Ўтган душанба куни “Озодлик” радиосининг жонли эфирига боғландим. Мавзу Ўзбекистон ўз чегараларининг хавфсизлигини таъминлай оладими?” эди. Сешанба куни эса ЎХҲ “Одноклассники” гуруҳида навбатдаги савол жавоб учрашувини ўтказдик….
Бу икки дастурда ҳам, қатнашувчилар турли табақа ва турли жойлардан бўлишига қарамай, Ўзбекистондаги мавжуд режимга, мухолифлик руҳи кучли эди. Ҳамма Ўзбекистондаги ҳозирги аҳволдан шикоятчи ва мавзуда кўрсатилган масалаларнинг тезроқ ҳал қилиниши истади.
Бу ерда ушбу учрашувларда айтган фикрларимни хулосавий равишда келтираман:
ЧЕГАРА масаласи: Ўзбекистоннинг бутун чегараларида муаммолар борлиги аниқ. Бунинг асосий сабаби Ўзбекистондаги сиёсий режим, яъни Каримов диктатурсидир. Аслида бу чегаралар Ўзбекистоннинг эмас, Каримов диктатурасининг чегараларидир. Яъни, чегара сиёсати Ўзбекистон давлати ва халқнинг манфаатларидан келиб чиқиб эмас, Каримовнинг режими манфаатидан келиб чиқиб шакллантирган.
Бу орқали Ислом Каримов “Нима қилсак менинг режимим оёқда қолиши мумкин”, деган мантиқ билан ҳаракат қилади. “Нима қилсак Ўзбекистон давлати ва халқига фойдаси тегади, қўшнилар билан замонавий, ўзаро манфаат, ҳамкорлик ва хавфсизлик ўрнатилади”, деган мантиққа эса диктатор Каримов чегара сиёсатда ўрин берилмаган. Биргина Қирғизистон чегарасини олайлик. 2010 йилда бу ҳудудда, яъни чегаранинг Қирғизистон томонида Ўзбек миллати қатлиом қилинди.
Шу ўтган деярли 2 йилда икки давлат чегарасида ва яқин ҳудудларда аҳволни яхшилаш учун қандай сиёсат олиб борилди ва ижобий ишлар амалга оширилди? Ҳеч нарса! Аксинча иккала томондан ҳам аҳволни ёмонлаштириш қилиш учун қадамлар отилди. Диктатор Каримов Қирғизистонга сув масаласида уруш очиш таҳдиди қилди, Қирғизистон томони эса ўз билганидан қолмади ва бу масалада Русиянинг пинжига тиқилишни маъқул кўрди.
Ҳолбуки икки томон келишиб, ўзаро алоқаларни, улар орасидаги чегара муоммаларини яхшилаши ва ҳар икки тарафдан аҳолининг ўзаро муносабатлари нормаллашиши учун қадамлар отиши мумкин эди. Амалда бунинг зидди қилинди, чегараларда ўтиш янада қийинлаштирилди, аҳоли бир бирига қарши гиж гижланди.
Натижа Сох туманидаги сўнгги қонли воқеалар билан якунланди. Хўш, бундай чегара муаммосидан Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари манфаатдорми? Албатта, бу икки золим ҳуқуматлар бундай чегаравий тарангликдан манфаатдордирлар. Ўзбекистонда 2014 йилда парламент, 2015 йилда президент сайловлари бўлиб ўтиши керак. Ислом Каримовнинг бундай сиёсий тадбирлардан олдин мамлакатдаги аҳволни таранглаштириш, бир ерларга ўт қўйиш, бир ерларни портлатиш сиёсати ўзбек ва хориж жамоатчилигига яхши маълумдир.
Масалан, 2000 йилги Президентлик сайловларидан олдин 1999 йилда Тошкентда ҳукумат томонидан портлашлар қилинганди. 2005 йилда эса 2007 йилги сайловлардан олдин Андижонда халқ қатлиом қилинди. Энди эса 2014 ва 2015 сайловларидан олдин яна бир фитна чиқаришни режалаштираётган бўлиши мумкин бу Диктаторлик режими…Бу фитнанинг Ўзбекистон Қирғизистон черагасида бўлиши муҳтамалдир. Чунки Тожикистон ва Қозоғистон билан чегараларда бундай таҳликали фитнани чиқариб бўлмайди…
Газ ва Электр муаммосига келадиган бўлсак, бу қулай тушунса бўладиган масаладир. Бунинг сабаби Ўзбекистон ҳукуматининг халқни моддий ва маънавий қоронғуликда тутиб туриш истагидир. Яъни, электр бериладиган бўлса Ўзбекистон халқи интернет, чет эл радиолари ва телевидение (асосан Русия каналлари) орқали Ўзбекистонда ва дунёда бўлаётган ўзгаришлардан хабардор бўлишлари мумкин. Демак, 2014 ва 2015 йилги сайловлар ўтгунча Ўзбекистонда электр ва газ танқислиги тугатилмайди…
Охирги масала Диктатор масаласидир. Яъни, Ўзбекистоннинг ноқонуний Президенти ўз тахтини кимга топшириш масаласидир. Бу ҳақда жуда кўп тахминлар ва эҳтимоллар айтилмоқда. Шулардан бири Каримовнинг ўз тахтини қизи Гулнорага бериш эҳтимолидир. Бу эҳтимолдир, ҳақиқат эса тамоман бошқача ҳам бўлиши мумкин. Масалан, Ўзбекистонда “ўзбек баҳори” содир бўлиб, зулм жонига теккан халқнинг диктаторни ўз бошидан улоқтириб ташлаши ҳам эҳтимол доирасидадир…
Намоз Нормўмин
16 январь 2013 йил.