Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(36-қисм)
Ўн бешинчи шох: “Андижон полкаси”
Болалигимизда шу номда бир шўх мусиқа бўларди. Тўйларда, пахта далаларида, сўнгра аскарликда… роса ер тепиб ўйнардик ўзиям.
Ичимизга сиғмай ётган бутун куч-ғайратимизни ўз ўрнига ишлатолмаганимиздан кейин ўйинга сарфлар эдик-да! Ўзбек ўғлони эканимизни, ёвқур руҳимизни теваракка шу мусиқага ўйнаб кўрсатардик.
Сиркларда ҳайвонларни ўйнатувчининг қўлида узун қамчи бўлади-ку? Худди шунақа бир кўринмас қамчи кўринмас бир “ўйнатувчи” қўлида бошимиз узра гув-гув ҳавони кесиб силкитилган сари биз бу полкага ўйнайверардик, ўйнайверардик…
Бир неча йил бурун Андижон вилояти пахта экиш бўйича бир янгилик яратиб, мамлакатга донг таратди. Бирпасда ҳамманинг тилида “Андижон тажрибаси” деган жумла айлана бошлади. Бу тажриба бошқа вилоятларга ҳам ўрнак қилинди. Матбуот ёзгани ёзган, теле-радио гапиргани-гапирган, бошлиқлар минбарларда ҳайқиргани-ҳайқирган эди: “Яшасин Андижон тажрибаси!.. Андижон тажрибасидан ўрнак олинглар!..”
Биз энди янги замоннинг бу “полкаси”га ўйнай бошладик. Янада шиддат билан, оёқларимизни янада қаттиқ тепиб! 2005 йилдан бошлаб бу вилоят “Андижон воқеаси” билан ҳам машҳур бўлди. Нафақат Ўзбекистонга, бутун дунёга номи ёйилди.
“Андижон воқеаси” деб тағин ҳам жуда юмшоқ айтилган, аслида, 2005 йил 13 май куни Андижон шаҳрида оммавий қирғин бўлди. Чет эл ОАВ ёзишича, энг камида мингдан ортиқ тинч аҳоли отиб ўлдирилган. Воқеа ичида бўлганлар ўлганларни ундан ҳам кўп дейди. Ҳукумат ўлганларни юздан ортиқ, икки юзга етмайди деди. Биз ҳозирча аниғини билмаймиз. Лекин гувоҳларнинг шивир-шивиридан улар жуда кўплигини тахмин қила оламиз.
Хўп, мингта эмас, ҳукумат айтганича икки юзга яқин киши ўлди дейлик. Нима, икки юз одам камми?! Ҳе йўқ-бе йўқ икки юз кишини ўлдириб юборса бўлаверадими?! Улар одаммасми?! Ўлдирилганлар сони элликта, қирқта, ўттизта, йигирмата… ё ҳатто ўнта бўлмайдими! Улар шафқатсизларча ўлдирилди, нимага ўлдирилганларини билмай кетди шўрлик ўзлари! Шунинг учун у даҳшатли воқеани бемалол “Андижон қирғини” деса бировнинг ҳақи кетмайди. Халқ ҳам, мухолифат ҳам, дунё афкор оммаси ҳам “Тинч аҳоли эди”, дейди. Давлат “Террорчилар, акромийлар эди”, деди.
Бир томон: “Суд-пуркуратура тизимидаги адолатсизлик ва ҳақсизликлар, мамлакатдаги иқтисодий қийинчиликлар халқни кўчага чиқишга мажбур қилди”, деса, иккинчи томон: “«Акромийлар» номидаги қанақадир экстремистик диний оқим одамларни гиж-гижлаб, пул бериб, конститутсион тузумга қарши оёқлантирди”, деди.
