O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Чапак чалиш санъати

Чапак чалиш санъати
233 views
14 September 2021 - 9:41

Очиғи, кейинги пайтда миллат зиёлилари орасида асосан, жадидлар ҳақида фильм олиш “мода”га айланди.

Кечагина ТВдан Фурқат фильми ижодкорлари билан мулоқотни кўрдим. Ораларида бирорта маҳоратли ёзувчи ёки шоир йўқ, борлари ҳам ТВдаги арзон кўрсатувлар орқали танилган “мегаюлдуз”лар…

Фурқатга муҳаббатим чексизлиги учун бефарқ қаролмайман.

Фурқатнинг бутун умри фурқатда ўтган… ,

У юрган йўллар, кезган юртлар…

Тортган азобларни бир Подшоҳи Замон қарори билан бир нафасда абадиятга мухрлаб бўладими?

Боз устига, унинг ўзи абадият бўлса!

Нега шошаяпмиз? Нимадан қуруқ қоляпмиз?

Кимга яхши кўринмоқчимиз?

Кўпгина тарихий фильмлар ҳақидаги танқидий қарашлар ҳали ҳам тингани йўқ-ку!

Қачон хулоса чиқарамиз?..

Бир пайтлар Усмон Носир ҳақида оддий ҳужжатли фильм олган режиссёримиз шундай интервью берганди: “Усмон Носир сургун қилинган жойга бордик. Олимлар кўзи кўр бўлиб архивни титади: Қани, юртдошларимиз яъни, маддоҳлар кўрганда уяладиган, эпподиромда туғилган болалар кўрганда шундай аждодига бефарқ қарамайдиган, дунёда чарм пўстин кийиб, золотой вино ичишдан ҳам қимматли ва қадрли нарсалар борлигини англатадиган бирорта факт топилса… Топганларимиз ҳамма билган гаплар!

Умидсиз ортга қайтаётганимизда, бир ўрис кампир югуриб чиқди. Ҳаммаёқ қор эди. Уйидан қулупнай мураббони олиб чиқиб, мен у шоирни танирдим, уни мана бу ерда отиб ташлашган, деб қўлидагини қорга тўкди. Қарғалар учди… Ҳаммаёқ қип-қизил қонга бўялди… Бир йил бош қотириб кўрсатув нуқтасини ўшанда топдик…”

Буюк аждодларимиз қиёфаси ва шахси сийқаланиб кетишдан, умрида бирорта ҳикоя ёки шеър ёзмаган қаламкашлар адабиёт ва тарихга чираниб ўзича нималардир “яратиш” дан қизғонишимиз керак…

Ё чапак чалиб ўтиб кетаверамизми?..

Адиба Умирова