улфатлари Муқимий, Фирқат, Насриддин, Рожий, Найир, Муҳаййирлар бўлиб, булар орасинда Завқий аҳли раста дўкондор ҳам ўзига муқтадир, ўртаҳол давлатга эга кичик савдогар эди. Яхши меҳмонхоан, боғчалари, раста ичинда обрўли оқсоқол бўлгани анча бунга мадад берган эди. Шунинг билан бирга сўзга чиқан, сергап, ўзини устун кўрсатувчи, ўз сўзидан бошқаларга маъқуллатишга, фикрида бўлган туйғуни азалда ижро этишга  жиддий киришувчи киши эдики, (12с.) Шоирнинг фазилатига мос тушмаган ўжарликлари билан Пушкинга феъл юзасидан ўхшаб кетади. Бир нарсани ул маъқул қилгуси келмаса, қандай ҳақиқат бўлсада, бир қарши туриш бўлар эди. Масалан усули жадид мактабларга қаршироқ эди. Эски усул мактабларга қараганда усули жадид анча прогрессивроқ экани унинг ўнг гуруҳи очиқ тасдиқ этгани ҳолда шул фикрига ўзи бош этгуси келмас эди. Ортиқча ўжарлик кўрсатиб турар эди. Ўзича алланималар деб тажангланар, мисоллар келтиришга тиришиб гап сотар эди.

Хуш қомат, оқ қизил юзли, сийрак мошгурунч чиройли соқолли, кулар юзли Шоир Завқийга Шоирлик ўхшаб тушган. Кафш бозорида туғма оқсоқол сўзга етар. Бирдан раста оқсоқолининг куёви Муҳаммадшоҳ бойвачча шоҳ Носирбой ўғли ва шунга ўхшаш бошқа элчилари ҳам шундоқ кишилар эди. Эшик, меҳмонхонада хизмат қилувчилар хушрўй, хушқомат, Шоирлик ишгқи мажозига лойиқ 17 ёшдан ўтмаган маҳбуб ўғул болалар хизмат этадилар. Мана Шоир мулла Убайдулла Завқийнинг мақтавсиз тўғри характеристикаси, кўрмаганларга шулдур.

Унинг шеърдаги тутган ўрни жуда ҳам кучли, ғазал ва мухаммасларининг чуқур текширилганда очиқ кўриниб туради. Ҳар ҳолда ўз замонида Хўқанд шаҳарида етишган катта Шоирлардан биридур. Шеърларидан намуналар оламиз.

Шоир Завқий Юргенс номли бир фирманинг конторасинда савдо мудири бўлиб ҳам турган, бундан каттагина фойдаланган кишидур.

*    *    *

(36 с.) МУЛЛА ЮНУСЖОН ҚОЗИ

Бу киши асли Ўзганд шаҳаридан бўлуб Қўқонда нашъу намо қилиб Қатағон даҳасида Бакавул маҳаллада ҳовли-жой қилиб турган экан. Шул кундан 63 йил олдин яъни 1890нчи йилда Қўқон шаҳарининг шул даҳасига қози бўлуб тургани қўлимизга тушган бир васиқадан маълум бўлди. Феодализм даврида 1866нчи йилда Тошканд шаҳари Кауфман аскарлари томонидан олиниш олди. Мулла Олимқул амир лашкар билан бирга бўлгани кўрилади. Тоштемирхон Муҳаммадхоновнинг айтувларича бу киши Яъқуббек билан Қашқарга борган, унда ҳам қози бўлуб турган эмиш.

Феодализм даврида Хўқандда турганида бу кишига шиғовуллик илмий мансаби берилган бўлганидан то охир умригача бу кишининг маҳаллий аҳолилар ҳурматлаб Шиғовул домулла деб атаганлар экан. Жуда кексайиб қолганидан сўнгги ҳаётида шал бўлуб қолганми, ё жуда қариб юришга мадори бўлмаганиданми кўтариб юрар экнлар. Бу киши тарих ва адабиётга ҳам оли бўлуб ёзган шеърлари бўлган экани эшитилди. Мулла Аҳмадхон домуллага ошна бўлуб, бу кишининг қўлида бир кичик бир қанча шеър парчалари бўлган дафтарлари қолгани Хожахон маҳдум томонидан сўзланиб эди. Акмалхон тўра Бухорода вафот этганда Шиғовул қози томонидан бир марсия сўзлагани тўғрисида домулла Абдуллажон махдум Бокий маълумот берган эдилар. Лекин бугунгача бу кишининг бирор шеърлари қўлимизга тушмади.