Ўзбекистон халқи бўлса, ўртада хаёли сочилиб, онги қоришиб-чаплашиб, ҳеч нарсага тушунмай қолаверди. Бу қанақа тортишув: улар нечталигининг ё кимлигининг нима аҳамияти бор?! Улар энг биринчи галда одам эмасмиди?! Андижонда бу гал сувқоғоз остига чигит экилмади, ҳамманинг кўзи ўнгида юракларга, мияларга ажал ўқлари экилди! Шаҳар майдонига пахта хирмони уюлмади, одам ўлигидан хирмон уюлди! Аёл, бола, чол, кампир ўлди! Халқ ўлди! Чол қанақа террорчи?! Кампир қанақа акромий?! Бола-чи, аёл-чи – уларнинг нимаси жангари?! Хўп, агар чиндан ҳам “акромий” ё “жангари” бўлса, судсиз-ҳукмсиз отиб юборса бўлаверадими?! Нимадандир норози бўлса керак, жонини тикиб кўчага чиққан. Ҳар куни давлат мингта оғзи билан бу замонни энг дориломон замон деб куйламасин, ҳаётимизни фаровон деб тинимсиз сайрамасин, чин аҳвол улар айтаётганичалик эмаслигини Ўзбекистонда ёш бола ҳам билади. Замон дориломон бўлса, ҳаёт фаровон бўлса, халқ кўчага чиқармиди?! Акром Йўлдош ким ўзи? Эшитишимча, бир вақтлар “Ҳизбут таҳрир”га қўшилган, кейин ундан ажралган. Бошқа тафсилотини билмайман.
Аммо динда оқим чиқара оладиган даражада олим эмаслиги аниқ. Жуда нари борса, омадли бир тадбиркор! Ҳеч қанақа оқим яратгани йўқ. Ярата олмайди ҳам! Уни ёқтирганлар, ундан яхшилик кўрганлар ўнтадир, юзтадир, уни ҳақсиз қамалди деб ҳисоблаганлар давлатдан адолат истаб кўчага чиққандир. Лекин улардан ташқари минглаб киши-чи? Уларни кўчага етаклаган нарса нима?!
Ичкаридаги зулм, адолатсизлик, қалбакиликлардан ва ташқаридаги қуллик, мардикорчиликлардан кўрилган хўрликлар орқасида нафақат Андижонда, балки бутун водийда, нафақат водийда, балки бутун мамлакатда оммавий норозилик кайфияти аста-секин кучайиб бораётган эди. Ҳатто ғалаён эҳтимоли етилиб
келаётган, бир кунмас-бир кун бу норозилик юзага чиқиб кетиши тайин бўлиб қолган эди. Буни давлат анчадан бери сезиб, хавфсираб кутаётган, нимадир чора ахтариб пайт пойлаётган эди.
Андижон қўзғолони “яхши” бир баҳона бўлди. Давлат озгина бўшлик қилса, қўзғолончиларнинг талабига юрса, бундан руҳланган бутун водий, нафақат водий, балки бутун мамлакат ҳаракатга тушиб қолиши турган гап эди. Ҳокимият қўлдан кетиши муқаррар бўлиб қолди. Намойишчиларни ҳеч ўйлаб ўтирмай, сира иккиланмай, шафқатсизларча отиб ташлашга қарор қилинишининг энг асосий сабаби шу!
Қамоқхоналарга ҳужум… Жиноятчилар чиқариб юборилиши… Қурол-яроққа босқин… Одамларга қурол тарқатилиши… Ҳокимият биносининг босиб олиниши… каби жиддий воқеалар, гувоҳлар айтишича, махсус етиштирилган одамлар амалга оширган амалиётлардир. Бу ҳақда ўша кунлариёқ чет ОАВ хабарлар тарқатди.
Етилиб келаётган кўр ғалаённи бошланғич нуқтасидаёқ бостириб юбориш учун қаттиққўллик ва шафқатсизлик кўрсатилиши лозим эди, кўрсатилди ва ҳалиги “ишлар” бу шафқатсизликни оқлаш учун олдиндан тайёрланган изоҳлар эди. Нимага бу эҳтимолни ҳисобга олмаслигимиз керак?
Мамлакатда “16 феврал”ни уюштириб элини-юртини қонга ботирган давлатга Андижонда “қамоқхонага ҳужум ва қурол-яроғни эгаллаш” воқеасини ҳам уюштириш чўт эмас, албатта. У оғирини қилган бу енгилини ҳам қила олади. Бу ишни ғалаёнчилар қилиши эҳтимоли юздан бирга ҳам тенг эмас. Чунки айтилаётган у қамоқхона илгари Совет Иттифоқида, сўнгра Ўзбекистонда энг қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонадир. Фақат давлат ўзи сигнал тизимини ишдан чиқариб, дарвозаларни очиб бермаса, чеккадан биров у ерга қадам боса олмаслиги аниқ эди.
