Истанбулдаги “Ўзбеклар бирлиги” (Özbekler Birliği) жамияти раис ёрдамчиси Одам Чевик (Adem Çevik), Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳга қарши суиқасд режаси фош этилганини баён қилди.
Жамият марказий биносида ўтказилган матбуот анжуманида сўзга чиққан Чевик Ўзбекистон президенти И.Каримов 23 йилдан бери иқтидорда экани ва мамлакатни диктатура йўли билан бошқараётганини айтди.
Жамият Каримовнинг истеъфосини талаб этаётганини айтган Чевик, “Ўзбекистонда демократик тарзда сайловлар ўтказилиши, сиёсий ва диний маҳбуслар озод этилиши, мусодара этилган мол-мулк ўз эгаларига қайтариб берилиши ва давлат террори оқибатида ўлдирилганларга тазминот ҳаққи берилиши керак” деди.
“Ўзбеклар бирлиги” жамиятига келиб, ўзининг Муҳаммад Солиҳга нисбатан суиқасд режасининг бир қисми бўлганини эътироф этган Хуршида Жўрабоева “Уларнинг ўйинларидан чарчадим ва бор ҳақиқатни баён этишга қарор қилдим” деди.