*    *    *

(37 с.) Шоир МАЪЮС ХЎЖАНДИЙ

… Умархон даврида Хўқандда ҳам бўлган. Амир Ҳайдарга ёзган жавоб байтининг Умархон Маъюсга ёздирган, деган кучсизроқ бир нақл юради. Бу кишининг вафотига ўзлари битган тарих бор. Бундаги байтнинг охиридаги “ғафур” деган сўз тарих бўлуб тушади. Абжад ҳисоби “ғафур” сўзи 1286 бўлади. (74 йил бўлади 1375нчи йилда). Бу киши Хўжандда … туғилган бўлуб 85 ёшлик набиралари бор, деб бу маълумотнинг бизга хўжандлик ёш Шоир Тожибоев юборди. (16. IX.1957.)

 

(39 с.)         Тарсомки, ин ситамкада чашмат бахоб боз

Ҳуснат дар ийн бисот кашид соз турктоз

Як жилва интизори ту дорам ба сад ниёз

Дар базми ман зи ғоза руҳам зулф сибҳа соз

Дар базми ғайр то саҳар мастхоб кун.

Дар хун табассум зи ишрати айёми беасар

Аз бенасибийи ман ногоҳ ғам самар

Зийн ғусса медарад чу гулам пийрахан басар

Доҳил ба базм ношуда ному доғ бар

Биншаста ҳужуми ғам барафтан шитоб кун.

Фарез каз тағофили рози ситам пазир

Дар хун кашад зи шавқи ба фитрок сад асир

Хун шуд дил аз такаллуфи он шўхи беназир

Гўдак мизож ёр ба оташ баҳона гийр

Ранжийда жойи дигару мо итоб кунад.

 

*    *    *

(41 с.)                        Мухаммаси Абулқосим Оталиқ батахаллуси ВАЗИР

 

Чашми бебокат зи хунам маст саршор инчунун

Пайкарам аз тиғи бедодийи ту афгар инчунун

Ошиқ аз маъшуқ кай меҳоҳад озор инчунин

Эй, манам ё Раб, бадарди ошиқи зор инчунин

Касб мабодо дар жаҳон чун ман гирифтор инчунин.

 

*    *    *

(42 с.)                                               Мухаммаси УЛФАТ

Бо чаман то зи сабо муждаи он рў рафта

Ранг аз гул орази пештар аз пў рафта

Сад сухани мушк ба ҳар кучау ҳар кў рафти

Ҳар кужо ҳарф аз он силсилаи мў рафта

Қиссаи нофаи тотр ба ҳар сў рафта.

Муштари талъати хўбон жаҳонро ба замин

Озмудам хамаро хўб ба мезони яқин

Нест ҳам санги тавои моҳлиқо заҳри чибин

Баҳри санжийдани хуш туюю Юсуф парвин

Солҳо шуд ба фалак баҳри то розу рафта.

Тори сунбул ба чаман зулфи ту мебофт гаҳ ру

Ғунча бо лаъли сухангўйи ту мебофт гаҳ ру

Гул ба хўбий ба гулу  рўйи ту ме бафт гаҳрў

Сарв ба қомати дилжўйи ту мебофт гаҳ рў

Пой дода зи хижолат ба лаби дору рафта.

Чархи садозадаи гисуйи ту ашераст

Гаҳ зи анжум хама тан як мижаи бедораст

Моҳ аз шавқчунини ту магар аф кораст

Офтоб аз ғами ишқ магар бемор аст

Ки Масиҳо ба фалак ба пайи дору рафта.

Халқро аз ту гирифтори бало мебийнам

Заҳмати ханжари нозат ҳамаро мебийнам

Улфат чашми туро тийғи жафо мебийнам

Қатли бисмаи ба шамшири жафо мебийнам

Ки сари у ба имойи хами абру рафта.

 

*    *    *

(44  с.)                           Мухаммаси Шоир УЗЛАТ ХЎҚАНДИЙ

Зи панди воизони худнамо як шеъри мавзун беҳ

Ба каф овардағи дурри сухан аз ганжи Қорун беҳ.