Ҳа, Андижонда росмана бир “тажриба” қилиб кўрилди. Нафақат андижонликларга, балки бутун водийликларга, нафақат водийликларга, балки бутун Ўзбекистон халқига ўзига хос бир ишора қилинди: “Диққат, кўзингни оч, норозилигингни ичингдан ташингга чиқарар экансан, бошингга мана шу кун тушади!” дейилди.
Чиндан ҳам, бутун Ўзбекистон халқининг дами ичига тушиб кетди. Давлат ниятига етди: яқин кунларда бошига тушажак жуда кўп палакатларнинг олдини ола билди!
Андижон қирғини давлатга ҳам, халққа ҳам улкан тажриба бўлди. Халқ камида яна йигирма йилча сасини чиқара олмайдиган бўлиб қолди. Пахта билан бошланган тажриба қирғин билан якунига етди. Пахта етиштиришда эришган ютуқлари учун миннатдорлигини давлат андижонликларга оммавий қирғин билан билдирди!
Яна бир бор, лекин энди ҳол тили билан: “Андижон тажрибасидан ўрнак олинглар!” дейилди. Халқ биратўла кўп ўрнак олди. Яъни:
Биринчи ўрнак: давлатга қарши исённинг оқибати мана шунақа бўлади!
Иккинчи ўрнак: эй норозилар, ғинг деб кўргин, давлат раҳм-шафқат қилиб ўтирмайди – қириб ташлайди!
Учинчи ўрнак: давлат истаса, “Бизнинг энг катта бойлигимиз – меҳнаткаш халқимиз”, деб бонг уради, истаса, меҳнатининг ва инсонлигининг қадрини сўраб кўчага чиққан халқни “оқимчи”, “террорчи” деб юбораверади!
Тўртинчи ўрнак: бу ёқдагилар ҳам содда, гўл – ўлганлар оқимчилар эди деса, худди улар одам эмасдай, қирилишга маҳкумдай, ачиниш туйғуси уйғонмайди. Бот-бот алданиб қолаверади.
Бешинчи ўрнак: халқдан чапак ва обрў-мартаба лозим бўлганида, “Белимизга қийиқ боғлаб халқимизга хизмат қиламиз!” деб оғиз кўпиртириб мақтанадиган айрим “адиб”лар сотқин, виждонсиз чиқди. Чорасизликдан ҳақ-ҳуқуқ талаб этиб кўчага тўкилган халқни бир Қаҳрамон шоир “оловга ўзини урадиган аҳмоқ парвона” деса, бошқа бир адиб уларни “шўрва бетидаги кўпик”ка ўхшатди! Яъни, Қаҳрамон шоир: ўлимига парвонанинг ўзи айбли, ўт билан ўйнашди, демоқчи бўлган бўлса, иккинчи адиб: шўрва бетига тўпланадиган кир кўпикнинг бир чақалик қиймати йўқ, уни қанча кўп сузиб ташласангиз, шўрва шунча мазали-тоза бўлади, деди. Қанчадан-қанча гуноҳсиз-айбсиз одам бекордан-бекор ўлиб кетгани, ўлганлардан анча-мунчаси аёл ва бола экани бу “гуманитар”ларнинг эсига келмади, бир туки қилт этмади! Ва ҳоказо.
Виждонлар қийналиши, дод деб юбориши ўрнига бундайин алай-балай мулоҳазаларимиз ичимиздаги қўрқоқнинг, “ичимиздаги хоин”нинг (Шавкат Раҳмон ибораси) оғзидан чиқаётганга ўхшайди. Қўрқоқлигимизни, хиёнатимизни бу каби ожиз мулоҳазалар панасига яширмоқчи бўлаётгандекмиз.
Ажаб, шу ҳолда ҳам ‒ кўзларимизга ёш, юракларимизга зардоб тўлганига, дардимиз улкан эканига қарамай, даврани ҳеч бўшатгимиз йўқ: дунёни унутиб, ўзимизни ҳам унутиб, ер тепиб, ҳамон “Ўзбекистон полкаси”га ўйнаб ётибмиз. Чалувчиси янги бўлгани билан мусиқа ўша эски, ўйин ўша эски…