Ту, эй оқил хўре заҳробаи ғам зери гардун беҳ

Зи жоми ишрати соқийи даврон косаи хун беҳ

За сад тахти жаҳони бе бақо як тахти вожун беҳ.

Шавий то чанд, эй дил, иубталои мастийи[1] дунё

Макун лур аз сарат ҳар дам ҳавойи дунё

Гузар аз сояи боли ҳижойи ҳашмати дунё

Сипанди мардуми вораста набвад шавкати дунё

Кулоҳи бар сари девона аз тожи фаридун беҳ.

Чи созад ташнаи лаъли лабаш кони Бадахшанро

Намедонад жуз ийн доруйи дигар мастумандонро

Гадои у намесрзад назар тахти Сулаймонро

Чи парво аз ғами ихлос бошад дардмандонро

Пур аз доғи муҳаббат сийнае аз ганжи Қорун беҳ.

На нўшидам зи дасти соқийи меҳрўйи худ жоме

Ки аз ҳижрони у дорам бағоят тийра анжоме

Ба дил дорам зи оҳи хештан бесубҳдам шоме

Чи ҳожат нағмаи дигар маро дар базми нокомий

Ки фареди дили  бискаштам аз савти қонун беҳ.

Номесозад ба чашми фикр гулҳои чаман шўхий

Кунад бас ғунча у дилам назри чаман шўхий

Ғубори ман мусофир шуд нагардонад ватан шўхий

Надорат гарчи узлат обранги аз чаман шўхий

Вале танҳо нишамтаий эй ихтилот мардуми дун беҳ.

*    *    *

         (61 с.) Шоир КАМИЙ

Бу кишининг мулла Абдукаримбекдур. Тошканд шаҳарида ўтган машҳур Шоирдур. 1911нчи йилда Хўқандда кўрган эдим. Мактабга кириб келди. Чуваккина, бўйни хамроқ, чўққи, сийрак соқолли, ёқимлигина киши бўлиб, содда кийинган, кичик саллали, ариққина киши эди. Ул бизга Шоир Муҳийнинг Андижонда вафот этган хабарини етказди. Қўлига бўр олиб тахтага “Мурд ваҳ, шоҳи Шоирон Муҳий” деб ёзиб қўйди. Шундан ҳижрий билан тарихи вафот чиқишини кўрсатди. Бу киши билан биринчи кўришувим эди. Муҳийнинг вафотига қаттиқ қайғургани кўринар эди.

*    *    *

(65 с.) Шоир ПАРТАВИЙ – Ниъмал бадал.

Бу киши асли Самарқанд томондин бўлуб, номи Ниъмал бадалдур.Бу киши Хўқанд шаҳарига 1921 нчи йилда келиб турган. Кейинча Наманган шаҳарига бориб унда вафот этган экан. Бу киши кўзлари оҳул, яъни шта кетган ёнбошқа қаравчи ғилайдур. Бир қўл, бир оёғи ярим ҳаракатсиз фалаж бўлуб, ярим судралувчи бўлган,  ёза олмайдиган киши бўлуб аксар шеърларини ёд айтиб кета берар экан. Кўпинча воқеани назм билан ифодалаб айтади. Киноя, исторалари, сифатлашлари яхши чиқадур экан. Насрга ҳам жуда уста бўлуб, сўзларни тартиб билан териб таҳрирни қофиялаб тугатадурган бир олим, Шоир бўлиб, суҳбати ёқимли, мухлислари кўп бўлган экан.

Хўқандда эшон Шофеъий номли кишининг хонақосида унинг набираси Сафохон маҳдумнинг олдида турган экан. (бу хонақоҳ … ҳозирда 15нчи участка комитетининг идораси бўлиб турибдур). Муҳаммадхон Ножийнинг ҳам қалин ошноси бўлган экан. Бу киши шунчалик юришига қийналишига қарамай бир сайёҳ сифатида Олма-ота томонларга ҳам бориб келиш учун қозоқлар орасида бўлишни ҳам хоҳлаб қолган. Бир наср билан тақдимнома этиб (Сафохон Маҳдум тилидан) имзолангани сўзланади.

Шоири муҳтарам мулла Асғарали Чархийнинг айтувларича бу Шоир ўзининг илмий ва маҳорати адабийяси билан Хўқанд фозиллари орасинда иззат ва ҳурматга сазовор блгани англашилади. Шуҳрати зиёдалашиб охирда (64 с.) Наманган шаҳарида Муҳаммадхон тўра номли бир кишида тура бошлайди … сўнгра вафот топади. Собитхон деган кишига борганда унга у ҳам Муҳаммадхонда туратурмай менга келдингму, деб таъна қилади. Бундан аччиғланган Шоир Собитхонни қаттиқ ҳажв этади.

Ин қадар оташи ҳасуд ма сўз, – деб бошлаган назмининг

Жоми масти шароби сармадиям

То бутий нестам, Муҳаммадийям –

деб тугатади.

*    *    *

(68 с.) Шоир РАВНАҚ

(Равнақнинг) “Баёзи Муқимий”да “Тасаддуқ” радифли 18 байтдан иборат бир мухаммасига кўзимиз тушди. Жуда ҳам кучлидур. Яна бир баёзда “Фарғонаи кўнглимни Сирдарёси бор” деган бир ғазали бор. Умархон даврида Хўқандда бўлиб, Хўжандга қози бўлиб турган бир кишидур.

Набиралари Хўқандда Маҳдум Ланкачи деган бир одам бор эди. Ҳожибек гузарида бунинг болалари бор. Хожаев фамилиясида юрадилар. Шул Равнақнинг авлодидан бўлиб, кўпинча судья ишларида ишлайди. Доктор Саййидалихон номли бир абираси мавжуддур.

Ўз замонининг буюк Шоири бўлган. Шеърлари мазмун ва мундарижа томонидан кучлидур. Иккита ўғли ҳам феодализм давридаги Шоирлардан эди. (Биринчи тахаллуси Фойиздур. с.87.). Айрим куллиёт девони бўлсада, бизга кўринмади. Кўп авроқи паришонларда бунинг туркий шеърларига кўзимиз тушиб туради. Тахминан 1818нчи йилда вафот этган англашилади. Умархон даврида вафот этган эди, деб Махмур ҳам кўрсатиб ўтади.

Ғазали Равнақ

                   Магар бўлди бу гулшан ичра ул гул пийраҳан пайдо

Фузун бўлди фиғону нола булбул дар чаман пайдо

Эрам гулзорини боди сабодек чарх уруб кездим

Латофат боғида йўқтур сенингдек ёсуман пайдо.

Ўшал соат намоён айладинг зулфи паришонинг

Бу махфил ичра бўлди гўйё мушки хўтан пайдо.

Сени ҳар кун, аё, эй зулмпарвар ғайр ила кўрсам

Ўшал соат бўлур кўнглимда юз дарди туман пайдо.

Мени расво қилибдур элга ишқинг, эй парипайкар

Муҳаббат телбасига бўлғуси сендек қачон пайдо.

Фалотун хиради Равнақ санга юз офарин қилди

Жаҳонда йўқ сенингдек Шоири ширин сухан пайдо.

 

(87 c.)                                     ***

Эй париваш, оразингдин қай куни олдинг ниқоб

Чиқти гўё барқ уриб Машриқ саридин офтоб

Гул юзинг гард ўлмасин деб, эй бути нозик бадан

Ашки чашмимдин сени йўлингга спгумдур гулоб.

Бир назар қилдинг фалакни саҳфига ваҳшат билан

Ой булутдин юзга олди юз ҳижолатдин ниқоб.

Бир кулиб боқдинг манга қлмоҳға етдим оқибат

Вой бу бечорага қаҳр ила қилсанг юз итоб.

Ўт туташди пайкаримга, эй париваш келмадинг.

Иштиёқинг ўтида бўлди юрак бағрим кабоб.

Ишқ дарсидин сўрадим нуқтаи фарзонадин

Бўлмади Равнақ бу сўзга кори содиқдин жавоб.

*    *    *

                   Соқиё паймонаи даврон ғаниматдур бугун

Дафтари умримда йўқтур ҳеч тасвири бақо.

Масжиду майхонадин мақсад муяссар бўлмади

Равнақий девона қилдим ишқ дарсин ибтидо.

(Давоми бор)

Пўлатжон Қоюм